Наврўз сайиллари бахту саодатимиз, фаровон ҳаётимиз ифодасига айланди

/
Она диёримизда табиатнинг уйғониш фасли кўнгилларга сурур ва тароват бағишлаб, беқиёс гўзалликларини намоён этмоқда.
Президентимизнинг “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида, халқимизнинг эзгу қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этган Наврўз байрами мамлакатимизда умумхалқ сайиллари тарзида кенг нишонланди. Бу қутлуғ байрам инсоннинг табиат билан узвийлиги, халқимизнинг меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик каби бебаҳо хислатларини ўзида ифодалаб, Наврўз сайиллари ҳар биримизни она заминни ардоқлашга, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундади.

СУРХОНДАРЁ.
Тинч, осуда юртга байрамлар ярашади. Бугунидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ инсонларга хурсандчиликлар, шодиёналар татийди. Халқимизнинг бахти шундаки, бу йил ҳам йилбоши бўлган Наврўзни тинч, хотиржам, дилларда зўр ҳаяжон, эзгу орзу-ниятлар билан кутиб олдик.
Наврўз сайиллари сурхондарёликлар қалбини ҳам баҳор осмонидай беғубор қувончларга тўлдирди. Вилоятнинг қишлоқ ва маҳаллаларида бошланган байрам сайиллари Термиз туманидаги “Отчопар” майдонида янада кўтаринки руҳда давом этди. Бир томонда тизилган ўтовларда халқимизнинг асрлар бўйи давом этиб келаётган миллий анъаналари, бир тарафда миллий спорт ўйинлари намойиш этилди. Дорбозларнинг ақлни шоширгувчи ҳаракатларига маҳлиё бўлиб турганингизда санъаткорларнинг баҳорий оҳанглари янада мафтун этади. Байрам ярмаркаларида турли маҳсулотлар муҳайё этилган. Бадиий дасталар, фольклор жамоалари, истеъдодли ёшлар ва моҳир спортчиларнинг чиқишларини ўзида мужассам этган концерт дастурлари барчага завқ-шавқ улашди. Айниқса, ҳаваскор кичкинтойларнинг чиқишлари кўпчиликка манзур бўлди. Болажонларнинг юз-кўзидаги беғуборлик, баҳордек софлик ва тиниқлиқ ёшу кексанинг кўнглига илиқлик олиб кирди. Наврўз байрами муносабати билан Термиз шаҳри ва вилоят ҳудудидаги истироҳат боғларида юқори савияда ташкил этилган умумхалқ сайиллари ҳар бир юртдошимиз қалбига олам-олам хурсандчилик бағишлади.
— Қуёш нурларида меҳрнинг сўнмас тафти бордек гўё. Шунданми, ердан аста бош кўтараётган майса-ю, чечаклар сахий офтобнинг ҳаётбахш нурига талпинмоқда. Замин узра беқиёс фусункорлик акс этган. Баҳор келганини наботот олами ҳаммадан аввал олқишлайди десак, муболаға қилмаймиз. Қушларнинг чуғур-чуғурида ҳам қувончу шодлик мужассам. Инсонлар кўнглида бахтиёр яшашга, орзу-умидларни рўёбга чиқаришга бўлган ишончу интилиш янада ортган. Байрам шукуҳидан ҳар биримизга эзгу мақсад йўлида янгича қуч-ғайрат инади. Зеро, табиатдаги янгиланишлар одамлар дилига ҳам кўчгани каби ҳар бир юртдошимизнинг жисмида шижоат балқиб турибди. Бу эса ўз-ўзидан уларни янгидан-янги марралар сари ундаши табиий, — дейди Термиз давлат университети талабаси Ситора Сиддиқова.
Азалдан Шарқда Наврўз йилбоши саналган. Шу куни одамлар сайил баҳона ҳамфикрликда янгидан-янги режаю мақсадларини бир-бирлари билан ўртоқлашганлар. Ҳар соҳада қизғин меҳнат палласининг бошланишини Наврўз, яъни янги кун деб аташган.
— Наврўз халқимиз маънавиятининг ажралмас қисми саналади, — дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоли Юсуф Валиқулов. — Бу йил вилоятимиз бўйлаб ўтказилган сайилларда ҳам арқон тортиш, чиллак, кураш, кўпкари каби миллий спорт ўйинлари қизиқарли тарзда давом этди, миллий либослар, ҳунармандчилик ашёлари кўргазмаси ташкил этилди. Бахшию оқинлар ижросидаги достон ва термалар, ёш истеъдодларнинг ижодий ишлари намойиш этилган кўргазмалар ўғил-қизларимиз тарбиясида ҳам муҳим саналади. Наврўз одамларни мардликка, шижоатга, ўзликни англашга ундайдиган умумхалқ сайилидир.
Шуни таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида она юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби, Сурхон воҳасида ҳам эътирофга молик ишлар амалга оширилди. Улкан бунёдкорлик ишлари, ободонлаштириш юмушлари, аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар фикримиз далилидир.
Инсон яралибдики, эзгулик, меҳр-эътибордан баҳра олишга интилиб яшайди. Наврўз халқимизга хос бўлган ана шундай гўзал фазилатларни ўзида мужассам этган байрам. Осмони мусаффо юртимизда Наврўз шодиёналари кўнгилларга она табиат гўзалликларини, беғуборлигини, дилларга шукроналик ҳиссини бағишлади.
НАМАНГАН.
Вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида ҳам Наврўз сайиллари одамлар қалбида меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат ришталарини янада мустаҳкамлади. Энг аввало, азалий миллий қадриятларга биноан юртдошларимиз бир-бирларини йўқладилар, кексалар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олдилар. Шунингдек, байрам арафасида одатдагидай ҳашарлар ўтказилиб, катта ҳажмда ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.
Хушманзара ва сўлим масканлардан бири бўлган тоғолди Косонсой туманида ҳам ана шундай хайрли ишлар қилинди.
— Ҳашарнинг ҳақиқий кўламини тасаввур қилиш учун айрим рақамларга мурожаат қилиш кифоя, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Косонсой туман кенгаши раиси Муроджон Жалилов. — Туманимиз аҳолиси 200 минг киши атрофида, меҳнат байрамида қатнашганларнинг сони эса 150 минг нафардан ошиб кетди. Улар кучи билан 209 гектар майдонда ободонлаштириш ишлари бажарилди. 166 километрдан ортиқ узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланди. Барча зиёратгоҳлар ҳудудлари тартибга келтирилди. 136 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт, турли навлардаги гул кўчатлари ўтқазилди. Кам таъминланган 189 оиланинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. 200 нафарга яқин боқувчисини йўқотган, ногирон ва якка-ёлғиз фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди. Бу каби тадбирлардан “Адолат” СДП фаоллари ҳам четда қолмадилар.
Ҳа, қадимдан кўнгли очиқ ва бағрикенг ҳисобланмиш косонсойликлар баҳор шодиёналарини мана шундай эзгу ишлар билан кутиб олдилар. Яна бир эътиборли жиҳати – улар бу йилги кўклам байрамини давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан халқ сайиллари тарзида ўтказишга алоҳида эътибор қаратдилар. Туман миқёсидаги тадбирни ўтказиш учун эса маҳалла оқсоқоллари, фахрийлар, фаоллар, жамоат ташкилотлари вакиллари билан маслаҳатлашиб, Қорасув даҳасидаги қир-адирлар танланди.
Зеро, қадимдан шарқона янги йилнинг бошланиши катта сайилгоҳларда, боғ-роғларда, чорбоғларда, далаларда, лолаларга бурканган қирларда тантана қилинган. Бундай сайиллар она табиат уйғонаётган паллада одамларга беқиёс руҳий, маърифий, маънавий қувват бағишлаган.
Қорасувдаги сайилгоҳга кўпчилик фарзандлари билан бирга келишгани ҳам кишига хуш кайфият бағишлади, кекса отахон-онахонлар эса невара-эвараларини етаклаб олишган. Чор атрофда баҳорий кайфият, руҳий янгиланиш, меҳр-оқибат, яратувчанлик ҳамда бунёдкорлик ғояларини ўзида акс эттирган шиорлар ва паннолар.
Киши диққатини дарҳол тортадиган яна бир ҳолат — даҳа устидаги осмон баҳор элчилари ҳисобланмиш варраклар билан тўла. Уларни завқ билан учираётган болажонларнинг хурсандчилигини айтмайсизми?! Бунинг яна бир жиҳати бор, яъни энг фаол ва уста варракчилар сайил ташкилотчилари таъсис этган мукофотларга сазовор бўлдилар.
Уммон узра сузиб бораётган иккита улкан кемани эслатувчи даҳанинг минбарлари — яъни тепаликларда корхона-ташкилотлар, ўқув муассасалари, маҳаллалар вакиллари ўрин олишди. Дошқозонларда сумалак пиширилди. Тумандаги ўнлаб уста ошпазлар байрам қатнашчилари хизматида бўлди.
Бир неча ўйингоҳлар ташкил этилиб, уларда томошалар қизғин бўлди. Туманнинг ёш спортчилари кўргазмали чиқишларни намойиш этди. Ёнма-ён ўрин олган “гилам”ларда эса миллий кураш ихлосмандлари бўлган полвонлар беллашуви қизғин тус олган.Четроқда улоққа ҳозирлик кўраётган чавандозлар отларини совутмоқдалар. Ҳа, ҳали уларга кўп пишқириб чопишга тўғри келади. Арқон тортиш, хўроз ва қўчқор уриштириш, “Оқ теракми, кўк терак” каби халқ ўйинлари ҳам авжида. Ҳунармандларнинг кўрик-танловлари, аскиячиларнинг баҳслари ташкил этилган давралар гавжум.
Сайилгоҳнинг марказида қад ростлаган баланд дор остида эса Баҳодир Дадахўжаев раҳбарлигидаги “Косонсой дорбозлари” жамоаси ўз маҳоратини намойиш этдилар. Осмону фалакда лангарчўп билан турли машқларни бажараётган йигитларнинг довюраклигига тан бермасликнинг иложи йўқ. Навбат дор остидаги томошаларга келди. Алпомишкелбат полвонлар бир ва икки пудли тошларни бамисоли ўйинчоқдай юқорига отиб, яна илиб олмоқдалар, яна бошқа қатор машқларни бажармоқдалар. Айниқса, полвонлар дастлаб битта, кейин иккита туяни кўтарганларида мухлисларнинг гулдурос қарсаклари ҳавони тутди. Масхарабозларнинг чиқишлари ҳам сайил иштирокчиларини бефарқ қолдирмади. Ичакузди кулгу, самимий табассумга не етсин!
Туман маданият бўлими қошидаги бадиий жамоалар тайёрлаган байрам дастури, айниқса, фольклор-этнографик жамоалар ижросидаги лапар, ўлан, яллалар дилларни хушнуд этди. Қадимий халқ оҳанглари мумтоз ва замонавий наволарга уланди. Эл севган хонанда Сардор Мамадалиев ижросидаги қўшиқлар ҳам даврага ўзига хос файз бағишлади.
Айни пайтда савдо расталарининг турли нозу неъматларга тўла экани ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Кўплаб қозонларда дамланган палов ва бошқа таомлар ҳам гиламлар тўшалган сўриларда ўтирган байрам иштирокчиларига тортиқ қилинди.
Қисқаси, Қорасувдаги Наврўз сайили ҳамюртларимизнинг қадимий миллий қадриятларга қандай садоқат билан ёндашаётганлигини яна бир бор намойиш этди. Сайилда қатнашган юртдошларимиз мана шундай улкан шодиёналарга йўл очиб берган, элимизни тараққиётнинг ёрқин йўлига олиб чиққан истиқлолга шукроналар айтдилар. Бундай тантанавор кунларнинг бардавом бўлиши ҳақида тилаклар билдирилди.
Хусусан, халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Муяссар Каримова ўз фикрини шундай ифодалади:
— Байрам тантаналарида менинг ҳамкасбларим бўлмиш шифокорлар ва партиядошларимиз фаол қатнашдилар. Ким билан суҳбатлашмайлик, ҳамма бундай ажойиб ва халқона сайилда қатнашганидан хурсандлигини эътироф этди. Демак, байрам шундай тарзда ўтказилгани ҳаммага маъқул тушган. Айниқса, байрам дастури ижодкорлари аждодларимизнинг табиат ҳамда жамият ҳақидаги илмий-фалсафий қарашлари, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, халқимизнинг анъаналари, турмуш тарзини бадиий-эстетик шаклларда ишончли ва қизиқарли ифода этганликларига қойил қолдик. Назаримда, Наврўз сайили ҳар бир кишининг руҳиятини янгилади.
Бу мулоҳазаларга сайилнинг барча иштирокчилари қатори биз ҳам қўшилдик.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН.
Шарқ халқларида янги кун, янги йил боши саналган Наврўз байрамини қорақалпоғистонликлар ҳам катта шодиёналар билан кутиб олди.
Ҳар бир шаҳар ва туман марказлари, овул ва маҳаллаларда ташкил этилган халқ сайиллари ўзида миллий қадриятларимизни акс эттириши билан кўнгилларга баҳор ва Наврўз тароватини улашди. Ҳа, истиқлол туфайли юксак шарафланган Наврўз байрамининг бу йилги кўркам сайилларида кексаю ёш она табиат бағрида шоду хуррамлик ила азалий қадриятларимизни улуғлаб, бугунги дориломон кунларимизга шукрона айтдилар. Кўтаринки руҳда ўтказилган сайиллар саховатли заминимизнинг бебаҳо неъматларга бойлиги, меҳнаткаш халқимизнинг юксак маънавияти, гўзал фазилатлари, бир-бирига меҳр-оқибатини яна бир бор намоён қилди.
Олис Мўйноқ тумани овулларидан бошланган байрам тадбирлари гўзал ва навқирон Нукус кўчаларига ўзгача кўрк ва чирой бахш этди.
Нукус давлат педагогика институти, И.Савицкий номидаги санъат музейи ва Нукус темир йўл вокзали майдони, “Истиқлол” болалар дам олиш маркази, “Дўстлик” канали атрофида ўтказилган Наврўз шодиёналарида янграган халқ қўшиқлари, дутор, най, қўбиз ва ғижжак каби чолғу асбобларидан таралган наволар Наврўзнинг қадимий миллий байрам эканлигидан дарак бериб, барчага шоду хуррамлик, завқ-шавқ бағишлади. Азалдан халқимиз маданиятининг юксак намунаси бўлиб келган миллий куй-қўшиқларнинг она табиат гўзаллигига уйғун жозибаси, таровати барчанинг қалбида она заминимизга меҳр-муҳаббат туйғуларининг ёрқин ифодасига айланди. Миллий либослар ва ёш рассомлар кўргазмаларида ижодкорлар баҳор ва ёшлик шижоатини тараннум этдилар. Қорақалпоқ давлат университетида бўлиб ўтган байрам тадбиридан жой олган “Капгир куйди” мавзусидаги саҳналаштирилган композиция қорақалпоқ халқи тўйларининг ўзига хос миллийлигини ифода этган бўлса, Ёшлар маркази олдидаги байрам шодиёналарида “Тусов тўй” ва “Айдар тўй” миллий саҳна чиқишлари бола тарбиясидаги миллий анъаналарни ўзида мужассам этганлиги билан байрам иштирокчиларининг диққатини жалб этди.
Байрам тадбирлари ташкил этилган барча жойларда дошқозонларда қайнаган сумалак йиғилганларга тортиқ этилиб, наврўзий тилаклар билдирилди. Юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровонлик учун шукроналар айтиб, Ватанимиз янада обод бўлиши, истиқлолимиз қуёшидан нурафшон диёримизнинг бунданда гуллаб-яшнаши халқимизнинг олий мақсади, ҳар бир юртдошимизнинг орзу-нияти эканини таъкидладилар.
Кўнгилларни яшнатган Наврўз ҳар бир инсон қалбида яратувчилик иштиёқини ошириб, она табиат инъомларини қадрлаш, тинч ҳаётимизни асраб-авайлаш, ҳалол меҳнат қилиш, гўзал диёримизни янада обод этишга ундади.
САМАРҚАНД.
Наврўзни Самарқанд вилоятининг ўзбек, тожик, рус, татар, бошқирд, корейс, немис сингари 120 га яқин миллат ва элат вакилларидан иборат 3 миллион нафардан ортиқ аҳолиси ягона умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлашди.
Шу куни биргина Самарқанд шаҳридаги ўндан ортиқ маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонларда халқ сайиллари ўтказилиб, миллий маданий марказларнинг моҳир ошпаз, қандолатпаз, ва новвойлари томонидан турли тансиқ таомлар тайёрланиб, байрам дастурхонига тортилди. Фольклор-этнографик гуруҳлар томонидан Наврўзга атаб махсус концерт дастурлари намойиш этилди. Ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, биродарлик куй-қўшиқлари давраларга завқ-шавқ бағишлади.
— Самарқандга қадам ранжида қилиб, Ўзбекистон деб аталмиш юртингизнинг бағрикенглиги, меҳмондўстлигига яна бир бор амин бўлдим, — дейди байрам тантаналарида иштирок этган Жанубий кореялик тадбиркор Хан Вон Ли. — Миллий маданий марказлар вакиллари ўзбекча таомлар тайёрлашни ҳам ўрнига қўйишгани мени жуда қувонтирди. Сумалак, халиса, кўк сомсани татиб кўриб ҳузур қилдим.
— Ўзбекистон менинг Ватаним, — дейди вилоятдаги немис миллий маданий маркази раиси Наталья Кайзер, — бу ерда мен ўзаро дўстона ҳурмат, меҳр-оқибатни ҳар куни, ҳар дақиқа ҳис этиб тураман. Наврўзни немис миллатига мансуб бир ярим минг нафар аҳоли шоду хуррамлик билан нишонламоқда.
Наврўз Самарқандда яшнаш, янгиланиш, ва меҳр-оқибат байрамига айланди. Шу куни шаҳардаги барча Меҳрибонлик, Мурувват ҳамда Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатларга ташриф буюриб, вилоят ҳокимлиги, вилоятдаги корхона, ташкилотлар жамоалари томонидан байрам дастурхони ёзилди. Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди, совға-саломлар улашилди.
Мақсуд ТЎРАЕВ, Шарипа ТОРЕШОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят,
Қорақалпоғистон Республикаси кенгашлари матбуот котиблари.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Муборак Рамазон ойида эзгу амаллар бажарилади, ўз хонадонларида ифторлик қилиб, рўзадорларни меҳмон қиладилар....
01 янв 1970
Ўлкамизда баҳаво, сўлим гўшалар бисёр. Уларнинг ўзига хос табиати, наботот ва ҳайвонот олами бор. ...
01 янв 1970
Абай 1845 йилнинг 10 август куни ҳозирги Қозоғистон республикасининг Шарқий Қозоғистон вилоятига қарашли Чингизтоғ ёнбағридаги Қақабулоқ овулида, ў...
01 янв 1970
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!