Ҳуқуқий маслаҳат

/
— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқлари ҳақида маълумот берсангиз.
Э.Дарвешев,
Сурхондарё вилояти

— “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 285-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқларининг кафолатлари белгиланган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинганларнинг ҳаммаси тенг ҳуқуқларга эгалиги қайд этилган.
Шунингдек, ушбу қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод рўйхатга олинганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (шаҳар йўловчилар транспортидан, таксидан ва транспорт бошқа турларининг буюртма йўналишларидан ташқари) текинга юриш ҳуқуқига эга бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори бунга розилик берган тақдирда Марказий сайлов комиссиясини дарҳол хабардор этади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни мажбурий келтириш, шунингдек, унинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жой ва хизмат биноларини кўрикдан ўтказишга йўл қўйилмайди.
— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Президентликка номзодларни рўйхатга олиш муддати қачонгача? Қандай тоифадаги шахслар номзод сифатида рўйхатга олиниши тақиқланади? Шу ҳақида маълумот берсангиз.
Н.Асадова,
Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинган шахсга қонунга мувофиқ рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддат ичида Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилиясини, исми ва отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини, иш ва яшаш жойини, шунингдек, уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.
Қуйидагилар:
қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар;
ўзларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб этилаётган фуқаролар;
диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.
— Президентликка номзодлар сайлов кампанияси даврида ўз шахсий маблағларидан фойдаланишлари мумкинми?
Р.Иноғомова,
Тошкент вилояти

—“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан молиявий таъминлаш ва ўзга тарзда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тақиқланиши мустаҳкамлаб қўйилган. Демак, Президентликка номзод сайлов кампанияси даврида ўзининг шахсий маблағларидан фойдалана олмайди.
Саволларга ҳуқуқшунос
А.РАҲМОНОВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯ, НАФАҚА ВА СТИПЕНДИЯЛАРНИ ТЎЛАШ МЕХАНИЗМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
“Кат” маҳалласи аҳли билан бўлиб ўтган учрашув иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди....
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий кенгаш депутатлари зиммасидаги масъулият янада ортди. ...
01 янв 1970
Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий манбаи қонундир.