Истиқбол учун овоз берамиз

/
Бугунги кунда республикамизнинг қайси гўшасида бўлмайлик, халқимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига юксак масъулият билан тайёргарлик кўраётганлигига гувоҳ бўламиз. Демократиянинг кўзгуси сифатида эътироф этиладиган сайловлар, шубҳасиз, халқимиз, мамлакатимиз ҳаёти, истиқболи йўлида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Халқ тили билан айтганда, сайлов — бу эртанги кунимиз фаровонлиги, фарзандларимиз, азиз ватандошларимиз келажаги учун овоз бериш демакдир.
Мамлакатимизда бўлиб ўтган аввалги Президентлик сайловида бир масала алоҳида эътиборимизни тортган эди. Сайлов жараёнини кузатиб бориш учун ташриф буюрган хорижлик экспертлар сайлов куни халқимизнинг сайловдаги фаол иштирокига гувоҳ бўлиб, ҳайратларини яшира олмаган эдилар. Ҳатто айрим кузатувчилар сайловчилар билан бевосита мулоқотга киришиб, бу қадар фаоллик сабабига қизиққанликлари, фуқароларимиз эса, ўз келажаги учун масъулият билан ёндашиб, шахсан овоз бериш қай даражада муҳим эканлигини таъкидлаганликлари айни ҳақиқат.
Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, истиқлол йилларида республикамизда сайлов тизими чуқур ислоҳ қилиниб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва андозаларига тўлиқ мослаштирилди. Хусусан, сайлов қонунчилигимизга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлган, энг ривожланган демократик давлатлар тажрибасида ҳам камдан-кам учрайдиган мутлақ ваколатларнинг Марказий сайлов комиссиясига берилишини кўзда тутувчи ўзгартишларнинг киритилиши муҳим аҳамиятга молик воқеадир. Шу билан бирга, қонун ҳужжатларига сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ фаолиятида ошкораликни тўкис таъминлашга қаратилган нормаларнинг киритилиши республикамизда демократиянинг қай даражада қарор топганлигини яққол кўрсатиб турибди. Зеро, сайловлар мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлик демократик руҳда эканини намоён этади, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли саналади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари сайловолди тарғибот-ташвиқот фаолиятининг энг муҳим бўғини ҳисобланади. Бунда сайловчилар номзоднинг дастури билан бевосита танишиш, илгари сурилаётган дастурни шахсан номзоднинг ўзидан эшитиш, номзод билан шахсан учрашиб, у билан бевосита мулоқот қилиш, дастури бўйича савол бериш ва жавоб олиш, шу билан бирга, сайловчилар учрашув давомида номзоднинг нотиқлик қобилияти, етакчилик хислатлари каби муҳим жиҳатларига баҳо бериш имкониятига эга бўлишади. Сайловолди учрашувлари, айни вақтда, сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар учун ҳам сайловчилар билан бевосита мулоқотларда ўз етакчилик қобилиятларини, салоҳиятини намойиш қилиш имкониятидир. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда Президентлик сайловларида номзоди илгари сурилаётган шахсларнинг барчасига тенг имкониятлар, тенг шароитлар яратиб берилади. Бу борада давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни ташкил этишда, зарур маълумот ва ахборот материаллари олишда ёрдам кўрсатишлари шарт эканлиги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.
Номзодлар билан шахсан учрашувларда қатнаша олмаган фуқароларимиз учун номзодлар тўғрисидаги маълумотлар асосида тайёрланган тарғибот-ташвиқот материалларини республикамиздаги ҳар бир маҳалла, хонадонгача етиб бориш механизми яратилган. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида номзодлар учун ажратилган эфир вақтларида ҳар бир сиёсий партия томонидан илгари сурилаётган номзодлар, уларнинг сайловолди дастурлари мунтазам тарғиб қилиб келинмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунда барча сайловчиларнинг, хусусан, хизмат сафари сабабли сайлов куни сайлов участкасига кела олмайдиган сайловчиларга муддатидан олдин овоз бериш, соғлиғи сабабли сайлов участкасига кела олмайдиган сайловчилар учун ўз хонадонида овоз бериш тартиблари, хорижда яшаётган фуқароларимизга овоз бериш учун ташкил қилинадиган имкониятлар, бир сўз билан айтганда, ҳар бир сайловчининг манфаатлари назарда тутилган.
Республикамизда Президентлик сайлови куни, бошқача айтганда, келажагимиз учун овоз берадиган онлар тобора яқинлашмоқда. Гувоҳи бўлиб турганимиздек, сайлов кампанияси қизғин давом этмоқда. Бутун республикамизни сайлов шукуҳи қамраб олган десак, асло муболаға бўлмайди. Айниқса, сайлов участкаларида сайловчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани эътиборга молик. Шу билан бирга, Президентликка номзодларнинг дастурлари сайловчилар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Сайловчилар номзодлар дастурлари билан танишиш баробарида, дастурларнинг жамиятимиздаги ижтимоий муносабатларни қай даражада қамраб олганлигига, уларда илгари сурилаётган вазифаларнинг бўлғуси ҳаётимизда нечоғлик аҳамиятга эга эканлигига, дастурларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга қай даражада ҳамоҳанглигига ҳам алоҳида эътибор қаратаётганлиги, шубҳасиз.
Донишманд халқимиз бу сайловда ҳам ўз истиқболини ким билан қуриш борасида оқил қарор қабул қилиши, ўз келажагини муносиб номзодга ишонишига асло шубҳа қилмаймиз. Фуқароларимиз ҳар бир сайловда озод ва обод Ватанда яшаш, фаровон турмуш шароитларига эришиш учун сайловнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини, муносиб номзодга овоз бериш ўз келажагига ишонч эканлигини доимо англаб келган. Энг муҳими, халқимиз ҳар бир сайловчининг овози ҳал қилувчи бўлиши мумкинлигини яхши билади.
Аҳмад ИСМАИЛОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Умумхалқ муҳокамалари асосида қабул қилинган ушбу дастуриламал ҳужжат шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда....
01 янв 1970
Хориж оммавий ахборот воситаларида ҳам тарихий, дея эътироф этилаётган мазкур учрашув кейинги 16 йил мобайнида илк марта юз берди....
01 янв 1970
Мажлис аввалида йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо кел...
01 янв 1970
Мен бу йил сайловда илк марта қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдим, — дейди Самарқанд шаҳрининг “Геофизиклар” маҳалласида яшовчи фуқаро Р...