Иқтидорли ёшлар маскани

/
Бугун юртимизнинг қайси бир ҳудудига борманг, у ердаги улкан ўзгаришлар, энг муҳташам ва энг кўркам мактаб, лицей, коллежлар, маданият ва спорт масканларининг қад ростлаганига гувоҳ бўламиз.
Бу эса, албатта, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига, юртнинг барча ёшларига оталарча ғамхўрлик қилган, уларга кенг имкониятлар эшикларини очиб берган беназир инсон Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов меҳнатларининг самарасидир.
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ бошқа соҳалар каби бутун мамлакат миқёсида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга киришилди. Шу мақсадда юртимизда таълимни ривожлантириш бўйича Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастурлари қабул қилинди. Булар ҳаётда ўз самарасини бермоқда. Айниқса, янги-янги илм муассасаларининг очилиши, уларнинг ўқув ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Бунинг ёрқин мисоли сифатида истиқлолимизнинг 19 йиллиги арафасида пойтахтимизда Турин политехника университетининг фаолияти йўлга қўйилганлиги ҳам муҳим тарихий воқеа бўлди.
Ҳаёт мамлакатимизда миллий машинасозлигимизни янада тараққий эттиришда назарий жиҳатлар билан кифояланиб қолмай, амалий ишларга ҳам устувор вазифа сифатида эътибор қаратишимизни, мамлакатимизда тайёрланаётган енгил автомобилларни замон талаблари даражасида такомиллаштиришга қодир малакали кадрлар етиштиришимизни тақозо эта бошлади. Биринчи Президентимиз ана шуларни ҳисобга олиб, 2009 йил 27 апрелда “Тошкент шаҳрида Турин политехника университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Унда мазкур илм даргоҳининг бош вазифаси Италиядаги Турин политехника университетида қабул қилинган таълим дастурларига ҳамда олий таълим сифатига қўйиладиган умумий эътироф этилган халқаро талабларга, Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мақсад-вазифаларига мувофиқ машинасозлик ва электротехника саноати, энергетика, саноат ва хўжалик объетларини лойиҳалаштириш ҳамда қуриш, корхона, ташкилотлар учун юқори малакали мутахассислар етказиб беришдан иборат бўлиши лозимлиги қатъий белгилаб қўйилди.
Республикамиз Конституцияси қабул қилинганининг 18 йиллигига бағишланган тантанали маъросимдаги маърузасида муҳтарам Юртбошимиз университетнинг Ватанимиз таълим тизимидаги юқори нуфузини яна бир бор таъкидлаб, шундай фикрларни айтган эди: “Жорий йилда Тошкент шаҳрида Турин политехника университетининг янги, замонавий ўқув комплексининг барпо этилгани биз учун қанчалик катта аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Ушбу олий ўқув юрти мамлакатимизда жадал ривожланиб бораётган автомобиль саноати ва бошқа тармоқлар учун юқори малакали қадрлар тайёрлайдиган маскан бўлиб хизмат қилади.”
Ҳозирги кунда университетимизнинг талаба-ёшлари таълимнинг машинасозлик технологиялари, энергетика, саноат-хўжалик қурилиши ва архитектура, саноат-ахборот технологиялари ва бошқарувнинг автоматлаштирилган тизими йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда.
Энг муҳими, талабалар назарий билимларини шу ернинг ўзидаёқ синовдан ўтказиш, эгаллаётган ихтисосликлари бўйича амалий кўникма ва тажриба орттириш имкониятига эга.
Таъкидлаш жоизки, бу каби улкан имкониятларга эга бўлган ушбу даргоҳда таҳсил олаётган йигит-қизлар бугун турли халқаро танлов ва кўргазмаларда улкан натижаларни қўлга киритиб, буюк аждодларнинг муносиб ворислари ва ҳеч кимдан кам эмасликларини исботлашмоқда. Бу эса, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, ҳаётимиздаги ижобий маънодаги “портлаш эффект”ининг намоён бўлишидир.
Хукуматимиз томонидан яратилиб берилган қулай имкониятлар талабаларнинг назарий билимларини ва эгаллаётган ихтисосликлари бўйича амалий кўникма ва тажриба орттиришларига асосий омил бўлиб ҳизмат қилмоқда.
Ишонч билан шуни айтишимиз мумкинки, университетимиз ёшлари ўз истеъдодлари, яратувчанлик иқтидорлари ва интеллектуал салоҳиятлари билан диёримизнинг янада гуллаб-яшнашига, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори хар доимгидан юксалишига катта ҳисса қўшадилар ва муҳтарам Юртбошимиз орзу қилганидек, баркамол авлод бўлишга интилиб яшайдилар.
Гулбаҳор АЛЛАМОВА,
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети
“Маънавият ва маърифат” бўлими бошлиғи
Барно ТЎХТАНАЗАРОВА,
университет ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”га асосан аҳолинин...
01 янв 1970
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Россия Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Миллий технологик тадқиқотлар университети – МИСиС филиа...
01 янв 1970
Бунёдкор халқимиз тарихан қисқа даврда улкан ютуқларни қўлга киритди, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб, иқтисодиёти тез суръатлар...
01 янв 1970
Ўғлимни мактабга ўқитувчидан дакки эшитишга юбормайман. Фарзандимни ота сифатида ҳимоя қилишга қодирман. ...