Шаҳар мўъжизалар маконига айланади

/
Истиқлол йилларида бутун мамлакатимизда бўлгани каби Бухоро шаҳрида ҳам улуғ аждодларимизнинг юксак истеъдоди билан бунёд этилган обидаларни асраб-авайлашга эътибор кучайтирилди. Уларни таъмирлаш ва асл қиёфасини тиклаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи пайтида бу ердаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик жараёнлари билан танишиб, воҳа иқтисоди ва ижтимоий соҳасининг бугунги кундаги ҳақиқий аҳволига баҳо берди, бу соҳаларни янада ривожлантириш юзасидан қўшимча имкониятларни ишга солиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Шунингдек, тарихий обидаларга эътиборни кучайтириш, уларни қайта реконструкция қилиб, сайёҳлар учун қулайликлар яратиш масалаларига алоҳида тўхталди.
Ташриф чоғидаги дастлабки манзил Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси бўлди. Бухоронинг шариф шаҳар даражасига кўтарилишида улуғ бобомизнинг руҳий-маънавий покланишга даъват этувчи ғояларининг, яъни Нақшбандия тариқатининг алоҳида ўрни бор. Аллома мангу ором топган муборак қадамжо ўтган йиллар давомида Бухоронинг кўркам масканларидан бирига айланди.
Мамлакатимиз Президенти ташриф давомида ушбу қадамжони зиёрат қилар экан, Бухоро заминида камолга етиб, улуғ инсонлар мангу қўним топган масканларни янада обод қилиш, уларнинг меросини чуқур ўрганиш бўйича аниқ кўрсатма ва тавсиялар берди. Шунингдек, Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасида Тошкент ислом университетининг махсус факультетини очишни таклиф этди. Зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, халқимизни, айниқса, ёшларни бой маънавий мерос билан таништириш бўйича ҳам ўз мулоҳазаларини билдирди.
Боқий обидалар қиёфасида миллий, тарихий ва маънавий анъаналар уйғунлашган. Дунёни ҳайратга солган ўрта аср тараққиёт излари аждодлар меросида ўзини намоён қилиб турибди. Давлатимиз раҳбари ташрифи чоғида Бухоро вилоятининг 2017-2021 йилларда туризм салоҳиятини янада ошириш дастур лойиҳаси билан танишар экан, ҳудудда сайёҳлик индустрияси ривожи билан боғлиқ долзарб масалаларга жиддий эътибор қаратди. Вилоятда сайёҳликнинг кўплаб истиқболли турлари, хусусан, зиёрат, археологик, маърифий-этнографик, даволаш, соғломлаштириш туризми каби жами 39 та янги лойиҳа иқтисодий-ижтимоий аҳамияти билан соҳа ривожига хизмат қилиб келмоқда. Дастур доирасида Юнеско томонидан Умумжаҳон маданий мероси объектлари сифатида рўйхатга олинган Лаби Ҳовуз, Мири Араб мадрасаси, Пойи Калон мажмуаси, Арк қўрғони, Шаҳристон ҳунармандлар бозори ҳудудини шарқона услубларда асл тарихий ҳолида реконструкция қилиш кўзда тутилган. Мамлакатимиз раҳбари ушбу мажмуалар ҳудудида сайёҳлар учун қадимий Бухорога хос урф-одатларни акс эттирувчи кўринишлар яратиш зарурлигини, бу эса меҳмонларни ўзига кўпроқ жалб этишини алоҳида қайд этди. Шунингдек, бу ерда миллий ва анъанавий, шарқона услубда жиҳозланган кичик меҳмонхоналар барпо этиш, тунги ёритиш мосламаларини ўрнатиш, шарқона бозор жозибасидан баҳраманд этиш ушбу лойиҳадан жой олиши лозимлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтди
Олис қадимиятни чуқур ўрганиш, тарихий обидаларни эъзозлаш, осори атиқаларнинг қадрига етиш халқимизнинг буюк ўтмиши, бугунги ижтимоий ҳаёти ва келажаги билан бевосита боғлиқ. Бухорога сафар қилган ҳар бир инсон унинг ана шу гўзал ва тарихий обидаларини кўрмай, бугунги ҳаёти билан танишмай қайтмайди. Агар бу жараён билан танишмаган бўлса, демак, Бухорони кўрмаган бўлади.
Мутахассислар билан кечган мулоқотларда вилоятдаги 410 та меъморий ёдкорликларнинг бугунги ҳолатига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Маълумотларга кўра, уларнинг 223 таси таъмирталаб, дастур доирасида техник ҳолати қониқарсиз бўлган объектлар, жумладан, Арк қўрғони, Калон масжиди, Жўрабек Карвон саройи каби ўндан ортиқ масканларни капитал реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.
Президентимиз Бухоро заминидаги ҳар бир тарихий обидани асраб-авайлаш, таъмирлаш, уларнинг ён-атрофига эътиборли бўлиш, ободонлаштириш бўйича мутахассисларга зарур топшириқлар берди. Шунингдек, саёҳатчиларга қулайликлар яратиш, Бухоронинг тарихий ҳолатини қайта тиклаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Ҳар бир қилинган хайрли иш, албатта, ўзининг ижобий натижасини беради. Шаҳримизнинг тарихий обидаларига берилаётган эътибор уни мўъжизалар маконига айлантириши муқаррар.
Фарҳод БОЛТАЕВ,
халқ депутатлари Пешку туман кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бутун юртимиз бўйлаб урфга кириб улгурган “I love Uzbekistan!” деб ёзилган, аслида “love” сўзи ўрнига юрак тасвири туширилг...
01 янв 1970
Айтинг-чи, фуқароларнинг хонадонларига янги ҳисоблагичлар кимнинг ҳисобидан ўрнатилади?...
01 янв 1970
Муқаддас динимиз инсон шаъни ва қадрининг дахлсизлигини эътироф этган. Қуръони каримга кўра, Бани Одам мукаррамдир. Бани Одам азиздир. У гўзал сура...
01 янв 1970
Бу жараёнда ўз турар жойларини ижарага берувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказишга жиддий эътибор қаратилди....