Кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор

/
«Адолат» СДП томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Наримон Умаровнинг сайловолди дастурида “кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор” эканлиги алоҳида таъкидлангани ва бу мақсад йўлида, энг аввало, суд ҳокимияти мустақиллиги, суд жараёни иштирокчиларининг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, адвокатура институти ҳуқуқ ва ваколатларининг янада кенгайтирилишига эришиш устувор вазифа этиб кўрсатилганлиги ҳар бир фуқарони ўзига жалб қилиши шубҳасиз.
Дастурда, шунингдек, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини, фаолиятининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, одил судловнинг нуфузини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш каби вазифаларни амалга оширишга қаратилган суд тизимини комплекс ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар таклиф этилганлиги аҳамиятлидир.
Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, ҳар бир инсоннинг, айниқса, мансабдор шахсларнинг юксак ҳуқуқий маданиятга асосланган фаолиятини йўлга қўйиш учун барча имкониятлардан фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланган.
Айтиш керакки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга эришиш ҳуқуқий давлат ҳамда демократик жамият қуришнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги таъминланиб, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантиришга эришилар экан, у ерда адолат ва қонун устуворлиги янада мустаҳкамланади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди. Бунда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири сифатида шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш белгилаб олинди. Зеро, ҳар қандай демократик давлатда суд тизими инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган механизмнинг асосини ташкил қилади.
Аммо бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув жараёнида шахснинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий муносабатларда адолат тамойилларини сақлаб қолиш долзарблигича қолаверади.
Шу сабабдан ҳам мазкур соҳадаги ислоҳотларни изчил ҳаётга татбиқ этиб бориш Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси номзодининг энг муҳим ва устувор вазифаларидан этиб белгиланган. Жумладан, номзодимизнинг дастурида “Биз учун қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳаси доимо муҳим аҳамият касб этиб келган. Хусусан, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида “Адолатли қонунларни қабул қилиш”, “Қонун устувор бўлган жойда адолат бўлади” каби ғояларни ҳаётга кенг жорий этиш, қонун устуворлигини таъминлаш инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимояси амалда таъминланадиган ҳуқуқий давлат, халқчил, адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг гарови, деб биламиз”, дейилган.
Дарҳақиқат, партиямиз доимо жамиятнинг шаклланиши ва демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти ҳамда адвокатура фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлган ва уларни қўллаб-қувватлаб келган.
Шунингдек, дастурда ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга, шунингдек, қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шубҳасиз, қонун давлат ва жамиятни бошқаришда асосий восита бўлиши лозим. Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари муҳим мезон бўлиши лозим. Шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ҳар бир фуқарога жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг имкониятлар тақдим этиш, ижтимоий адолат тамойиллари, фуқаролар конституциявий ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳокимиятнинг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви органларининг ва айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифасидир.
Партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастурида ҳам суд ҳокимиятини янада мустаҳкамлаш, жамиятнинг барча жабҳаларида адолат мезонларини таъминлашга эришиш борасида бир қатор аниқ чора-тадбир белгилаб олинган бўлиб, уларнинг босқичма-босқич амалга оширилишига эришиб келинмоқда.
Хусусан, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси депутатлари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасини тартибга солувчи қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлилий-танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқилди. Шунингдек, суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини, фаолиятининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, одил судловнинг нуфузини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар таклиф этилди.
“Адолат” СДП номзоди амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилиш билан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг, суд-ҳуқуқ соҳасида расмиятчиликка ва коррупцияга қарши кураш олиб боришнинг муҳим кафолати ва зарур шарти эканлигига алоҳида урғу бермоқда.
Айни пайтда ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётида самарали натижа бераётган ярашув институтини янада кенгайтириш таклиф этилмоқда.
Умуман олганда, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва ривожлантириш, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва билимлар тарғиботини тубдан яхшилаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб боришга йўналтирилган мақсадли чора-тадбирлар қамрови ва кўламини янада ошириш зарур. Зеро, фақат эркин, ҳуқуқ ва мажбуриятларини биладиган, қонун ва амалдаги тартиб-қоидаларни ҳурмат қиладиган фуқаро ўзининг ҳуқуқларидан тўлалигича фойдаланиши мумкин. Бу борада номзодимиз фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқишни таклиф этаётган махсус дастур халқимиз манфаатларига хизмат қилиши шубҳасиз.
Акмал БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Конимех туман Кенгашининг шу йил 25 апрелда бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида мазкур маҳаллий Кенгашдаги Ўзбекистон “Адолат&...
01 янв 1970
Йўл-йўлакай дўконга бирров кирдингиз. Пулингиз камроқ, лекин рўзғорга қуруқ чой керак. ...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий кенгаш депутатлари зиммасидаги масъулият янада ортди. ...
01 янв 1970
Мухбиримиз халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, сенатор Гулчеҳра Сатторова бил...