Инсон манфаатларига уйғун ғоялар

/
Наримон Умаровнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Олимжон Мақсудов навбатдаги учрашувни Янгиқўрғон тумани сайловчилари билан ўтказди.
Туман марказидаги иқтисодиёт ва транспорт касб-ҳунар коллежи биносида ташкил этилган тадбирда халқ таълими ва соғлиқни сақлаш ходимлари, тадбиркорлар, фермер хўжаликлари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, партиядошларимиз қатнашдилар. Учрашувни Янгиқўрғон туман партия кенгаши раиси Дилафрўз Тўхтасинова олиб борди.
Ишончли вакил Олимжон Мақсудов дастлаб сайловчиларни Наримон Умаровнинг таржимаи ҳоли билан таништириб, сўнгра номзоднинг дастуридаги устувор йўналишлар тўғрисида фикр юритди. Жамият ҳаётининг деярли барча жабҳаларида мамлакат тараққиётини янги, янада юқори босқичга кўтариш юзасидан дастурда илгари сурилаётган масалалардан сайловчилар хабардор этилди. Сайловчилар ҳам дастурга ўз муносабатини билдирдилар.
Янгиқўрғон иқтисодиёт ва транспорт касб-хунар коллежи ўқитувчиси Зоҳида Аҳмадалиева:
— Мен ишончли вакилнинг маърузасидан дастурда жамиятда хотин-қизларнинг мавқеини янада кўтариш юзасидан қатор таклифлар билдирилганлигини англадим. Аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларни босқичма-босқич давом эттириш ҳақидаги фикрлар хотин-қизлар манфаатларини ифодалаб турибди. Уларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш, иқтидорли ҳамда юқори малакали, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлганларини давлат бошқаруви органларининг барча соҳаларига ва бўғинларига жалб қилиш масалаларига устувор вазифалар сифатида қараш тўғрисидаги масалалар жуда ўринли. Шунинг учун номзод дастурини тўла қўллаб-қувватлайман.
Туман кўп тармоқли поликлиникаси ҳамшираси Майрамхон Турғунова:
— Ўзим тиббиёт ходими бўлганлигигим учун, биринчи навбатда, дастурда аҳоли саломатлигини сақлашга оид қандай масалалар қўйилганлиги билан қизиқдим. Чунки бу борадаги ишлар жамиятда халқнинг келажаги ва тараққиётини белгилаш учун муҳим аҳамиятга эга. Аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш кераклиги тўғрисидаги фикрларни қўллаб-қувватлайман. Мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳам диққатга сазовор. Аҳоли ўртасида талаб юқорилиги кўзга ташланаётган бир қатор тиббиёт муолажаларига, хусусан, трансплантологияга, экстракорпорал уруғлантириш ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш зарурлиги ҳақидаги фикрлар ҳам кўпчиликка маъқул тушганлиги аниқ.
Ишончли вакил ва партиямиз фаоллари мамлакатимизда Президент сайловига тайёргарлик юқори даражада ташкил қилинганига сайловчилар эътиборини қаратиб, уларни Наримон Умаровга овоз беришга чақирдилар.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан очиқ мулоқотнинг самарали усул ва механизмлари жорий этилиб, бу борадаги долзарб вазифал...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд шаҳар кенгаши фаоллари маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари ва ташкилотларда тарғибот тад...
01 янв 1970
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик шодиёнаси тобора яқинлашиб келмоқда.