Сифатли тиббий хизмат баркамол авлод вояга етишига замин яратади

/
Мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яна бир муҳим йўналиши, бу — аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш. Зеро, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг соғлиғи миллатимиз бардавомлиги ҳамда юртимиз тараққиётининг ишончли кафолати ҳисобланади. Шу боисдан ҳам истиқлол йилларида республикамизда аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Албатта, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмаганидек, тиббиёт соҳаси олдида ҳам янгидан-янги долзарб ҳамда ўткир вазифалар пайдо бўлмоқда. Жаҳонда илм-фан, техника, тиббиёт соҳалари тез суръатларда тараққий этиб бораётган бир пайтда демографик муаммолар, экологик бўҳронлар оқибатида келиб чиқиш сабаби ва қолдирадиган асоратлари ҳақида ҳаттоки энг нуфузли илмий марказлар, жаҳоннинг кўзга кўринган олим ҳамда шифокорлари ҳам етарлича маълумотга эга бўлишга улгурмаётган янги-янги касалликларнинг пайдо бўлаётганини инобатга олсак, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматнинг сифатини мунтазам равишда яхшилаш, бу соҳадаги илмий-амалий изланишларнинг самарадорлигини кучайтириш, тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга қаратилган масалаларга эътиборни сусайтириб бўлмайди.
Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Наримон Умаровнинг сайловолди дастурида аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш ғояси илгари сурилмоқда. Номзод мустақиллик йилларида Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилаётган маблағлар улуши салкам 2 баробар ошганлиги, амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, эришилган улкан марраларни эътироф этган ҳолда, ушбу соҳани янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини қайд этмоқда.
Хусусан, Наримон Умаровнинг сайловолди дастурида аҳоли кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини янада юксалтириш баробарида, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтириш масалаларига ҳам доимий аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги кунда мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларнинг сифатли тиббий хизматлар билан таъминланганлик даражасини рисоладагидек, деб бўлмайди. Айрим таълим муассасаларида бу борада етарли моддий-техника базаси яратилмаган, баъзиларида эса малакали тиббий ходимлар тақчиллиги кузатилмоқда. Ҳар бир бола ўрта ҳисобда суткасига 6-8 соат, айрим ҳолларда эса 9 соатгача вақтини мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўтказишини инобатга оладиган бўлсак, уларнинг руҳий ҳамда жисмоний ҳолати, саломатлигини доимий назорат қилиш, болалардаги ўзгаришларни ўз вақтида пайқаш ва тор доирадаги тиббиёт мутахассисларига тўғри йўналтириш, энг асосийси, ўқувчи ёки тарбияланувчининг ота-онаси, оила аъзоларининг тиббий саводхонлигини юксалтиришда айнан ушбу тизимдаги тиббий хизматларнинг сифатини яхшилаш долзарб вазифа ҳисобланади.
Номзодимиз диққат-эътиборида бўлган дори воситаларининг ноқонуний айланиши, энг ёмони, инсон саломатлигини тиклаш ўрнига зарар етказиш хавфини кучайтирувчи қалбакилаштирилган ҳамда сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш масаласининг ижтимоий аҳамияти ҳақида ҳам узоқ сўз юритиш мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2016 йил январь ойида берган баёнотига кўра, шу пайтга қадар дунё бўйича стандартларга мувофиқ бўлмаган, сохта, қалбакилаштирилган ёки ноқонуний йўллар билан сотувга чиқарилган 920 номдаги дори воситалари истеъмолчиларга таклиф этилгани аниқланган. Бундай дори воситалари беморнинг дардига даво бериш ўрнига уларга руҳий ёки жисмоний зиён етказиши ёки ҳеч қандай наф келтирмаслиги турган гап. Шунинг учун дори воситаларининг сотувини жамоатчилик назорати доирасида кузатиш, уларнинг нархи ва таркиби, қўлланиши ва салбий таъсири юзасидан очиқ, шаффоф маълумотлар тарқатилишига оид механизмни амалга ошириш давр талабидир.
Ўз электорати сифатида тиббиёт ходимларини алоҳида эътироф этган, қолаверса, аъзолари ва хайрихоҳлари орасида айнан шу соҳа мутахассислари кўпчиликни ташкил этиб келаётган “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг сайловолди дастурида аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, хусусан, трансплантология, экстракорпорал уруғлантириш ва бошқа илғор тиббий хизматларга рухсат беришга оид ғоя илгари сурилиши ҳам бежиз эмас.
Афсуски, ҳаётда ҳеч бир инсон бедаво хасталикка чалинмаслик ёки танасидаги бирор-бир аъзоси ишдан чиқмаслигидан тўлиқ кафолатланмаган. Шундай вазиятда дунёнинг ривожланган мамлакатларида кенг қўлланиб келинаётган ҳамда юзлаб, минглаб инсонларнинг ҳаётга қайтишига хизмат қилаётган трансплантология сингари замонавий тиббий хизматлардан фойдаланишга эҳтиёж ортиб бормоқда. Биргина инсонни бўлса-да қутқариб қолишнинг имкони бор экан, демак, бу тиббий хизматни амалда қўллаш ўзини оқлаши номзодимизнинг сайловолди дастурида алоҳида таъкидланган.
Фарзанд оила қувончи, унинг мустаҳкамлиги гарови, авлодлар давомчисидир. Афсуски, жамиятимизда эр ёки хотиннинг хасталиги туфайли фарзанд кўриш бахтидан айро бўлиб қолаётган оилалар ҳам учраб туради. Маълумки, бугунги кунда тиббиётда экстракорпорал уруғлантириш ёрдамида зурриёт қолдириш имконияти яратилган. Аммо республикамизда замонавий тиббиётнинг бундай тури амалиётда мавжуд бўлмаганлиги сабабли ҳозирги пайтда бефарзанд оилалар хорижий давлатларга бориб муолажа олишга мажбур бўлмоқда. Ваҳолонки, юртимизда бу муолажани ривожланган мамлакатларникидан қолишмайдиган даражада ва бир неча баробар арзонроқ нархда амалга ошириш имконияти мавжуд.
Шу маънода, Наримон Умаровнинг дастурида билдирилган мазкур илғор тиббий хизмат турини мамлакатимизда ҳам жорий қилиш таклифи ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгадир. Яъни бу орқали фарзандсизлик муаммоси туфайли бузилиб кетаётган оилаларни сақлаб қолиш, айрим бефарзанд оилаларни оналик ва оталик бахтига муяссар этишдек эзгу ҳамда хайрли мақсадлар белгиланган.
Бундан ташқари, номзодимиз дастурида скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари ҳам ўрин олганки, буларнинг барчаси келажагимиз давомчилари бўлган зурриёдларимизни дунёга келтирувчи хотин-қизларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва пировардида соғлом авлодни вояга етказишдек улуғвор мақсадларимизни амалга оширишга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод — Наримон Мажитович Умаровнинг сайловолди дастури бошқа тизим ва тармоқлар баробарида тиббиёт соҳасининг бугуни ва келгуси истиқболига мўлжалланган аниқ вазифа ва мақсадларнинг белгилангани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис сайловчиларни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод — Наримон Мажитович Умаровга овоз беришга чақирамиз.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Андижонлик партиядошларимиз орасида тиббиёт ходимлари кўпчиликни ташкил этади. Улар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга турли тадбирлар ва...
01 янв 1970
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ўқув-семинар ўтказилди....
01 янв 1970
Ҳудудларда маҳаллий Кенгаш депутатларига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар партия депутатларига аҳолининг ишончи ортаётганини кўрсатади....