Ахборот технологиялари таълим сифатини оширишга хизмат қилади

/
Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ахборот тизимини шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ахбороти эшитувида шу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда глобал иқтисодиётда компьютер ва телекоммуникация технологиялари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва улар асосида кенг турдаги интерфаол хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг роли ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Тадбирда 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури телекоммуникация технологиялари, алоқа тармоқлари ва инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Комплекс дастур доирасида умумий қиймати 2,1 триллион сўмлик 17 лойиҳа, шунингдек, “электрон ҳукумат” тизимининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини ташкил этишга доир 28 та тадбир ва лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг самарасида яқин истиқболда давлат ва жамиятнинг самарали ахборот-коммуникация инфратузилмасига бўлган эҳтиёжи таъминланади.
Айни пайтда солиқ, коммунал соҳа, божхона, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга ахборот тизимлари кенг жорий этилган. Хусусан, бундай тизим солиқ соҳасида ҳисоботларни тўлиқ электрон шаклда топширишга ўтиш, солиқ тўловчилар учун элликдан зиёд замонавий интерфаол хизматлар кўрсатиш имконини берди.
Тадбирда ахборот тизимларининг жорий этилиши нафақат хизматлар кўрсатиш жараёнини оптималлаштириш ва соддалаштириш, балки бу жараёнда маблағ тежалишига ҳам хизмат қилаётгани, ахборот-коммуникация технологиялари электрон тўловларни ривожлантириш соҳасида ҳам кенг қўлланилаётгани қайд этилди.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали ривожланиб, янги йўналишларни қамраб олмоқда. Айни пайтда портал орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 289 йўналишда замонавий хизмат кўрсатилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида солиқ ва статистика ҳисоботларини тўлиқ электрон шаклда топшириш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, лицензия ҳамда рухсат берувчи ҳужжатларни олиш учун ариза тақдим этиш, шунингдек, аҳолига электрон мурожаатларни кўриб чиқиш, архив маълумотномаларини бериш, нафақа олиш, болаларни мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш учун ариза топшириш каби хизматлар кўрсатилмоқда.
Парламент эшитувида Комплекс дастурдаги лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш, электрон хизматлар орқали фуқароларимиз турмуш сифати, тадбиркорлик фаолияти учун шароитларни яхшилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Эшитув чоғида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳам муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўз муносабатини билдирди.
Таъкидлаш лозимки, партиямиз “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан парламент назорати шаклларидан бири ҳисобланган зарур қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ қабул қилиниши устидан мониторинг олиб борилишида фаол иштирок этишни режалаштирган.
Биз дастурий мақсад ва вазифаларимизнинг амалга оширилишини таъминлашда олий таълим тизимини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳисобига таълим сифатини ошириш, таълим соҳасидаги ахборот хизматларини тақдим этиш учун Комплекс дастурда назарда тутилган “Таълим” ахборот тизими лойиҳасини амалга ошириш тарафдоримиз. Айниқса, ёшларнинг хавфсиз ахборотдан фойдаланишининг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, ёшларнинг интернетдан фойдаланиш меъёрларига амал қилиш маданиятини шакллантириш, уларда мафкуравий иммунитетни кучайтириш партиямиз мақсад ва вазифаларидан биридир. Шу мақсадда фракциямиз аъзолари иштирокида республикамиз таълим муассасаларида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини равожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисида”ги ахбороти фракциямиз аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Парламент эшитувида Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни ва Комплекс дастур ижросини таъминлаш бўйича зарур қонуности меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жадвалини тузиш, миллий ахборот қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилаётган Дилафруз Муҳамедова “Бировнинг ҳожатини чиқарай” деб, алданиб қолади....
01 янв 1970
Ёшлар камолоти учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган ушбу муҳим ташаббусларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, партия де...
01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Сўнгги пайтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи кўтарилиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. ...