Муқобили йўқ неъмат

/
Ободлик, тозалик, бунёдкорлик, иқтисодиёт барқарорлиги, элимиз-юртимиз фаровонлиги, бир сўз билан айтганда, ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида сувнинг алоҳида ўрни бор. Мутахассислар вақт ўтгани сайин нефть ва газ захиралари тугаб, уларнинг ўрнини қуёш, шамол, биогаз каби энергия манбалари эгаллашини таъкидлашади. Шу ўринда қайд этиш керакки, инсон илм-фан ёрдамида турли муаммолар ечимини топса-да, бебаҳо неъмат — обиҳаёт муқобилини топиши душвор, сув ўрнини бошқа ҳеч нарса боса олмайди.
Маълумки, сайёрамизнинг тўртдан уч қисми, аниқроғи, 79 фоизи сув билан қопланган. Унинг атиги 6 фоизигина — чучук сув. Шу чучук сувнинг бор-йўғи 2,5 фоизи истеъмол учун яроқли. Лекин шунинг ҳам 70 фоизи табиатда муз ҳолатида учрайди. Ҳозирги кунда дунёда бўйича ҳар 6 кишидан бири тоза ичимлик сувига муҳтожлик сезади. Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, ичимлик сувлари захираларини эҳтиёт қилиш, улардан оқилона фойдаланиш энг долзарб масала ҳисобланади. Зеро, бугунги кунда дунё аҳолисининг обиҳаётдан бирдек баҳра олишига эришиш энг устувор вазифалар сирасига киради.
Шу боис жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тоза ичимлик сувидан барқарор фойдаланиш услубларини тарғибот қилиш масалаларига жалб этиш мақсадида БМТнинг Атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича конференциясининг (Рио де Жанейро шаҳри, 1992 йил) қарорига мувофиқ, ҳар йили 22 март — Бутунжаҳон сув куни сифатида кенг нишонланади. Бундан ташқари, 2010 йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2013 йил — Сув ҳамкорлиги халқаро йили, деб эълон қилинди. Трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари ушбу минтақаларда жойланган барча давлатлар ва аҳолиси манфаатларини эътиборга олган ҳолда ҳал этилиши ва трансчегаравий дарёларда амалга ошириладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар сув баланси, хавфсизлиги ва экологияга салбий таъсир кўрсатмаслиги лозимлиги қайд этилди.
Кейинги йилларда аҳоли жон бошига нисбатан ичимлик суви 4 марта камайиб кетгани, экин майдонлари эса, аксинча, йил сайин кенгайиб, чучук сувнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига ишлатилаётгани, саноатда, айниқса, пўлат эритиш, кимё, нефть-кимё, қоғоз ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналарида сув сарфи юқори экани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Мамлакатимизда сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида қатор йўналишларда ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, сувдан фойдаланишга доир қонунчилик базасини такомиллаштириш, сув ресурсларини бошқаришда маъмурий ҳудудий тамойилдан гидрографик ҳавзавий тамойилга ўтиш, сув ресурсларини бошқариш бўйича давлат ваколат ва мажбуриятларининг бир қисми ирригация тизимларининг қуйи бўғинидаги жамоат ташкилотларига берилиши, қишлоқ хўжалик экинларини диверсификация қилиш, сув иншоотларининг фойдали иш коэффициентларини ошириш, сувнинг қатъий ҳисоб-китобини юритиш, сув тежамкор техника ва технологияларни жорий этиш, сув хўжалиги иншоотларининг ишончли фаолиятини таъминлашга йўналтирилган инвестицияларни жалб қилиш каби тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида йиллик сарфланаётган сувнинг миқдори 20 фоизга камайтирилишига эришилди.
“Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг асосий вазифалари аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, сувларни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлаш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектларининг ҳолатини яхшилаш, шунингдек, сувга доир муносабатлар соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Сувдан оқилона фойдаланишга қаратилган вазифаларни бажаришда давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, бу борада Ўзбекистон Экологик ҳаракати энг фаол жамоат ташкилотларидан бирига айланди. Республикамизда экологик муаммолар ва атроф-муҳит муҳофазасидаги лоқайдликларга барҳам бериш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштирокининг фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш, бу борада қабул қилинган қонунлар ҳамда қарорлар ижросини таъминлаш Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг бош мақсадидир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси иқтисодиётнинг экологик жиҳатдан мутаносиб ривожланиши тарафдори ва экологик муаммоларни ҳал этишда ўз саъй-ҳаракатларини, биринчи навбатда, ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратади. Барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Мухтасар айтганда, ҳаётимизни обиҳаётсиз тасаввур қилолмас эканмиз, сув манбаларини асраш, ундан унумли фойдаланиш, бу борада “Дарё бўйида яшасанг ҳам сувнинг бир томчисини исроф қилма”, деган ҳикматга амал қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон азал-азалдан қўшни давлатлар билан қадимдан шаклланган дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини муносиб даражада сақлаб келишга эришаётган муқадд...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига
01 янв 1970
Маълумки, истиқлол йилларида мамлакатимизда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноатни модернизациялаштириш...
01 янв 1970
Бу жараёнда ўз турар жойларини ижарага берувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказишга жиддий эътибор қаратилди....