Партия кузатувчилари ҳуқуқий маданиятини юксалтириш йўлида

/
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда ҳамда сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида партия манфаатларини кўзлаб, сайлов қонунчилигига тўлиқ риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда сиёсий партияларнинг кузатувчилари институти муҳим ўрин тутади.
Партиянинг ҳар бир кузатувчисидан, аввало, сайлов қонунчилигидан тўлиқ хабардор бўлиши, сайловолди ва сайлов куни партия манфаатларини қонун доирасида ҳимоя қила олиши, юқори даражадаги билим ва салоҳиятни намоён қилиши талаб этилади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий сайлов штаби партия кузатувчиларининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнида иштирок этувчи партия кузатувчиларига сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини, шунингдек, кузатувчининг ҳуқуқий мақоми, ваколати ҳамда фаолият юритиш тартиби ҳақида тушунтиришни асосий вазифаларидан, деб билади.
Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий сайлов штаби ташаббуси билан Халқ таълими вазирлиги қошидаги Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партия кузатувчиларининг муносиб иштироки” мавзусида ўтказилган онлайн ўқув-семинаридан кўзланган мақсад ҳам ана шу вазифанинг ижроси билан боғлиқ бўлди.
Онлайн-семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги мутахассислари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда ОАВ вакиллари, шунингдек, видеоконференцалоқа воситалари орқали барча ҳудудларнинг вилоят, туман, шаҳар партия кенгаши раислари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни билан танишиб борувчи партия кузатувчилари иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари, партия Марказий сайлов штаби раҳбари А.Раҳмонов кириш сўзи билан очиб берар экан, сайловнинг умумийлик ва тенглик, овоз беришнинг яширинлиги, адолатлилик, эркинлик, ошкоралик каби демократик тамойилларга риоя этилишини таъминлашда кузатувчиларнинг, айниқса, сиёсий партиялар кузатувчиларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.
— “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирдаги ошкораликни таъминлаш мақсадида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда ҳамда сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга, — деди партия Марказий сайлов штаби раҳбари А.Раҳмонов. — Ўзбекистон “Адолат” СДП бу борадаги ҳуқуқидан унумли фойдаланган ҳолда ўзининг аъзолари, хайрихоҳлари орасидан партия манфаатини кўзловчи кузатувчилар таркибини шакллантирди. Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган сайлов участкаларига партиямиздан 9 минг 335 нафар кузатувчи сайловга тайёргарлик кўришга доир тадбирларда ҳамда сайлов куни овоз бериш ва санаш вақтида кузатувларни амалга ошириши кўзда тутилган.
Мазкур семинарда партия кузатувчилари сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг сайлов жараёнидаги ўрни ва роли, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу билан бирга, халқаро кузатувчилар билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда сайлов жараёнидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни расмийлаштириш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сиёсий партиялардан қатнашувчи кузатувчилар фаолияти “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 7 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашувчи сиёсий партияларнинг кузатувчилари тўғрисида”ги низом билан тартибга солинади.
Мазкур низомга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар (ҳудудий) партия ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ушбу сиёсий партиядан кўрсатилган номзод рўйхатга олинган кундан бошлаб сайловга камида ўн беш кун қолгунга қадар округ сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг кузатувчиларига оид ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилиши белгиланган. Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган, Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси кузатувчи бўлиши мумкин ҳамда сайлов комиссиялари кузатувчига у мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатгандан сўнг ўз ваколатларини тўлақонли ва тўсқинликсиз амалга ошириши учун имконият яратиб беради.
Округ сайлов комиссияси ҳудудий партия ташкилотининг аризасини олгандан кейин беш кун ичида кузатувчи учун мандат беради. Мандат намунаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Мандатда сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан фарқлаш учун алоҳида белгилар (мандат ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин. Кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, овоз бериш куни кузатувчи учун берилган мандатни кўксида тақиб юриши шарт.
— Кузатувчилар сайлов қонунчилиги, унга киритилган сўнгги ўзгариш ва қўшимчаларнинг моҳияти, шунингдек, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тўлиқ ва ишончли маълумотга эга бўлиши муҳим аҳамиятга эга, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев. — Хусусан, кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш бўйича йиғилишларда, сайлов комиссияларининг мажлисларида, сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда сайловга тайёргарлик ишларининг боришини, сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш, овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомасини тузишда ҳозир бўлиш, тегишли сайлов комиссиясидан сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини сўраб олиш, агар сайлов участкасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори сайлов комиссиясига маълум қилиш, сайлов комиссиялари аъзоларини уларнинг ишига аралашмаган ҳолда ўз кузатувларидан, тавсияларидан хабардор қилиш ваколатига эга. Айни пайтда кузатувчи сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиши, сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиши, сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга (сайлов варақасига) белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиши, участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиши мумкин эмас.
Семинарда сўз олган мутахассислар қайд этганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан қатнашаётган кузатувчилар сайловнинг ошкоралиги таъминланиши, сайлов қонунчилигига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишига муносиб даражада ҳисса қўшиши даркор.
Тадбир якунида семинар иштирокчилари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Саодат ЖАББОРОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Партиянинг ҳар бир кузатувчисидан юқори даражадаги билим ва салоҳиятни намоён қилиши талаб этилади....