Аждодлар мероси — халқ даҳосининг тимсоли

/
Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритганидан кейин юртимиз, халқимиз тарихини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳаққоний тадқиқ этиш, қадимий манбаларни холислик билан асл ҳолида тиклаш, давлатчилик тарихининг илдизларини очиб бериш республикамиз маданий, маънавий ҳаётидаги асосий масалалардан бирига айланди.
Тарихий ҳақиқатни тиклаш давлат сиёсати даражасида белгиланди. Бу ҳаётий зарурат эди. Чунки ўз озодлигини, эркини қўлга киритган халқ кўп асрлар давомида босиб ўтган тарихий йўлини аниқ билиши, буюк аждодлари меросидан тўла баҳраманд бўлиши керак эди. Бу миллатимизнинг ўзлигини англаб етиши, истибдод даврида топталган ғурурини тиклаши, юксалтириши, мамлакатимизнинг келажак йўлини белгилаб олиши учун хизмат қиларди. Ушбу ишларни амалга оширишда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мустақилликнинг илк йилларида тарихчи олимлар билан учрашувда ўртага ташлаган “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” деган ғоявий концепцияси асос бўлди.
Тарихимизни ҳаққоний ёритишда халқимизнинг яратувчилик фаолияти билан боғлиқ бўлган қадимий шаҳарларимиздаги ёдгорликлар, обидалар, иншоотларни қайта қуриш, таъмирлаш, асл ҳолида бунёд этиш каби ишларга алоҳида эътибор берилди. Бу бежиз эмасди. Чунки бу маданий бойликлар тарихимизнинг асл манбалари, жонли гувоҳлари, илмий асослари ҳисобланади. Маълумки, мамлакатимизда 7198 та тарихий ёдгорликлар рўйхатга олинган бўлиб, шундан 2357 тасини меъморий обидалар, 3843 тасини археологик ёдгорликлар, 998 тасини маҳобатли тарихий иншоотлар ташкил қилади. Бу рақамлар мамлакатимизни нафақат Шарқда, балки бутун дунёда тарихий маданий ёдгорликларга бой ўлкалардан бири сифатида намоён этади. Шулар орасида тарихий меъморий обидалар алоҳида ўрин тутади.
Юртимиз мустақилликка эришишдан олдин бу меъморий ёдгорликлар, обидаларнинг аксарияти бузилган, таъмир қилинмаган, ярим вайрона ҳолатларда эди. Президентимиз, биринчи навбатда, ана шундай иншоотларни, ёдгорликларни қайта қуриш, таъмирлаш, асл тарихий асосда бунёд этишга эътиборни қаратди. Энг аввало, бу борадаги иш республикамизнинг энг йирик тарихий шаҳарларидаги ёдгорликлардан бошланди. Самарқанддаги Регистон, Руҳобод, Хожа Аҳрор Вали, Жомъе масжиди, Чорсу мажмуалари, Амир Темур, Бибихоним мақбаралари, Ҳизрати Ҳизр масжиди, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Нодир Девонбеги мадрасаси, Бухородаги Чашмаи Аюб, Боло ҳовуз, Чор минор, Арк, Лаби ҳовуз мажмуалари, Калон минораси, Мағоки аттор, Калон, Қушбеги, Тоқи-Саррофон, Музаффархон масжидлари, Толипоч дарвозаси, Мир Араб, Мирзо Улуғбек, Кўкалдош, Абдуллахон, Тош сарой мадрасалари қайтадан, асл тарихий қиёфасида қад ростлади. Хивадаги Кўхна Арк, Тош ҳовли, Қибла тоза боғ, Дишон қалъа, Нуруллабой мажмуалари, Ичон қалъа девори, дарвозалари, Жума масжиди, Муҳаммад Аминхон, Феруз, Ислом Хўжа мадрасалари, Қўқондаги Худоёрхон ўрдаси, Жомъе масжиди, Норбўтабий, Миён Ҳазрат мадрасалари, Қаршидаги Одина масжиди, қадимий кўприк, Хожаи Жарроҳ, Чор Гумбаз мажмуалари, Қиличбой, Бекмир мадрасалари тарихнинг ноёб мероси — нодир ёдгорликлар, осори-атиқалар, иншоотлар сифатида қайта тикланди, таъмирланди, халқимизнинг маънавий мулкига айланди. Худди шундай улуғвор ишлар Тошкентда Ҳазрати имом, Шайх Хованд Тоҳур, Зангиота мажмуаларида, Кўкалдош мадрасасида, Термизда Султон Саодат, Қирқ қиз, Ҳаким ат-Термизий мажмуаларида, Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дор ут-тиловат, Гумбази саййидон, Дор ус-сиёдат мажмуаларида ҳам олиб борилди.
Булардан ташқари, Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда, Имом ал-Бухорий, Хожа Дониёр мажмуалари, Бухородаги Лаби ҳовуз, Калон масжиди, Чор Бакр, Арк меъморий ёдгорликлари, Шаҳрисабздаги Кўкгумбаз, Дор ус-сиёдат, Оқсарой обидалар туркуми, Марғилондаги Пири Сиддиқ, Саид Аҳмад мерос обеъктлари, Хивадаги Ичон қалъа шаҳристони нодир ёдгорликлари, Тошкентдаги Хасти Имом меъморий иншоотлари, Термиздаги термизийлар қадамжолари тарихий кўринишга монанд тикланди. Айни пайтда, улуғ аждодларимиз Юсуф Ҳамадоний, Султон Увайс Қораний, Исо ат-Термизий, Маҳдуми Аъзам, Абу Хафс Кабир каби алломаларимиз номлари билан аталадиган 50 дан ошиқ муқаддас зиёратгоҳлар ҳам қайта бунёд этилиб, халқимизнинг оёғи узилмайдиган обод ва гўзал масканларга айланди.
Юртимизда мустақиллик йилларида маданий мерос объектларини қайта қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш билан биргаликда ўтмишда яшаб ўтган улуғ алломалар, машҳур ижодкорлар, буюк сиймолар меросини ўрганиш, номларини улуғлаш, хотираларини абадийлаштириш борасида ҳам улкан ишлар қилинди. Улуғ мутафаккир, математика ва алгебра фанлари асосчиси Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, буюк астроном, тарихда номи қайта тикланган аллома Аҳмад Фарғоний, табобат илмининг султони, тиб илми қонунларини яратган Абу Али ибн Сино, ўрта асрлар астрономия илмининг улуғ намояндаси Мирзо Улуғбек, мумтоз шеъриятнинг ўлмас даҳоси Алишер Навоий ҳайкалларининг ўрнатилиши мана шу даврда кечди. Атоқли мутакаллим Абу Мансур Мотурудий, буюк фақиҳ, “Ҳидоя” асари муаллифи Бурхониддин Марғиноний, улуғ муҳаддис Имом ал-Бухорий, Хожагон тариқатининг машҳур намояндаси Абулҳолиқ ўиждувоний, нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбандий, мутасаввуф аллома, улуғ шоир Паҳлавон Маҳмуд, халққа кўп яхшиликлар қилган, Ҳазрати Имом номи билан машҳур бўлган Шайх Қаффол Шоший мақбараларининг ва муқаддас қадамжоларининг тикланиши, қайта қурилиши, обод қилиниши истиқлолга эришганимиз сабабли юз берди. Тарихимизнинг ўлмас сиймолари, халқимиз ва Ватанимиз озодлиги учун курашган Жалолиддин Мангуберди, Шарқда қудратли ва адолатли давлат яратган Амир Темур, ҳам шоир, ҳам давлат арбоби сифатида танилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур мажмуалари, ҳайкаллари юртимиз мустақиллигининг шарофати туфайли тикланди. Мана шундай буюк мутафаккирлар, улуғ сиймоларнинг халқаро доирада бир неча юз ва минг йиллик тўйлари ўтказилди. Ўзбекистон дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк даҳолар юрти эканлиги эътироф этилди.
Умуман, республикамизда мустақиллик йилларида мингдан ортиқ тарихий ёдгорликлар қайта қурилиб, таъмирдан чиқарилди. Бу ишлар учун бир неча юз миллиард сўмлик маблағ сарфланди. Тарихий меросимиз тикланди, қадриятларимиз қарор топди. Юртимизда амалга оширилган улуғвор ишлар халқаро миқёсда ҳам тан олинди. Мамлакатимиздаги тўртта қадимий шаҳар — Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз халқаро ЮНЕСКО ташкилоти томонидан Бутун жаҳон моддий маданият намуналарига эга бўлган тарихий шаҳарлар рўйхатига киритилди. 2007 йилда Тошкент шаҳри таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти — АЙСЕСКО томонидан “Ислом маданияти пойтахти”, деб эълон қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ва ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг қарорларига кўра, Самарқанд шаҳрининг 2750, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларининг 2700, Бухоро, Хива, Термиз шаҳарларининг 2500, Тошкент ва Марғилон шаҳарларининг 2200, 2000 йиллик тўйлари дунё ҳамжамияти билан ҳамкорликда нишонланди. Буларнинг ҳаммаси истиқлол йилларида Ўзбекистоннинг тарихини бойитиш, янгилаш билан биргаликда унинг дунёвий нуфузини оширди, халқаро даражада мавқеини юксалтирди.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти бошлаган хайрли ишлар республикамизда бугун ҳам давом этмоқда. Шаҳрисабз шаҳрида, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм, Бухоро вилоятларидаги тарихий ёдгорликларда олиб борилаётган қайта қуриш, таъмирлаш, бунёдкорлик ишлари шундан дарак беради. Шубҳасиз, тарихни ўрганиш, тарихнинг бир қисми бўлган ёдгорликлар, обидаларни қайта қуриш, таъмирлаш бундан кейин ҳам давом этади, тарихнинг келажак пойдевори сифатидаги мавқеи ошаверади.
Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир инсон оиласи, жамиятга нафи тегишини, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишни истайди....
01 янв 1970
Мен Шаҳрисабз шаҳри Нодира кўчаси 3-уйда яшовчи, 8 нафар фарзанднинг отаси, беш йилдан бери суд-ҳуқуқ идораларидан адолат излаб сарсон юрган, 70 ёш...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари билан ҳам танишди....
01 янв 1970
Қўнғирот нафақат Қорақалпоғистон Республикасининг, балки мамлакатимизнинг энг шимолий тумани ҳисобланади. ...