Миллий ва халқаро кузатувчилар иштироки сайловнинг ошкоралиги, очиқлиги ва шаффофлигини кўрсатади

/
Сайловнинг энг муҳим тамойилларидан ҳисобланган очиқлик ва ошкоралик умумэътироф этилган миллий сайлов қонунчилигимиз ҳамда халқаро меъёрий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган. Сайлов жараёнида жамоатчилик ва халқаро кузатувларни амалга ошириш учун шароит яратиш катта аҳамиятга эга. Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти, юридик фанлар доктори Гулноза ИСМОИЛОВА билан сайлов кампаниясида кузатувчиларнинг иштироки, миллий ва халқаро кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари мавзусида мулоқот қилдик.
— Сайлов кампаниясида кузатувчиларнинг иштирок этиши сайлов натижаларининг ошкоралиги ва ҳаққонийлигининг ғоят муҳим кафолатидир. Сайлов кампаниясини ташкил этишда ошкоралик муҳитининг яратилиши, сайлов куни сайлов участкаларида кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши сайловнинг адолатли эканлигига жамоатчиликнинг ишончи ортишини, фуқароларнинг сайлов жараёнида фаол иштирокини таъминлайди.
Кузатувчилар муҳим сайлов-технологик вазифани ҳам бажарадилар: овозларни санаб чиқишни кузатган ҳолда улар овоз натижаларининг умумий якунлари аниқланишини таъминлайдилар, назорат усулларини қўллаб, кузатувлар натижасида тўпланган ахборот манбаи асосида сайлов расмий якунларига ҳаққоний баҳо ва хулоса берилиши мумкин. Сайлов тартиб-таомилларининг бузилганлиги кузатувчилар томонидан аниқланганлиги ва таҳлил натижалари сайлов қонунчилиги ҳамда сайлов технологиясини такомиллаштириш имконини беради.
— Айтинг-чи, сайлов кампаниясида хорижий кузатувчиларнинг иштироки нечоғлик муҳим аҳамиятга эга? Уларнинг фаолияти қандай ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида тартибга солинади?
— Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатишда хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг иштироки сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашнинг муҳим чора-тадбирларидан биридир. Бу демократик сайлов стандартларидан бири сифатида давлат томонидан ўз халқаро мажбуриятларига риоя этилишига кўмаклашади. Сайловда хорижий кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши сайлов натижаларининг қонунийлик даражасини аниқлаш сингари асосий вазифасидан ташқари миллий қонунчиликни ва сайлов тартиб-таомилларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш имконини беради.
Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунлари, МДҲга аъзо давлатларда демократик сайловлар стандартлари, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги конвенция (2002 й.) ва бошқа халқаро ҳужжатлар билан тартибга солинади. Халқаро кузатувчи ушбу давлат ҳудудида унинг ҳимоясида бўлади.
Бундан ташқари, 2002 йил 7 июнда имзоланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хартиясининг 14-моддасига мувофиқ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги кузатувчи мақоми тўғрисидаги низом тасдиқланган.
— Хорижий кузатувчиларнинг ваколатлари ҳақида маълумот берсангиз.
— Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг белгиланган намунаси берилган кундан эътиборан бошланади. Бу гувоҳнома сайлов кампаниясини ўтказиш даврида уларнинг фаолияти учун асос ҳисобланади ва сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш вақтида халқаро кузатувчига кузатувни амалга ошириш ҳуқуқини беради.
Халқаро кузатувчи ўз фаолиятини мустақил тарзда амалга оширади. Уларнинг моддий-маиший таъминоти вакил сифатида уларни юборган давлат, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлар ҳисобидан ёки уларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан таъминланади.
Халқаро кузатувчилар сайлов кампаниясининг боришини кузатишга тааллуқли бўлмаган фаолиятни амалга оширишда ўз мақомидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Тарафлар қонунларни, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини бузган халқаро кузатувчиларни аккредитация ҳуқуқидан маҳрум қиладилар.
Кузатувчилар мандатни қанча барвақт олсалар, сайловга тайёргарлик жараёнини шунча кўп вақт кузатиш имконига эга бўладилар. Бу сайловга тайёргарлик ишларининг тўғри ташкил этилишини кафолатлайди.
— Умуман олганда, хорижий ёки миллий кузатувчиларнинг асосий вазифаси нималардан иборат?
— Кузатув сайловчилар рўйхатини тайёрлаш ишларини, участка сайлов комиссияларини тузишни, сайловолди кампаниясининг ишларини кузатиб бориш, сайлов куни кузатув олиб бориш, овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиш, аризаларни бериш жараёнини кузатиб боришни ўз ичига олади. Кузатувни сайлов участкаларида сайлов ўтказилишига масъул деб тайинланган шахслар; партия кузатувчилари, номзоднинг вакиллари, сайловнинг ҳаққоний ўтказилишини таъминлайдиган, ўз партияси, ўз номзоди манфаатларининг чекланишига йўл қўймайдиган манфаатдор шахслар; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан биттадан кузатувчи, мустақил кузатувчилар, жараённи таҳлил қилишдан манфаатдор шахслар, шунингдек, ҳам текширувчи, ҳам ёритувчи ролини бажарадиган оммавий ахборот воситалари амалга ошириши мумкин.
Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида маълум қиладилар. Кузатувчиликка номзодлар тўғрисидаги тўлиқ ахборот ва маълумотлар комиссияга тақдим этилади. Овоз бериш ва сайлов ўтказилгунга қадар ўн беш кундан кам вақт қолган бўлса, округ сайлов комиссияси кузатувчиликка номзодлардан ариза қабул қилмайди.
Округ сайлов комиссияси манфаатдор ташкилотлардан ариза олинганидан кейин беш кун ичида тегишли тартибда мандатни кузатувчи учун беради. Мандат намунаси Ўзбекистон ҳудудида ягона ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси партиялар, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлар кузатувчилари учун мандат намунасини белгилайди.
Кузатувчининг мандати унинг мақомини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Ҳужжат паспорт ёки унинг ўрнига шахсни тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилганда ҳақиқийдир. Сайлов участкасига кузатувчининг юборилганлиги тўғрисида участка сайлов комиссиясини олдиндан хабардор қилиш талаб қилинмайди.
Умуман олганда, кузатувчилар фаолиятини икки даврга бўлиш мумкин. Яъни овоз берилгунга қадар бўлган фаолият ва сайлов куни овоз бериш жараёни устидан амалга ошириладиган кузатув шулар жумласидандир.
— Хўш, сайловга қадар кузатув билан сайлов кунидаги кузатувнинг ўзига хос жиҳатлари нималарда намоён бўлади?
— Овоз берилгунга қадар бўлган фаолият сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш учун тайёрланган хоналарни, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини кузатишдан иборат. Сайлов куни кузатувчилар овоз беришнинг ўз вақтида бошланишини, фуқароларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида биттадан сайлов бюллетенларининг берилишини, овоз беришнинг бориши ва овоз бериш жараёнининг ўз вақтида якунланишини кузатадилар.
Овоз бериш куни номзодлар, шунингдек, хорижий (халқаро) кузатувчилар тегишли ҳар бир участка сайлов комиссиясига бир нафар номзоддан кузатувчи юборишга ҳақли. Мазкур кузатувчилар участка сайлов комиссиясида овозларни санаб чиқиш якунлангунга қадар ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.
Овоз бериш якунлангач, кузатувчилар овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг овоз бериш натижалари бўйича баёнларини тузишда ҳозир бўладилар. Участка сайлов комиссияси аъзосининг ёки кузатувчининг сўровига кўра, участка сайлов комиссияси овоз бериш натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини бериши шарт.
Агар кузатувчиларда сайлов участкасида қонунбузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори сайлов комиссиясига маълум қиладилар. Юқори сайлов комиссияси ахборотни кўриб чиқиши ва кузатувчиларга тегишли жавоб қайтариши шарт.
Айни пайтда кузатувчилар ҳаракатига оид бир қатор тақиқлар мавжуд. Бу норма алоҳида амалий аҳамиятга эга.
Дейлик, кузатувчининг хатти-ҳаракати яширин овоз бериш тартиб-таомилини бузса ёки у сайловчининг хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир ўтказса, у дарҳол овоз бериш биносидан чиқариб юборилади. Бу ҳақда участка сайлов комиссияси томонидан қарор қабул қилинади. Кузатувчилар сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида ҳозир бўлмасликлари лозим. Агар кузатувчи овоз бериш вақтида сайловчи билан кабинада бўлса, бу қонунбузилишига йўл қўйилган деб ҳисобланади. Бошқача айтганда, кузатувчиларнинг сайловчиларга бевосита ёки бошқа усуллар билан таъсир ўтказишга, ташвиқот олиб боришга ёки бирон-бир номзод ҳақида материал тарқатишга ҳаққи йўқ.
Шунингдек, кузатувчиларга сайловчилар кабинадан чиққандан кейин уларнинг кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ҳам ман этилади. Агар кузатувчи овоз бериш биносида овоз бериш жараёнида сайловчилардан уларнинг кимни ёқлаб овоз бериш истагида эканликларини суриштирса, бу яширин овоз бериш тартиб-таомилини бузганлик, деб баҳоланади.
Бундай ҳолларда участка сайлов комиссиясининг раиси бундай ҳаракатларни содир этмаслик ҳақида кузатувчини огоҳлантириши зарур.
Кузатувчиларнинг бундай ҳаракатларини тақиқлайдиган ушбу қоидалар сайловни адолатлилик асосида ўтказиш, шунингдек, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш принципларини амалга оширишнинг кафолати ҳисобланади.
Шунингдек, кузатувчиларнинг овоз беришни ташкил қилишда иштирок этишлари қонунда назарда тутилмаган ва кузатувчилар томонидан сайловчиларга сайлов бюллетенини бериш тақиқланади. Агар сайловчи кузатувчидан сайлов бюллетенини олаётганда имзо қўйишда ёки сайлов бюллетенини тўлдириб беришда ёрдам сўраб мурожаат қилса, сайловчининг илтимосини бажаришга кузатувчининг ҳаққи йўқ.
Кузатувчиларга участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш ва фикр билдириш ман этилади. Улар фақат қонунийликка риоя этилишини кузатадилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аҳолининг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ҳар томонлама ўзида намоён қилувчи муҳим сиёсий жараёнда кузатувчиларнинг иштироки сайловнинг ошкоралиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаши билан аҳамиятлидир.
“Adolat” мухбири
Саодат СОДИҚОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзим истиқомат қилаётган ҳудудда жойлашган озиқ-овқат дўконидан йогурт ва қатиқ сотиб олгандим. Уйга келиб, уни очиб кўрганимда таъми бузилгани, но...
01 янв 1970
«Рибо» луғатда зиёда маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда ҳеч қандай ҳақсиз ортиқча мол олишга айтилади. ...
01 янв 1970
Оила қуриш арафасида турибман. Шу боис менга никоҳ шартномаси ҳақида маълумот берсангиз....
01 янв 1970
Бизга маълумки, шартномалар хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни тартибга солишда асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади....