КИЧИК БИЗНЕСНИНГ КАТТА КЎМАКЧИСИ

/
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги Фармони тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари учун фаолиятлари ривожи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг кафолатига айланди.
Мазкур фармон, энг аввало, хусусий мулкни ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган бўлиб, ўз навбатида, ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишидан далолат беради. Хусусан, фармон кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувларни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.
2017 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги чоралар жорий этилади:
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади, юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида фақатгина назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади.
Мамлакатимиз банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш алоҳида ўрин эгаллайди.
Жумладан, “Асака” банкнинг Жиззах вилоят филиали томонидан айнан ушбу соҳага йўналтирилган кредитлар миқдори йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Банк филиали томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлик субъектларига 60,0 миллиард сўмдан зиёд миқдорда кредитлар ажратилган бўлиб, бунинг натижасида кўплаб янги иш ўринлари ташкил этилди. Банк филиалининг тажрибали мутахассислари тадбиркорларга, айниқса, таълим муассасалари битирувчиларига кредитларни расмийлаштиришда яқиндан маслаҳат ва тавсиялар бериб келмоқдалар.
Бугунги кунда таълим кредитларига эҳтиёж вилоятда тобора ортиб бораётгани ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудий ва бошқа дастурлар асосида амалга оширилаётганлигидан дарак бермоқда.
“Асака” банкнинг Жиззах вилоят филиали томонидан мижозларга, шунингдек, хусусий тадбиркорлик субъектларига бир катор қулайликлар яратилган бўлиб, банк биносида “Тадбиркорлар хонаси” ташкил этилган ва тадбиркорлар ўз фаолиятларини йўлга қўйиши ҳамда ривожлантириши учун барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бир қаторда, ахборот- коммуникация тизимларидан фойдаланишлари учун замонавий компьютер технологиялари билан тўлиқ таъминланган. Бу ерга бириктирилган масъул ходим билан тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган савол ва муаммолари ечими юзасидан фикр алмашади. Қолаверса, банк ходимларининг шиори мижозларга ишончли, самарали, сифатли, тезкор хизматлар кўрсатиш тизимини йўлга қўйишдир. Бу эса мижозларнинг банкка нисбатан ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
— Тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида “Асака” банкнинг Жиззах вилоят филиалидан имтиёзли шартларда узоқ муддатли кредит олдим, — дейди “Жаннати Бибихоним” хусусий корхонаси раҳбари Наргиза Тўйчиева. – Тез орада корхонамизда ишлаб-чиқариш кўлами бир неча бараварга кенгайди, шунингдек, ўнга яқин янги иш ўринлари яратилиб, бунга асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари қабул қилинди. Ҳозирда иш фаолиятимизни янада кенгайтириш, ишлаб чиқаришни замонавий технологик ускуналар билан жиҳозлашни режалаштириб турибмиз. Келгусида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспортга йўналтирмоқчимиз. Бунда ҳам биз “Асака” банк мададига таянамиз ва тадбиркорларга ушбу молия муассасаси томонидан кўрсатилиб келинаётган хизматлардан миннатдормиз.
— Полиэтилен қувур ва плёнка ишлаб чиқариш ускунасини олиш учун “Асака” банкнинг Жиззах вилоят филиалидан имтиёзли шартларда узоқ муддатли кредит олдим, — дейди “AGAMIS” савдо-ишлаб чиқариш фирмаси раҳбари Алимардон Пўлатов. — Банк томонидан кўрсатилган молиявий кўмак натижасида ишлаб чикариш фаолиятимизни янада ривожлантириб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирдик, 8 та янги иш ўрни яратилиб, асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга қабул қилдик. Иш фаолиятимизни тезда йўлга қўйишда “Асака” банкнинг молиявий кўмаги бизга қўл келди.
— Шаҳримиз аҳолиси талабини ўрганиб, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини ташкил этишни мақсад қилдик, — дейди “Mohlaroyim Norboeva” масъулиятини чекланган жамияти раҳбари Шерали Мамиров. — Уни амалга ошириш учун бизнес-режа тушдик ва вилоятимиздаги етакчи банклардан бири бўлган “Асака” банкнинг Жиззах вилоят филиалига мурожаат этдик. Банк ходимлари бизнес-режамизни тезликда кўриб чиқиб, ўзларининг зарурий маслаҳатларини беришди. Тез орада банк кредити ҳисобига аҳоли учун сифатли ҳамда арзон нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ҳар куни аҳоли дастурхонига иссиқ ва хуштаъм нон ва нон маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Даромадимиз ҳам шунга яраша ортиб бормоқда. Бундан биз ҳам, мижозларимиз ҳам хурсанд. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимиз натижасида 15 та янги иш ўрни яратилиб, уларга асосан ёш йигит-қизлар қабул қилинди.
— 2015 йилда Жиззах тиббиёт касб-ҳунар коллежини тамомладим ва юртимизда тадбиркорларга, айниқса, ёш тадбиркорларга яратилган кенг имкониятлардан илҳомланиб, тадбиркорлик билан шуғулланишни, савдо фаолиятини йўлга қўйишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим, — дейди ёш тадбиркор Муштарий Хайитбоева. – Албатта, бунинг учун пул маблағи зарур эди. Молиявий кўмак сўраб “Асака” банкнинг Жиззах вилоят филиалига мурожаат этдим. Банк томонидан ажратилган имтиёзли кредит ҳисобига савдо дўконини мукаммал таъмирлаб, замонавий талаблар асосида қайта жиҳозладим, расталарни зарурий истеъмол товарлари билан тўлдирдим. Мижозларимиз кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Касб-ҳунар коллежини бирга тамомлаган икки нафар дугонам ҳам иш билан таъминланди. Тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйишда яқиндан ёрдам берган “Асака” банк жамоасига ўз миннатдорлигини билдириб, уларнинг эзгу ишларида муваффақиятлар тилайман.
Банк филиали томонидан жорий йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга жами 72,5 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилиши режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, “Асака” банкнинг Жиззах вилоят филиали томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама қулайликлар яратиш муҳим устувор вазифалардан саналади. Банк филиали жамоаси мазкур соҳанинг ривожи иқтисодий муваффақиятлар учун асосий омиллардан бири эканини яхши англаган ҳолда ўз фаолиятларини йўлга қўйган.
Банк ахборот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тоза табиатни асраш, атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, ободонлаштириш ишларини кенгайтириш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, самарали фойдаланиш бугун...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Ғузор туман кенгаши фаоллари ҳам маҳаллаларда бўлиб, муаммо ва камчиликларни жойида ҳал этишга интилмоқдалар....
01 янв 1970
Тадбиркорлик ёки бизнес соҳасида даромад орттириш, ўзи ва ўзгалар рўзғорини фаровон қилишнинг сирлари кўп....
01 янв 1970
Дарҳақиқат, жонажон Ўзбекистонимизнинг ёруғ истиқболини толеи нурли фарзандларимиз тимсолида кўрамиз....