Таълим даргоҳида шароитлар яхшиланди

/
Бугунги тараққиёт даври барча соҳа вакилларидан доим фаол ва ташаббускор бўлишни, ўзига юклатилган вазифани лозим даражада уддалаш, одамларнинг ишончини оқлашни тақозо этмоқда. Ушбу жиҳатлар Сурхондарё вилоятидаги маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳлари аъзоларининг ҳам диққат марказида бўлиб келмоқда.
Партия депутатлари ўз ваколатларидан унумли фойдаланган ҳолда мутасадди ташкилот ва идора раҳбарларига депутатлик сўровлари киритиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ижобий ечим топишга ҳаракат қилишмоқда. Қувонарлиси, аксарият депутатлик сўровлари ижобий ҳал этилиб, шу орқали фуқароларга яқиндан ёрдам берилмоқда.
Депутатлик гуруҳи ўқитувчилар ва ота-оналарнинг мурожаати асосида яна бир хайрли ишни амалга оширишди. Бир гуруҳ ота-оналар Термиз туманидаги “Янгиариқ” ҚФЙ “Айритом” маҳалласида жойлашган 24-умумтаълим мактабининг фаоллар зали, мактаб кутубхонаси, тиббиёт ҳамшираси хонаси, ошхонасини таъмирлаб, зарур шароитлар яратиш, яроқсиз ҳолга келиб қолган омборхонани қайта қуриш масаласига депутатларнинг эътиборини қаратишди. Шунингдек, ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланишлари учун мактабга спорт зали қуриш лозимлигини ҳам баён этишди.
Ушбу масалалар юзасидан ўтказилган ўрганишларда ўқув муассасасидаги мавжуд муаммолар мактабда таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришга халақит бераётгани маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида туман ҳокими ҳамда халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбарига депутатлик сўрови киритилди. Мутасадди ташкилотлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 653 миллион сўм маблағ ажратилиб, янги спорт зали барпо этилди. Бугунги кунда ўқувчилар учун 31 миллион 893 минг сўм эвазига келтирилган спорт жиҳозлари билан таъминланган спорт залида спортнинг бир қанча турлари билан шуғулланиш имкониятлари яратилган.
— Термиз туманидаги “Айритом” маҳалласида 4080 нафар аҳоли истиқомат қилса, уларнинг 40 фоиздан кўпроғи ёшлардир, — дейди депутатлик гуруҳи аъзоси Мўмин Раҳмонов. — Маҳалла ҳудудида алоҳида спорт майдони йўқлиги, мактабда ҳам аҳвол шундайлиги жиддий муаммога айланган эди. Бугунги кунда маҳалла ҳудудидаги таълим даргоҳида замонавий спорт зали қад ростлади, бундан ёшлар ва ота-оналар мамнун бўлишмоқда. Хайрли ишлар эса давом этади.
Шу билан бирга, 24-умумтаълим мактабининг фаоллар зали, мактаб кутубхонаси, тиббиёт ҳамшираси хонаси, ошхона ва омборхонасида қурилиш ишларини амалга ошириш мақсадида маҳаллий бюджетдан 247 миллион сўм ажратилди. Шу мақсадда мазкур мактабда бунёдкорлар капитал таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.
— Мактабимизда 239 нафар ўқувчи таълим-тарбия олишади. Уларга 27 нафар ўқитувчи ва мураббийлар сабоқ бериб келишмоқда. Айрим биноларнинг таъмирталаблиги бир неча йиллардан буён биз, ўқитувчиларга ҳам, ўқувчиларимизга ҳам бир қатор қийинчиликлар туғдириб келаётган эди. Депутатларнинг саъй-ҳаракатлари боис бу муаммолар барҳам топди, қўшимча биноларда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари якунланиш арафасида, — дейди мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Турғун Ниёзов.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида партия депутатлик гуруҳи аъзолари янада масъулият билан ишлашга, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш, яқиндан ўрганиш ва зарур ечим топишга интилмоқдалар.
Мақсуд ТЎРАЕВ,
Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда партиялараро сиёсий рақобат муҳитида, демократик тамойиллар асосида кечаётган сайлов кампанияси қизғин паллага кирмоқда....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг шу йил январь ойида ўтказилган биринчи йиғил...
01 янв 1970
“Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда “Адолат” СДП фракцияси ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки” мавзусида ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан ҳам бир қатор тадбирлар ташкил этилди....