“Адолат” қабулхоналари: аҳоли билан очиқ мулоқот

/
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ишчи гуруҳи аъзолари, Адлия вазирлиги мутахассислари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва ҳудудий кенгашлари масъул ходимлари иштирокида бўлиб ўтган ўқув-семинарида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг самарали механизм ва усулларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама этилган эди. Айни кунларда партиянинг ҳудудий ташкилотларида ҳам мазкур мавзуда ўқув-семинарлари ўтказилмоқда.
НАМАНГАН.
“Адолат” қабулхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш усуллари ва услублари хусусида “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши ташкил этган семинарда атрофлича сўз юритилди. Тадбирда вилоят партия кенгаши ходимлари, шаҳар, туман партия кенгашларининг раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, фаоллар, ОАВ ходимлари, шунингдек, вилоят адлия бошқармаси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари иштирок этдилар.
Семинарни Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Исроилжон Жўраев олиб борди. У ўз сўзида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тартиби барча давлат идоралари фаолиятида мутлақо янги тизимга ўтказилганини қайд этди.
Вилоят партия кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси Дилшод Болтабоев, ФЖШМҚМИ вилоят ҳудудий бўлинмаси мутахассиси Азамат Нўъмонов, Уйчи туман партия кенгаши раиси Сирожиддин Жамолов ва бошқалар ушбу вазифаларни амалга ошириш борасида Президентимизнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда интернет тармоғида Виртуал қабулхона ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу тизим нафақат давлат органлари, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида ҳам йўлга қўйилди ва ўз самарасини бермоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарори билан партия тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Низом ишлаб чиқилди ҳамда жорий йилнинг февраль ойида Наманган вилоят партия кенгашида ҳам “Адолат” қабулхонаси ташкил этилди. Айни пайтда қабулхона аҳоли билан самарали мулоқот олиб бормоқда.
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши энг олий қадрият сифатида улуғланган инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашдек устувор мақсад ҳаммамизни одамларнинг дарду ташвишлари билан яшашга даъват этмоқда, — дейди халқ депутатлари Тўрақўрғон туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Муқаддас Аҳматова. — Шу боис фуқаролар, сайловчилар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизми сифатида “Адолат” қабулхоналари ишида барча даражадаги партия ташкилотлари, шунингдек, депутатлик корпуси фаол иштирок этмоғи зарур.
Семинар иштирокчилари фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тартиби, ҳуқуқий асослари, ижро этиш муддатлари ва механизмлари ҳақида фикрлашиб олишди. Ана шу билим-кўникмалар асосида партия тизимидаги қабулхоналар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, сайловчилар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш, фуқароларни ўйлантираётган масалалар ечимига барча даражадаги партия ташкилотлари, айниқса, депутатлик корпусини фаол жалб этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Наманган вилоят кенгашида ташкил этилган “Адолат” қабулхонасида шу йилнинг февраль ойи мобайнида 42 нафар фуқародан мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти қисқа муддатларда ҳал этилди ва талаблар қондирилди. Бир қатор мурожаатлар бўйича тегишли ташкилот ва муассасаларга юборилган сўровларни ўрганиш жараёни давом этмоқда.
Таҳлиллардан келиб чиқсак, мурожаат этувчилар орасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган, лекин ишни қандай йўлга қўйишни билмаётганлар ҳам борлигини қайд этиш жоиз. Масалан, “Яккасада” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қодир Отахонов ўз фикрини шундай баён этди:
— Кўпдан бери уйда чорвачилик билан шуғулланишни ният қилгандим. Лекин маблағ етишмаслиги ишга халақит берарди. “Адолат” қабулхонасига мурожаат этиб, зарур йўл-йўриқларни олдим. Барча ҳужжатларни тайёрлагач, “Алоқабанк”нинг вилоят бўлимига тақдим этдим ва 7,5 миллион сўм кредитга эга бўлдим. Бугун-эрта бузоқлар сотиб олиб, жиддий ишга киришаман.
ЖИЗЗАХ.
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши томонидан ўтказилган семинар-тренингда вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи А.Байбеков, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси А.Пардаев жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишнинг қонуний асослари, келиб тушаётган мурожаатларнинг таҳлили хусусида батафсил тўхталиб ўтишди. Вилоят партия кенгаши бош мутахассиси Жасур Қаршиев “Адолат” СДП тизимида ёзма, оғзаки, электрон мурожаатлар билан ишлаш тартиби борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
— Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қошида “Адолат” қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди, — деди Ж.Қаршиев. — Шунингдек, партия расмий веб-сайтида Виртуал қабулхона ҳам ишлаб турибди. Ҳудудий партия кенгашларида мазкур қабулхоналарда фаолият юритиш учун бир нафардан қўшимча штат бирликлари жорий қилинди. Албатта, “Адолат” қабулхоналарига бириктирилган мутахассислар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий асослари, тартиб-қоидалари ҳақида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши, уларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаб бориш фаолиятимизнинг самарасини белгилайдиган муҳим омил ҳисобланади.
Тадбир иштирокчилари Халқ қабулхоналарининг фуқаролар билан давлат ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлайдиган муҳим восита эканини таъкидлашди. Семинарда келгусида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни янада яхшилашга қаратилган аниқ чоралар тўғрисида сўз борди. Шунингдек, фуқароларнинг давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш асосий вазифа этиб белгиланганлиги, барча мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши лозимлиги таъкидланди.
Семинар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича савол-жавоблар билан якунланди.
Шунингдек, партиянинг Тошкент шаҳар, Хоразм вилоят кенгашларида ўтказилган семинар-тренингларда ҳам мавзуга оид ҳуқуқий асослар, мурожаатларни ўрганиш ва уларда келтирилган масалаларни ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди, амалий тажрибалар
таҳлил қилинди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА,
Наманган, Жиззах вилоят кенгашлари матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наманган давлат университетида Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИНИ ЎТКАЗУВЧИ САЙЛОВ ОКРУГЛАРИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Бугунги шиддатли глобаллашув даврида ғоялар, ахборотлар кураши инсоният тақдирига дахлдор курашлар сифатида намоён бўлмоқда....
01 янв 1970
Бугунги кунда ҳаёт тамаддунини, жамият юксалиши ва ишлаб чиқариш ривожини илм-фан тараққиётисиз, янги илмий ишланмалар, инновацион янгиликлар, кашф...