Келажагимиз эгаларига ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси

/
Мамлакатимиз банк-молия муассасалари томонидан ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ва шу орқали уларнинг истиқболли бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда молиялаштириш, ёш оилаларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, олий ўқув юртларида таълим олаётган ўғил-қизларимизга яқиндан кўмак бериш ва шу мақсадда ипотека, истеъмол ва таълим кредитларининг ажратилаётгани келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.
Дарҳақиқат, жонажон Ўзбекистонимизнинг ёруғ истиқболини толеи нурли фарзандларимиз тимсолида кўрамиз. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай, ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб улғайиши учун барча зарур шарт-шароит яратилган ва албатта, ўғил-қизларимизнинг ўз истеъдод ва қобилиятларини амалда намоён этишларига кенг имконият, имтиёзлар яратиб берилаётир. Буни теран англаган ёшларимиз ҳар соҳада фаол ва ташаббус кўрсатаётганлиги барчамизга мамнунлик бағишлайди.
Маълумки, энг самарали сармоя бу ёшларнинг таълим олишига сарфланган сармоядир. Бунинг натижаси тезда кўзга ташланмаса-да, келажакда берадиган самарасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
«Агробанк» акциядорлик-тижорат банки ҳам ёшларнинг замонавий таълим олишига яқиндан кўмак бериб келмоқда. Жорий йилнинг 1 октябрига қадар 34,2 миллиард сўм таълим кредити учун йўналтирилгани фикримизнинг далилидир. Бунинг натижасида ушбу имтиёздан 7 минг 290 нафар йигит-қиз фойдаланиб, талабалик гаштини суришга муваффақ бўлди.
Хусусан, “Агробанк” АТБнинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан олий таълим муассасасида таҳсил олаётган 207 нафар талабага жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 1 миллиард сўмга яқин таълим кредитлари ажратилди. Бу эса ёшларимизнинг олий ўқув юртларида ўзи танлаган мутахассисликлар бўйича замонавий ва сифатли таълим олишига кенг имконият яратмоқда.
— Инсон ҳаётда тўкис ва фаровон яшашни орзу қилади. Бу, албатта, ўз ўзидан бўлмайди. Тинимсиз меҳнат ва изланишни талаб этади, — дейди Гулистон давлат университети талабаси Муҳаррам Рўзиметова. — Мен ҳам шу қоидага амал қилган ҳолда устозларимдан билим ва кўникмаларни мукаммал ўзлаштиришга интилдим. Ўз устимда ишладим. Олий ўқув юртига кириш учун фанлардан пухта тайёргарлик кўрдим. Интилишларим ўз самарасини бериб, Гулистон давлат университетига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиндим. Давлатимиз томонидан биз, ёшлар келажагини ўйлаб барча имкониятлар яратиб берилган. Айниқса, таълим кредитининг жорий этилганлиги қувонарлидир. Бу улкан ғамхўрлик ёшларимизни янги марраларга чорламоқда. Албатта, шу ўринда “Агробанк” АТБнинг Гулистон ҳудудий филиалига менга таълим кредити ажратилгани учун миннатдорлик билдираман.
— Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликка жавобан юртимиз ёшлари ҳар соҳада истеъдод ва маҳоратларини намоён этишга ҳаракат қилмоқда, — дейди Тошкент тиббиёт академияси талабаси Адҳам Байманов. — Тошкент тиббиёт академиясига тўлов-контракти асосида ўқишга кирдим. Ўқишни бошлашим учун Ховос филиалидан олган таълим кредити қўл келди. Мен банк жамоасидан миннатдорман. Тиббиёт академиясида замонавий билим олиб, келажакда инсонлар дардига малҳам бўладиган фидойи ва тажрибали шифокор бўлишга интилмоқдаман.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Агробанк” АТБ сармоялари мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиётига, аҳоли фаровонлигини таъминлашга, қолаверса, ёшларимизнинг ҳаётда ўз ўринларини топишига ҳисса қўшиш ва шу орқали юртимиз ривожи йўлида фаолият кўрсатаётган тадбиркор-у ишбилармонларга тезкор ва замонавий банк хизматлари кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда.
Хайрулла ХОЛТЎРАЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
«Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда аҳоли ва тадбиркорларга банк хизматларини кўрс...
01 янв 1970
Айни пайтда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни киритиш натижасида ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ижобий ўзгаришлар амалга ошири...
01 янв 1970
“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан 1809,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар сарфланди...
01 янв 1970
Оҳалик тоғ ёнбағридаги маъмурчиликнинг тўкин дастурхонига айланган кўркам манзара экотуризм нуқтаси сифатида ҳам кўплаб хорижий сайёҳларни ўзига жа...