Ҳуқуқий маслаҳат

/
— Асли Хоразм вилоятиданман. Меҳнат фаолиятим тақозоси билан вақтинча Андижон вилоятида яшаб, ишлаб келаяпман. Бу йилги Президент сайловида қайси вилоятдаги сайлов участкасида овоз беришим керак?
Ф.Нодиров, Андижон вилояти 
— “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш тартибининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган бўлиб, унга кўра, “сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиб, сайловчи бошқа сайлов участкаларида сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин эмас”лиги баён этилган.
Демак, сиз сайловда вақтинча истиқомат қилаётган ҳудудда овоз бериш ҳуқуқига эгасиз. Бунинг учун аввало мазкур ҳудуддаги сайлов участкасида сайловчилар рўйхатига киритилганингизга ишонч ҳосил қилишингиз лозим.
Қонунчиликка мувофиқ, сайловчиларнинг рўйхати сайловдан ўн беш кун олдин, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторий ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган жойларда, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса сайловдан икки кун олдин ҳамманинг танишиб чиқиши учун тақдим этилади. Участка сайлов комиссияси рўйхат билан қаерда ва қачон танишиш мумкинлиги ҳақида сайловчиларга хабар беради.
Фуқароларга участка сайлов комиссиясининг биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш ва унинг тўғри тузилганлигини текшириш имкони таъминланади.
Кези келганда маълумот тариқасида таъкидлаш лозим, Сизга, умуман, ҳар бир фуқарога рўйхатга киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек, рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлик хусусида шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.
— Фарзандим тақдир тақозоси билан вақтинча хорижий давлатда ишлаб турибди. Президент сайлови кунида ҳам у ўша давлатда бўлади. Лекин сайловда ўзи муносиб деб билган номзодни ёқлаб, овоз бериш ниятида. Шундай вазиятда у қандай йўл тутиши лозим?
У.Назирова, Тошкент вилояти

— Фарзандингиз Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида ўзининг сиёсий ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Маълумот тариқасида айтиш мумкин, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 10, 11 ва 14-моддаларига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш ҳақидаги тақдимномасига асосан 2016 йил 3 октябрда Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкалари тузилишига оид қарор қабул қилинган. Мазкур сайлов участкалари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган.
— 4 декабрь куни сайловчилар қайси вақт оралиғида сайлов участкаларига овоз бериш учун бориши мумкин?
Н.Раҳимов, Тошкент шаҳри

— Овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, фуқароларнинг олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги турар жойларида, шунингдек, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, башарти рўйхатга киритилган барча сайловчилар овоз бериб бўлган бўлса, исталган вақтда овоз бериш тугаганлигини эълон қилиши мумкин.
Саволларга ҳуқуқшунос А.РАҲМОНОВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Солиқ тўловчиларга нисбатан режага мувофиқ ва режадан ташқари солиқ текшируви ўтказилиши белгиланган....
01 янв 1970
Халқимиз азалдан тўйсевар. Аввало, тўйларимиздаги чиройли удумларга бошқа халқ вакиллари ҳавас қилади, десак янглишмаймиз. Аммо......
01 янв 1970
Озодлик энг буюк неъматдир. Ҳамма озод бўлиб яшашни хоҳлайди. Ҳатто буни биргина қуш мисолида ҳам кўришимиз мумкин....
01 янв 1970
Яқинда янги «Электрон солиқ хизматлар» портали ишлаб чиқилгани ва тест режимида амалиётга жорий қилингани ҳақида матбуотда ўқиб қолдим....