Наримон Умаровнинг Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари сайловчилари билан учрашуви

/
Мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир — шу йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси ҳал қилувчи паллага кирди. Жорий йилнинг 28 октябрь кунидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланди. Сиёсий партиялардан Президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.
Маълумки, сайловолди ташвиқоти сайлов кампаниясининг энг муҳим босқичи саналади. Халқ ишончини қозониб, сайловда энг кўп овоз олишга эришиш айнан сайловолди ташвиқот тадбирларининг юқори савияда, таъсирчан, давр талабига мос тарзда ташкил этилиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод — партия Сиёсий Кенгаши раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаровнинг ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлари қизғин ва кўтаринки руҳда бошланди. Таъкидлаш жоизки, мамлакат сиёсий майдонида ўз ўрни, мавқеига, халқимиз эътиборига сазовор бўлиб келаётган партиямиз сафлари йилдан-йилга кенгайиб, партия сиёсий куч сифатида жипслашди. Партия номзоди Н.Умаровнинг Сурхондарё, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари сайловчилари билан учрашувларида бундай эътироф ва хайрихоҳлик яққол намоён бўлгани қувонарлидир.
Учрашувларнинг видеоконференция тарзида ташкил этилгани мазкур вилоятлардаги барча шаҳар ва туманлардан минглаб сайловчиларга номзод билан очиқ мулоқот қилиш имконини яратди.
СУРХОНДАРЁ. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров шу йилнинг 1 ноябрь куни Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди.
Тадбирда вилоят фаоллари, корхона ва муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Истиқлол йилларида Сурхон воҳасининг бой ўтмиши қайта тикланиб, шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмаси тубдан ўзгарди. Сўнгги беш йил давомида Термиз шаҳрида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, бир-биридан муҳташам биноларнинг қад ростлагани, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида барпо этилган савдо ва маиший иншоотлар воҳа тараққиётини мутлақо янги босқичга олиб чиқди.
Вилоятнинг ҳар бир ҳудудида амалга оширилган янгиланишлар воҳа аҳлининг қарашлари, фикрида ҳам ўз аксини топмоқда. Тошғузор—Бойсун—Қумқўрғон темир йўлининг ишга тушиши билан вилоятни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлар билан боғлаш масофаси қисқарганлиги баробарида табиий бойликларни ўзлаштириш имконияти ҳам кенгайгани ҳамда темир йўл бўйлаб ишга туширилган объектлар, аҳоли турар жойлари, ҳудудда обод масканлар сонининг ортишига хизмат қилмоқда.
Президентликка номзод Наримон Умаров ўз маърузасида дастлаб вилоят тараққиётида муҳим ўрин тутаётган ана шундай беқиёс янгиланишларга сайловчилар эътиборини қаратди.
Учрашувда Н.Умаров ўз сайловолди дастурининг устувор йўналишлари хусусида батафсил сўз юритди. Партия номзоди мазкур дастур Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги дастурий мақсад ва вазифаларига асосланишини таъкидлаб, жумладан шундай деди:
— Аввало, биз вакиллик ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, парламентаризмни ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этишни ёқлаймиз. Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимига доир қарорларни қабул қилишда аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга ҳам хизмат қилади.
Партия номзоди иқтисодий соҳада илгари сурилган асосий вазифалар ҳақида фикр-мулоҳаза юритди.
— Жумладан, бу борада республикамизда олиб борилаётган макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини давом эттириш, бюджет ҳамда миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетмаслигига эришиш борасидаги сиёсатни давом эттириш тарафдоримиз, — деди Н.Умаров. — Иқтисодий тараққиётимизнинг ҳозирги ва истиқболдаги босқичида биз бозорни бошқариш, тартибга солиб туриш зарур, деб билган ҳолда “рақобат – мумкин қадар, давлат бошқаруви – зарурат қадар” тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этишга эътибор қаратамиз.
Шу билан бирга, мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари ва кичик шаҳарларининг ривожланишини жадаллаштириш, ҳудудлар ва пойтахт орасидаги кескин иқтисодий ва ижтимоий тафовутга йўл қўймаслик мақсадида амалий ишларни кучайтириш, кичик шаҳарларнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини республика бюджети ҳисобидан кенг кўламли реконструкция қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Партия номзодининг дастурида бугунги кунда жамиятимизнинг турли соҳаларида учраётган айрим муаммолар, фуқароларимизни ўйлантираётган масалалар ечими бўйича аниқ таклиф ва механизмлар илгари сурилганлиги, ўйлаймизки, сайловчиларни бефарқ қолдирмайди. Дастурда, айниқса, ижтимоий соҳада белгиланган вазифалар, хусусан, таълим соҳасини ислоҳ этиш борасида илгари сурилаётган мақсад, вазифалар республикамиз ҳудудларидаги мавжуд эҳтиёжларидан келиб чиққан.
Хусусан, номзод сўнгги йилларда ёшларимиз ўртасида олий маълумот олишга бўлган интилиш кучайиб бораётганлиги хусусида тўхталар экан, бу борада абитуриентлар сони нуқтаи назаридан аниқ мисолларни келтириб ўтди. Шуни назарда тутиб, Н.Умаров ўз дастурида олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш, барча талабгорларга олий таълим олиш ҳуқуқини бериш орқали иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини ошириш ҳамда таълим-тарбия соҳасида узвийликни таъминлашга қаратилган қатор ғояларни илгари сураётганини билдирди. Ушбу ҳаётий таклифлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Президентликка номзод учрашув иштирокчиларининг кўплаб саволларига жавоб қайтарди. Жумладан, жамиятимизда ҳали ҳануз учраб турадиган адолатсизлик, коррупция ва бюрократия каби иллатларга қарши айнан қандай усул ва воситалар орқали курашиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш борасидаги чора-тадбирлар, экология ва атроф-муҳит ҳимоясига доир режалар ҳақида берилган саволлар ва уларга номзоднинг батафсил жавоблари барчанинг диққатини ўзига жалб этди.
— Номзоднинг таълим соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган истиқболли таклифлари, айниқса, ўқитувчи-педагогларнинг эътиборини тортади, — деди тадбирда сўзга чиққан Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Назокат Хидирова. — Жумладан, халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида педагог-муаллимлар меҳнатини рағбатлантириш, ўқитувчилик касби нуфузини ошириш, умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини ошириш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш каби мақсадлар айни бугунги замон талаби ва эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги, ёшлар ҳамда электоратимизнинг асосий вакиллари бўлган педагогларнинг манфаатларини ифода этганлиги билан аҳамиятлидир.
— Н.Умаров Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари сифатида ҳам қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил жараёнларида чуқур билими, ҳаётий тажрибаси, ташкилотчилик ҳамда ташаббускорлик қобилиятларини намоён қилиб келмоқда, — деди Қонунчилик палатаси депутати Даврон Тангиров. — Бу, ўз навбатида, партиямиз дастурида белгиланган устувор вазифалар доирасида қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида яққол кўзга ташланади.
Шу билан бирга, мамлакатимизнинг чегара ҳудудлари – Узун ва Сариосиё туманларида ўзи сайланган округда мавжуд экологик муаммоларни таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишида ҳам Наримон Умаров фаоллик кўрсатиб келмоқда.
Учрашувда “Маҳалла” хайрия жамғармаси вилоят бўлими раиси Ў.Тошбоев, вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Нодир Мамадиев, Термиз-Бақтрия савдо комплекси бош ҳисобчиси Б.Бобомуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, Н.Умаров мамлакат Президентлигига муносиб номзод эканини таъкидладилар.
ҚАШҚАДАРЁ. Жорий йилнинг 2 ноябрь куни партия номзоди Наримон Умаровнинг Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашуви қизғин ва очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди.
Қарши шаҳрида ўтказилган тадбирда партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари, маҳаллалар етакчилари, 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар. Вилоят ҳудудларидаги учрашув жойларида йиғилган сайловчилар ҳам тўғридан-тўғри видеоалоқа орқали учрашувда иштирок этишди. Онлайн видеоконференция тарзида ташкил этилган тадбирда асосий залда 250 нафардан ортиқ, ҳудудлардан 1300 нафарга яқин фуқаро иштирок этди.
Учрашувни Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Рўйиддин Раупов кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Н.Умаровнинг ишончли вакили Комил Сахатов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти билан таништирди.
Учрашувда Н.Умаров катта иқтисодий салоҳиятга эга бўлган Қашқадарё вилояти мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутишини, айни пайтда уч миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган шундай бетакрор замин меҳнаткашлари самарали ва бунёдкорлик ишлари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга муносиб ҳисса кўшаётганини эътироф этди.
Партия номзоди Н.Умаров Қашқадарё вилояти сайловчиларига ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида сўзлаб берди. Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат тамойилларини изчил таъминлаш, иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилишини кучайтириш, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, барча соҳага инновацияларни жорий қилиш, кадрларни мақсадли тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш ҳамда ташқи сиёсатда миллий манфаатлар устуворлигини таъминлаш каби устувор вазифалар ўз дастуридан ўрин олганини таъкидлаб ўтди.
— Замонавий ижтимоий давлат фақат юксак ривожланган, самарали ва ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётга асосланиб муваффақиятли фаолият кўрсатади, — деди Н.Умаров. — Бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари эса социал-демократиянинг эркинлик, адолатлилик ва бирдамлик каби асосий қадриятларини амалга оширишда муҳим восита бўлади.
Н.Умаров вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ҳақида сўз юритиб, ҳозирда республикамизда қазиб олинаётган табиий газнинг 88 фоизи, нефтнинг 92 фоизи айни шу ҳудуд ҳиссасига тўғри келаётганини қайд этди. Шундан келиб чиқиб, номзод нефть-газ соҳасидаги республикамизда фаолият юритаётган йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини вилоятнинг тегишли кичик шаҳарларига кўчириш таклифини илгари сурди. Бу эса нефть-газ соҳасидаги бошқарув тизимини оптималлаштиришга, Қашқадарё вилоятининг иқтисодий, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилашга, янги иш ўринларини яратишга ва пировардида аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишга имконият яратишини таъкидлаб ўтди. Мазкур таклифни сайловчилар кўтаринки кайфиятда қабул қилдилар ва қўллаб-қувватладилар.
Сайловчилар билан учрашувда номзод Наримон Умаров мамлакатни модернизация қилиш ва давлат бошқарувини такомиллаштиришда сиёсий партияларнинг роли ортиб бораётганлигига йиғилганлар эътиборини қаратди.
— Партиямизнинг дастурий ғояларидан келиб чиққан ҳолда, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити яратишни мақсад қилар эканмиз, бу вазифани иқтисодий ислоҳотларни навбатдаги босқичга кўтариш орқали уддалаш мумкинлигини яхши англаймиз, — деди Н.Умаров. — Шу боис ҳам иқтисодиётнинг барча тармоқларини бугунги давр талабларига мос тарзда янада тараққий эттириш, инновацион технологияларни ҳаётга жорий этган ҳолда, маҳаллий хомашёлардан самарали фойдаланиб, жаҳон бозорида рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш катта ютуғимиз бўлади. Шу маънода халқимизнинг мамлакатимизда кечаётган сиёсий, иқтисодий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда янада фаол иштирок этиши учун ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб зарур шарт-шароитдарни яратиш ғоятда муҳим.
Сайловолди учрашувида вилоят ёшларининг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш масалалари ҳам диққат марказида бўлди. Бинобарин 4 декабрда бўлиб ўтадиган Президент сайловида вилоят бўйича иштирок этиши кўзда тутилган жами 1 миллион 984 минг 42 нафар сайловчининг 55 минг 356 нафарини бу йил сайловда илк маротаба овоз бераётган ёшлар ташкил этади.
Учрашув давомида Н.Умаровга сайловчиларнинг берган саволларида дастурдаги йўналишлар, таклиф ва ғояларнинг амалий механизмлари уларни қизиқтираётгани яққол кўринди. Жумладан, жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳолининг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш каби масалалар бевосита маҳаллий бошқарув органлари фаолияти самарадорлиги ва масъулиятини ошириш билан боғлиқ равишда дастурда акс этганидан келиб чиқиб, бу борада қандай аниқ механизмлар назарда тутилгани, номзод дастури яна қандай янги ҳуқуқий асослар, қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқишни тақозо қилиши, бу борада маҳаллий Кенгашлар депутатлари эътибор қаратиши лозим бўлган долзарб масалаларга оид ва бошқа шу каби саволларга партия номзоди атрофлича жавоб қайтарди.
Учрашувда сўзга чиққан партия фаоллари Наримон Умаровнинг сайловолди дастури мамлакатимизнинг бугунги ва келгуси тараққиёти учун пухта ўйланган ва чуқур асосли таклиф ҳамда вазифаларни илгари суриши билан аҳамиятли эканини эътироф қилдилар. Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати А.Бобоев, Қарши тиббиёт коллежи ўқитувчиси Тўлқин Нодиров, вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири Замира Бобоназарова, Қарши давлат университети қошидаги “Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази”нинг “Умумий фанлар” кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди Инобат Ражабова ва бошқалар бўлажак сайловда Наримон Умаров номзодини қўллаб-қувватлашга чақирдилар.
ФАРҒОНА. Президентликка номзод Наримон Умаровнинг Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашуви ҳам очиқ ва жонли мулоқот тарзида бўлиб ўтди.
Риштон тумани ҳокимияти фаоллар залида ўтказилган тадбирда бевосита 200 нафарга яқин, онлайн тизими орқали туман, шаҳарлардаги учрашув жойларидан 4300 нафардан ортиқ сайловчи қатнашди.
Тадбирни халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати, “Марғилон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Шерзод Каримов олиб борди. Номзоднинг ишончли вакили Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Маъруфжон Холдоров йиғилганларни партия номзоди Н.Умаровнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Н.Умаров ўз сўзида Фарғона вилоятида кейинги йилларда амалга оширилган улуғ бунёдкорлик ишлари хусусида тўхталар экан, шаҳар ва туманларда барпо этилган кўркам бинолар, спорт иншоотлари, саноат корхоналари, замонавий таълим муассасалари, янги кўчалар водий гавҳари бўлмиш Фарғонага ўзгача кўрк ва файз бағишлаганини эътироф этди.
Президентликка номзод сайловчиларга ўз сайловолди дастурида илгари сурилаётган ғоя ва таклифлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Қайд этилганидек, дастурда “Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир” деган тамойилга таянган ҳолда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги, ҳар бир фуқаро қобилияти ва малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатидан келиб чиққан ҳолда муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг ва тенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш ғояси илгари сурилмоқда.
Фарғона республикамизда аҳолиси ва меҳнат ресурслари энг кўп вилоятлардан бири бўлиб, шунга мутаносиб равишда тадбиркорлик соҳаси ривожланган ҳудуд саналади.
— Айни пайтда, афсуски, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг барчаси ҳам ўз қўл остидаги ходимларини меҳнат шартномаси асосида, муносиб иш шароитлари яратган ҳолда ишлатмаётганлигини назардан четда қолдириб бўлмайди, — дея қайд этиб ўтди Н.Умаров. — Шундан келиб чиқиб, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда ходимнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, у билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмагани, ходим меҳнатига ҳақ тўлаш, ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига риоя қилмагани ва уларни бузганлиги учун иш берувчилар жавобгарлигининг кучайтирилишини таъминлаш тарафдоримиз.
Наримон Умаров учрашув иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Сайловолди тадбирида партия фаоллари Президентликка номзод ва унинг дастури ҳақида сўз юритдилар.
— Дастурда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари масаласига алоҳида ўрин берилгани бежиз эмас. Чунки фуқаролик жамияти шаклланишининг асосини ташкил этадиган пойдевор айнан ушбу органдир, — деди халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати, Фарғона шаҳар 44-давлат мактабгача таълим муассасаси мудири Дилором Бўрибекова. — Маҳалла институтининг бундан кейин ҳам такомиллашуви, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш марказига айланиши учун унга давлат ваколатларини бериш, маҳаллада замонавий дунёвий жамиятнинг манфаатларига жавоб берадиган янги хулқ-атвор намуналари ривожланиши, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясида маҳалланинг аҳамияти ва таъсири янада кучайиши каби эзгу ғояларнинг илгари сурилганлиги сайловчиларга манзур бўлади, деб биламиз Зеро, бу “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалда намоён бўлишидир.
— Соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, соҳага оид давлат дастурларини қабул қилиш каби ҳаётий ғояларни ўзида акс эттирган дастур тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўла олади, — деди Фарғона перинатал маркази бош шифокори Раъно Сулайманова. — Шу билан бирга, айниқса, аҳоли ўртасида талаби юқори бўлган тиббиёт муолажалари, замонавий тиббий хизматларни йўлга қўйиш, хорижнинг етук тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатиш масалалари сайловчиларнинг партиямиз номзодига хайрихоҳлигини кучайтиради, деган фикрдамиз.
Шунингдек, дастурда хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш, иқтидорли ҳамда юқори малакали, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган аёлларни давлат бошқаруви органларининг барча соҳалари ва бўғинларига жалб қилиш масалаларига устувор вазифалар сифатида қаралганлиги жотин-қизлар ва ёшларни асло бефарқ қолдирмайди.
Тадбирда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб Фарғона политехника институти катта ўқитувчиси Шоҳида Аббасова, Фарғона давлат университети қошидаги 2-сонли академик лицей директори Фарҳод Абдуллазов ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, вилоят аҳолисини 2016 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этишга, партиямиз номзоди учун овоз беришга чақирди.
Партия фаоллари таъкидлаганидек, адолат сўзи халқимиз дилига яқин сўз бўлганидек, “Куч — адолатда”, “Адолат – қонун устуворлигида” каби халқпарвар ва улуғ ғояларни илгари суриб, мамлакат ҳаётида рўёбга чиқараётган партиямиз ва унинг номзодига фуқароларнинг хайрихоҳлик билан қарашлари Президентлик сайловида партия номзодининг муваффақиятга эришишида ижобий таъсирини кўрсатади, албатта. Бунга ишончимиз комил. Зеро, партиямиз ташкилотлари, депутатлар ва фаоллари доим элнинг эътибор-назарида, уларнинг ишончини оқлаб келмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Наримон Умаров ва ишончли вакилларининг ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.
Мақсуд ТЎраев, Комила Исроилова,
Сурхондарё, Фарғона вилоятлари кенгашлари матбуот котиблари.
Моҳинабону Убайдуллаева,
Қашқадарё вилоят кенгаши бўлим мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 4 декабрь куни Тошкент ...
01 янв 1970
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан семинар-тренинглар ўтказилмоқда....
01 янв 1970
2020 йил 22 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон "Адолат" СДП "Ёш адолатчилар" қаноти томонидан "Адолат билимдони" кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлар...