Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Фарзандим 2016 йилда касб-ҳунар коллежини тамомлаган. Бугунги кунда хусусий корхонада ишламоқда. Корхона бухгалтерияси томонидан унинг ойлик иш ҳақидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушланмоқда, шу тўғрими? Эшитишим бўйича касб-ҳунар коллежи битирувчилари бир йилгача даромад солиғини тўламас экан. Шунга аниқлик киритиб берсангиз?
Р.Абдуқодирова,
Тошкент вилояти

— Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 375-моддаси олтинчи хатбошисига мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолияти тугатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 374-1-моддаси тўққизинчи хатбошисига асосан, якка тартибдаги тадбиркор якка тартибдаги тадбиркорнинг касб-ҳунар коллежи битирувчиси бўлган ходими учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан ушбу ходим коллежни тамомлаганидан эътиборан ўн икки ой мобайнида озод этилади. Бироқ Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан имтиёзлар берилиши назарда тутилмаган.
Юқорида қайд этилганларга мувофиқ, фарзандингиз касб-ҳунар коллежини тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади.
Шунингдек, хусусий корхона бухгалтерияси томонидан касб-ҳунар коллежларини битирган фарзандингизга тўланаётган иш ҳақи ва бошқа даромадларидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинганлиги тўғри.
Саволга Давлат солиқ қўмитаси Солиқ солиш методологияси бошқармаси масъул ходими Икром АЛЛАБЕРГАНОВ жавоб берди.
 
— Оиламизга тегишли уй-жой онамнинг номида эди, онам бир ой аввал вафот этди. Мен меросдан ўзимга тегишли бўлган улушни акам фойдасига воз кечмоқчиман, қайси нотариусга бориб ва қачон воз кечишим керак?
О.Мамадиев,
Қибрай тумани

— Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли.
Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.
Агар ишончнома орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.
Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.
— Меросхўрлардан кимлар мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга?
Ҳ.Эрдашев,
Зангиота тумани

— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик қодексининг 1147-моддасига мувофиқ, мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз болалари, шу жумладан, фарзандликка олган болалари, шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан,
уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатьи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.
Саволларга Зангиота тумани 1-сонли ДНИ нотаруси Абдувоситхўжа БОИСХЎЖАЕВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Такрорий экин янада мўл ҳосил, икки карра кўп даромад демакдир.
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида овоз беришнинг жорий якунларини эълон қи...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида халқимиз саломатлигини асраб-авайлаш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш энг устувор вазифалардан бирига айланди. ...
01 янв 1970
Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида ташкил этилган “Ижод” жамоат фонди томонидан ёзувчи ва шоирлар, айниқса, ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари...