Дастурий ғояларимизга мос қонун ҳужжатлари депутатлар муҳокамасида

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир бир қатор янги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда биринчи ўқишда ҳавола этилган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама этилди.
— “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бугунги кунгача ички ишлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини тартибга соладиган қонуннинг йўқлиги, мазкур органларнинг, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш ҳамда уларга тузатишлар киритиш зарурлиги тўғрисида билдирган таклифлари асосида ишлаб чиқилди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умид Сулаймонов. — Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ички ишлар органлари ва унинг ходимлари фаолиятини тартибга солувчи 94 та норматив-ҳужжат мавжуд. Хусусан, 1991 ва 1993 йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари тўғрисида”ги 270-сонли ва “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида хизматни ўташ тўғрисида муваққат низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 16-сонли қарорлари шулар жумласидандир. Аниқланишича, ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ деярли барча ижтимоий муносабатлар мазкур ҳужжатлар билан тартибга солинган. Айтиш мумкинки, сезиларли ҳажмдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасининг тарқоқлиги, ички ишлар органларининг ҳуқуқий асослари бир бутун тарзда шакллантирилмаганлиги ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш имкониятини бермаяпти. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси ички ишлар органлари соҳасини ҳуқуқий тартибга солишнинг хорижий ва миллий тажрибасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида биринчи бор ички ишлар органлари ва унинг ходимларининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлашга, уларнинг ижтимоий зарурати ва аҳамиятини эътироф этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Қолаверса, мазкур ҳужжатда ички ишлар органлари фаолияти амалга оширилиши жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланишига алоҳида эътибор қаратилишига оид норманинг мавжудлиги, республика ички ишлар органларининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ваколатлари, ишлаш тамойиллари ва фаолиятининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб берилганлиги барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга кенг жорий этиш тарафдори бўлган партиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳанглиги билан ҳам эътиборга моликдир.
Қонун лойиҳасини тайёрлашга мамлакат ичида жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқий тартиботни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси суверенитетини таъминлашга алоқадор концептуал масалалар асос қилиб олинган.
Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан келгусида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ҳуқуқ ва эркинликлари, барча турдаги мулклар, жамият ва давлат манфаатларини жиноий ва бошқа ғайриҳуқуқий тажовузлардан муҳофаза этиш каби ижтимоий муносабатларни юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат даражасида тартибга солишга эришилишини алоҳида таъкидлашди.
Шу билан бирга, партия Сайловолди дастурида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашнинг муҳим кафолатларидан бири сифатида айнан ички ишлар органларининг қонунийликни таъминлашга доир фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш устувор вазифа сифатида белгиланганлигига алоҳида урғу бериб, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва хавфсизлигини, ижтимоий адолатни таъминлашдаги аҳамияти долзарб эканлигидан келиб чиқиб, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқулладилар.
Шунингдек, депутатлар “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан ишлаб чиқилган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, ўтган вақт мобайнида ушбу қонун асосида ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, Ватандан ғурурланиш ҳиссини тарбиялаш, кекса авлодга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек, ёшларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан ҳимоя қилишга доир ташкилий-ҳуқуқий ва институционал чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди.
— Айни пайтда ўтган 25 йиллик давр ушбу соҳадаги қонунчиликни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш заруриятини туғдирди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов. — Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида “ёшларга оид давлат сиёсати”, “ёшлар (ёш фуқаролар)”, “ёш оила”, “ёш мутахассис” каби асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, шунингдек, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкамланмоқда. Жумладан, ёшлар (ёш фуқаролар) деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, ёш оила тушунчасига таъриф берилмоқда. Унга кўра, ёш оила деганда, 30 ёшдан ошмаган эр-хотиндан ёхуд фарзанд (бола) парваришлаётган ота ёки онадан иборат бўлган оила, шу жумладан ёлғиз, бева эр (хотин) тушунилиши назарда тутилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи ижтимой, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилаётгани, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар, муассасалар ҳамда ушбу субъектларнинг ваколатлари белгиланаётгани билан аҳамиятлидир.
Фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблаши ҳамда ушбу қатлам манфаатларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашни энг муҳим дастурий вазифа этиб белгилаганини инобатга олиб, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.

Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири
  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Мутахассислар ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, аввало, инсон онгидаги ўзгаришлардан бошланишини таъкидлайдилар....