Аёл қалби эзгуликка интилади

/
Биз учун энг улуғ ва энг азиз байрам — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллик қутлуғ санаси бутун мамлакатимиз бўйлаб, халқимиз томонидан муносиб кутиб олинаётган айни кунларда, мустақил юрт фуқароси ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар иштирокчиси, шу билан бирга, озод ва обод юртда фарзандлар улғайтираётган она сифатида, мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор ва имкониятлар бир-бир кўз ўнгимдан ўтади.
Асосий қонунимиз саналган Конституциямиздан тортиб, бир неча ўнлаб қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларимиз, бугун биз аёлларнинг, эрлар билан бир сафда туриб, юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида жамиятнинг турли соҳаларида эмин-эркин меҳнат қилишимизга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мустақил давлатимизда инсон манфаатларининг олий қадрият даражасига кўтарилиши натижасида, мамлакатимиз гуллаб-яшнаши йўлида тер тўкаётган ҳар бир юртдошимизнинг меҳнатлари юксак даражада қадрланиб, уларга давлатимиз томонидан улкан эътибор ва ҳурмат кўрсатилмоқда.
Истиқлол йилларида оналар ва болалар саломатлиги, оилалар мустаҳкамлигига эришиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ўз самарасини бериб, юртимизда яшаётган ҳар бир оила ва ҳар бир инсоннинг бахтли ҳаёт кечиришига хизмат қилаётир.
Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 10 минг нафардан зиёд опа-сингилларимиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, улардан 300 нафарга яқини фермер, 200 нафарга яқини ҳунарманд аёллар ҳисобланади.
Илм-фан ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган 200 нафарга яқин олима аёлларимиз таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фаол қатнашмоқдалар.
Айни пайтда жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар орасидан Олий Мажлис Сенатида 3 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида 4 нафар депутат, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида 12, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида 85 нафар депутат опа-сингилларимиз борлиги мустақиллик йилларида қорақалпоқ аёлларининг ҳам давлат ва жамоат ишларидаги фаолликлари ортиб бораётганлигини кўрсатади.
Таъкидлаб ўтиш ўринлики, истиқлол йилларида мамлакатимизда “Соғлом она — соғлом бола” тамойили асосида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида сўз кетганда, давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва орадан кўп ўтмай, яьни шу йили 1 июлда “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорлари оналар ва болалар саломатлигига, уларни ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган юксак эьтибор ва беқиёс ғамхўрликлар ифодаси сифатида яққол кўзга ташланади.
Албатта, ўз вақтида, буюк келажакни кўзлаб қабул қилинган юқоридаги каби қатор қонунлар ва амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида юртимизда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар, “Она ва бола скрининги” дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён 1,8 мартадан ортиқ камайганлигини, бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизидан ортиғи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келаётганлигини мисол тариқасида келтириб ўтсак арзийди.
Шунингдек, “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта давлат қаторидан жой олганлиги мамлакатимизда она ва болага бўлган ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигининг яққол тасдиғи, “Биз кеча ким эдику бугун ким бўлдик?” деган ҳаётий саволнинг аниқ жавоблари десак, асло янглишмаган бўламиз.
2016 йилга “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилиши ҳам мамлакатимиз келажагини яратаётган, ҳар бир онага ва бизнинг эзгу ишларимизнинг эртанги давомчилари ҳисобланган фарзандларимизга бўлган юксак меҳр ва эътибор, катта ғамхўрлик ва имкониятнинг яна бир исботи эканлигини айни кунда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури негизида турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли амалий ишларнинг ўзи кўрсатмоқда.
Бугун табиат ато қилган юксак истеъдодга эга қизларимиз кўқсида давлат мукофоти, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фаоллик кўрсатишни мақсад қилган аёллар кўқсида сенаторлик, депутатлик нишонлари, жамиятнинг турли соҳаларида ўз меҳнатлари билан элу юрт фаровонлигига улуш қўшаётган опа-сингилларимиз кўксида эса мустақил юртнинг ордену медаллари — буларнинг барчаси мустақиллик берган эъзоз ва эҳтиром тасдиғидир.
Мана шундай юксак даражадаги эътибор ва имкониятлар биз аёллар қалбининг ободлигига хизмат қилмоқда десак, янглишмаймиз. Аёл қалбининг ободлиги эса, энг аввало, оила, сўнгра бутун жамият ободлигига асос бўлиши аниқ.
Улбосин СЕЙТЖАНОВА,
халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи раҳбари,
педагогика фанлари номзоди, доцент

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бухоро шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг ташаббуси билан давра суҳбати бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида миллий парламентимизни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш сари муҳим қадамлар...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам юртимизда олиб борилаётган ислоҳотл...