Гиёҳвандлик — аср вабоси

/
Эрталаб уйдан хурсанд бўлиб чиқиб кетган Нозима тушдан сўнг йиғлаб кириб келди. Қизининг аҳволини кўрган Жамила опа шошиб қолди, ундан нега йиғлаётганини сўради.
Нозима никоҳ олди тиббий кўрик вақтида шифокорлар бўлажак куёвда гиёҳвандликка хос аломатлар кўзга ташлангани ҳақида таъкидлашганини айтди. Буни эшитган онанинг бошидан муздек сув қуйиб юборилгандек бўлди. Сўнг ўзини қўлга олиб, қизини юпатди.
— Майли, болам, йиғлама. Яхшиямки, бу тўйдан олдин маълум бўлибди. Ундан кейин билганингда нима қилардинг?
— Ойи, дугоналарим ва таниш-билишларнинг олдида хижолат бўлганим-чи?
Шу топда Жамила опа қизининг олдида ўзини айбдор сезди. Чунки йигитнинг холаси ва аммаси жиянини хўп мақташганида соддадил аёл уларнинг гапига ишониб, розилик берганди.
Шу тариқа тўй тўхтатилди. Афсуски, бундай нохуш ҳолатлар кундалик ҳаётимизда онда-сонда бўлса ҳам учраб турибди.
Маълумки, гиёҳвандлик иллатига қарши халқаро миқёсда мислсиз кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, дунё бўйича тахминан 80 миллион одам гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган. Шифокорларнинг таъкидлашича, гиёҳвандлар ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан жуда тез қарийди. Айниқса, гиёҳванд модда сифатида баъзи кимёвий воситаларни истеъмол қилиш натижасида соғлиғи тубдан ёмонлашиб, маълум вақт давомида (ўлимга қадар) гиёҳванд инсон боласига хос бўлмаган тарзда ҳаёт кечиради.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-276-моддаларини ўз ичига олган XIX боби “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар” дея номланиб, бунинг учун қатъий жазо чоралари белгиланган. Аммо жазо қанчалик оғир ва муқаррар бўлмасин, ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган айрим инсонларнинг кўзи очилиши қийин. Энг ачинарлиси, гиёҳвандликка дучор бўлганлар ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётганлар орасида аёлларнинг ҳам борлигидир. Шу ўринда гиёҳвандликнинг энг аянчли оқибатлари фарзандлар тақдири билан боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Аввало, гиёҳванд шахснинг фарзанди ногирон, яъни жисмоний ёки ақлий нуқсон билан туғилади. Қолаверса, унинг организми гиёҳвандликка мойил бўлади. Шундай экан, бундай фарзанднинг келажакда гиёҳвандликка чалинмаслигига ёхуд мазкур офатдан холи улғайишига кафолат бериш қийин. Яна бир жиҳати, ён-атрофдагилар гиёҳванд шахснинг фарзандини келин ёки куёв қилишдан ҳам ўзларини олиб қочишади. Инсон учун бундан ортиқ иснод бўлмаса керак.
Албатта, бугунги дориломон кунларда дунёга келаётган ва вояга етаётган соғлом авлодни, фарзандларимизни гиёҳвандлик балосидан асраш биз, катталарнинг энг асосий вазифамиздир. Шу мақсадда шаҳримиздаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари хусусида кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бораяпмиз. Зеро, умр инсонга берилган тенгсиз инъомдир. Унинг қадрига етиш, мазмунли умргузаронлик қилиш, аввало, ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Гиёҳвандлик эса инсон умрини емириш, саломатлигига, оиласидаги тўкин-сочинликка путур етказиш билан бирга элу юрт олдида бошини хам қилиб қўяди. Бир сўз билан айтганда, гиёҳвандликнинг олдини олиш ва бу иллатга қарши курашиш ҳар биримиздан масъулиятли ва огоҳ бўлишни тақозо этади.
Гулноза ЗОКИРОВА,
Фарғона шаҳар 1-сон ФҲДЁ бўлими мудири вазифасини бажарувчи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қорақалпоқ халқи маданияти ва санъати тарихида бахшичилик эл орасида ўзининг кўп сонли мухлисларига эга бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбат
01 янв 1970
Сўнгги йилларда авваллари ўқимаган, аммо ўқишим зарур бўлган кўплаб китобларни ўқидим. Кимнингдир таклифи билан эмас, ўзимда эҳтиёж пайдо бўлганида...
01 янв 1970
Жаҳон почта конвенцияси талаблари ҳамда республикамизда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, қимматбаҳо металлардан ясалган зар...