Бюджет ва бандлик масалалари — депутатлар эътиборида

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш аввалида “2017 йилги Бюджетнома – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳамда солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишларининг лойиҳалари тўғрисида”ги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари М.Мирзаевнинг ахбороти тингланди.
Маърузада таъкидланганидек, жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари секинлашиб, дунё бозорида экспорт товарларининг нархи пасайиб бораётган шароитда Ўзбекистон Республикасида Давлат бюджети охирги йилларда профицит билан ижро этилаётгани олиб борилаётган солиқ ва бюджет сиёсатининг самарадорлигини тавсифловчи кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
2017 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси ҳам макроиқтисодий мувозанат ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш, давлат бюджети баланслилиги ва барқарорлигини таъминлаш, давлат қарзининг асоссиз равишда ошишига йўл қўймаслик, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини янада оширишни таъминлаш сингари муҳим вазифаларни назарда тутади. Шунингдек, 2017 йилги Бюджетнома лойиҳасида давлат бюджетининг даромадлар базаси солиқ юкини (даромадларни ЯИМга нисбатан) янада пасайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигини яхшилаш, чуқур таркибий ўзгартиришлар ва муҳандислик, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини юритиш ҳамда маҳаллий бюджет харажатларини оптималлаштириш ҳисобига субвенция олувчи ҳудудлар сонини қисқартириш кўзда тутилган.
Кун тартибидаги масала муҳокамаси доирасида фракция аъзолари 2017 йилда Давлат бюджети ижтимоий харажатларининг аввалги йиллардаги каби устуворлиги сақланиб қолиши, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойларни қуриш Дастури билан биргаликда жами харажатларнинг 59,7 фоизи ёки ялпи ички маҳсулотнинг 12,0 фоизини йўналтириш кўзда тутилаётганини эътироф этиб ўтишди.
Шунингдек, фракция аъзолари келгуси йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи тўловлари, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори инфляция даражасидан юқори миқдорларда оширилишининг давом эттирилиши, бу билан уларнинг турмуш даражаси ва харид қобилияти янада ошишига имкон берилиши Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг электорати манфаатига мос келишини қайд этишди. Зеро, “Адолат” СДП юқори малакали мутахассислар, бюджет соҳаси ходимлари, педагоглар, шифокорлар, муҳандис-техник ва илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳалари ходимларини социал-демократларнинг бош ижтимоий таянчи сифатида эътироф этиб келади.
Людмила КОШЕЛАПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Келгуси йилда таълим харажатлари 18,0 фоизга ўсиши, бу харажатлар ЯИМга нисбатан 6,9 фоизни ташкил этиши кўзда тутилаётгани, шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилажак харажатлар ЯИМга нисбатан 2016 йилги 2,8 фоиз ўрнига 3,0 фоиз маблағни ташкил этиши назарда тутилаётгани Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад-вазифаларга тўла мослиги билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари, 2017 йилги Давлат бюджети лойиҳасида фан соҳасига ажратиладиган харажатлар жорий йилга нисбатан 13,0 фоизга ортиши режалаштирилмоқда. Бу маблағлар мамлакатимизда фанни янада ривожлантириш ва давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни жадаллаштиришга хизмат қилиши муқаррар. Айни пайтда сарфланадиган маблағларнинг манзиллилигини таъминлаш мақсадида фан соҳасининг айнан қайси муҳим йўналишлари учун ажратилишига оид маълумотлар давлат бюджети лойиҳасида аниқ ва асосли акс эттирилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, фракция аъзолари давлат бюджети лойиҳасида қишлоқ хўжалиги ташкилотларида энергия ҳажмини қисқартириш ва энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирларга зарур маблағлар ажратилишини қўллаб-қувватладилар. Депутатлар давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида Молия вазирлигидан давлат бюджети лойиҳаси параметрлари билан боғлиқ қўшимча ахборотни тақдим этишлари мақсадга мувофиқлигини таъкидлашди.
Фракция аъзолари томонидан кун тартибидаги масала юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар вакилларига партия позициясидан келиб чиқадиган савол ва таклифлар йўлланди ҳамда 2017 йилга мўлжалланган Бюджетнома маъқулланди.
Шу билан бирга, йиғилишда “2017 йилга аҳоли бандлиги дастури” лойиҳаси тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди. Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири ўринбосари Б.Низомовнинг ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, дастур лойиҳасида келгуси йил 789,6 минг иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, уни ишлаб чиқишда ҳудудлар ва тармоқларнинг ривожланиш хусусиятлари, меҳнат бозоридаги вазият, иш ўринларига бўлган эҳтиёж ва имкониятлар ҳар томонлама ҳисобга олинган.
Келгуси йилга мўлжалланган аҳоли бандлиги дастури туман ва шаҳарлар халқ депутатлари кенгашлари, барча даражадаги ҳокимликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектларининг бевосита иштирокида ишлаб чиқилган бўлиб, унда янги объектларни ишга тушириш, фаолият юритаётган ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, қайта жиҳозлаш ва улардан тўлароқ фойдаланиш, тўхтаб қолган корхоналар, биринчи навбатда, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларидаги корхоналарнинг фаолиятини тиклаш, инфратузилма, коммуникация, уй-жой қурилиш ҳажмларини кенгайтириш ҳисобига иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Меҳнат вазирлиги вакилининг ахборотидан кўриниб турибдики, 2017 йилда аҳоли бандлиги дастурига асосан барча туман ва шаҳарларда, биринчи навбатда, ёшларни, имконияти чекланган шахслар ва четдан келаётган меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш бўйича замонавий усуллар жорий этилиши назарда тутилган. Жумладан, бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкиллаштиришда тижорат банклари, солиқ органлари, “ягона дарча” хизматининг мутахассислари жалб этилиши кўзда тутилган. Бундай механизмлар ярмаркалар иштирокчиларига кредит олиш ва ўз бизнесини бошлашга кўмак вазифасини ўташи билан аҳамиятлидир. Шунингдек, банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш учун ҳудудий меҳнат органлари фаолиятида замонавий ахборот технологияларидан, иш қидиришнинг ихтисослаштирилган дастурларидан самарали фойдаланиш, вазирликнинг www.mehnat.uz ҳамда Давлат интерактив хизматларининг ягона портали — www.my.gov. uz вебсаҳифаларидаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар иш излаётган фаол фуқароларнинг ўзларига мос иш топишлари учун хизмат қилади. Бу, албатта, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш орқали очиқлик, ошкораликни таъминлаш, бандлик соҳасидаги янгиликлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга доир дастурий мақсадларимизга ҳамоҳангдир.
Муҳокама жараёнида фракция аъзолари мазкур дастур инвестицион лойиҳалар ва бошқа иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш дастурлари билан ўзаро боғланганлиги, иш ўринларини яратиш ва бандликни таъминлаш бўйича эҳтиёжлар, ишга жойлаштиришнинг имкониятлари ва йўналишлари аниқлаштирилганлиги, ёшларни иш билан таъминлаш масалаларига, жумладан, коллежларда тадбиркорлик фаолияти ва ишга жойлаштириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, интернетда махсус портал ташкил этиш, имтиёзли кредитлар ажратиш масалаларига эътибор қаратилганлиги билан олдинги дастурлардан фарқ қилишини қайд этишди.
Айниқса, таълим муассасалари битирувчиларининг ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминланиши назарда тутилаётгани “Адолат” СДП дастурий мақсадларига ҳамоҳанг эканлиги эътироф этилди.
Фракция аъзолари, шунингдек, дастурнинг бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш ва жойларда уни амалга оширишда депутатлик бирлашмалари иштирокини кенгайтириш, яратилаётган иш ўринларининг сақланиши ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш, меҳнат бозорида ўз мутахассислиги бўйича иш топишга қийналаётган фуқаролар, хусусан, ёшларни касбга қайта тайёрлаш ишларини тизимли йўлга қўйиш, меҳнат бозорига тайёр мутахассисларни тайёрлаш ишларини такомиллаштириш мақсадида олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимида таълим сифатини янада яхшилаш лозимлигини таъкидладилар.
Йиғилишда бандлик масаласи жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши ҳамда “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ушбу масалалар устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланганлигидан келиб чиқиб, келгусида унинг сифатли бажарилишини таъминлаш борасида мутасадди ташкилотлар масъулиятини янада ошириш чоралари белгиланиши мақсадга мувофиқ эканлиги айтиб ўтилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари кун тартибидаги масала бўйича ўз таклиф-тавсияларини билдирдилар ва 2017 йилга мўлжалланган Бандлик дастури лойиҳасини маъқулладилар.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ҳар қандай давлат ёки жамиятда фикрлар хилма-хиллиги мавжуд ва бу жараён, ўз навбатида, юрт тараққиётига, эл равнақига хизмат қилади. Табиийки,...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва жамиятимизни модернизациялаш жараёнларида парламент муҳим ўрин тутади. ...