Амалий иш ва натижалар электорат ишончини оширмоқда

/
Бугунги давр олдимизга қўяётган янги вазифалар партиянинг сиёсий куч сифатида мавқеини янада мустаҳкамлаш, хусусан, партия депутатларининг ташаббускорлиги, улар фаолиятининг самарасини оширишни тақозо этади. Шу мақсадда халқ депутатлари Сирдарё вилояти, шаҳар ва туман Кенгашларидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик бирлашмалари фаолиятини тубдан кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқ депутатлари Сайҳунобод туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам фуқароларнинг мурожаатлари, сайловчиларнинг таклифлари билан ишлаш, тарғибот тадбирларини таъсирчан ва самарали олиб боришда анчагина тажриба орттиришди. Бу эса электорат манфаатларини рўёбга чиқаришда ижобий аҳамият касб этмоқда. Шу ўринда бир-икки мисол келтириб ўтсак.
“Пахтаобод” маҳалласидаги фуқаролар “Кўклам” кўчасига ичимлик суви қувурларини ўрнатиш зарурлиги юзасидан депутатлик гуруҳимизга мурожаат қилишган эди. Шу масала юзасидан тумандаги “Сувоқава” ДУК филиали бошлиғининг бизга берган жавобида бу вазифа филиалнинг 2017 йилги иш режасига киритилганлиги таъкидланган.
Сайловчиларнинг яна бир мурожаатига асосан “Фаровон” маҳалласидаги бир қатор кўчаларда электр тармоқларини янгидан ўрнатиш масаласида туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари номига киритилган депутатлик сўрови тез орада ижобий ҳал этилиб, маҳалла аҳлига улар истаганидек қулайлик яратилди.
Партиямизнинг Сайловолди дастурида бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари социал-демократиянинг асосий ғояларини амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилиши таъкидланган. Тадбиркорларнинг янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш партия депутатларининг диққат марказидаги вазифалардан бири саналади.
Буни бир қатор мисоллар билан изоҳлаш мумкин. Масалан, “Паймарт” маҳалласида истиқомат қилаётган Наргиза Ярлакбоевага “Микрокредитбанк”нинг туман бўлимидан 3 миллион сўм миқдорида кредит олишида депутатлик гуруҳимиз томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда Н.Ярлакбаева тикувчилик фаолиятини йўлга қўйди ва коллежни тамомлаган ёшлардан 5 нафарини иш билан таъминлашга эришди. Ташаббуснинг қаноти бор, дейишади. Яқинда партия гуруҳимиз кўмагида тадбиркор Н.Ярлакбаева ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида яна 10 миллион сўм миқдорида кредит олишга муваффақ бўлди. Демак, ёш мутахассислар учун янги иш ўринлари сони ортади.
“Фаровон” маҳалласида истиқомат қилувчи яна бир ташаббускор Шавкат Шукруллаевга ҳам “Микрокредитбанк”нинг туман бўлимидан 3 миллион сўм миқдорида кредит олишида ёрдам кўрсатилиб, ҳозирда Ш.Шукруллаев ҳунармандчилик фаолиятини бошлади, икки нафар шогирди билан биргаликда улар ясаган стол-стуллар кўпчиликка манзур бўлмоқда.
Гуруҳимиз аъзолари ҳудуддаги 19, 25, 38-умумтаълим мактабларида спорт залларини таъмирлаш, айрим синф хоналарининг зарур жиҳозлар билан таъминланишида вилоят халқ таълими, молия бошқармаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда хайрли ишларни амалга оширди. Шунингдек, 38-умумтаълим мактаби спорт майдончасини 500 метр узунликда айлана тўсиқ билан ўраш ишлари олиб борилмоқда.
Албатта, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб, уларда келтирилган масалаларни мутасадди ташкилотлар кўмагида ҳал этиш муҳим вазифамиз саналади. Шу билан бирга, депутат ваколатлари доирасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, фаолиятимизга танқидий ёндашиш кераклигини англаймиз. Масалан, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан ҳудудий дастурларнинг ижро этилиши юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини талаб даражасида олиб бориш, маҳаллий Кенгаш сессиялари муҳокамасига долзарб масалаларни киритишда бироз сусткашликка йўл қўйилаётганини асло назардан четда қолдириб бўлмайди. Депутатлик гуруҳлари сиёсий партиянинг етакчи кучларидан бири эканини назарда тутсак, мавжуд камчиликларни тезда бартараф этиш нақадар муҳимлигини аниқ тасаввур қиламиз. Депутатлик гуруҳимизнинг яқинда ўтказилган йиғилишида шу ҳақда батафсил сўз юритилиб, галдаги долзарб вазифаларни белгилаб олдик.
Эркин САИДОВ,
халқ депутатлари
Сайҳунобод туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП
депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил 24 декабрь, якшанба кунини Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов куни деб белгиланди. ...
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг ишончли вакили Юлдуз Усмонованинг Сайҳунобод тумани ва Ширин шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди...
01 янв 1970
Аввало, шуни айтиш керакки, Шўрчи тумани Сурхондарё вилоятининг чекка, тоғолди ҳудудларидан бири, бу ерда 200 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади.&...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ўтказишди....