Наримон Умаровнинг Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари сайловчилари билан учрашуви

/
Мамлакатимизда 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир олдидан сайловолди ташвиқоти қизғин тус олган шу кунларда Президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан ҳудудларда сайловчилар билан ўтказилаётган учрашувлар партиялараро сиёсий рақобат муҳитида давом этмоқда.
Шубҳасиз, Президент сайловида халқ юрт тараққиётининг келгуси босқичларини ўз иродасига муносиб тарзда йўналтиради. Ҳозирда ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ҳар бир сайловчи давлат раҳбари бўлишга муносиб, халқпарвар номзодни танлаш учун интилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир номзоднинг меҳнат фаолияти, сайловолди дастури, раҳбарлик қобилияти, инсоний фазилатлари, доим халқ дарди билан яшаб, унинг қувончу ташвишларини ўзиники деб билишга қодирлиги, Ватан равнақи учун юксак фидойилик намунасини кўрсата олиши юртдошларимизнинг диққат марказида бўлмоқда. Зеро, қайси бир номзод давлат раҳбари бўлишдек катта масъулиятни зиммасига олишини халқ танлар экан, унинг адолат билан иш тутишига бўлган ишонч юртдошларимизда ҳозирданоқ шаклланиб, мустаҳкамланиб бориши зарур. Негаки, бу ишонч сайловолди ташвиқот тадбирларининг самарасини белгилайди.
Сайлов кампаниясининг муҳим босқичи — ташвиқот тадбирлари доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Президентликка кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятлари сайловчилари билан учрашувлари ҳам бошқа ҳудудларда бўлгани сингари видеоконференция тарзида ташкил этилиб, вилоятлардаги барча шаҳар ва туманлардан минглаб сайловчилар очиқ мулоқотларда фаол қатнашдилар.
СИРДАРЁ.
Мамлакатимизда демократик сайлов тизимининг халқаро норма ва принципларга тўла мос келадиган ҳуқуқий асослари ва механизмлари яратилганлиги бугунги кунда Президентликка номзодларнинг жойларда қизғин кечаётган ташвиқот тадбирларида ҳам яққол акс этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 14 ноябрь куни Гулистон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари сайловчилари билан видеоконференция орқали мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари аъзолари иштирок этишди.
Тадбирни халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов олиб борди. Партия номзодининг ишончли вакили, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Сирдарё вилояти минтақавий филиали директори Юлдуз Усманова сайловчиларга Н.Умаровнинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Учрашувда Наримон Умаров истиқлол йилларида Сирдарё вилоятининг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида беқиёс ўзгариш ва янгиланишлар рўй берганлиги, ўтган қисқа даврда қишлоқ хўжалиги ва саноат ривожланиб, айниқса, тўқимачилик соҳаси, фармацевтика маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилгани ҳудуднинг иқтисодий юксалиши баробарида аҳолининг турмуш фаровонлиги ошишига ҳам хизмат қилаётганини қайд этди.
Наримон Умаров сайловчиларга ўз сайловолди дастурининг устувор йўналишлари ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, иқтисодий йўналишдаги вазифаларга доир таҳлилларни келтирар экан, номзод Сирдарё вилояти иқтисодиётининг бугунги ҳолати ва истиқболдаги имкониятлари ҳақида тўхталди.
— Сўнгги йилларда ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши натижасида вилоятда саноат корхоналари сони сезиларли даражада кўпайди, — деди Н.Умаров. — Ўнлаб илғор ишлаб чиқариш субъектлари ташкил этилиб, импорт ўрнини босувчи кўплаб турдаги харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Экспорт салоҳияти ошиши натижасида вилоятнинг Гулистон, Ширин шаҳарлари ва Сирдарё тумани субвенциядан чиқарилганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Ана шулардан келиб чиқиб, Н.Умаров ҳам ўз дастурида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш масалаларига, авваламбор, мамлакатимизда экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон ва минтақавий бозорлардаги рақобатдошлигини ошириш, экспорт ва импорт миқдори орасидаги мувозанатни сақлаш нуқтаи назаридан ёндашишини маълум қилди.
Шунингдек, партия номзоди ўз сайловолди дастурида экология соҳасида белгиланган вазифалар ва мутахассислиги, яъни гидрогеолог сифатида кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, вилоятнинг мураккаб табиий шароити, ҳудудда ер ости сувларининг яқинлиги, тупроқларнинг шўрланиш даражаси юқорилиги муаммоларини бартараф этиш бўйича ўз таклифлари билан ўртоқлашди.
Қизғин мулоқот руҳида ўтган учрашувда иштирокчилар Президентликка номзодга ўзларини қизиқтирган саволлар бериб, ҳудудларни янада ривожлантиришга доир фикр ва таклифларини ҳам билдиришди.
Президентликка номзод ва унинг дастуридаги энг муҳим йўналишлар ҳақида партия фаолларининг асосли фикр-мулоҳазалари сайловчиларнинг диққатини жалб этди.
— Номзоднинг сайловолди дастуридаги бир жиҳат кўпроқ эътиборимни тортди, — дейди биз билан суҳбатда тадбир иштирокчиси, вилоят “Агрокимё ҳимоя” акциядорлик жамияти иқтисод-таҳлил бўлими етакчи мутахассиси Сарвар Самандаров. — Унда энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этиш, мавжуд муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали рақобатдош энергия бозори яратилишини рағбатлантириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, соҳадаги зарур стандарт ва меъёрларни тасдиқлаш каби масалалар келтириб ўтилган.
Бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналаридан фойдаланиш тажрибасига эътибор қаратсак, бир қатор афзалликлар кўзга ташланади. Бу тажрибалар мазкур ускуналарни харид қилиш дастлабки фойдаланиш даврида сарф-харажатлар юқори бўлишига қарамасдан, кейинчалик буткул ўзини қоплашини кўрсатмоқда. Масалан, 1 м3 биогаздан 2 кВт соатгача электр энергияси олиш мумкин. Биогаз технологияларидан фойдаланиш мазут, кўмир, электр энергиясини иқтисод қилишга имкон беради. Биогаз қурилмаларини жорий этиш чорвачилик ва паррандачилик фермалари, уларнинг атрофидаги экологик муҳитни ҳам яхшилайди. Энди эътибор беринг, битта қишлоқ врачлик пунктининг электр энергиясига бўлган бир ойлик эҳтиёжи ўртача 1200 киловаттни ташкил қилишини назарда тутсак, ушбу қурилма энергияга бўлган эҳтиёжнинг тахминан 800 киловаттини тежайди. Бошқача айтганда, бу йил давомида 18 та лампочка, 6 та тиббий аппарат ва 1 дона музлатгичдан тўловларсиз бепул фойдаланиш деганидир. Энди республикадаги мавжуд корхона ва ташкилотлар ёки хонадонлар мисолида бу рақамларни ҳисобласак, жуда катта иқтисодий тежамкорлик юзага келади ва уларнинг янги инновацион технологияларга эга бўлишини тассаввур қилиш мумкин.
Номзоднинг сайловолди дастуридаги бу йўналишни ўзимга маъқул деб топдим, унинг дастурини қўллаб-қувватлайман.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўткир Холов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева, Ховос бирлашган темир йўл шифохонаси бош шифокори ўойибназар Райимназаров, Гулистон мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш коллежи ўқитувчиси Дилноза Умрзоқова сўзга чиқиб, Наримон Умаровнинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб фикр юритдилар ҳамда сайловчиларни Президентликка номзод Наримон Умаровга овоз беришга чақирдилар.
ЖИЗЗАХ.
Партия номзоди Наримон Умаров 15 ноябрь куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди. Мазкур тадбирда корхона ва ташкилотлар ходимлари, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда журналистлар, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари иштирок этди.
Тадбирни Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Жиззах вилояти Кенгаши раиси Хайрулла Атаев олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакили, халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Дилбар Ҳакимова йиғилганларни Н.Умаровнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Наримон Умаров мустақиллик йилларида вилоятнинг шаҳар ва қишлоқлари таниб бўлмас даражада ўзгаргани, ҳудудда замон талабларига мос, миллий меъморчилик асосида барпо этилаётган турар жойлар, спорт иншоотлари ёшларимизнинг жисмонан соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етишиши, шунингдек, халқимиз турмуш даражасининг яхшиланиши ва келажакка бўлган ишончининг янада мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутишини эътироф этди.
Учрашувда Н.Умаров сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил тўхталиб, унда ўз ифодасини топган мақсад ва ғояларнинг ушбу вилоят ҳаётида мавжуд масалалар билан боғлиқ жиҳатларига сайловчилар эътиборини қаратди.
— Ҳаммангизга яхши маълум, қисқа муддат ичида “Жиззах” махсус индустриал зонасида замонавий, юксак технологиялар билан жиҳозланган, йирик инновацион лойиҳаларга асосланган кўплаб корхоналар фаолият кўрсатишни бошлади, — деди Н.Умаров. — Бугун иқтисодиёт тармоқлари ва кундалик турмушимиз учун зарур бўлган маҳсулотларнинг аксарияти, камчиқим электр лампасидан тортиб ноёб мобиль телефон аппаратлари, рангли телевизорлар айнан ўзимизнинг Жиззах воҳасида ишлаб чиқарилаётганлиги барчамизга ғурур бағишлайди.
Биз ҳам мамлакатимиз келажаги айнан инновацион иқтисодиётда, деб биламиз. Яъни бутун дунёда фан ва технологиялар жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда фақат янги технологияларга асосланган иқтисодиётгина давлат қудратини ошириб, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.
Президентликка номзод ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ғоя ва таклифларини билдирар экан, бугунги кунда ҳудудий дастурларнинг самарали ижро этилишида асосий масъулият маҳаллий бошқарув органлари зиммасига тушаётгани, аммо жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг барчасини ҳал қилишда ҳокимларнинг ваколатлари етарли эмаслигини қайд этди.
— Маҳаллий бошқарув органлари фаолияти самарадорлиги ва масъулиятини ошириш мақсадида ҳокимларнинг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этиш, уларни жавобгарликка тортиш, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига доир ваколатларини кенгайтириш мазкур масаланинг мақбул ечими бўла олади, — деди Н.Умаров. — Бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини чуқур хатловдан ўтказиш, ҳудудий давлат ҳокимияти органлари зиммасига муайян вазифа, ваколат ва топшириқ юклатилган ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда уларни амалга ошириш, назорат қилиш ва ҳисоботини эшитиш билан боғлиқ аниқ механизмларни акс эттириш, қолаверса, барча ҳудудий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлигига тавсия этилаётган номзодларни ҳокимлар билан келишиш лозимлигини муҳим, деб биламиз.
Президентликка номзод сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Партия фаоллари Наримон Умаровнинг дастурида илгари сурилган аниқ вазифалар, истиқболли ғоя ва таклифлар мамлакатимиз тараққиётини янада юқори босқичларга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдиришди.
Учрашувда Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исомиддин Холмурзаев, халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Фахриддин Қобилов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Зафаробод туман бўлинмаси бошқаруви раиси Яхшибой Тўйчиев, Жиззах шаҳридаги “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Офтоб Нишонова ва бошқалар номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлаб сўзга чиқдилар ва вилоят аҳолисини бўлажак сайловда Наримон Умаровга овоз беришга чақирдилар.
— Номзоднинг сайловолди дастурида аҳолининг барча қатламлари сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши, таълим муассасаларида тиббий хизматларни тизимли равишда ташкил қилиш ва ривожлантириш, дори-дормон билан шуғулланувчи маҳаллий корхоналарнинг фаолиятига эътибор қаратиш, тиббий текширув марказлари, хизматлари ва мажмуаларининг фаолиятини янада яхшилаш ҳамда такомиллаштириш масалалари ҳар бир фуқаро, айниқса, тиббиёт ходимларига манзур бўлиши, шубҳасиз, — дейди тадбир иштирокчиси, Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Холмўмин Абдураимов. — Негаки, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш ва янги босқичга олиб чиқиш мамлакатимизнинг туманлар марказларидан энг чекка ва олис ҳудудларида ҳам аҳолининг, жумладан, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашда, мазкур соҳанинг янада тараққий этишида, аҳолининг турли хил касалликларга чалинишининг олдини олиш ва юртдошларимиз соғлиғини асраб-авайлашида муҳим ўрин тутади. Дастурда билдирилган бу каби устувор мақсад ва вазифаларни қўллаб-қувватлаймиз.
САМАРҚАНД.
Каттақўрғон шаҳрида Президентликка номзод Наримон Умаровнинг сайловчилар билан учрашуви мамлакат ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга стратегик мақсад ва вазифаларни қамраб олганлиги ҳамда таклиф этилаётган дастурни амалга оширишнинг ишончли, аниқ йўллари кўрсатилганлиги билан сайловчилар эътиборини тортди.
Видеоконференция тарзида ўтказилган мазкур учрашувда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан жами 3300 нафардан зиёд сайловчи, шунингдек, кўплаб жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, партия номзоди Н.Умаров билан мулоқотга киришиш, дастурдан хабардор бўлиш ва ўзларини қизиқтирган барча саволларга бир вақтнинг ўзида жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.
Номзоднинг ишончли вакили, “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Муҳиба Бобобекова сайловчиларни Наримон Умаровнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Наримон Умаров ўз маърузасида Самарқанд нафақат буюк ўтмиши ва боқий ёдгорликлари, балки бугунги юксак салоҳияти, маданияти, авваламбор, меҳнаткаш, меҳмондўст, ориятли халқи билан дунёга донг таратганлигини эътироф этди.
— Истиқлол йилларида мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида рўй берган ижобий янгиланишлар, оламшумул ўзгаришларда самарқандликларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, — деди Н.Умаров. — Вилоят иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳамда чет эл инвестицияларининг жалб этилиши натижасида бугунги кунда вилоятда саноатнинг автомобилсозликдан тортиб тўқимачилик ва қайта ишлашгача бўлган кенг турлари ривож топиб, қишлоқ хўжалигида интенсив боғдорчилик ҳам кенгайиб бормоқда. Бугун вилоятда ишлаб чиқарилган замонавий автобуслар халқимизнинг узоғини яқин қилаётган бўлса, жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий юк машиналари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишларида беминнат дастёрга айланди.
Президентликка номзод ўз дастуридаги асосий жиҳатларга сайловчилар эътиборини қаратар экан, мустақиллик йилларида эришилган улкан натижаларни мустаҳкамлаш, уни тадрижий равишда бойитиш, турмуш фаровонлигини янада юксалтириш учун давлат бошқаруви идоралари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва бевосита фуқаролар ўртасида шаклланган ҳуқуқий муносабатларни изчил давом эттириш, мамлакат манфаатлари йўлидаги ҳар бир ташаббускорликни қўллаб-қувватлаш, бюрократизм ва коррупцияга йўл қўймаслик, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
— Биз ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойиллари ҳукм сурадиган, аҳолининг даромади бўйича кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган, фуқароларнинг кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш ғояларига таянамиз, — деди Н.Умаров. — Шунингдек, давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш учун бор кучимизни сафарбар этамиз. Вакиллик ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, парламентаризмни ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этишни ёқлаймиз. Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимига доир қарорларни қабул қилишда аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга хизмат қилади.
Президентликка номзод иқтисодий соҳада ишлаб чиқилган таклифларга тўхталар экан, бу ғояларнинг моҳияти, авваламбор, юқори даражадаги инновацион ечимларга таянишини таъкидлади. Бу жаҳон миқёсида рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш, даромадли иш ўринлари яратиш, иқтисодиёт барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим шартидир.
— Мамлакатимизда айни шу мақсадда замонавий инновацион ва юқори технологияларни жадал ривожлантиришнинг махсус мажмуавий чора-тадбирлар дастурини қабул қилишни режалаштирмоқдамиз, — деди Н.Умаров. — Мазкур ҳужжатда инновацион фаолиятнинг ҳуқуқий-маъёрий базасини такомиллаштириш, илмий фаолиятни ривожлантириш, инновация ва инновацион инфратузилманинг ягона ваколатли органини таъсис этиш сингари бирламчи вазифаларни ҳал этиш аниқ кўрсатилган.
Очиқ ва қизғин мулоқот тарзида ўтган тадбирда сайловчилар партия номзодига берган саволларига батафсил жавоб олишди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш.Полвонов, Самарқанд вилояти ҳудудий давлат экспертиза бошқармаси бошлиғи С.Боқиев, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳуқуқшуноси М.Аслиев, Каттақўрғон шаҳар 17-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ҳ.Абдуллаева ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сайловчиларни Наримон Умаровга овоз беришга чақирдилар.
Айтиш лозимки, Президентликка номзод Наримон Умаровнинг сайловчилар билан мулоқоти давлат ва жамият тараққиётига бевосита таъсир кўрсатадиган амалий таклифлар йиғиндисидан иборат бўлди. Буни учрашувда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан қатнашган сайловчилар ҳам эътироф этдилар.
Хусусан, Ўзбекистон Қаҳрамони, Пахтачи туманидаги кўптармоқли фермер хўжалиги раҳбари Дўстмурод Абдуллаев ўз мулоҳазаларини баён этар экан, Наримон Умаровнинг сиёсий позициясини ёқлаб, уни Президентликка муносиб номзод деб таъкидлади. Ўзбекистон Қаҳрамонининг фикрича, инновацион иқтисодиётни шакллантириш бўйича биргина Самарқанд вилоятида юзага келган тажриба —2 минг гектарда барпо этилган интенсив боғ, жадал қурилаётган, қуввати 100 мегаваттлик фотоэлектрстанцияси, Самарқанд давлат университети қошида ташкил этилган Инновацион ғоялар ва илмий кашфиётларни амалиётга татбиқ этиш лабораторияси партия таклифларига мувофиқ фаолият олиб бораётганлиги билан қимматлидир.
Учрашув иштирокчиси, Каттақўрғон шаҳридаги “Саломатлик маркази” раҳбари Жамолиддин Алимов Президентликка номзоднинг тиббий хизмат сифатини яхшилаш, хусусан, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини тиббий хизматлар билан таъминланиш тизимини кучайтириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, скрининг ва перинатал марказлари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлари зарур ва асосли деб ҳисоблайди.
Каттақўрғон шаҳридаги “Зулхумор замон юлдузи” хусусий корхонаси раҳбари Зулфия Полвонова эса номзод Наримон Умаровнинг ҳудудлар ва пойтахт ўртасидаги кескин ижтимоий ва иқтисодий тафовутга йўл қўймаслик мақсадида йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини кичик шаҳарларга кўчириш ва айни шу ҳудудларнинг ижтимоий, ишлаб чиқариш инфратузилмасини республика бюджети ҳисобидан кенг кўламли реконструкция қилиш таклифини маъқуллади.
Президентликка номзод Наримон Умаров ва ишончли вакилларининг ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.
Шуҳрат ҲАСАНОВ,
Узоқбой РИСҚУЛОВ,
Сирдарё, Жиззах вилоятлари кенгаши матбуот котиблари.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги “Шалдироқ”, “Ибн Сино” МФЙлар аҳолиси билан жонли мулоқот ўтказишди....
01 янв 1970
Ўрганишларда аниқланган ҳар бир муаммонинг ечим топиши одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилади. Шу мақсадда халқ депутатлари Бухоро ша...
01 янв 1970
Таълим муассасаларида ташкил этилган тиббий хоналардаги шарт-шароитлар ҳам ишчи гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 4 декабрь куни Тошкент ...