Чала ишнинг чораси беш миллион сўмга тушди

/
Одамларга наф келтириш — олий бахт, дейдилар. Бинобарин, ҳар бир киши кундалик ҳаётида ён-атрофдаги инсонлардан қўлидан келадиган ёрдамини аямаслиги керак. Албатта, бундай хайрли иш ҳеч қачон самарасиз қолмайди.
Бир неча йиллардан буён Фарғона шаҳридаги 44-санаторий типидаги давлат мактабгача таълим муассасасини бошқариб келаман. Муассасамизда асосан сил касаллигига чалинган, шундай беморлар билан мулоқотда бўлган ва сил виражи ташхиси қўйилган болалар соғломлаштирилади. Айни пайтда 11 та гуруҳга жамланган 204 нафар болажонларга 70 нафар мураббий ҳамда энагалар таълим-тарбия бериб келишмоқда. Боғчамизга болалар тиббий, педагогик-психологик комиссия хулосаси асосида қабул қилинади. Бундай кўрик ҳар ойда 2 маротаба ўтказилади.
Амалдаги санитария меъёрларига биноан кичкинтойларни 4 маҳал овқатлантирамиз. Энг аҳамиятлиси, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши, таомларнинг тайёрланиши ва сифати бракераж комиссияси томонидан мунтазам равишда назорат қилиб борилади. Қолаверса, болаларни соғломлаштириш мақсадида шифокор кўрсатмасига асосан ДОТS дастури бўйича дори-дармонлар берилади. Баҳор ва куз ойларида болажонлар шифобахш гиёҳлардан тайёрланган дамламалардан баҳраманд бўладилар. Даволанаётган болалар ҳар 6 ойда силга қарши кураш диспансерида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Агар қай бирида яна касаллик аниқланса, “Д” назоратига олинади. Соғлом деб топилган болалар умумий турдаги боғчага ўтказилади. Бунда ота-оналар соғлиғи тикланган фарзандини ўзлари истаган боғчага бериши ёки муассасамизда соғлом болалар учун пуллик тарзда ташкил этилган гуруҳларда қолдириши мумкин. Ушбу гуруҳлар фаолияти ота-оналар ва болаларга қулайликлар яратиш мақсадида йўлга қўйилган.
Шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муассасамизда таълим-тарбия борасидаги ишларимиз самарадорлигини янада оширишда биз учун дастуриламал ҳужжат саналади.
Касб фаолиятим ва депутат сифатида иш олиб боришимда партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланганидек, тиббий ёрдам сифатини яхшилашга қаратилган вазифалар ижроси муҳим ўрин тутади.
Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари сайловчиларнинг, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳар бир мурожаат қонуний тартибда ўрганилиб, унда келтирилган масаланинг ҳал этилишига масъулият билан ёндашилади.
Фарғона туманининг Миндонобод шаҳарчасида яшовчи Равшанжон Ахунжонов 2014 йилда “Касакад Гранд Плюс” хусусий фирмаси томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилган замонавий уйга кўчиб ўтган. Аммо яшаш мобайнида уй қурилишида бир қатор жиддий камчиликлар мавжудлиги аниқланган. Шунинг учун ўтган 3 йил давомида бу хусусда фирма раҳбари, “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ва бошқа мутасадди идораларга мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўраган. Лекин ҳеч қандай натижа бўлмаган. Р.Ахунжоновнинг бизга мурожаатига кўра, “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ҳамда хусусий фирма раҳбари номига депутатлик сўрови киритилди. Натижада “Касакад Гранд Плюс” хусусий фирмаси ҳисобидан уйни барпо этишда чала бажарилган ишлар учун фуқарога 5 миллион сўм маблағ ундириб берилди.
Сайловчиларнинг мурожаатлари мутасадди ташкилотлар билан ўрганилиб, шаҳримизнинг “Қиргули”, “Тинчлик”, “Марғилон” кўчаларига бир неча ёритиш чироқлари ўрнатилди. Йўловчилар, айниқса, ўқувчиларга қулайлик яратиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида киритилган депутатлик сўровига мувофиқ 12-умумтаълим мактаби олдидаги йўл масъул корхона томонидан асфальтланди. “56-Беруний” маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйлар олдида болалар майдончаси барпо этилишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Шу билан бирга, депутатлар маҳаллаларда фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказишмоқда. Жойларда аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш, дастурий мақсадларимизни, партия лойиҳаларини рўёбга чиқаришда ҳудудимиздаги корхона, ташкилот ва муассасалар билан ўзаро ҳамкорлигимиз ҳам ижобий самара бермоқда.
Дилором БЎРИБЕКОВА,
Фарғона шаҳридаги 44-санаторий типидаги давлат МТМ мудири,
халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларда қайд этилган масалаларга ечим топиш партия депутатлари фаолиятида алоҳида ўрин тутади....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ҳам муҳим роль ўйнамоқда....