Боқий шаҳарнинг янгиланаётган қиёфаси

/
Хива мамлакатимиздаги тарихий шаҳарлар ичида шаҳарсозлик нуқтаи назаридан мўъжизавий қалъа сифатида эътироф этилади. Унинг мўъжизаси шаҳарнинг олис ўтмиши билан боғлиқлигида, ўз бағрида қадимий шаҳарсозлик қиёфасини бугунги кунгача сақлаб келаётганлигида ва ўзига хос шаҳарсозлик қурилиши, кўринишида намоён бўлади. Шаҳарнинг қадимийлиги кўплаб ёзма манбаларда битилган. Х асрда яшаб ўтган араб сайёҳи Истахрий “Хива — нафақат Хоразмдаги, Шарқдаги қалъа ичида қалъа барпо этиш асосида тикланган илк шаҳарлардан бири” деб ёзса, XIX аср муаррихи Худойберди Хивақий “Хоразмнинг қадимий шаҳарларидан бири Рамл ҳисобланади. Рамл сўзи қумга сероб жой маъносини англатади. Эндиликда у Хивақ номи билан машҳур”, дея шаҳарнинг қурилиши ва номи билан боғлиқ яна бир тарихий ҳақиқатни қаламга олган.
Ҳақиқатан ҳам, шаҳар 25 аср давомида қадимий шаҳарсозлик анъаналарига амал қилинган ҳолда уч қисмдан — Арк, Ичон ва Дишон қалъалардан иборат тарзда қад ростлаган. Унинг бағрида салкам XV асрлик тарихий иншоотлар, иморатлар мавжуд. Шулар орасида энг қадимийси Жума масжид ҳисобланади. Масжиднинг дастлабки биноси милодий IX-X асрларда бунёд қилинган. Унинг ичидаги 212 та устундан 4 таси IX асрда, 25 таси X-XIV асрларда, қолганлари XVIII асрдан кейин ишланган. 2,5 гектарлик майдонни эгаллаган бу устунли масжид Шарқ иморатсозлигида ягона ҳисобланиб келинган. Кўҳна арк эса шаҳарнинг 25 асрлик тарихига гувоҳ маскан саналади. Бу ерда Ичон қалъа ва Кўҳна арк иморатлари 2500 йил давомида ўн мартадан ортиқ бузилиб, қайта қурилган. XVII асрдан кейин бунёд этилган саройлар, масжидлар, айвонлар, иморатлар Хива шаҳарсозлигининг барча гўзалликларини, латофатини жамулжам қилган. Ёхуд ана шундай бунёдкорлик мўъжизалари шаҳардаги Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Шерғозихон, Муҳаммад Аминхон, Оллоқулихон мадрасалари, Анушахон ҳаммоми, кўкка бўй чўзган муҳташам миноралар ва бошқа тарихий иморатлар тимсолида ҳам намоён бўлади.
Хива шаҳрида замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида бунёдкорлик, яратувчилик, қайта қуриш ишлари, уни обод, кўркам, ҳар жиҳатдан тараққий этган шаҳарга айлантириш ғояси мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин бошланди. Республикамиз Биринчи Президенти, энг аввало, шаҳарнинг тарихий қиёфасини қайта тиклаш, барча тарихий ёдгорликлар ва обидаларни асл ҳолида таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратди. Бу ишлар учун бир неча миллиард сўм маблағ ажратилди. Иш Ичон қалъанинг атрофидаги мудофаа деворини қайта қуриш ва таъмирлашдан бошланди. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирларида Ичон қалъанинг нафақат девори, унинг тўртта томонида жойлашган Ота, Тош, Боғча, Полвон номлари билан юритилган дарвозалари ҳам асл тарихий ҳолида қайта тикланди. Булардан ташқари, Ичон қалъадаги Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Қўҳна арк, Тошҳовли мажмуа ёдгорликлари, карвонсарой, Шерғозихон, Қутлуғмурод Иноқ, Оллоқулихон, Феруз, Муҳаммад Аминхон, Исломхўжа мадрасалари асл тарихий кўринишига монанд ҳолда таъмирланди. Қалъа ичидаги йўллар, йўлаклар қадимий асосда қурилди. Бузилган, вайронага айланган миноралар, тарихий иншоотларнинг пештоқлари улуғвор ва муҳташам ҳолда қайтадан барпо этилди. Дишон қалъадаги ёдгорликлар ҳамда обидалар тарихий асосда қад ростлади. Умуман, Ичон қалъа ва Дишон қалъа асл тарихий кўриниш касб этди. Шаҳар тўла маънода “Очиқ осмон остидаги музей”га айлантирилди. “Ичон қалъа” халқаро ЮНЕСКО ташкилоти қарори билан жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди. Бу ердаги 100 дан ортиқ меъморий обидалар тарихий кўринишда қайта тикланди. Хиванинг қалъаларида тарихий асосда бунёдкорлик, қайта қуриш, таъмирлаш ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда.
— Хива—кўҳна обидаларга бой шаҳар. Унинг бағрида кўплаб тарихий ёдгорликлар сақланиб қолган. Ичон қалъа эса тарихнинг хазинаси ҳисобланади. 26 гектардан иборат бу қалъа ўз бағрида қадим шаҳарсозликнинг тўла қиёфасини намоён қилади. Шу жиҳатдан бу қалъа нафақат Ўрта Осиё ёки Шарқда, бутун дунёда тарихий кўринишдаги яхлит шаҳар сифатида эътироф қилинади, — дейди Хива “Ичон қалъа” давлат тарихий-меъморий музей қўриқхонаси директори Ботир Давлетов. — Агар шаҳарда 109 та тарихий ёдгорликлар ҳисобга олинган бўлса, шундан 54 таси Ичон қалъа қисмида жойлашган. Уларнинг барчаси истиқлол йилларида Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан асл тарихий ҳолида қайта қурилиб, таъмирдан чиқарилди. Эндиликда уларнинг аксариятида ўнлаб музейлар фаолият юритмоқда.
Қайта қуриш ва таъмирлаш жараёни шаҳарнинг яна бир тарихий маскани Нуруллабой саройида ҳам амалга оширилмоқда. Маълумки, Хивада ХХ аср бошларида ўндан ортиқ ёзги ва қишки саройлар мавжуд бўлган. Шундан айримлари, давр талотумлари ва табиий офатлар, бузғунчиликлардан омон ўтиб бугунги кунларгача етиб келган. Кўҳна арк, Тошҳовли, Қибла Тозабоғ, Боғи шамол, Чодра ҳовли ва Нуруллабой мажмуалари ана шулар жумласидандир. Нуруллабой саройи шаҳарнинг Дишон қалъа қисмида жойлашган. У 1800 йилларнинг охирлари 1900 йилларнинг бошларида Хива ҳукмдорларининг ёзги қароргоҳларидан бири сифатида бунёд этилган. Сарой хонликнинг миллий ва Европа меъморчилиги уйғунлигида барпо қилинган кўп хонали “Қабуллар уйи”дан ташқари бешта ҳовлини бағрига бирлаштиради. Ҳовлилар ва уйларда турли даврларда ҳар хил ташкилотлар фаолият олиб боргани учун тарихий кўринишига зиён етган. Ёғоч устунларнинг баъзи жойлари ёрилган. Устунлардаги нақшлар, ёзувларнинг айрим ўринлари ўчган. Устунлар тагидаги мармар ва тош асослар бузилган. Деворлардаги безаклар асл қиёфасини йўқотган эди. Сарой тарихий ёдгорлик сифатида рўйхатга олинганидан кейин уни республика Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси усталари томонидан қайта қуриш, асл тарихий кўринишида таъмирлашга киришилди. Бу ишлар учун салкам 4 миллиард сўм маблағ ажратилди. Эндиликда саройда ниҳоятда катта миқёсда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Унинг асл ҳолати тикланмоқда. Ҳовлилар, бинолар, хоналар тарихий қиёфа касб этмоқда. Устунлар, деворлардаги безаклар, нақшлар, ёзувлар асл ҳолида яратилмоқда. Сарой тўла қурилиб, таъмирланганидан кейин бу ер сайёҳлик мажмуасига айлантирилади. Иккита ҳовлида Хоразм ҳунармандчилик кўргазмаси ташкил этилади. Биттаси сайёҳлар учун меҳмонхонага айлантирилади. Яна иккита ҳовлида чойхона, тамаддихона, дам олиш масканларини очиш режалаштирилган. Бошқача айтганда, тарихий ёдгорликлар ҳам ўтмиш меросини ёритиш, ҳам бугунги кун учун хизмат қилади.
Хивада бунёдкорлик ишлари икки йўналишда олиб борилмоқда. Бу ерда, биринчидан, қадимий меъморий ёдгорликлар, обидалар қайта қурилиб, таъмирланиб шаҳарнинг асл тарихий қиёфаси тикланаётган бўлса, иккинчидан, янги иншоотлар, иморатлар, илм масканлари барпо этилиб, шаҳарнинг замонавий қиёфаси ҳам шаклланмоқда. Айниқса, 1997 йилда Хива шаҳрининг 2500 йиллиги халқаро миқёсда нишонланиши ва 2006 йилда Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги дунё илм аҳли томонидан байрам қилиниши муносабати билан шаҳарда қурилиш, бунёдкорлик ишлари кенг миқёсда амалга оширилди. Янги йўллар бунёд қилиниб, меҳмонхоналар қад ростлади. Замонавий иншоотлар тикланди. Маъмун академиясининг янги биноси ишга туширилди. Шаҳар йилдан-йилга ҳам энига, ҳам бўйига кенгаймоқда. Бундан 15 йил илгари Хива шаҳри 600 гектар ҳудудга эга бўлган бўлса, бугунги кунда унинг ҳудуди 820 гектардан ошиқни ташкил қилмоқда. Янги ўзлаштирилган жойларда замонавий турар жойлар, савдо ва сервис хизмати шохобчалари барпо этилмоқда. Урганч — Хива йўли атрофидаги гўзал иншоотлар, кўп қаватли уйлар бундан уч-тўрт йил аввал йўқ эди. Эндиликда улар шаҳарнинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. 2012 йилда Хивада яна бир хайрли ишга қўл урилди. Шаҳарга кираверишда “Болалар меҳрибонлик шаҳарчаси” қурилиши бошланди. 7 гектардан ошиқ майдонни эгаллаган бу шаҳарчада 18 та икки қаватли уйлар бунёд этилди. Кенг хонали уйларнинг барчаси замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди. Бу уйларнинг ҳаммаси Хива шаҳридаги 20-сон меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болалар учун қурилди. Ушбу шаҳарчанинг қурилиши учун давлат томонидан 13 миллиард сўмдан ошиқ маблағ ажратилди ва бу шаҳарча қурилишини “Ирдимзон қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари амалга оширдилар. Шаҳарчада болалар учун барча шароитлар яратиш мақсадида спорт иншоотлари, маданий-маърифий масканлар, сув ҳавзалари ҳам ишга туширилди. Бу ҳам Хиванинг янги шаҳарсозлиги намуналаридан бирига айланди.
Маълумки, Хива тарихий обидалари, ёдгорликлари туфайли бутун дунёга сайёҳлик шаҳри сифатида танилган. Бу шаҳарга ҳар йили бир неча юз минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Шунинг учун давлатимиз томонидан бу ерда сайёҳлик тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Албатта, сайёҳлик тизимини ривожлантириш сайёҳларнинг Хивага келиб-кетишини ташкил этиш, унинг тарихий масканларини томоша қилдиришдангина иборат эмас. Бу тизим сайёҳлар учун кўплаб янги хизмат турларини юзага келтиришни ҳам талаб этади. Хиваликлар бу борада ҳам тадбиркорликнинг янги турига қўл уришибди. Биз дастлаб “Ичон-қалъа” давлат тарихий меъморий музей-қўриқхонаси директори Ботир Давлетов ҳамкорлигида Хивадан четга, Қорақум этакларига чиққанимизда бу ерга нима мақсадда келаётганимизни тушунмадик. Кейин кўз ўнгимизда қумлар бағрида Хиванинг машҳур Ота дарвозасига монанд тарихий асосда тикланган дарвоза пайдо бўлди. Ундан ўтганимиздан кейин Ичон қалъанинг ҳақиқий минораси кўзга ташланди. Баландлиги 40 метрдан ошиқ. Ундан нарида эса Хива мадрасаларига монанд ишланган яна бир бино. Унинг яқинида тарихий кўринишда барпо этилган иккита иншоот. Бамисоли кўҳна Хива янгидан қад ростлаётгандек. Ўнлаб ўтовлар. Бу ўтовлар, бинолар, иншоотларнинг ички қисмлари ниҳоятда замонавий асосда безатилган. Ўтовлар, иморатларнинг бир томони қумлоқ, бошқа томонида эса мовий кўл чайқалиб ётибди. Табиатнинг гўзал манзараси. Хиваликлар бу ҳолатга оддийгина изоҳ беришди. “Бу ерда экосайёҳлик тизимини яратаяпмиз. Хивага келган сайёҳ халқимизнинг тарихи, бунёдкорлигини кўрганидан кейин юртимиз табиати, экоолами, табиий бойликлари билан ҳам танишсин деймиз. Шу ерда ҳам сайёҳлар тарихимиздан узилиб қолмасин деб Ичон қалъанинг тарихий ёдгорликларини барпо этдик”. Бу маскан Хива туманидаги “Хива-Қоракўл” фермер хўжалиги томонидан бунёд қилинган. Худди шунга ўхшаш бошқа бир масканда эса замонавий меҳмонхона, дам олиш жойлари қурилган. Сайёҳлар кўл бағрида ва қумда сайр қилишлари учун шароитлар яратилган. Бу маскан тумандаги “Болтабой оқсоқол” фермер хўжалиги томонидан барпо этилган. Ҳар иккала экомаскан хорижий сайёҳларга маъқул бўлмоқда.
— Хивада тарихий масканларни қайта қуриш, таъмирлаш, бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, янги кўп қаватли уй-жойлар, иншоотлар барпо этиш, ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш кўп жиҳатдан сайёҳлик тизимини ривожлантириш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади, — дейди Хива туман бош меъмори Миржалол Солаев. — Янгидан пайдо бўлган экосайёҳлик тизими ҳам ана шулардан биридир. Келгусида бу тизимни янада ривожлантириш кўзда тутилган. Шу мақсадда Урганч—Хива йўли устида, Хива шаҳри яқинида жойлашган “ўовуқкўл—Чинобод” мавзесида ҳам ўнлаб сайёҳлик мажмуалари барпо этилади. Бу мажмуалар қурилиши билан кўл атрофи ва шаҳарга ёндош ҳудудлар янада ободонлашади, кўркам қиёфа касб этади. Аслида бу кўл ҳам тарихий маскан ҳисобланади. Хива шаҳридаги аксарият иншоотларнинг ашёси ана шу ердан олинган. Демак, бу ерда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари тарихни қайта тиклашга хизмат қилади.
Тарихдан маълумки, қадимда шаҳарсозликнинг пайдо бўлиши ва ривожи ҳунармандчилик тараққиёти билан бевосита боғлиқ кечган. Хива шаҳри ҳам тарихан шундай жараённи бошидан кечирган. Асрлар давомида бу ерда халқ амалий санъати, бадиий ҳунармандчилик, кулолчилик, ганчга ишлов бериш, ёғоч, мис, мармар ўймакорлиги, дурадгорлик, заргарлик, кандакорлик соҳаларида юксак санъат намуналари яратилган. Гиламдўзлик, каштачилик, тўқимачилик, читга гул босиш ва бошқа соҳаларда ўз даврининг етук ҳунармандлари етишиб чиққан. Кейинги йилларда шаҳарнинг тарихий қиёфаси, ёдгорликлари қайта тикланиши баробарида ҳунармандчилиги ҳам қайтадан юксалди. Унинг унутилиб кетган турлари қайтадан тикланди. Шаҳарда эндиликда аждодларнинг ҳунармандчилик соҳасидаги энг яхши анъаналарини авлодлар давом эттирмоқдалар. Бугун Хива ҳунармандлар шаҳрига айланди. Бу эса шаҳарда ишлаб чиқариш ривожи учун йўл очиб бермоқда.
Бугунги кунда Хива туманида кичик тадбиркорлик субъектларидан 419 таси санъат, 277 таси қурилиш, 100 га яқини бошқа соҳаларда фаолият юритаётган бўлса, унинг асосий қисмини Хива шаҳри тадбиркорлари ташкил этади.
Хивада қадимий шаҳарсозлик намуналарини қайта қуриш, таъмирлаш ҳам, замонавий шаҳарсозликка хос янги иншоотлар, биноларни барпо этиш ҳам осон кечадиган иш эмас. Чунки шаҳар ёдгорликларини таъмирлашда уларнинг асл тарихий кўриниши, тархи, безаклари, қурилишига қанчалик жиддий амал қилинса, янги иморатлар қуришда қадимий шаҳарларнинг ҳар бир қарич еридаги археологик ёдгорликлар, тарихий бинолар ва шаҳарнинг аввалдан шаклланган қиёфасига зарар етказмаслик асосий талабга айланади. Хивада замонавий бунёдкорлик, яратувчилик ишлари, янги шаҳарсозлик намуналарини барпо этиш икки асосда олиб борилади. Биринчи асосга кўра, шаҳарда аввалдан мавжуд кўчалар кенгайтирилади, улар атрофидаги бугунги кун талабига жавоб бермайдиган уйлар бузилади. Улар ўрнида кўп қаватли уйлар қад ростлайди. Худди ана шундай қайта қуриш ишлари шаҳарнинг марказини кесиб ўтувчи “Мустақиллик” ва Нажмиддин Кубро, Амир Темур каби кўчаларда ҳам амалга оширилади. Бу кўчаларнинг икки томонида бир неча ўнлаб замонавий турар жойлар барпо этилади. Улар кўп қаватли бўлиб, биринчи қаватида аҳоли ва сайёҳларга хизмат кўрсатадиган маиший хизмат ва савдо шохобчалари жойлашади. Улар қаторида ўндан ортиқ уч ва тўрт юлдузли меҳмонхоналар, ресторанлар, чойхоналар бунёд қилинади. “Ичон қалъа”нинг Ота дарвозаси яқинида янгидан сайёҳлик мажмуалари қурилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, бу ерда 500 ўринли амфитеатр ва қўғирчоқ театрининг биноларини ҳам барпо этиш мўлжалланган.
— Иккинчи асосга кўра, Хива шаҳри ҳудуди янада кенгаяди. Шаҳар атрофидаги ерлар унга қўшиб олинади, — дейди Хоразм вилоятининг бош меъмори Шихназар Отажонов. — Хусусан, тумандаги Дашоқ, Гандимиён, Эски Қиёт, Оқёп қишлоқларининг бир қисми шаҳар бағридан ўрин олади. Шаҳар статуси белгилангандан кейин унинг атрофида катта ҳалқа йўл барпо этилади. Бу қишлоқлар ўрнида Хива шаҳри бағрида аввалдан мавжуд бўлган “Паҳлавон Маҳмуд”, “Янгиобод”, “Камолот” ёндош шаҳарчалари каби янги мавзелар, даҳалар, шаҳарчалар қад ростлайди. Ҳар бир шаҳарча, даҳа, мавзенинг ўзига хос инфраструктураси яратилади. Бозорлари, таълим масканлари, маиший хизмат шохобчалари ташкил этилади. Бошқача айтганда, тарихий шаҳар атрофида замонавий Хива бунёд қилинади.
Хивалик меъморлар эндиликда шаҳарнинг 2013-2030 йилларга мўлжалланган замонавий шаҳарсозлик режасини яратишда ана шундай муаммоларни ҳал қилишга эътиборни қаратдилар. Аввало, Хива шаҳри ҳудуди мана шу даврда 820 гектардан 2750 гектарга кенгайиши кўзда тутилган. Унинг замонавий шаҳарсозлик қисми тарихий ва археологик ёдгорликлардан холи бўлган нуқталарда, тарихий аҳамиятга молик бўлмаган эски, тор кўчаларни кенгайтириш, улар яқинида янги бинолар барпо этиш эвазига амалга ошириладиган бўлди. Бугун хариталарда кўрсатилган ва макетларда акс эттирилган кенг кўчалар, тўрт-беш қаватли уйлар, иншоотлар, гузарлар, хиёбонлар келгусида шаҳарнинг замонавий қиёфасини белгилайди. Қолаверса, бу замонавий иншоотлар, турар жойларни шаҳарнинг тарихий ёдгорликлари, обидаларига монанд равишда барпо этиш режалаштирилган. Яъни, Хиванинг бугунги шаҳарсозлик қиёфаси тарихийлик ва замонавийлик ўзаро уйғунлашган ҳолда вужудга келиши кўзда тутилган.
Хиванинг юксакроқ нуқтасидан назар ташласангиз, ўтмишнинг афсоналарга бурканган тарих ҳақиқатлари келажакнинг бунёдкорликлари билан рўбарў келгандек таассурот қолдиради. Шундай бўлиши аниқ. Демак, келгусида аждодларнинг боқий мероси авлодларнинг бунёдкорликлари билан уйғунлашади. Бу Хиванинг шаҳарсозликдаги яна бир мўъжизаси, афсонасига айланади.

Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири
 
Тарих кўзгуси
Хива шаҳрини олимларимиз тарихимизнинг кўзгуси, деб улуғлашади. Бу бежиз эмас. Чунки ушбу кўзгуда нафақат аждодлардан мерос қолган ўрта асрларга мансуб афсонамонанд шаҳар кўзга ташланади, балки бу шаҳар тимсолида улуғвор тарихий иншоотларни, қалъа, аркларни яратган бунёдкор меъморларимиз иқтидори, юзлаб мадрасаларда таълим-тарбия берган, Шарқ илм-маърифатини дунёга танитган алломаларимизнинг юксак салоҳияти, масжидлар, миноралар, саройларни ҳайратомуз даражада безаган ҳунармандларнинг беқиёс санъати, ўтмишда буюк ишларни амалга оширган халқимиз қудрати ҳам намоён бўлади. Шунинг учун дунё аҳли бу ғаройиб шаҳарни кўришга, халқимизнинг бунёдкорлик қудрати билан танишишга интилади. Шу ўринда хаёлимга Франциянинг собиқ президенти Франсуа Миттераннинг “Францияда Хивани умрида лоақал бир марта бориб кўрмаган француз француз эмас дейишади”, деган фикри келди. Эҳтимол, бундай гап бугун фақат Франциядагина эмас, Германия, Англия, Испания, Польша, Голландия, Япония, Швеция, Канада каби мамлакатларда ҳам айтилаётган бўлса ажаб эмас. Зеро, кейинги йилларда айнан шу давлатлардан Хивага келадиган сайёҳлар оқими янада кўпайганлиги эътироф этилмоқда.
Айни пайтда, юртимизда сайёҳларга хизмат кўрсатиш даражаси ҳам йилдан-йилга ошмоқда. Бу борада Биринчи Президентимизнинг “2013-2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ушбу соҳани юксалтиришда муҳим роль ўйнади. Шу қарор асосида сайёҳлик бўйича 5 та йўналишда 200 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди. Бугунги кунда яна янги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Агар Хивада авваллари бир меҳмонхона мавжуд бўлган бўлса, эндиликда 20 дан ортиқ меҳмонхоналар фаолият юритмоқда. Яна ўндан ортиқ меҳмонхоналарни қуриш режалаштирилмоқда. Сайёҳлар учун тарихий меъморий обидаларни томоша қилишдан ташқари археология ёдгорликларини бориб кўриш, экосайёҳатлар уюштириш учун имкониятлар яратилди.
Хивада сайёҳлик объектлари сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Масалан, илгари фақат “Ичон қалъа”даги ёдгорликлар сайёҳлик объекти ҳисобланарди. Эндиликда шаҳарнинг “Дишон қалъа” қисмидаги тарихий обидалар ҳам сайёҳлик объектларига айланмоқда. “Қибла Тозабоғ”, “Нуруллабой” саройлари келгусида ана шу объектлар сафини тўлдиради. Бундан ташқари, таъмирчи усталар “Дишон қалъа”нинг ўнта бузилиб кетган дарвозалари ўринларини аниқлаб, уларни қайтадан барпо этишга киришдилар. Шулардан бири шаҳарнинг ғарбий қисмидаги “Шийхлар дарвозаси” асл тарихий ҳолатига монанд равишда қайта қурилди.
Бундай бунёдкорликлар шаҳарни келгусида ҳам тарих кўзгусига айлантиришга ва юртимизга келадиган сайёҳларнинг янада кўпайишига хизмат қилади. Хива тўла маънода дунё нигоҳидаги шаҳарга айланади.
Шуҳрат БЕКЧОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Хива туман кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970

Айш, Навоий, неча дилкашдурур,

Лек адаб бирла ҳаё хушдурур
01 янв 1970
Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмас...
01 янв 1970
Сўзимнинг аввалида айтиб қўя қолай, ижтимоий тармоқлар, айниқса, бугун ёшлар орасида жуда катта аудиторияга эга бўлган Youtube ҳақида мақола ёзишда...
01 янв 1970
Мантиқан қараганда, ҳеч ким айнан асфальтда акс эттирилган одам оёғи изларидан қадамлаб юриб, дўкон, дорихона ёки хизмат кўрсатиш шохобчасига кириб...