Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Ўзим истиқомат қилаётган ҳудудда жойлашган озиқ-овқат дўконидан йогурт ва қатиқ сотиб олгандим. Уйга келиб, уни очиб кўрганимда таъми бузилгани, нохуш ҳид чиқараётгани маълум бўлди. Уни дўконга олиб борганимда эса сотувчи алмаштириб бера олмаслигини, бошқалари ҳам шу аҳволда эканлигини айтди. Буни эшитиб саросимага тушдим, чунки бу маҳсулотларни бошқалар ҳам сотиб олган бўлиши мумкин-ку. Шу боис маҳсулотларни туман санитария-эпидемиология назорати марказига олиб бордим. Марказ ходимлари унинг таркиби бузилганлиги, инсон ҳаётига хавфли эканлигини айтишди. Бу ҳолатда сотувчига жавобгарлик борми?
Ж.Тошева, Янгийўл тумани
— Дўконларда гўшт-сут, балиқ, қандолатчилик маҳсулотлари (бисквит, тортлар, ширинлик ва бошқалар), ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр масаллиқлар ва бошқа тез бузиладиган маҳсулотларни сотишда фақат совутиладиган пештахталар, витриналардан фойдаланишга рухсат берилади.
Маҳсулотни меъёрида сақлаш ва унинг яроқлилик муддатини мунтазам назорат қилиб бориш сотувчининг вазифасига киради. Сифатсиз ва инсон ҳаётига хавф туғдирувчи товарларни кўр-кўрона сотувга чиқарган, унинг яроқлилик муддатини назорат қилмаган савдо ходимларига қоидабузарликка йўл қўйганлиги учун жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-моддасига кўра, яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундай ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш эса фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Саволга Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳуқуқий ҳимоя бўлими бошлиғи Нодир МУҲАМЕДОВ жавоб берди.
— Баъзан товар нуқсони туфайли истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказилиши ҳолатлари учраб туради. Айтинг-чи, шундай вазиятда етказилган зарар қандай тартибда қопланади?
М.Ҳакимов, Чилонзор тумани
— “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек, истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.
Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, агар у норматив ҳужжатларда назарда тутилган товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати мобайнида, бундай муддат белгиланмаган тақдирда эса, товар ишлаб чиқарилган (иш, хизмат қабул қилинган) пайтдан эътиборан ўн йил мобайнида юзага келган бўлса, қопланиши лозим.
Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки фойдаланиш, сақлаш ёхуд ташишнинг белгиланган қоидалари истеъмолчи томонидан бузилиши туфайли етказилганлигини исботласа, у жавобгарликдан озод қилинади.
Саволга Шайхонтоҳур тумани 5-сонли ДНИ катта нотариуси Адиба ҲИДОЯТОВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумотларга кўра, 2018 йилда мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларида 2262 киши ҳалок бўлган, 8458 киши жароҳатланган....
01 янв 1970
Ўзбекистонда ҳозирги кунда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Мамлакатнинг энг катта бойликларидан бири бу халқ саломатлигидир. Зеро, соғлом халқ – соғлом келажак дегани....
01 янв 1970
Хизмат вазифаси тақозосига кўра ҳар куни шаҳримизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшган, бугун эса эл ардоғида юрган отахон-она...