Дорихона муассасаларида амалдаги қоидаларга риоя этилиши ўрганилди

/
Аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, давлат дорихона муассасалари тармоғини кенгайтириш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, дори-дармонлар нархини пасайтириш омили сифатида улар учун чекланган рентабеллик даражасини ўрнатиш, аҳолини давлат дорихоналари муассасалари орқали эҳтиёжни қоплайдиган ҳажмда дори воситалари билан таъминлаш каби долзарб вазифалар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган.
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашидаги партия гуруҳи ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги “Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотишни тартибга солиш тўғрисида”ги ва 2000 йил 5 августдаги “Ички бозорни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларининг Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарларидаги ижроси юзасидан ўрганишлар олиб борилди.
Мазкур ўрганишларда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Манзура Салимова бошчилигида Фарғона шаҳрида фаолият кўрсатаётган 107 та, Марғилон шаҳридаги 51 та, Қувасой шаҳрида эса 8 та дори воситалари билан савдо қилувчи дорихоналар фаолияти ўрганилди.
Депутатлик гуруҳининг август ойида бўлиб ўтган йиғилишида ушбу ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Унда аҳолини дори-дармонлар билан таъминлаш, зарур дори воситаларини шаҳар дорихоналаридан топа олиши учун фуқароларга имкониятлар яратилганлиги, мазкур муассасалар белгиланган тартибда ишлаётганлиги эътироф этилди. Шу билан бирга, назорат жараёнида дорихоналар фаолиятида камчилик ва нуқсонлар ҳам борлиги кузатилгани таъкидланди.
— Амалдаги қоидаларга мувофиқ импорт бўйича келтириладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари, товар етказиб беришда қатнашувчи воситачиларнинг сонидан қатъи назар, сотиб олиш қийматининг (базавий нархининг) 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда улгуржи-чакана савдо устамаси қўлланган ҳолда сотилади, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, вилоят партия кенгаши раиси Маъруфжон Холдаров. — Маҳаллий дори воситалари бўйича эса дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини етказиб беришда қатнашувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдордаги чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда шартномавий нархлар бўйича улгуржи ва чакана савдо тармоғи орқали сотилиши белгиланган. Аммо бир неча дорихона муассасаларида дори-дармон нархларининг асоссиз равишда ошириш ҳолатлари учрамоқда.
Жумладан, Фарғона шаҳридаги “Far Nikom Farmed” хусусий дорихонасида “ировир – С” импорт дори воситаси 167302 сўм сотилиши лозим бўлса-да, 178000 сўм, яъни – 35 фоиз устама қўйилгани, “Abdusalom Xoji” дорихонасида “Курантил № 25” импорт дори воситаси 20 фоиз устама қўйганда 30500 сўм сотилиши ўрнига 34200 сўм, яъни – 32 фоиз устама билан, “Mezon” ишлаб чиқариш савдо тижорат фирмасида “Лоринден” (15г.серия-506082) дори воситаси 17500 сўм, яъни 40 фоиз устама, “Sher Farm Med” дорихонасида “Vitrum” (Пренатал C We №248) дори воситаси 160000 сўм, яъни 43 фоиз устама қўйиб сотилаётгани аниқланди. Худди шу каби Марғилон шаҳридаги “Бурж” дорихонасида 25730 сўмдан сотилиши лозим бўлган “Зокардис” дори воситаси 30000 сўмдан, “Vodiy Garant Farm” дорихонасида “Церебролизин” дори воситаси 179900 сўм ўрнига 213000 сўмдан, 76934 сўмдан сотилиши лозим бўлган “Клексан” 110000 сўмдан, “Giyoh” дорихонасида “Эссенциале” дори воситаси 86916 сўм ўрнига — 90000 сўм, “Кетонал” 38300 сўм ўрнига 45000 сўмдан сотилаётгани қайд этилди.
Марғилон шаҳридаги “Al-Farm”, “Med Farm Servis Farg’ona”, “Saxovat Inson Bezagi”, “Giyoh” дорихоналарида ходимлар учун ажратилган хоналарнинг санитария ҳолатини қониқарли деб бўлмайди, савдо зали ва омборхонада дори воситаларини сақлаш талабларига риоя қилинишида ҳам баъзи камчиликлар бор.
Шунингдек, айрим дорихоналарда ходимларни тиббий кўрикдан ўтиш муддатларига риоя этилмагани ҳам мақсадга мувофиқ эмас.
Ўрганиш жараёнида “Marg’ilon Shuhrat Servis” хусусий корхонасида, Фарғона шаҳридаги “Xurmo”, “Sog’lom” хусусий фирмалари, “Dovudbek Farm”, “Alzaf-Servis”, “Vodiy Farm Progress” “Toshloq Trans Servis” масъулияти чекланган жамиятлари, “Фар-Водий-Фарм” ишлаб чиқариш савдо фирмаси, “Kamron-Kozim Farm”, “Marjona Zaffar”, “Asadbek Farm Savdo”, “Far Shoh Hayotbek”, “Muhayyo Ruhshona Farm”, “Malham” хусусий корхоналари дорихона муассасалари томонидан бир қатор дори-дармон воситаларининг кирим ҳужжатлари (счет-фактуралари) йўқлигини қандай изоҳлаш мумкин?
Айрим дори воситаларининг бир неча дорихоналарда сотувдаги нархи солиштирилганда фарқ анча сезиларли экани кузатилди. Масалан, Фарғона шаҳрида “Элевит” дори воситаси “Sino-Invest” дорихонасида – 172329 сўм, “Alzaf-Servis” МЧЖда 320000 сўм, “Sog’lom” хусусий фирмасида – 245000, “Farg’ona Farm Savdo” МЧЖ 1-сонли шохобчасида – 300000, “Farg’ona Farm Savdo” МЧЖ 2-сонли шохобчасида – 250600, “Vodiy Evro Farm Plyus” МЧЖда 168000 сўмдан сотилаётгани каби ҳолатлар истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаяпти.
— “Республика дорихона муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидалари”да чекланган чакана нархларда сотиладиган ва барча дорихона муассасаларида мавжудлиги мажбурий бўлган 20 та энг зарур дори-дармонлар рўйхати белгиланган, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Икромжон Ҳасанов. — Фарғона шаҳридаги “Kamron Kozim Farm”, “Sil’van”, “Saltanat – A”, “Med Prestij Farm”, “Farg’ona Al-Halim” хусусий дорихоналарида мазкур дори-дармонларнинг айрим турлари мавжуд эмаслиги кўзга ташланади. Қувасой шаҳридаги “Қувасой Кудайбергенова Майсара” дорихонасида доимий бўлиши шарт экани белгиланган дори-дармонларнинг 3 тури йўқлиги, яроқлилик муддати ўтган дори воситалари сотувда борлигига асло лоқайд қараб бўлмайди. “Дониш-Фарм” дорихонасига қарашли ҳудудда санитария қоидаларига етарлича риоя қилинмаётгани, “Тайлол Хот” дори воситасининг счёт-фактураси йўқлиги, “Fartuna Yur” дорихона муассасасида дори воситалари билан бирга кир ювиш ва парфюмерия маҳсулотлари ҳам савдога қўйилгани афсусланарлидир.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи ижроси ҳам депутатлар назоратидан четда қолмади. Фарғона шаҳридаги “Xurmo” дорихонаси ва бошқа айрим дорихона муассасаларининг савдо зали ва омборхонасида белгиланган талабларга етарлича амал қилинмаётганини ҳам айтиб ўтиш лозим.
Марғилон шаҳридаги дорихона муассасаларида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сақлашни ташкил этиш бўйича 3 та дорихонада йўриқномага амал қилинмаганлиги, Қувасой шаҳридаги айрим дорихоналарда дори воситаларини сотиш вақтида кассага кирим қилинмаётганини ҳам жиддий камчиликлар сифатида баҳолаш мумкин.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Манзура Салимованинг таъкидлашича, дорихона муассасалари масъул шахс ва ходимларига йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан қонунчиликда белгиланган қоида ва меъёрлар мазмун-моҳияти ва унга риоя қилиниши борасида тушунчалар ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш иштирокчилари дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш фаолиятини амалга оширишда йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш, бундай ҳолатларнинг олдини олишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигини алоҳида қайд этишди.
Комила ИСРОИЛОВА,
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мустақиллик даврида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга...
01 янв 1970
Шунга қарамасдан, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб кириш...
01 янв 1970
Раҳима Бухоро шаҳрига ишга жойлашиш мақсадида қишлоғидан келган эди.