Партиянинг қуйи ташкилотлари сайлов кампаниясида фаол иштирок этмоқда

/
Мамлакатимизда партиялараро сиёсий рақобат муҳитида, демократик тамойиллар асосида кечаётган сайлов кампанияси қизғин паллага кирмоқда. Миллий сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси асосида партиямизнинг барча бўғиндаги тузилмалари ўз зиммасидаги масъулиятни чуқур англаган ҳолда сайлов кампаниясида фаол қатнашаяпти. Шу кунларда партиянинг шаҳар, туман ташкилотларининг навбатдан ташқари конференциялари бўлиб ўтмоқда.
Тошкент шаҳар. Ўзбекистон “Адолат” СДП Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур ва Яшнобод туман кенгашларининг конференцияларида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари VII конференциясига делегатлар сайлаш масаласи муҳокама қилинди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатиладиган номзодни қўллаб-қувватловчилар имзоларини тўплаш юқори тайёргарлик асосида ўтганлиги алоҳида қайд қилинди. Иштирокчилар сайлов кампаниясида туман партия ташкилотларининг галдаги долзарб вазифалари хусусида атрофлича фикр-мулоҳаза юритдилар.
— Сайлов кампаниясида аҳоли ўртасида партия мафкурасини илгари суриш, профессионал маҳорат, сиёсий салоҳиятимиздан кенгроқ фойдаланиш, партия фаолларидан иборат ташаббускор гуруҳларнинг самарали ишлашига эришиш туман ва шаҳар партия ташкилотларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади, — деди Юнусобод туман партия кенгаши раиси Маҳбуба Орифхонова. — Айниқса, партиямиз позициясини амалга оширишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлари билан ҳамкорликда ишлаш, аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти ҳамда БПТларнинг фаоллигини кучайтириш зарур.
Ўз навбатида, конференцияда ҳисобот даврида амалга оширилмаган ишлар, йўл қўйилган камчиликларга ҳам холисона баҳо берилиб, бундан тўғри хулоса чиқариш, жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган умумхалқ сайловига пухта ҳозирлик кўриш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Самарқанд. Мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари фаолиятини демократик талабларга мос ҳолда ривожлантириш, аввало, ҳар бир фуқаронинг ижтимоий-сиёсий жараёнларга чуқур дахлдорлик билан қараб, фаол иштирок этишини тақозо қилмоқда.
Ўз электорати манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш баробарида Ватан равнақи ва фаровонлигига эришишни мақсад қилган сиёсий партиялар эса айни шу масалада ташаббускорлик кўрсатишлари, халқнинг бунёдкорлик куч-ғайратини аниқ ишларга қарата олишлари лозим.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тайлоқ туман кенгашининг навбатдан ташқари конференцияси ана шундай фикр ва мақсадларни ўзида мужассамлаштирган ҳолда юксак уюшқоқлик ва сиёсий ишчанлик муҳитида ўтганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Партия фаоллари, БПТлар раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва ОАВ вакиллари иштирок этган ушбу конференцияда туман партия кенгаши раиси Нилуфар Акрамова ҳудуд аҳолиси ўртасида партиямизга қизиқиш ва эътибор ортиб, соҳалар тараққиёти билан боғлиқ ҳамда фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда фаол сафдошларимизнинг ташаббускорлиги тобора кўпроқ намоён бўлаётганини таъкидлади.
— Партиядошларимизнинг фидойилиги, сиёсий маҳоратини кўрсатувчи бундай фаоллик қуйи бўғинлар фаолияти анча кучайганида ҳам кўзга ташланади, — деди Н.Акрамова. — Вилоят партия кенгашининг конференциясига ўз фаолиятида инсонпарвар ғояларимиз, электорат манфаатларини рўёбга чиқаришда яхши тажриба тўплаган, сиёсий етук сафдошларимиздан делегатлар сайлашимиз айни муддаодир. Бундай фаол партиядошларимиз орасида ёшлар ҳам борлигини алоҳида келтириб ўтиш лозим.
Анжуман иштирокчилари қайд этганидек, партия кенгаши электорат билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, улар ўртасида сиёсий тарғиботни кучайтириш, депутатлар фаолиятини ҳокимият вакиллик органида кўриб чиқиладиган муҳим масалаларга қаратиш орқали партия дастуридаги талайгина вазифаларни амалга ошира олган. Ўтган вақт мобайнида халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида партия дастурига мос иккита таклиф муҳокама этилиб, улар юзасидан тегишли қарор қабул қилинганлиги фикримизнинг тасдиғидир. Электорат билан ишлаш борасида тўпланган тажриба жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакат Президентлигига бўлиб ўтадиган сайлов жараёнида яна яққол намоён бўлиши лозим.
Музокараларда туман тиббиёт бирлашмаси қошидаги бошланғич партия ташкилоти раиси Азиза Эрматова, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Сулаймон Боқиев, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоси Лочин Шукуров ва бошқалар сўзга чиқиб, партиявий фаолиятни янада кучайтириш, мамлакатимиздаги демократик жараёнларни қўллаб-қувватлаш ва вилоят партия кенгаши конференциясига муносиб делегатлар сайлаш юзасидан аниқ таклифлар билдирдилар.
Сурхондарё вилоятидаги шаҳар ва туман партия ташкилотларининг конференциялари ҳам юқори савияда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича белгиланган режага асосан барча ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш лозимлиги конференция қатнашчиларининг диққат марказида бўлди.
— Бугунги тезкор давр барчамиздан ташаббускор ва илғор, замон билан ҳамнафас бўлишни талаб этади, — дейди Денов туман партия кенгаши раиси Абдуолим Бўриев. — Айниқса, партия фаоллари ва аъзоларининг сиёсий жараёнда бевосита иштирок этишини назарда тутсак, шубҳасиз, биз бир қадам олдинда бўлишимиз керак. Шундай экан, ҳар биримиз фаоллик кўрсатиб, сайловнинг кўтаринки руҳда ўтишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз шарт.
Анжуманда асосий эътибор Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгашининг VII конференциясига делегатлар сайлашга қаратилди. Мазкур жараёнда делегатлар зиммасига алоҳида масъулият юклатилиши, яъни улар вилоят конференциясида дастурий мақсадларимиз ҳамда туман партия ташкилоти манфаатларидан келиб чиқиб иш олиб боришлари зарурлиги алоҳида эътироф этилди. Баҳс-мунозаралар ҳамда ўзаро фикр алмашувлар руҳида ўтган конференцияда партия ишида ҳар жиҳатдан ибрат кўрсатаётган, ташаббускор, электорат эътиборини қозонган сафдошларимиз, маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти ҳамда БПТ фаолларидан иборат делегатлар сайлаб олинди.
— Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён саналган бўлажак сайловга пухта тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишга муносиб ҳисса қўшиш асосий вазифамиз саналади. Шундай экан, сиёсий партия аъзосига хос қатъият, ишонч ва ташаббускорлик билан ишлашимиз керак, — дейди вилоят партия кенгаши конференциясига делегат этиб сайланган, халқ депутатлари Денов туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Холиёр Ирисметов. — Сайловолди тадбирлари асносида партиямиз ва партия номзодининг дастурларини кенг жамоатчиликка етказишда ҳам бор куч ва имкониятимизни сафарбар этамиз.
Иштирокчиларнинг фикрича, ўтган сайловлар давомида орттирилган тажриба, кейинги йилларда қуйи партия ташкилотларининг фаолияти сезиларли равишда такомиллашгани бу борада ўз самарасини намоён қилади, албатта.
Конференциялар доирасида қуйи партия ташкилотларидаги сайлов штаблари ҳамда ишчи гуруҳлар фаолиятини намунали йўлга қўйиш чора-тадбирлари хусусида фикрлашиб олинди.
Қорақалпоғистон. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид ислоҳотларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг устувор дастурий вазифаларидан саналади.
Буни теран англаган Ўзбекистон “Адолат” СДП Кегейли туман кенгаши фаоллари доим электорат орасида бўлиб, уларнинг ҳуқуқий-сиёсий билимларини ошириб бориш билан бир қаторда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидаги фаол иштирокига ҳам катта эътибор қаратиб келмоқда. Бу эса ўтган йиллар давомида мамлакатимизда демократик тамойиллар асосида бўлиб ўтган сайловларда ўз аксини топди.
Кегейли туман партия кенгашининг навбатдан ташқари конференциясида мамлакатимизда жорий йилнинг 4 декабрида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси билан боғлиқ барча чора-тадбирларни белгиланган режалар асосида уюшқоқлик билан олиб бориш хусусида атрофлича фикрлашиб олинди.
Шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшларга теран тушунтириш, электоратни ўйлантираётган муаммоларнинг аниқ ечимини топишга кўмаклашиш партия фаолларининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Зеро, сиёсий партия фаолиятига баҳо берилганда ушбу партия фаолларининг ўз электорати фуқаролар ишончини нечоғлик оқлаётгани муҳим мезон ҳисобланади.
Халқ депутатлари Кегейли туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Маржан Шолтаеванинг таъкидлашича, электорат томонидан билдирилаётган мурожаатларнинг ижобий ечим топишига эришиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, маҳаллий Кенгаш сессиялари қарорларининг ижроси юзасидан партия ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат ва ННТ ташкилотлари билан самарали ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш сиёсий кучнинг нуфузи ортишига сабаб бўлади. Кегейли туман партия кенгаши томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирлар фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, инсон манфаатларини самарали ҳимоя қилишда амалий аҳамият касб этаяпти.
— Жорий йилда туман партия кенгаши томонидан бошланғич партия ташкилотлари фаолиятига қаратилган жиддий эътибор, ўтказиб келинаётган сиёсий ўқувлар сайлов жараёни билан боғлиқ чора-тадбирларда ўз ижобий самарасини беришига ишонамиз, — дейди халқ депутатлари Кегейли туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Майрамбай Досбергенов. — Сабаби, партия фаолияти, сайлов қонунчилиги ва сиёсий жараёнлардан яхши хабардор бўлиш бу сиёсий тадбирда фуқароларнинг жиддий масъулият билан қатнашишларига хизмат қилади.
Анжуман ишида сайловга пухта тайёргарлик кўриш, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши конференциясига делегатлар сайлаш масаласи кўриб чиқилди.
Андижон. Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон шаҳар кенгашининг конференцияси бўлиб ўтди.
Сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилиши ва уларнинг мазмуни аҳолига батафсил етказилаётгани туфайли сайловчиларнинг сиёсий жараёнларга бўлган муносабати йилдан-йилга ўзгариб бормоқда. Бу 2014 йилнинг 21 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказилган сайлов жараёнларида ҳам яққол кўзга ташланди.
Вилоятимизда маҳаллий Кенгашларга партиямиздан сайланган 63 нафар депутатнинг сафдошларимиз номидан сайловчилар билан фаол иш олиб бораётгани ва энг муҳими, уларга бўлган ишончнинг ортиб бораётгани фикримиз далилидир.
Конференцияда дастлаб юқоридагилар ҳақида сўз юритилди. Таъкидланганидек, амалдаги қонунчиликда сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиши кафолатланган. Бу айни вақтда партиянинг дастурий ғоя ва вазифаларини амалга ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва кучли фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳисса қўшиш, халқимиз эътирофини қозонишга асос бўлиб хизмат қилади. Бу борада андижонлик партиядошларимиз фаолиятида катта ўзгаришларни кузатиш мумкин.
— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўришда бу борада орттирилган тажриба қўл келяпти, — дейди конференция иштирокчиси Шоҳидахон Валиева. — Ушбу сайлов мамлакатимизнинг келгусидаги стратегик ва устувор йўналишларини белгилаб бериши шубҳасиз. Қолаверса, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузининг янада мустаҳкам бўлишида муҳим омилдир. Ўзини ўзи бошқариш органи фаоли сифатида жамоатчилик орасида бўлганимизда фуқаролар кўплаб саволлар билан мурожаат қилади. Анжуманда кўплаб ахборотларга эга бўлдик.
Тадбирда жойлардаги БПТларнинг етакчилари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасига фуқароларнинг сиёсий билимлари ва фаоллигини оширишга доир вазифалар юкланди.
Сайлов кампанияси даврида ОАВлар орқали тарғиботни янада кучайтириш энг долзарб вазифалардан бири экани иштирокчилар диққат марказида бўлди. Чунки партиямиздан кўрсатилган номзод ва унинг сайловолди дастури билан таништиришда бу катта аҳамиятга эга.
Конференция давомида вилоят партия кенгашининг конференциясига делегатлар сайланди. Уларни танлашда партиядошларимизнинг сиёсий фаоллиги, ташаббускорлиги, ҳудудда обрў-эътиборга эгалиги инобатга олинди.
Фарғона вилоятидаги туман, шаҳар партия ташкилотларининг конференцияларида Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши конференциясига делегатлар сайлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Анжуманларда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, БПТлар етакчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
— Сайлов халқимиз хоҳиш-иродасини ифода этувчи демократия кўзгусидир. Унинг равшан ва шаффоф бўлиши, бу муҳим сиёсий тадбирда очиқлик ва ошкораликнинг таъминланиши сайловчиларнинг фаоллиги, сиёсий партиялар, жумладан, бизнинг куч ва имкониятларимиз, сайловларда орттирган тажрибаларимиз, фидойилигимизга узвий боғлиқ, — дейди халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Дилором Бўрибекова. — Ўзбекистон “Адолат” СДП — чинакам халқ иши учун бел боғлаган, социал-демократия ғояларига таянган сиёсий куч сифатида Фарғона шаҳрида ҳам ўз мустаҳкам тузилмаларига эга, деб айта оламиз. Айни кунларда фаолларимиз томонидан сайлов жараёни билан боғлиқ ташкилий-партиявий ишлар белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда. Конференция қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови қонунчилик талабларига мувофиқ, демократик тамойиллар асосида ўтишини таъминлашда партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратишди.
Бешариқ туман партия ташкилотининг конференциясида таъкидланганидек, сайловга пухта тайёргарлик кўриш, ушбу сиёсий тадбирда муносиб иштирок этиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга жиддий масъулият билан ёндашишини талаб этади. Анжуманда сайлов кампанияси жараёнларида партия фаоллари ва депутатлари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти, БПТ аъзолари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида батафсил сўз юритилди. Иштирокчилар ушбу сиёсий кампания партия ғояларини янада кенг тарғиб этиш, электоратнинг таклиф ва ташаббусларини кўпроқ аниқлаш имконини бериши билан бирга, дастурий мақсад ва вазифаларимиз қай даражада рўёбга чиқаётганини намоён этиши ҳақида тўхталиб ўтишди.
Туман партия кенгаши раиси Бахтиёр Худойбердиев туман партия ташкилотининг конференциясига жиддий ҳозирлик кўрилганлиги ўз самарасини берганини таъкидлади. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши конференциясига муносиб делегатларни сайлаш билан бирга, ҳозирги кунда олиб бораётган ташкилий-партиявий ишлар, сайлов компанияси юзасидан вазифалар чуқур таҳлил қилинди.
Конференциялар ишида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, партиянинг бир қатор ташаббускор ва фаол вакиллари ҳудудий партия ташкилотларининг шу йил 7-11 октябрь кунларида бўлиб ўтадиган конференцияларига делегат этиб сайланди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар кенгашларининг конференцияларига делегатлар сайлаш юзасидан ўтказилаётган шаҳар ва туман партия ташкилотларининг конференциялари давом этмоқда.

Шарипа ТОРЕШОВА, Мақсуд ТЎРАЕВ, Узоқбой РИСҚУЛОВ, Комила ИСРОИЛОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона вилоят кенгашлари матбуот котиблари.
Феруз ЖЎРАЕВ, Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ, Акбаржон НАЗАРОВ,
“Adolat” мухбирлари
Dollie 07:13, 14 октября 2016
Thanks for contirbuting. It's helped me understand the issues.
Martha 22:23, 17 октября 2016
Kewl you should come up with that. Exenellct!
<12>

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бухоро шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Асака туман кенгаши фаоллари “Кексалар доим ардоғимизда” лойиҳаси доирасида тумандаги меҳнат фахрий...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатлик гуруҳи аъзоларининг масъулияти ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга мос равишда миллий ахборот майдонида рўй бераётган янгиланишлар оммавий ахборот воситала...