Аҳоли манфаатларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳалари депутатлар эътиборида

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2016 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 ойида республика иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,8 фоизга ўсди. Ушбу ўсиш суръатлари саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 7,2 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 15 фоизга ҳамда хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,4 фоизга кўпайиши ҳисобига таъминланди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳисобот давридаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди.
— Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 17 412,7 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 59,1 фоизи миқдорида маблағ ажратилиши, айниқса, ушбу харажатларнинг асосий қисми ёки 57,0 фоизи таълим муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш мақсадига йўналтирилиши таълим тизимини замонавий демократик ва бағрикенг жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили дея ҳисобловчи партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларига мослиги билан аҳамиятлидир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Муҳаррам Дадаходжаева. — Ушбу маблағлар ижросини чуқур таҳлил қилиш асносида фракциямиз аъзолари таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига биринчи даражали эътибор қаратилганини эътироф этади. Айни пайтда фракциямиз аъзолари муҳокама жараёнида таълим муассасаларини замонавий ахборот технологиялари билан таъминлаш учун йўналтирилган маблағлар, шунингдек, ўз сайлов округларидан келиб тушаётган мурожаат, таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб, таълим муассасаларидаги тиббий хизмат хоналари керакли тиббий воситалар ва бирламчи дори-дармонлар, малакали мутахассислар билан таъминланиши, болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун йўналтирилаётган маблағларнинг мақсадли ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратишди.
Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасидаги ишларни изчил ва тизимли асосда давом эттиришга Давлат бюджетидан 4 182,5 миллиард сўм ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 24,0 фоизи ажратилганлиги ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди.
Депутатлар касалликларнинг профилактикаси ҳамда шифохона ва махсус клиникалар хизматларига асосий эътибор қаратиб, оила қураётган ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш, болаларни 12 турдаги инфекцияга қарши профилактик эмлаш, ҳомиладор аёлларни скрининг текширувидан ўтказиш, уларни поливитамин билан бепул таъминлаш борасида фаол ишлар олиб борилгани ҳам партия дастурий мақсадларига ҳамоҳанг эканлигини эътироф этдилар. Шу билан бирга, айнан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлардан жойларда оқилона ва мақсадли фойдаланилиши устидан депутатлик ва парламент назоратини кучайтириш зарурлигини ҳам айтиб ўтдилар.
Фракция аъзолари Давлат бюджетининг 2016 йил 9 ойлик якуни ижросини муҳокама қилиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва фаровонлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли яшаш пунктларини ободонлаштириш, маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларини сақлаш ҳамда шаҳар, шаҳарча ва туманлардаги бошқа инфратузилмаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар ижроси юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилаётган бир қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама этилди.
Хусусан, фракция аъзолари “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланган мазкур қонун лойиҳаларини янада такомилига етказишда бошқа сиёсий партияларнинг фракциялари қаторида “Адолат” СДП депутатлари томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар ҳам инобатга олингани қайд этилди. Хусусан, фракция аъзоларининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг айрим моддаларидаги принциплар бир-бирини такрорлаётганлиги сабабли уни қайта таҳрир қилиш, шу билан бирга, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг сайлов ҳуқуқини амалга ошириш жараёнига ойдинлик киритишга доир фикр-мулоҳазалари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қўллаб-қувватлангани таъкидланди.
— “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, ”Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши ва амалга киритилиши фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратиши, мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқий тарғиботни таъминлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириши билан муҳим аҳамият касб этади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умид Сулаймонов. — Қолаверса, ушбу қонун лойиҳаларининг мақсад ва вазифалари давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, қонунчилик меъёрларини бузишга, уларни нотўғри ва эркин талқин этишга, тўрачилик, расмиятчилик, коррупцияга йўл қўймаслик тарафдори бўлган партиямизнинг дастурий мақсадларига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши нафақат партиямиз электорати вакиллари ҳисобланмиш ҳуқуқшунос, адвокат, суд-ҳуқуқ тизими мутахассисларини, балки мамлакатимиз бугуни ва эртанги ривожига ҳисса қўшувчи ҳар бир фуқарони бефарқ қолдирмаслигига ишончимиз комил.
Йиғилишда депутатлар “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда муҳокама қилишди.
Қайд этилганидек, 1997 йилда қабул қилинган “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган қонун лойиҳасида асосий тушунчаларга ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Жумладан, қонун лойиҳасида “озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги” тушунчасини янада аниқроқ талқин этиш, “санитар-эпидемиологик хулоса” тушунчаси билан тўлдириш назарда тутилган. Шу билан бирга, мазкур қонун лойиҳаси билан таркибида гени ўзгартирилган организмлар мавжуд озиқ-овқат маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда. Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мослаштириш мақсадида қонун янги озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқаришга, янги технология жараёнларини, уни озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ ҳолда тайёрлаш ва фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналарни жорий этишга улар токсикология-гигиена экспертизасидан, ҳайвонлардан олинадиган озиқ-овқат хомашёси эса ветеринария-санитария экпертизасидан ўтказилиб, санитария-эпидемиологик хулоса олингач ва озиқ-овқат маҳсулоти давлат реестрига киритилганидан кейин рухсат этилишига оид норма билан тўлдирилиши белгиланган.
Муҳокама жараёнида депутатлар мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва бошқа давлатлардан келтириладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва соҳага ваколатли органларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш борасидаги масъулиятини янада оширишга имкон бериши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлашди.
Депутатлар “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланганидек, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом оилада яшаш ва тарбия олиш ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга васий (ҳомий) этиб тайинланишни рад этадиган касалликларни белгилаш тартибини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва бошқа қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқишди. Муҳокама этилган барча қонун лойиҳалари концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Йиғилиш сўнггида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партия позициясидан келиб чиқувчи таклиф-мулоҳазалар билдирилди ва фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жондор туманида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “ўзбек жанг санъати” бўйича туман биринчилиги мусоб...
01 янв 1970
Асакалик сафдошларимиз Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Саховат — беназир қадрият” лойиҳаси доирасида ибратли ишларни ама...
01 янв 1970
 “Нурмакон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар сув қувурларининг носозлигидан шикоят қилишди....
01 янв 1970
Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, бу борада мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг д...