фарзандликка олиш тартиби

/
— Ўзимга тегишли уй-жойни катта набирамга мерос қилиб, васиятнома ёзган эдим. Лекин васиятномани расмийлаштирганимиздан кейин унинг менга нисбатан аввалги ғамхўрлиги, муносабати ўзгариб қолди. Шу сабабли ҳовли-жойимни бошқа бировга мерос қилиб қолдирмоқчиман. Айтинг-чи, аввалги ёзган васиятномамни ўзгартиришим ва меросхўрнинг кимлигини ҳатто нотариус ҳам билмаслиги мумкинми?
Ў.Акмалхонов, Тошкент вилояти

— Амалдаги мавжуд қонунларимизга кўра, васият қилувчи истаган пайтида ўз васиятномасини бекор қилишга ёки унда мавжуд бўлган айрим васият кўрсатмаларини янги васият тузиш орқали бекор қилишга, васиятни ўзгартиришга ҳамда васиятномани тўлдиришга ҳақли.
Шунингдек, васиятнома васият қилувчи томонидан ёки васият қилувчининг фармойишига биноан нотариус ёки бошқа мансабдор шахслар томонидан унинг барча нусхаларини йўқ қилиб ташлаш йўли билан бекор қилиниши мумкин.
Янги васиятнома тузиш орқали олдин тузилган васиятнома тўлалигича ёки унинг кейинги васиятномага зид бўлган қисми бекор қилинади.
Агар васият қилинувчи томонидан кейинги васиятнома ўз навбатида бекор қилинган ёки ўзгартирилган бўлса, янги васиятнома тузиш орқали тўлалигича ёки қисман бекор қилинган олдинги васиятнома қайта тикланмайди.
Иккинчи саволингиз, яъни васиятномани барчадан, шу жумладан, нотариусдан ҳам сир тутиш истагингизга келадиган бўлсак, бунда васият қилувчининг хоҳишига кўра, васият нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқмасдан, махфий равишда тасдиқланади. Бу жараёнда васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан ёзилиб, шахсий имзоси билан тасдиқланади ва икки гувоҳ ҳамда нотариус иштирокида хатжилдга солиниб елимланади. Гувоҳлар исм-шарифлари ва турар жойларини кўрсатган ҳолда, ушбу хатжилдга имзо чекканларидан кейин, нотариус томонидан бу хатжилд яна бир бошқа хатжилдга солинади, елимланади ва тасдиқланиб, устхати ёзиб қўйилади.
Саволга Зангиота тумани ДНИ нотариуси
Гўзал МАНСУРОВА жавоб берди.
 
— Турмуш ўртоғим билан фарзандликка бола олишга қарор қилдик. Илтимос, газетангиз саҳифасида фарзандликка олиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз.
Н.Дамирова, Чиноз тумани

— Маълумки, ҳар бир инсон гўдак сифатида дунёга келади, оила муҳитида тарбияланади ва вояга етади. Оила — бу яшаш муҳити, мураккаб ўзаро муносабатлар мажмуи, инсонни шахс сифатида шакллантирувчи макон. Бола оилада ўзини муҳофазаланган ва бахтиёр сезади. Бироқ баъзида турли хил сабабларга кўра, болалар ота-она қарамоғидан маҳрум бўладилар ва уларни яна қайтадан оила муҳитига қайтаришнинг ҳуқуқий шакли — бу фарзандликка олишдир.
Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.
Оила кодексининг 152-моддасига асосан, вояга етган эркак ва аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин. Лекин қуйидаги шахслар:
- ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
- қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
- асаб касалликлари ва наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;
- ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганлиги, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинувчиларга шафқатсиз муносабатда бўлганлиги ва бошқа асосларга кўра фарзандликка олиш бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар;
- қасддан содир қилган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар бундан мустасно.
Ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади. Агар бола фарзандликка олувчининг оиласида тарбияланган ва уларни ўз ота-онаси деб таниган бўлса, унинг ёшидан қатъи назар, розилиги талаб қилинмайди.
Саволга Зангиота тумани ФҲДЁ бўлими инспектори
Умида АЗИМОВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу пайтгача ҳам бу ердаги саноат корхоналарида олимлар томонидан турли ихтиролар, ишланмалар, кашфиётлар ҳаёт талаби билан яратилар, қисман ишлаб ч...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби сиёсий жараёнларда ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда....
01 янв 1970
алаб ва таклиф тадбиркор фаолиятининг ўзига хос мезонларини белгилайди, десак янглишмаймиз....
01 янв 1970
Сайлов — бу фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришдаги иштирокини таъминловчи ҳуқуқий воситадир....