Партия номзодининг ишончли вакиллари сайловчилар ҳузурида

/
Сайловолди ташвиқот тадбирлари орасида фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилиш, партия номзоди ва унинг дастурини сайловчиларга самимий суҳбат, савол-жавоб асносида тушунтириш, шу билан бирга, жойларда мавжуд масалалар юзасидан фикрлашиш муҳим ўрин тутади.
Сайлов кампанияси фуқароларнинг фаол иштирокида давом этаётган шу кунларда Президентликка номзод Наримон Умаровнинг ишончли вакиллари жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Фуқаролар билдирган таклифлар биз учун жуда муҳим
Урганч туманида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Икрам Абдуллаевнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда туман фаоллари, корхона ва муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари ҳамда тиббиёт, таълим соҳаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Учрашувни вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Раҳимбой Латипов кириш сўзи билан очди.
И.Абдуллаев сайловчиларни партия номзодининг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.
— Партиямиз номзодининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки партия ҳаётида муҳим воқелик, сиёсий майдонда соғлом рақобат ва кураш асносида кўпчиликнинг овозига эга бўлиш имконияти саналади, — деди И.Абдуллаев. —Шу билан бирга, сайлов кампаниясини юқори ташкилий-сиёсий даражада ўтказиш орқали партия нуфузини ошириш, социал-демократия тарафдорлари сафини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Наримон Умаровнинг инсон манфаатларини юксак даражада ифодалаган сайловолди дастури, ундаги халқчил ғоялар, ҳар бир йўналишнинг мазмун-моҳияти сайловчиларни бефарқ қолдирмайди, деб ишонамиз.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда номзоднинг ишончли вакили сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
— Партия номзодининг меҳнат фаолияти билан танишиб, Наримон Умаровнинг экология соҳасида катта тажрибага эга эканини билдик. Вилоятимиз Орол денгизига яқин ҳудуд эканини назарда тутсак, денгиз қуриши билан боғлик экологик муаммолар бизни ҳам ўйлантиришини тушуниш қийин эмас, — деди Урганч туманидаги “Мевазор” маҳалласи маслаҳатчиси Дурдипошша Тоирова. — Номзоднинг дастурида экология йўналишида алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш ҳақида қайд этилган. Ушбу дастурда Орол денгизининг вилоятимиз ҳудудига турли тарзда экологик таъсирини юмшатиш вазифалари ҳам акс этадими?
— Экология мазмунан кенг тушунча, экологик муаммоларнинг ҳам бир қатор кўринишлари бор, — деди саволга жавобан И.Абдуллаев. — Шундан келиб чиқиб, бу борада номзод таклиф этаётган чора-тадбирлар дастурида республикамизнинг барча ҳудудларидаги экологик масалаларни қамраб олиш, улар юзасидан аниқ вазифаларни белгилашга эътибор қаратилади. Албатта, бу борада сайловчилар билдирган таклифлар ҳам биз учун жуда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда партия фаоллари фикр-мулоҳаза билдириб, Наримон Умаров номзодини қўллаб-қувватлашга чақирдилар. Халқ депутатлари Урганч туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси Раъно Вафоева, жумладан шундай деди:
— Наримон Умаровнинг сайловолди дастуридаги асосий йўналишлар ҳамда унда илгари сурилган мақсад ва вазифаларда республикамиз тараққиётининг долзарб масалалари, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратиш тамойиллари мужассам. Айниқса, номзоднинг дастуридан давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш, сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш, жамиятда демократик қадриятларни янада мустаҳкамлаш, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш каби вазифалар ўрин олганлигини қайд этиш жоиз.
Вилоятда ишончли вакил И.Абдуллаевнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Ижтимоий эҳтиёжлар дастурда ўз аксини топган
Фарғона шаҳридаги 4-сонли мусиқа ва санъат мактабида Президентликка номзод Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Маруфжон Холдаров сайловчилар билан учрашди. Очиқ ва жонли мулоқот руҳида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, талаба-ёшлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, депутатлар ҳамда журналистлар иштирок этди.
М.Холдаров ўз маърузасида партия номзоди Н.Умаровнинг сайловолди дастурида илгари сурилаётган ғоя ва таклифлар ҳақида батафсил тушунча бериб ўтди. Сайловчилар дастурдан ўрин олган ҳар бир йўналиш ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазаларни диққат билан тингладилар. Очиқ мулоқот асносида фуқаролар дастурдан келиб чиқиб, ўзларини қизиқтирган жиҳатлар хусусида янада чуқурроқ тушунчалар олишди.
Партия фаолларидан Фарғона шаҳар алоқа касб-ҳунар коллежи директори Умида Раҳмонова, тадбиркор Шаҳноза ўаниеванинг номзод ва унинг дастурини қўллаб-қувватлашга чақириб билдирган мулоҳазалари ҳам кўпчиликда хайрихоҳлик уйғотди. Тадбирда қатнашган ёшлардан Мафтуна Якубова, Наргиза Умарова ва бошқалар ишончли вакилга сайлов қонунчилиги хусусида саволлар бериб, керакли маълумотларга эга бўлдилар.
— Партия номзодининг дастури содда ва тушунарлилиги, халқчиллиги билан эътиборимизни тортди, — дейди биз билан суҳбатда учрашув иштирокчиси, Фарғона шаҳар 9-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилором Юнусова. — Унда илгари сурилган таклифлар орасида ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналарни ўйлантириб келаётган бир масалага ҳам эътибор берилган. Аввало, фарзандларимиз соғлиғи ҳар нарсадан муҳим эканини таъкидлаш жоиз. Синфга кириб дарс бошлар эканмиз, нафақат ўқувчиларнинг дарсга тайёрлиги, кийиниши, одоби, балки соғлиғига ҳам синчковлик билан қараймиз. Соғлиғида бирор муаммо пайдо бўлган ўқувчининг дарс давомида безовталаниши, синфда бўлса ҳам дарсга кўнгилдагидек қатнаша олмаслиги тайин. Шундай пайтда мактаб биносининг ўзида тиббий хизмат кўрсатишнинг йўлга қўйилган бўлиши ҳар томонлама қулайлик туғдиради. Наримон Умаровнинг дастуридан шу ҳаётий масала ҳам ўрин олганлиги ўқитувчилар ва ота-оналарнинг эҳтиёжларига жуда мос келади. Шу билан бирга, таълим соҳасини янада ривожлантириш, педагог-муаллимлар меҳнатини рағбатлантириш, ўқитувчилик касби нуфузини ошириш каби таклифлари биз, ўқитувчиларни янада руҳлантириб юборди.
Ишончли вакил билан бўлиб ўтган учрашув сайловчиларнинг сиёсий билимларини янада оширишга хизмат қилди ва савол-жавобларга бой ўтди.
Комила ИСРОИЛОВА,
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлат дастурининг ҳар бир устувор йўналишининг бажарилиши ҳолати бўйича ҳукумат ҳисоботини эшитиш йўлга қўйилди....
01 янв 1970
Халқаро матбуот маркази Сирдарё вилоят бўлимида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши вакиллари учун брифинг ташкил этилди....
01 янв 1970
Фуқаронинг мурожаати, ариза, таклиф, хулосаси жамият ҳаётига, оила турмушига дахлдорлиги билан ижтимоий аҳамият касб этади....
01 янв 1970
“Тупроққалъа” қишлоғида халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутат Баҳодир Бобожонов сайло...