Наримон Умаровнинг Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашуви

/
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг республикамиз ҳудудлари бўйлаб сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувлари Ўзбекистон “Адолат” СДП ва партия номзодининг ўз олдига қўйган халқчил мақсадлари, инсонпарвар ғояларига фуқароларнинг ишончини янада мустаҳкамлади. Наримон Умаров ҳудудларда олиб борган сайловолди ташвиқоти доирасидаги охирги учрашувини 28 ноябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан ўтказди.
Вилоят ҳокимияти мажлислар залида онлайн видеоконференция тарзида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, депутатлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, ёшлар, партия аъзолари ҳамда журналистлардан иборат жами 4500 нафарга яқин сайловчи иштирок этди.
Учрашувни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Равшан Талипов олиб борди. Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Ўзбекистон “Адолат” СДП Паркент туман кенгаши раиси Мавлуда Бердиқулова сайловчиларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолиятига доир маълумотлар билан яқиндан таништирди.
Ўз маърузасида Н.Умаров Тошкент вилояти истиқлол йилларида тубдан янгиланиш ва юксалиш сари юз тутиб, мамлакатимизнинг ҳар жиҳатдан йирик ва салоҳиятли субъектларидан бирига айланганини эътироф этди. Президентликка номзод вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини рақамларда ифодалар экан, жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларининг қарийб 15 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 12 фоиздан зиёди, иқтисодиётимизга жалб этилаётган инвестицияларнинг 10 фоизга яқини, ялпи ички маҳсулотимизнинг эса 9,7 фоизи айни шу вилоят ҳиссасига тўғри келишини қайд этди.
Наримон Умаров сайловчиларни ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан атрофлича таништирди. Дастурда илгари сурилган ғоялар “Адолат” социал-демократик партиясининг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги дастурий мақсад ва вазифаларига асосланишини қайд этди. Дастурда белгиланган вазифалар ҳаётийлиги, бугунги замон талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги, ҳудудлардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўзида акс эттиргани ҳамда аниқ механизмларга асослангани билан сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Жумладан, Наримон Умаров пойтахт вилояти сифатида Тошкент минерал-хомашё манбаларига бойлиги, қулай транспорт-логистика тизимига ва инфраструктурага эгалиги, меҳнат ресурсларининг кўплиги ҳамда ишбилармонлик муҳити яратилгани билан хорижий инвесторлар учун жозибадор ҳудуд саналишига қарамай, бугунги кунда ўзлаштирилаётган хорижий сармоялар ҳажми вилоятнинг иқтисодий салоҳияти учун етарли эмаслигини таъкидлади. Бу борадаги ишларни тизимли равишда ривожлантириш баробарида унинг айрим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди.
— Хусусан, инвестиция таклифларини чуқур ўрганиш ва инвесторларнинг ишлаб чиқаришни модернизациялаш, янги техника ва юксак технологияларни киритиш, рақобатдош, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларини қатъий назорат остига олиш асносида корхона ва муассасаларни босқичма-босқич хусусийлаштириш сиёсатини давом эттириш ва бу орқали аралаш иқтисодиёт доирасида давлат мулкини ҳимоя қилиш, стратегик муҳим объектларни уларнинг ижтимоий фойдалилигидан келиб чиқиб давлат тасарруфида қолдириш биз учун принципиал аҳамиятга эгадир, — деди Н.Умаров.
Учрашувда Наримон Умаров сайловчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди.
Тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари Наримон Умаровнинг сайловолди дастури мамлакатимизнинг бугунги ва келгуси тараққиёти учун пухта ўйланган ва чуқур асосли таклиф ҳамда вазифаларни илгари суриши билан аҳамиятли эканини эътироф қилдилар. Шу билан бирга, партия номзодининг раҳбарлик қобилияти ҳақида фикр билдириб, билим ва салоҳиятга эга мутахассис сифатида самарали фаолият юритиб келаётганига сайловчилар эътиборини қаратишди.
— Н.Умаров Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари сифатида ҳам қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил жараёнларида чуқур билими, ҳаётий тажрибаси, ташкилотчилик ҳамда ташаббускорлик қобилиятларини намоён қилиб келмоқда, — деди Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова. — Бу, ўз навбатида, партиямиз дастурида белгиланган устувор вазифалар доирасида қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида яққол кўзга ташланади. Партия номзодининг сайловолди дастурида ҳам қонун давлат ва жамиятни бошқаришда асосий восита бўлиши лозимлиги таъкидланган. Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари муҳим мезон саналади.
— Номзоднинг сайловолди дастурида ҳар бир фуқарога жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг имкониятлар тақдим этиш, ижтимоий адолат тамойиллари, фуқаролар конституциявий ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилишга доир аниқ вазифаларнинг белгиланганлиги сайловчиларни асло бефарқ қолдирмайди, — дейди тадбир иштирокчиси, Зангиота туманидаги 33-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Абдували ўуломов. — Айниқса, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судлов обрўсини янада ошириш, шу мақсад йўлида судлар фаолиятининг очиқлиги, холислиги, суд жараёни иштирокчиларининг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга қаратилган таклифлар ва устувор вазифалар кўплаб қатнашчиларнинг диққатини ўзига тортди.
Учрашувда Тошкент вилояти кўп тармоқли марказий шифохонаси бош шифокори Б.Қосимов, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати К.Ҳамидова, “Тўйтепа агро макс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари У.Шоумаров, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти капитал қурилиш дирекцияси режалаштириш бўлими етакчи мутахассиси Е.Аблаева ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сайловчиларни Наримон Умаровга овоз беришга чақиришди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг ташаббуси билан давра суҳбати бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Асака туман кенгаши фаоллари “Кексалар доим ардоғимизда” лойиҳаси доирасида тумандаги меҳнат фахрий...
01 янв 1970
Қонун устуворлигини таъминлаш вазифаси жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб боришни тақозо этади....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...