Фаровонлик асоси

/
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида истиқлолнинг чорак асрлик тўйини муносиб кутиб олиш учун қизғин саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Мазкур ҳужжат матбуотда эълон қилингач, куниёқ партиямизнинг вилоят кенгашида шонли сана муносабати билан қилинадиган ишлар, ўтказиладиган тадбирлар режаси белгилаб олинди ҳамда алоҳида дастур ишлаб чиқилди. Айни кунларда мазкур дастурни рўёбга чиқариш юзасидан изчил иш олиб борилмоқда.
Ҳар куни кенгашда тузилган штаб шаҳар ва туманларда ўтказилган тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни тўплайди. Улар ўз вақтида таҳлил этилиб, фаолларимизга тегишли йўл-йўриқлар берилади. Вақт тақозоси билан кун тартибидан жой олаётган масалалар бўйича топшириқлар етказилади. Ҳар ҳафтанинг сешанба куни ташкил этиладиган “Партия соати”да ҳам яна шу мавзуда фикр алмашамиз, янги вазифаларни белгилаймиз. Муҳими, шонли санани зўр тантана балан ўтказиш, истиқлол туфайли эришилган ютуқларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Президентимиз қарорида таъкидланганидек, “бундан 25 йил олдин ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, аввало миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, ўзини оқламаган эски, мустабид тузумдан бутунлай воз кечиб, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини тасдиқлаб бермоқда.”
Бу фикрларни тасдиқлайдиган мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Охирги ўн бир йил давомида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари саккиз фоиздан кам бўлмай келаётир. Бу жаҳондаги саноқли давлатларгагина хос юқори кўрсаткич бўлиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий қудрати ва салоҳияти тинмай ўсиб бораётганидан далолатдир.
Биз, партия фаоллари билан мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигини пухта тайёргарлик билан кутиб олиш ва муносиб нишонлашга доир тадбирларни аниқ режа асосида амалга оширмоқдамиз. Уларда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида ўрин ажратилган. Уларнинг ижросини таъминлаш учун партиямиз фаолларидан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг имкониятларидан кенг фойдаланишни кўзда тутганмиз. Меҳнат жамоаларида, ўқув муассасаларида, маҳаллаларда ўтказилаётган давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотларда, энг аввало, мустақиллик ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилгани, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс шарт-шароитлар яратгани ҳақида батафсил сўз юритилмоқда.
Фаолларимиз ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирларда кўтаринки руҳда, астойдил қатнашмоқдалар. Айниқса, ёш авлод вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказилмоқда. Уларда, хусусан, “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясининг самарадорлиги бутун дунё аҳлини лол қолдирганлиги ҳақида батафсил фикр юритилаяпти. Наманган вилоятида беқиёс янгиланишлар, одамлар дунёқарашида ўзгаришлар рўй бергани, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ўсишлар таҳлилий ёндашувлар асосида кўрсатиб берилмоқда.
Она диёримиз Ўзбекистон тарихан қисқа муддатда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланиб, қудратли салоҳиятга эга, ўз халқининг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир давлатга айланди. Илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди.
Республикамиз иқтисодий салоҳиятининг барқарор ўсиб бораётганига жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Яқинда қурилиши якунланган “Ангрен—Поп” электрлаштирилган темир йўлини олайлик. Мураккаб тоғ тизмаларини кесиб ўтадиган, 19 километрдан зиёд тоннелни ўз ичига оладиган ушбу ноёб лойиҳа асосида 123 километрдан зиёд масофага пўлат излар ётқизилди. Хитойлик ҳамкорлар билан бунёд этилган мазкур замонавий коммуникация тармоғи Фарғона водийсини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан ишончли боғлаш имконини беради. Айни вақтда у Европа билан Осиёни бир-бири билан боғлайдиган трансмиллий транспорт йўлагининг энг муҳим бўғинига айланиши туфайли янада катта аҳамият касб этади.
Қисқа муддат мобайнида темир йўлда жами 285 та сунъий иншоот, 13 та кўприк барпо этилди ва сув ўтказиш қувурлари ўрнатилди, иккита вокзал, тўртта станция ва тўртта разъезд ҳамда кўплаб бошқа объектлар фойдаланишга топширилди. Узунлиги 19 километрдан ортиқ туннель бунёд этилди.
Бундай натижалар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Олимжон МАҚСУДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ...
01 янв 1970
Аждодларимдан қолган эски қўлёзмаларни бирма-бир варақлаб чиқдим. Уларнинг бир қисми эски ўзбек тилида, араб алифбосида битилган ёзувлар экан....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб олий ўқув юртлари талабалари ўртасида...
01 янв 1970
1991 йил. Тарих саҳифаларига бу сана юртимиз ҳаётида катта ўзгаришларга, буюк янгиланишларга бой йил сифатида муҳрланди....