Муҳим жараён ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда

/
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилади.
“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддаси.
Сайлов — бу фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришдаги иштирокини таъминловчи ҳуқуқий воситадир. Шу билан бирга, сайловга тайёргарлик кўриш ва сайлов кунида фуқароларнинг ҳуқуқий-сиёсий фаоллиги ҳам яққол намоён бўлади.
Сайловолди ташвиқоти қизғин давом этаётган бугунги кунда биз — сайловчилар, хусусан, илк бор сайловда иштирок этаётган ёшларнинг фикрлари билан қизиқдик.

Марғуба ВАҲОБОВА,
Пискент агросаноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси:

— Устозларимиз доимо биз, ёшларга ўз олдимизга эзгу ва катта мақсадларни қўйишни ўргатиб келишади. Сабаби, инсоннинг ҳаётда қандай ютуқларга эришиши аввало илгари сурган мақсадига боғлиқ бўлади. Масалан, менинг мақсадим — эртанги кунда ўзим танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиш орқали юртимиз ривожланишига муносиб даражада ҳисса қўшиш. Бунга эришиш учун эса мен сайловда ўз овозим билан иштирок этишим ҳам керак.
Бу йилги Президент сайловида илк бора қатнашаман: яқинда 18 ёшга тўлиб, сайлаш ҳуқуқини қўлга киритдим. Ҳозирги пайтда интернет, матбуот, телевидение орқали кузатиб бораяпман. Сайловолди ташвиқоти қизғин суръатларда ўтказилаяпти. Барча сиёсий партиялардан илгари сурилаётган номзодлар рўйхатга олинди. Номзодларнинг таржимаи ҳоллари, Сайловолди дастурлари билан ҳам танишаяпмиз. Умуман олганда, сайлов жараёни мен ва тенгдош дўстларимда кучли қизиқиш уйғотмоқда. Зотан, Ватаннинг келажаги, яъни ўзининг, оиласининг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро борки, сайловда фаол иштирок этиб, мустаҳкам фуқаролик позициясини намоён қилишига ишончим комил.
Аббос СОБИТОВ,
Паркент тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси:

— Сўнгги пайтларда касб-ҳунар коллежимизда сиёсий партиялар вакиллари, ҳуқуқшунослар ва бошқа соҳа мутахассислари иштирокида миллий сайлов қонунчилигида белгиланган меъёрлар ва уларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбатлари, учрашувлар тез-тез ўтказилаяпти. Бу каби тадбирларда биз, ёшларга мамлакатимизда сайловга оид қабул қилинган қонунлар ҳақида маълумотлар берилишидан ташқари юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар, уларнинг ўзига хос жиҳатлари, бир-биридан фарқли ва ўхшаш томонлари, улар илгари сураётган ғоялари ҳақида сўзлаб беришаяпти. Бу каби учрашувлар ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
4 декабрда бўлиб ўтадиган Президент сайловида ўз овозим билан иштирок этиш, ўз сиёсий ҳуқуқимдан фойдаланиш ниятидаман.
Нодира ҚУРБОНОВА,
Тошкент тиббиёт академияси 1-босқич талабаси:

— 2016 йил мен учун унутилмас воқеаларга бой ўтаяпти. Ушбу йилда Тошкент тиббиёт академияси талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Академиядаги таълим-тарбия жараёни, ўқув дастурлари, ўтилаётган фанлар, ўқитувчиларимизнинг маҳорати, иқтидорли курсдошларимнинг интилишлари — буларнинг барчаси менда катта таассурот қолдираяпти.
Шу йили 4 декабрь ҳам ҳаётимдаги энг унутилмас кунларимдан бири бўлса, ажаб эмас. Сабаби, бу йил мен илк бора Президент сайловида иштирок этаман. Бу мен учун катта шараф. Айни пайтда зиммамга маъсулият юклайди. Сабаби, биз, сайловчилар ўз овозимиз билан эртанги кунда давлатимиз қандай ривожланишини белгилаб берамиз.
Бугун академиямизда, оила ва маҳалламизда декабрь ойида бўлиб ўтадиган Президент сайловига юксак даражада фаоллик ва уюшқоқлик билан тайёргарлик кўрилаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз, қолаверса, сайловолди ташвиқот даврида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали тўлиқ маълумотларга эга бўлаяпмиз. Кези келганда таъкидламоқчиман, оиламизда ҳар биримиз ўзимиз учун ўзимиз овоз берамиз. Бинобарин, қонунчилигимизда ҳар бир фуқаро — сайловчи бир овозга эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Маржона ИСМАТОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Адвокатлар иштирок этиши шарт бўлган жиноят ва фуқаролик ишлари ҳақида билмоқчи эдим?...
01 янв 1970
Миллий матбуот марказида матбуот анжумани ташкил этилди.
01 янв 1970
Аёл — оилавий ҳаёт иморатининг асосий устунларидан бири. 
01 янв 1970
Меҳнат шартномасида иш вақтимиз соат 9:00 дан 18:00 гача деб белгиланган бўлса ҳам, айрим ҳолларда ташкилотимизда кечгача қолиб кетамиз.ли вафот эт...