Наримон УМАРОВ: “Адолат бор жойда тараққиёт бўлади, юксак муваффақиятларга эришилади”

/
“Адолат” социал-демократик партиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган 4 декабрга тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирган. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, зеро, мамлакат Президентини сайлашдек улкан ижтимоий-сиёсий воқелик партиямиз ҳаёти ва фаолиятида ўта масъулиятли жараёндир.
Мамлакатимиз сиёсий майдонида 1995 йилдан буён фаолият юритиб, ўз ғояларини, дастурий мақсад ва вазифаларини амалиётга татбиқ этиб, халқимиз муайян қатламининг сиёсий иродасини, манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган, ўз электоратига, хайрихоҳларига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” СДП мазкур муҳим сиёсий тадбирда ўзининг муносиб номзоди билан иштирок этмоқда.
Партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод — “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, партиямиз фракцияси раҳбари Наримон Мажитович Умаров ҳудудларда сайловчилар билан ўтказган бевосита учрашув ва мулоқотларида ўз сайловолди дастурининг афзалликларини ёритиб бериб, сайловчиларнинг эътибори ва ҳурматига сазовор бўлди. Хусусан, номзодимизнинг сайловолди дастурида илгари сурилган бир қатор халқчил ғоялар ва ҳаётий устувор масалалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотиб, улар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Мана шу қизғин жараён якуни яқинлашаётган паллада биз партиямиз номзодига сайловчиларни қизиқтираётган, улар таҳририятимизга мактублар, телефон орқали ва электрон шаклда йўллаётган бир қанча мавзулардаги саволлар билан мурожаат этдик.
– Мамлакатимизда кўпфикрлилик, рақобат ҳамда очиқлик тамойиллари асосида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига Сиз раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси қандай кириб келди? Умуман, сайлов кампаниясининг боришини қандай баҳолайсиз?
— Олдимизда турган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш билан боғлиқ вазият халқимиз учун қандай кутилмаган шароитда юзага келганлиги барчамизга маълум, албатта. Ана шундай фавқулодда бир ҳолатда 9 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси эълон қилинди. Мамлакатимиз сиёсий майдонида 20 йилдан ошиқ вақт давомида фаолият юритиб, ўзининг электоратига, кўпминг сонли аъзолари ва хайрихоҳларига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз рақобатчилари билан бир қаторда мазкур муҳим сиёсий тадбирда иштирок этиш ва ўз номзодини илгари суриш истагини билдирди. Айни шу кундан буён партия ташкилотларимиз томонидан барча ташкилий-сиёсий масалалар юқори савияда ҳал қилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни бўлиб ўтган партиямиз Сиёсий Кенгашининг VI Пленумида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш ва унга номзод кўрсатиш ҳамда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳузурида сайлов штабини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ушбу қарорга мувофиқ ҳозирда бўлажак сайловни юқори савияда ўтказиш мақсадида партия Марказий сайлов штаби, 14 та ҳудудий сайлов штаби ва 194 та туман, шаҳар сайлов штаблари фаолият олиб бормоқда. Улар сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан ўтказишда таянч тузилмалар вазифасини ўтамоқда.
Бугунги кунда барча сайлов штабларининг узлуксиз фаолияти учун жами 700 нафарга яқин партиядошларимиз жалб этилган. Уларнинг асосий вазифалари номзод ва унинг дастурини кенг халқ оммаси орасида тарғиб этиш, партия ҳамда номзоднинг сайловолди дастурларини сайловчиларга тушунтириш, сайлов кампаниясининг жойларда самарали ўтишини таъминлаш, барча олиб борган фаолиятларини ОАВларда ёритиб боришдан иборат. Ҳудудий ва маҳаллий сайлов штабларининг фаолияти Марказий сайлов штаби томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.
Сайлов штабларимиз сайловга оид барча ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланмалар, партия дастурий ғояларини ва номзодимизни тарғиб қилувчи тарғибот материаллари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Ҳудудий сайлов штабларига партия ташкилотлари раҳбарлари масъул этиб белгиланган бўлиб, улар Марказий ва округ сайлов комиссиялари билан мустаҳкам ҳамкорликда сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан олиб боришмоқда.
Сайлов кампанияси бошланиши биланоқ сайлов штабимиз томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, партиямиз экспертлари, турли соҳа мутахассислари ҳамда фаолларимиздан иборат махсус ишчи гуруҳи тузилиб, партия номзодининг сайловолди дастурини ишлаб чиқишга киришилди. Ушбу жараёнда, энг аввало, партиямиз томонидан илгари суриб келинаётган дастурий ғоя ва вазифаларга ҳамда бугунги кун талабларидан келиб чиқаётган аҳолининг реал эҳтиёжларига асосланилди. Дастурда илгари сурилган ҳар бир йўналишдаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ механизмлари ва чора-тадбирлари белгиланди.
Айни кунларда сайловолди ташвиқоти якуний босқичини юқори савияда ташкил этиш ва самарали ўтказиш мақсадида партия номзодининг сайловолди дастурини аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилиш ва сайловчиларнинг кўпроқ овозини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Шу ўринда сайлов кампанияси миллий ҳамда халқаро қонунчилик меъёрлари ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда олиб борилаётганини эътироф этиш лозим. Марказий сайлов комиссияси томонидан номзодларга сайлов кампанияси давомида сайловолди ташвиқотини амалга ошириши учун кенг ва тенг имкониятлар яратиб берилаяпти.
Хусусан, барча номзодлар учун давлат бюджетидан тенг миқдорда маблағлар ажратилиб, оммавий ахборот воситаларида бир хилда бепул эфир вақтлари ва нашр майдонлари ажратилганлиги сайлов кампаниясининг демократик тамойиллар асосида бўлиб ўтишига замин яратмоқда.
Энг муҳими, биз мазкур имкониятларнинг барчасидан ўз вақтида ва самарали фойдаланиб, сайловда муносиб иштирок этишга, электоратимиз ва хайрихоҳларимизнинг манфаатларини рўёбга чиқаришга бор кучимизни сафарбар этмоқдамиз.
– Наримон Мажитович, маълумки, Сиз раҳбарлик қилаётган “Адолат” СДП фракцияси парламентда кўпчиликни ташкил этган Демократик кучлар блокига нисбатан ўзини парламентдаги мухолифат, деб эълон қилган. Мана шу демократик омилдан келиб чиққан ҳолда, Сиз раҳбарлик қилаётган фракция ўз фаолиятида нималарга эътиборни кучайтирган ва бу жараёнда яна нималарга алоҳида диққат қаратиш лозим, деб ҳисоблайсиз?
– Ҳақиқатан ҳам, парламентдаги мухолифлик демократиянинг муҳим кўринишларидан бири бўлиб, бу орқали фракциямиз, энг аввало, бошқа сиёсий рақобатчиларидан аниқ фарқи ва уларга нисбатан ўз позициясини белгилаб олиш ҳамда партиямиз электоратининг манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишни мақсад қилган.
Айтиш лозимки, ўтган давр мобайнида мухолифат сифатида “Адолат” СДП фракцияси ўзига берилган ҳуқуқ ва ваколатлардан самарали фойдаланиб келмоқда. Хусусан, қонун лойиҳалари муҳокамаси ва парламент эшитувларида, партиямиз сайловолди дастурида баён этилган бир қатор муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда Демократик кучлар блокининг дастурий қарашларига тўғри келмайдиган ўз нуқтаи назари ва позициясини дадил илгари суриб келмоқда. Миллий қонунчилигимизда мухолиф фракцияга берилган ваколат ва имтиёзлар, ўз навбатида, депутатлик корпусимизнинг янги қирраларини кашф этишга, фракциямиз фаолияти сифат жиҳатдан янада яхшиланиб, қонун ижодкорлиги жараёнидаги фракциялараро рақобатда ўзини тўлақонли намоён этишга имкон яратмоқда.
Ўтган давр мобайнида, айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва бошқа ўндан ортиқ қонунлар фракциялараро мунозара, рақобат муҳитида кенг муҳокамадан ўтказилди. Ва, албатта, ушбу жараёнда фракциямиз фаол иштирок этиб, ўзимизнинг қатор позицион таклифларимизни мазкур қонунларга киритишга эришдик.
Шунингдек, мухолиф фракция сифатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси муҳокамасига “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритишга муваффақ бўлдик. Гарчи, ушбу қонун лойиҳаси депутатларнинг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланмаган бўлса-да, унда илгари сурилган таклифларни асосий қонун лойиҳасига киритиш тавсия этилди.
Бундан ташқари, ҳукумат томонидан ҳар йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим қилинадиган Давлат бюджети ва Бандлик дастури лойиҳаси ҳамда уларнинг ижросини муҳокама қилиш жараёнида ҳам мухолиф фракция сифатида дастурий вазифаларимиз ҳамда электоратимиз манфаатларидан келиб чиқадиган таклифларимизни илгари суриб келаяпмиз.
Қолаверса, ўтган даврда фракциямиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг тегишли масалалар бўйича ахборотига оид парламент эшитувлари ўтказилиб, ижро органларига тегишли топшириқлар берилганлиги ҳам айнан парламент мухолифати сифатидаги ютуғимиз, деб биламан.
Албатта, олдимизда ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Жумладан, парламентдаги мухолифат сифатида келгусида биз учун ўта муҳим бўлган бизнеснинг ижтимоий масъулияти даражасини ошириш, давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини фаол ривожлантириш, интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида давлат назоратини кучайтириш, корхоналарга уларнинг социал ҳамда ижтимоий жиҳатдан фойдали эканлигидан келиб чиқиб, солиқ имтиёзларини бериш каби масалалар эътиборимиз марказида бўлади. Бу борада Президентлик сайлови учун илгари сураётган сайловолди дастуримизда ҳам муҳим вазифаларни белгилаб олганмиз.
– Партия аввалги сайловда ҳам инновацион фаолиятни янада ривожлантириш бўйича таклифлар билан чиққан эди. Бироқ бу соҳада айтарли ижобий ўзгариш кўзга ташланмади. Бунинг сабаблари нимада ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Дарҳақиқат, “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимиз келажаги – инновацион ривожланиш ва инновацион иқтисодиётда деб билади ҳамда давлатнинг мувофиқлаштирувчилик фаолияти иқтисодиётнинг барқарор инновацион тараққиётида муҳим роль ўйнаши кераклигини эътироф этади. Эътибор беринг, жаҳон бозорида рақобат тобора авж олиб бораётган бир шароитда алоҳида минтақалар ёинки давлатлар иқтисодий тизими қандай ривожланишини олдиндан башорат қилиш тобора мушкуллашмоқда. Табиийки, бу жараёнда мамлакатлар тараққиёти барқарорлиги ҳамда фуқаролар фаровонлигини таъминлайдиган инновациянинг аҳамияти янада ортади. Шу сабабли ҳам жаҳоннинг кўплаб тараққий этган давлатлари инновацион иқтисодни ўзларининг асосий стратегик мақсадлари сифатида эътироф этмоқда. Умуман олганда эса келажак – инновацион технологияларни эгаллаган, уни амалиётга татбиқ эта олган давлатники, деган тушунча давримизнинг аксиомасига айланди. Зеро, айнан инновацион иқтисод мукаммал ташкил этилган ишлаб чиқариш ҳажми ошиши, янги иш ўринлари кўпайиши, ташқи савдо айланмаси ортиши, инвестициялар оқими кучайиши, маҳсулот сифати жаҳон стандартлари даражасига кўтарилиши, иш самарадорлигининг юксалиши учун хизмат қилади.
“Соҳада айтарли ижобий ўзгариш кўзга ташланмади”, деган фикрингизга эса қўшилмайман. Келинг, фикримнинг исботи сифатида шу ўринда бир мисол келтириб ўтай. Юртимизда 2008-2016 йилларда ўтказилган анъанавий Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаларида умумий ҳажми 144,1 миллиард сўм бўлган 4000 дан ортиқ шартномалар имзоланди. Уларнинг бажарилиши натижасида эса 1,8 триллион сўмдан ортиқ ҳажмда янги инновацион маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Янада аниқроқ фактларга тўхталадиган бўлсак, айнан инновацион илмий-техник лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналарида маҳаллий хом ашёдан самарали дефолиант ва минерал ўғитлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилиб, бугунги кунгача қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган 71,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ёки Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатининг Мис ишлаб чиқариш заводида рудалар ва чиқиндилардан мис ажратиб олишни оширишнинг инновацион технологияси жорий этилиши йилига 17,5 миллион АҚШ доллари миқдорида иқтисодий самара келтирмоқда.
Албатта, бу билан соҳада ишлар зўр, муаммолар йўқ, демоқчи эмасман. Олиб борган кузатишларимиз, таҳлилларимизга кўра, бугунги кунда инновацион фаолиятни замон талабига мос ривожлантириш йўлида қуйидаги тўсиқлар мавжуд:
биринчидан, илмий тадқиқотлар ва инновацион фаолиятни тартибга солувчи алоҳида қонун ҳужжати йўқ;
иккинчидан, амалдаги қонун ҳужжатларида инновация, тадқиқот, технологиялар трансфери, грант каби тушунчаларнинг мазмун-моҳияти очилмаган;
учинчидан, давлат бюджети ҳисобига яратилган интеллектуал мулкка эгалик ҳуқуқи, ундан фойдаланиш тартиби аниқ кўрсатилмаган;
тўртинчидан, давлат бюджети ҳисобига яратилган илмий-техника ахбороти ресурсларини жамлаш, таҳлил қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби ишлаб чиқилмаган;
бешинчидан, инновацияларни яратувчилар ва улардан фойдаланувчиларни рағбатлантирувчи механизмлар яратилмаган.
Айнан шу сабабли биз ўз сайловолди дастуримизга мамлакатимизда замонавий инновацион ва юқори технологияларни жадал ривожлантириш ва кенг жорий қилиш мақсадида махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш режасини киритганмиз. Мазкур ҳужжатда, хусусан, қуйидаги йўналишлар қамраб олинади:
– инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий фаолиятни ривожлантириш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;
– инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш;
– Давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш;
– иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этишни мақсад қилганмиз.
– Дастурингизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали рақобатбардош энергия бозори яратилишини алоҳида таъкидлаб ўтгансиз. Бироқ бундай технологияларнинг қиммат ва ўз-ўзини қоплаш учун узоқ муддат талаб қилишини инобатга олган ҳолда соҳани ривожлантиришнинг яна қандай йўлларини таклиф этасиз?
– Дарҳақиқат, биз дастуримизда энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этиш тарафдори эканлигимизни алоҳида қайд этиб ўтганмиз. Шу сабабли биз муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, соҳадаги зарур стандарт ва меъёрларни тасдиқлашни устувор вазифаларимиздан бири, деб биламиз. Шунингдек, биз мамлакатимизда уй-жой-коммунал соҳаси ва кундалик турмушда кенг фойдаланишга мўлжалланган қуёш батареяси ва бошқа қайта тикланувчи энергия олишга ихтисослашган инновацион технологияларни аҳолининг харид қобилиятига мос нархларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш тарафдоримиз.
Маълумки, ҳар қандай янгилик, инновацион технологиялар ҳаётга ўз-ўзидан, осонлик билан кириб келмайди. Жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин.
Аслида табиатнинг ўзи бутун инсоният учун беминнат яратувчи, тўйдирувчи ва кийинтирувчидир. Ахир бежиз “она табиат” демаймиз-ку. Шўро даврининг айрим олимларига хос бўлган “Биз табиатдан эҳсон кутиб ўтирмаймиз, уни тортиб оламиз!” қабилидаги жоҳилона нуқтаи назарлар ўтмишда қолиб кетди. Сайёрамиз аҳли фақат табиат билан уйғунликдагина келажак сари дадил қадам ташлаши мумкин.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, табиат инсоният учун ўз бағрида асраб келаётган кўмир, газ, нефть захиралари вужудга келиши учун юз миллионлаб йиллар керак бўлган. Афсуски, тамаддун, илмий-техника инқилоби юксак чўққиларга эришган сўнгги бир ярим икки аср мобайнида бу захиралар аёвсиз тарзда талон-тарож қилинмоқда. Бизнинг асримизга келиб ҳам бундай табиий бойликларга нисбатан эҳтиёж ўртача ҳисобда йилига 12 фоизга ортиб бормоқда. Дунё олимлари ўз тадқиқотларида табиат 11 минг йил давомида яратган табиий бойликлар бугунги кунга келиб инсоният томонидан бир йил ичида сарфланаётганини таъкидлашмоқда.
Мутахассислар истеъмолчилик кайфияти шу тарзда давом этган тақдирда яқин ўттиз-қирқ йил ичида, ҳаттоки ундан ҳам аввалроқ айрим табиий захиралар буткул тугаши эҳтимоли мавжудлигини айтиб бонг уришмоқда. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, бугун сайёрамизда қолган нефть захираси 40-45 йилга, табиий газ 70-75 йилга, кўмир 165-170 йилга етади, холос.
Аммо табиат шу ерда ҳам ўз бағридаги мавжудотлар учун бениҳоя меҳрибон эканлиги ўз исботини топмоқда. Яъни табиатнинг ўзи одамлар учун битмас-туганмас қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ)ни яратиб қўйган. Фақат улардан фойдалана билишни уддаласак бас.
Кичик бир мисол. Ерга тушаётган қуёш энергиясининг жуда катта қисми коинотга қайтиб, изсиз сингиб кетади. Инсоният эса ҳамон ўта қиммат, биттасининг нархи тахминан 10 миллиард АҚШ долларига етадиган атом электр станциялари қуришда давом этмоқда. Ҳаттоки машъум Чернобиль фожиаси ҳам айрим мамлакатларни сергак торттирмаяпти. Ҳолбуки, Калифорния университети олимларининг ҳисобларига қараганда, қуёш нурларидан олинган бир киловатт электр энергияси бор-йўғи 16 центга тушаркан. Бу эса АЭСларга нисбатан жуда арзон, қулай ва энг муҳими, инсоният ҳаёти учун хавфсиздир.
Битмас-туганмас қуёш нурлари қайта тикланувчи энергия манбаларининг бир кўриниши, холос. Бунга шамол энергиясини (1 МВт қувватга эга оддий шамол генератори 20 йил ичида камида 29 минг тонна кўмир ёки 92 минг баррел нефтни иқтисод қилиш имкониятини яратади), гидроэнергияни (дунё электр энергиясининг йигирма фоизи шу усулда ишлаб чиқилмоқда), биоэнергетикани, геотермаль энергияни қўшсангиз, бу соҳа ҳали инсоният олдида турган “очилмаган қўриқ” эканлиги ўз-ўзидан аён бўлади.
Жаннатмонанд Ватанимизда йилнинг уч юз кунида қуёш чарақлаб туради. Бу эса, солиштирадиган бўлсак, офтобнинг нур таратиши Японияга нисбатан икки баробар кўп демакдир. Шу биргина мисолнинг ўзиёқ она юртимиз ҚТЭМ ривожланиши бўйича жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари билан беллаша оладиган кунлар яқин эканлигидан далолат беради.
Олимларимизнинг кузатишларидан аён бўлишича, мамлакатимизда 51 миллиард тонна нефть эквивалентига тенг қайта тикланувчи энергия манбалари бор.
Шу сабабли биз юртимизда энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишга ҳаракат қиламиз. Айниқса, қишлоқларда янги ижтимоий объектлар — қишлоқ врачлик пунктлари, болалар боғчалари, мактаблар, болалар спорти, телекоммуникация ва почта алоқаси объектларини қуришда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда, энергияни тежайдиган инновация тизимларини жорий этамиз.
Шубҳасиз, келажак – муқобил энергияларники. Аммо бу эртага ёки индинга битмас-туганмас энергия манбалари ишга тушади, деган гап эмас, албатта. Бу узоқ давом этадиган жараён.
– Сиз сайловолди дастурингизда ёшларнинг олий таълим билан кенг миқёсда қамраб олиниши тарафдори эканлигингизни, жумладан, ўқув ўринлари квоталарини ошириш ҳамда масофадан таълим тизимига алоҳида эътибор қаратишингизни қайд этиб ўтгансиз. Айтинг-чи, бу ғояларни амалга ошириш ҳаётимиз, жамиятимиз учун қандай самаралар беради? Сиз таклиф этаётгандек, олий ўқув юртларини босқичма-босқич вилоятларга кўчириш таълим сифати пасайишига олиб келмайдими?
– Бугун биз яшаётган XXI асрда – интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этаётган глобаллашув ва интернет асрида, жаҳон бозорида рақобат курашининг миқёси ва кескинлиги тобора ортиб бораётган бир даврда инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлигидир ва биз унинг ҳар томонлама кўпайиши ва тараққий этиши, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб биламиз.
Шундан келиб чиққан ҳолда биз аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш тарафдоримиз. Маълумки, бугунги кунда коллеж-лицейлар битирувчиларнинг фақат 9 фоизигина олий ўқув юртига киришга муваффақ бўлмоқда. Бу кам, жуда ҳам кам. Зеро, олий маълумотга эга инсон давлатдан иш сўраб, ёрдам кутиб ўтирмайди, балки ўзининг ташаббускорлиги, зукколиги ва уддабуронлиги, янгиликка интилувчанлиги билан янги иш ўринлари яратади, мамлакатнинг ривожланишида фаол иштирок этади.
Шунинг учун ҳам биз олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш, барча талабгорларга олий таълим олиш ҳуқуқини бериш орқали иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини ошириш ҳамда ҳудудларнинг муайян иқтисодий устунликларидан келиб чиққан ҳолда пойтахтда жойлашган олий таълим муассасаларини тегишли ҳудудларга босқичма-босқич кўчириш тарафдоримиз.
Ўзингиз бир тасаввур этиб кўринг: бир неча йиллардан буён Термиздаги ягона университетда бир ўринга ҳар йили камида 20 та абитуриент даъвогарлик қилади. Бу ана шу йигирма нафар абитуриентдан фақат бир нафари талаба бўла олади, дегани. Энди, айтайлик, Андижонда машинасозликка, Навоийда замонавий инновацион технологияларга, Сурхондарёда доришуносликка ихтисослашган олий ўқув юртларини очиш мақсадга мувофиқ эмасми?
Сиз айтаётган таълим сифати пасайиши муаммосига келсак, хавотирингиз ўринсиз. Биз айнан олий таълим муассасаларини корпоратив турдаги олий таълим муассасаларига айлантириш орқали уларнинг соҳавий ихтисослашувини кучайтириш тарафдоримиз. Демак, соғлом рақобат кучайиши таълим сифатининг ҳам кучайишига олиб келади.
– Дастурингизда табиатнинг ифлосланишини камайтириш мақсадида чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дов-дарахтлар сони ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида “яшил майдон”ларни барпо этиш, саксовул ва бутазорларни кенгайтириш таклифини бергансиз. Бундай узоқ муддат, катта харажатлар ва алоҳида ҳудудларни талаб этадиган ишларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари борми?
– Бир пайтлар бобокалонимиз Абу Али ибн Сино “Агар ҳавода чанг ва ғубор бўлмаса эди, одам минг йил яшарди”, деб айтган экан. Афсуски, бугунги кун реаллиги шундайки, ҳаводаги чанг ва ғуборга инсон саломатлиги учун ўта хавфли бўлган кимёвий унсурлар ҳам қўшилган. Айрим маълумотларга қараганда, бугунги кунда жаҳон аҳолисининг 90 фоиздан ортиғи соғлиқ учун зарарли бўлган ҳаводан нафас олади.
Шу сабабли биз экологик жиҳатдан тоза технологиялар асосида жадал ривожланишни таъминлашга йўналтирилган мутаносиб иқтисодий сиёсат олиб бориш тарафдоримиз.
Умуман олганда, биз экология масалалари ижтимоий-иқтисодий сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бири деб биламиз ва бу соҳани комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ этиш ниятидамиз.
Табиат нақадар доно. Юртимизда ўсадиган шундай дов-дарахтлар борки, улар чанг ва заҳарли моддаларни ютиб, соф кислород ишлаб чиқаради. Табиатнинг бундай неъматидан фойдаланмасдан бўлмайди, албатта.
Бугун бутун дунё, айниқса, ривожланган давлатлар табиат билан ҳамоҳангликда яшашга интилмоқда. Биз ҳам шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш, саксовул ва бутазорларни кенгайтириш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаймиз.
– Дастурингизнинг устувор йўналиши сифатида давлат ҳокимияти органларининг шаффофлиги, очиқлиги ва ҳисобдорлиги тамойилларини таъминлашни давом эттириш кўрсатилган. Маълумки, юртимизда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Айни пайтда мазкур қонуннинг ижроси Сизни қониқтирадими? Бу борада яна қандай ишларни амалга ошириш керак, деб ҳисоблайсиз?
– Албатта, мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, қабул қилинадиган қарорлар учун жавобгарлигини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг улар фаолияти тўғрисидаги ахборотдан кенг фойдаланишларига имконият яратиш, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини амалга оширишда амалий қадам бўлди.
Қолаверса, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун нормаларини амалиётга татбиқ этишнинг узвий давоми сифатида “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, бу борада алоҳида тизим йўлга қўйилди ҳамда бу ўзининг ижобий самараларини кўрсатмоқда.
Шунга қарамай, бу борада илгари сурилган ғоялар ҳаётда ҳали тўлақонли ифодасини топаяпти десак, ўзгаларни эмас, аввало, ўзимизни алдаган бўламиз. Шунинг учун ҳам биз ўз сайловолди дастуримизда келгусида айни йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишга қаратилган таклифларни илгари сураяпмиз.
Жумладан, биз вакиллик ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, парламентаризмни ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этишни ёқлаймиз. Шунингдек, ҳокимиятнинг барча даражадаги бошқарув органлари вакиллари ҳамда фуқаролар ўртасида ўзаро очиқ мулоқот ва тўғридан-тўғри муносабатларни янада кенгайтириш тарафдоримиз.
Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ечишда энг мақбул қарорларни шакллантириш ва қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга ҳам хизмат қилади, деб биламиз.

Шомурод БЕКТУРДИЕВ,
Гулистон давлат университети катта ўқитувчиси:

— “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг сайловолди дастурида ҳам “Куч — адолатда!”, “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони”, “Адолат — ҳар бир инсон учун” деган ғоялар асосий йўналиш қилиб олинган.
Бу ғоянинг уч ҳолатда, яъни уч босқичдан иборат тарзда белгиланишининг сабаби бор. “Куч — адолатда!” сўзи бу умумжамият, умумдавлатнинг бош ғояси сифатида намоён бўлади. Яъни адолатни, ҳақиқатни, аввало, давлат ва жамият ҳаётининг асосига айлантириш керак. Лекин бу билан ҳам адолатли жамият ҳақидаги фикр тўла ифодасини топмайди. Бу фикр тўла бўлиши учун адолат — ҳаётнинг бош мезонига айланиши керак. Яъни адолат, ҳақиқат шу жамиятда яшаётган халқ ҳаётининг, кундалик фаолиятининг асоси бўлиши зарур. Адолат жамиятдаги шиордан халқнинг амалдаги ҳаёт тарзига айланиши шарт. Адолатни жамият аъзолари кундалик ҳаёти билан давлат фаолиятида мустаҳкам қарор топтириши лозим. Лекин адолатнинг, ҳақиқатнинг жамиятда тўла ва мукаммал қарор топиши учун яна бир босқич, адолат ҳар бир инсон турмушида намоён бўлиши талаб этилади. Бошқача айтганда, адолат ҳар бир инсоннинг қалбида ва ҳаёт тарзида ифодасини топиши, умр йўлини белгилашга хизмат қилиши керак. Натижада бу учта босқич, учта фикр бирикиб, уйғунлашиб ягона ғояни ифодалайди. Ана шунда бу ғоя социал-демократиянинг энг муҳим қадриятлари бўлган — ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик, имкониятлар тенглигини юзага келтиради.
Абдуҳошим ИСМОИЛОВ,
Андижон вилоятидаги “Руббер траст” хусусий корхонаси директори:

— Тараққиёт йўлини тутган республикамизнинг келажаги ҳам инновацион ғоя, инновацион иқтисодиёт ва янги технологиялар ривожи билан чамбарчас боғланган. Чунки эндиликда ишлаб чиқаришнинг барча жабҳалари хоҳ у аграр, саноат, қурилиш, кимё, автомобилсозлик ва бошқа соҳалар бўлсин, янги технологияларсиз ривожлана олмайди. Янги технологияларни яратиш учун эса унинг асоси ҳисобланган илм-фанни юксалтириш, янги кашфиёт, ихтироларга йўл очиш зарур. Янги технологиялар эса, ўз навбатида, янги инновацион ғояларни, инновацион иқтисодиётни юзага келтиради. Бошқача айтганда, янги технологияларга асосланган иқтисодиёт мамлакат қудратини оширади, халқимизнинг фаровон яшашига, жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Бугунги кунда ушбу муҳим ишларни амалга оширишда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз дастурида қуйидаги таклифларни ўртага ташлайди.
Биринчидан, “Инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш”.
Иккинчидан, “Давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш”.
Учинчидан, “Инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий фаолиятни ривожлантириш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш.
Тўртинчидан, “Иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш”.
Президентликка номзод томонидан ташкил этилиши таклиф қилинаётган ваколатли орган ва Инновация жамғармаси эса ихтиро, кашфиётларни, янги технологияларни бевосита ижтимоий ҳаётга татбиқ этишга, мамлакатнинг иқтисодий тараққиётини юксалтиришга хизмат қилади. Шунинг учун номзодни ҳам, унинг илғор ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлаймиз.
Муҳаббат АБДУЛЛАЕВА,
Боғот туманидаги маиший хизмат ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори:

— Республикамизда юртимиз истиқлолга эришганидан кейинги иқтисодий ўтиш даврида марказий бошқарув тизими асос қилиб олинди. Бу тизим мамлакатимизни иқтисодий юксалтириш учун замин яратди. Республикамизнинг ҳамма нуқталарида барча соҳалар бўйича иқтисодий юксалиш учун имкониятлар юзага келди ва бу жараён ўзини тўла оқлади. Бугунги иқтисодий юксалиш ва мамлакат тараққиёти ушбу соҳани бошқаришда эндиликда марказлашган бошқарув тизимининг ўзи етарли эмаслигини, бу жараёнда маҳаллий бошқарув тизимларининг ролини ошириш зарурлигини ҳам кўрсатмоқда. Бу борадаги иш, аввало, жойлардаги маҳаллий бошқарув органларининг, раҳбарларининг ваколатини оширишдан бошланмоғи керак. Бу муҳим вазифа Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партияси томонидан номзод Наримон Умаровнинг сайловолди дастурида тўғри кўрсатиб берилган. Унда, жумладан, бундай дейилади: “Маҳаллий бошқарув органлари фаолияти самарадорлиги ва масъулиятини ошириш мақсадида биз ҳокимларнинг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этишдаги, уларни жавобгарликка тортиш масаласидаги, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига таъсир этишдаги ваколатларини кенгайтириш тарафдоримиз”. Бошқача айтганда, ҳар бир вилоят ёки тумандаги ташкилотлар, у қайси вазирлик ёхуд компанияга қарашли бўлишидан қатъи назар, улардаги раҳбарлар маҳаллий бошқарув тизимидаги ҳокимликлар олдида ҳам масъул бўлишлари талаб этилади. Негаки, республика миқёсидаги вазирлик ёхуд компанияга алоқадор ташкилот қаерда жойлашган бўлмасин, унинг фаолияти ҳудудий томондан кадрларни ишга жалб қилиш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, маҳсулот ишлаб чиқаришда маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, аҳолига тайёр маҳсулот етказиб бериш ва бошқа жиҳатлардан ўша жойга ҳамда бу ердаги маҳаллий бошқарув тизими раҳбарлари ҳамкорлигига боғлиқ кечади.
Шерозбек ТЎЙЧИЕВ,
Тошкент стоматология институти Андижон филиали талабаси:

— Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Наримов Умаровнинг сайловолди дастури биз, ёшларга ниҳоятда маъқул бўлди. Чунки унда ёшларга, тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор берилган. Айниқса, дастурдаги “...Хорижнинг етук тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатишга, чет эл врачларининг Ўзбекистон тиббий муассасаларида жарроҳлик операциялари ўтказиш амалиётини кенгайтиришга, уларни доимий асосда ишга таклиф қилиш орқали миллий мутахассисларимизнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз”, деган сўзлар биз — бўлғуси стоматологларни беҳад қувонтирди. Негаки, тиббиётнинг ривожланиши учун бундай алоқалар жуда муҳим ҳисобланади.
Шунингдек, дастурда “Олий ўқув юртларига қабул қилишдаги квоталар тизимини ҳам қайта кўриш, барча талабгорларга олий таълим олиш ҳуқуқини бериш” ғояси илгари сурилгани ҳам алоҳида эътиборни тортади. Кейинги йилларда тенгдошларимиз орасида ўқишга бўлган қизиқиш ортиб бораётгани сир эмас. Демак, улар учун шароит яратиш, қабул сонини оширишни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Офтоб НИШОНОВА,
Жиззах шаҳар “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси:

—Дастурда келтириб ўтилганидек, жамиятимиздаги бошқа ижтимоий қатламлар қатори хотин-қизлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур масала юзасидан мен фаолият кўрсатаётган маҳалла фуқаролар йиғинида айрим ечимини кутаётган муаммолар йўқ эмас. Жумладан, маҳалламизда мактабгача таълим муассасаси йўқлиги сабабли 261 нафар боғча ёшидаги болалардан айримларининг маҳалла ҳудудидан олис жойда жойлашган мактабгача таълим муассасаларига қатнаши, айрим оилаларда бунга шароитларнинг йўқлиги сабабли болаларнинг уйда тарбияланаётганлиги боғча ёшидаги фарзандлари бор оилалардаги хотин-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, иш билан бандлигини таъминлаш борасида, сиёсий фаоллигини оширишда айрим муаммоларни юзага келтирмоқда. Шунинг учун номзоднинг дастурида белгилаб берилганидек, хотин-қизларимизнинг сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат бошқаруви органларининг барча соҳаларига жалб қилиш, уларнинг юқори билим ва малакага эга бўлиши учун кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш мен сингари маҳалла фуқаролар йиғини фаолларининг ҳам устувор вазифалари сирасига киради.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида ҳали ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Буларни ҳал қилиш асосий вазифаларимиздан биридир. Хусусан, маҳалламизда истиқомат қилаётган 121 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда 200 нафардан зиёд норасмий ва мавсумий иш билан шуғулланувчи ёшларнинг доимий иш билан бандлигини таъминлаш борасида ҳам муаммолар йўқ эмас. Шу сабабли дастурда кўрсатиб ўтилганидек, ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аёллар ва ёшлар, коллеж битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан чиқарилган давлат дастурларининг ижросига қаратилган жамоатчилик назоратини кучайтириш, ишсизликни минимал даражада қисқартириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларни қўллаб-қувватлайман.
Арзигул ҚИДИРБОЕВА,
Қорақалпоқ давлат университети экология ва тупроқшунослик кафедраси катта илмий ходими:

— Собиқ тузум даврида экологик оқибатларни ўйламасдан сувдан нооқилона фойдаланиш, уни исроф қилиш, сув танқислигининг юзага келиши Орол денгизининг қуришига олиб келди. Оролга келиб қўшиладиган дарё сувлари 4,5 баробар қисқариб, унинг сув юзаси 8 марта камайди. Сув сатҳи 29 метрга пасайди. Шўрланганлик даражаси эса деярли 25 маротабагача ортиб, дунё океанлари минераллашуви кўрсаткичига нисбатан 11 баробар кўпайди.
Бу омиллар минтақа флора ва фаунасига ҳам ўзининг салбий таъсирини етказди. Қуриган денгиз ўрнида ҳосил бўлган Оролқум саҳроси майдони 5,5 миллион гектарга етиб, ундан ҳар йили қарийб 100 миллион тонна қум-чанг ва заҳарли тузлар атмосферага тарқалиши маълум бўлмоқда. Денгизнинг қуриши, ушбу ҳудудда яшовчи одамлар соғлиғига ва ҳаёт тарзига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ушбу муаммоларга чора топиш ва экологик ҳудудда яшовчи аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида 1993 йил январида Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳамкорлигида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилди. Истиқлол йилларида Ўзбекистон Орол фожиаси асоратларини камайтиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Жумладан, 1997-1999 йилларда Жамғармага раислик қилган республикамиз томонидан ОҚХЖ ҳуқуқий базасини ривожлантириш, Орол денгизи ҳавзасида барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида халқаро ташкилотлар ва молия муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. 2011 йилда умумий майдони 68,7 минг гектарга тенг Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ташкил этилди. Орол инқирози кузатилаётган ҳудудда 740 минг гектарлик иҳотазор барпо этилди. Чунончи, денгизнинг қуриб қолган ҳудудида ҳозир 310 минг гектарлик яшил ҳимоя қўрғони мавжуд. Бундай майдонларни янада кенгайтириш ишлари давом этмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида 1,7 минг километрлик водопровод тармоқлари тортилиб, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 4 марта ортди. Қишлоқ тиббиёт пунктлари, туғуруқхоналар, онкология маркази реконструкция қилиниб, улар зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Президентликка номзод Наримон Умаровнинг сайловолди дастурида экология масалалари ижтимоий-иқтисодий сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу соҳани комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш вазифаси аниқ тарзда белгилангани билан сайловчилар эътиборини тортмоқда.
Суҳбатдош:
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наримон Умаровнинг ишончли вакили Юлдуз Усмонованинг Сайҳунобод тумани ва Ширин шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан семинар-тренинглар ўтказилмоқда....
01 янв 1970
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашининг фаоллар йиғилиши бўлиб ...