Партиямиз номзодига фуқароларнинг хайрихоҳлиги ортмоқда

/
Наримон Умаровнинг ишончли вакили, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Сирдарё вилоят филиали директори Юлдуз Усмонованинг Сайҳунобод тумани ва Ширин шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди.
Ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастурида жамиятда адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини, бошқарувда очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назорати тамойилларини таъминлаш ғоялари илгари сурилганига эътибор қаратди. Шунингдек, у мамлакатимиз равнақи ва келажаги учун барча бирдек масъул эканлиги тўғрисида таъкидлади ва номзоднинг сайловолди дастуридаги ҳар бир йўналишнинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил тўхталди.
Учрашувларда сайҳунободлик сайловчилардан Ҳалима Усанова, Дилфуза Бобоёрова, Малик Аҳмедов, Ширин шаҳрилик сайловчилардан Матлуба Раҳмонқулова, Шуҳрат Салиев, Ҳамдам Холмуродов ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этар экан, партия номзодининг сайловолди дастури ҳудудларни, жумладан, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда аниқ таклифларга бой экани билан фуқароларга мақбул бўлаётганини айтиб, дастурни қўллаб-қувватлашини билдирдилар. Тадбир давомида савол билан мурожаат қилган сайловчилар ишончли вакилдан батафсил жавоб олишди.
— Аввало, вилоятимизда катта-кичик янги корхоналар сони ортаётгани, турли маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари замон ва тараққиёт талабларига мос фаолият юритишга ҳаракат қилаётганини эътироф этиш ўринлидир, — дейди биз билан суҳбатда Сайҳунобод тумани “Шодлик” ҚФЙ раиси Туйғуной Ҳасанова. — Буни бугунги кунда иқтисодиётимизнинг ўсиши натижасида барча ҳудудларнинг инфратузилмаси ўзгариб, кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари, хўжалик юритувчи субъектлар сони, қўшма корхоналар кўпайиб бораётгани билан изоҳлаш мумкин. Ўз-ўзидан мазкур корхоналарда соҳа мутахассисларига бўлган талаб ҳам ортиб боради. Аҳолининг демографик жиҳатдан ўсиши ва уларда олий таълим олишга талабгор иқтидорли ёшларнинг сафи кенгайганлигини эътиборга олсак, Президентликка номзоднинг сайловолди дастуридаги олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш масаласи ўртага қўйилиб, бу борада аниқ таклифлар билдирилганлиги мақсадга мувофиқдир. Қишлоғимизда ҳам шундай қобилиятли ёшлар талайгина. Улар орасида ҳам иқтисодиёт тармоқларида билимдон мутахассис сифатида ишлашни, олий маълумотли бўлишни ёки илмий тадқиқот, изланишлар олиб боришни истайдиган интилувчан йигит-қизлар бор. Ишонамизки, шундай ёшлар ҳам партия номзодининг ўз манфаатлари акс этган сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашади. Шунингдек, ёшларга маърифат улашаётган ўқитувчилар, илм-фанга меҳр қўйган фарзандининг қобилияти юзага чиқишига ишончи ортган ота-оналарни ҳам дастур асло бефарқ қолдирмайди.
— Яқинда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг “Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари” бўйича доимий комиссияси мажлисида Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳининг “Аҳолини сифатли ва рақобатбардош дори воситалари билан таъминлаш, дори воситалари ва тиббий буюмлар нархларининг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш чора-тадбирлари” масаласида ўртага ташлаган таклифлари ҳам партиямизнинг аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш борасидаги позициясини яққол акс эттирган эди, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов. — Бу таклиф депутатлик гуруҳимиз аъзоларининг жойларда олиб борган ўрганишлари, таҳлил ва хулосаларига таяниб ишлаб чиқилди. Шуни назарда тутсак, партиямиз номзодининг сайловолди дастурида айни йўналишда қайд этилган вазифалар, янги таклифлар фуқароларнинг диққатини жалб этаётгани бежиз эмас.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ишончли вакилнинг сайловчилар билан учрашувлари партиямиз номзодига ҳудуд аҳолиси ўртасида хайрихоҳлик ортиб бораётганини кўрсатди.
Шуҳрат ҲАСАНОВ,
Сирдарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият тараққиёти гарови” мавзусида давра суҳбати ...
01 янв 1970
Чирчиқ шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари самарали иш олиб боришмоқда....
01 янв 1970
Ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, фуқароларнинг дарду ташвишларини тинглаш муаммоларни ҳал этиш ҳаётий аҳамият касб этмоқда. ...
01 янв 1970
Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар биз — маҳаллий Кенгаш депутатларидан чуқур масъулият, сайловчилар билан ишлашда янгича ёндашув...