Мустақиллик: эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш имкониятлари

/
Ким эдигу ким бўлдик!
Шу кунларда юртимиз бўйлаб Ватанимизнинг кўп асрлик ва мураккаб тарихида мутлақо янги давр – ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланадиган эркин ва кучли, адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлини очиб берган, ҳаётимизни тубдан ўзгартирган, фаровон турмуш ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуришдек беқиёс имкониятини яратган буюк тарихий воқеа – мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш борасида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Истиқлол йиллари ҳақида гапирганда, мамлакатимизда фуқаролик жамиятига хос бўлган демократик сиёсий тизимнинг ўзига хос хусусиятлари ва ривожлантириш масалалари, унинг демократик тамойиллари Президентимиз Ислом Каримов томонидан мустақиллигимизнинг илк давридаёқ назарий ва концептуал жиҳатлардан ҳар томонлама асослаб берилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Юртбошимизнинг “Демократия – бу, қанчалик оғир ва мураккаб бўлмасин, бизнинг йўлимиздир”, “Миллатимиз равнақига фақатгина фуқаролик жамияти шароитидагина эришамиз” деган қатъий позициялари ва чақириқлари, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари”, “Янги уйни қурмасдан туриб, эскисини бузманг”, “Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” каби тамойиллар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини, асосий йўналишларини аниқлаб берди.
Айниқса, 2010 йил ноябрь ойида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” моҳият эътибори билан Ўзбекистон яқин ва узоқ истиқболда ўз олдига қўяётган юксак мақсадларга эришишнинг амалий стратегиясига айланди.
Ушбу қарашлар, чуқур ўйланган ва изчил амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва гуманитар соҳалардаги ўзгаришларнинг устувор йўналишлари юртимиздаги сиёсий тизим, фуқаролик жамияти, миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ва жадал ривожланиши, аҳолининг ҳаёт даражаси, унинг сиёсий, ҳуқуқий маданиятини изчил ошириб бориш учун мустаҳкам ва ишончли пойдевор яратди. Зеро, фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашнинг муҳим омилидир.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтларининг, айниқса, ННТларнинг, роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу соҳа ривожига бўлган катта эътиборни кўрсатади.
Улар сирасига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ҳомийлик тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги каби қонунлар, “Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Олий Мажлис палаталари Кенгашининг қўшма қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, бошқа қатор қонун ҳужжатлари киради.
Яратилган ҳуқуқий асослар мамлакатда ННТларнинг эркин ва барқарор ривожланишига олиб келди. 1991 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикада 95 та ННТ фаолият кўрсатган бўлса, 2000 йилнинг 1 январига келиб, уларнинг сони 2585 та, 2016 йил 1 январь ҳолатига кўра эса – 8417 тани ташкил этмоқда. Сўнгги 5 йилнинг ўзида мамлакатимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг сони 64,5 фоизга ошди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, йилдан-йилга ННТларнинг муҳим ижтимоий-иқтисодий Давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали мамлакатни демократик қайта қуришдаги иштироки ошиб бормоқда. Хусусан, 2015 йилда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг алоҳида бандларини таъминлашда 612 ННТ иштирок этди. 2014 йил Давлат дастурини амалга оширишда республика миқёсидаги 27 та ва 370 тадан ортиқ ҳудудий ННТлар иштирок этган бўлса, 2015 йилда – республика миқёсидаги 36 та ҳамда 576 та ҳудудий ННТларнинг иштироки таъминланган (бу кўрсаткичлар 1997 йилдагига нисбатан 10 маротабадан ҳам кўп).
2015 йилда давлат бошқарув органларининг ННТлар билан аҳолининг турли қатламларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш, ҳуқуқларини ҳимоялаш, эркинлиги ва қизиқишларини таъминлаш бўйича ижтимоий ҳамкорликнинг институционал механизмлари такомиллаштирилди. Давлат ва ҳукумат раҳбари қарори билан ташкил этилган доимий фаолият юритувчи идоралараро комиссиялар ҳамда улар фаолиятига жалб этилган ННТ фаоллари сони 50 тадан ошди. Бу эса, ўз навбатида, жойлардаги муҳим масалаларни ҳал этишда жамоат ташкилотларининг иштироки ортиб бораётганлигини кўрсатди.
ННТларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди орқали Давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган маблағлар муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги 7 йил мобайнида ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджети ҳисобидан жами 60 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди. Бинобарин, Давлат бюджети ҳисобидан ажратилган маблағлар миқдори 5 мартага ортди – 2008 йилда бу кўрсаткич 2,1 миллиард сўмни, 2015 йилда эса 10 миллиард сўмни ташкил этди. Бу эса, ўз навбатида, “учинчи сектор”га йўналтирилган давлат молиявий кўмаги ҳажмининг барқарор ўсиш суръатидан далолат беради.
Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджети ҳисобидан ажратилган маблағлар ҳар йили давлат субсидияси, давлат ижтимоий буюртмаси ва давлат гранти шаклларида тақсимланади. Муҳими – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ўтказилаётган грант танловларидаги ННТларнинг сони сезиларли даражада ошди: агар 2014 йилда грант танловларида 421 та ННТ иштирок этган бўлса, 2015 йилда 528 та ННТ ўзларининг 819 та лойиҳалари билан иштирок этди. Бинобарин, ННТларнинг 177 та лойиҳаси грант танловлари ғолиблари, деб топилди.
Умуман, 2015 йилда 66 та устувор йўналишни қамраб олган 6 та давлат гранти танловида жами 1 минг 31 та ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институти 1 минг 201 та лойиҳа билан иштирок этди. Улардан ижтимоий аҳамияти юқори деб топилган 279 таси умумий қиймати 5,447 миллиард сўмлик грант билан молиялаштирилди.
Ўз навбатида, фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий дастурлар ижросини таъминлашдаги иштироки ҳам ортиб бормоқда. 2015 йилнинг ўзидаёқ ННТлар томонидан кексаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган 279 та ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалардан 65 таси айнан кекса авлод вакилларининг турмуш даражасини ошириш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатишга йўналтирилган бўлиб, бу ҳолат ННТларнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига фаол жалб этилганлиги билан изоҳланади. Айниқса, қарияларнинг оила, жамият ва ёшлар тарбиясидаги ролини кучайтириш, улар учун мулоқот марказлари, қизиқишлари бўйича клублар, спорт майдончаларини ташкил этиш ишлари қўллаб-қувватланди.
Хулоса сифатида алоҳида таъкидлаш жоизки, жамоат бирлашмалари, ННТлар бугунга келиб том маънода жамият ва давлатимизнинг барқарор тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишнинг муҳим омилларидан бирига айланди. Ушбу ташкилотлар, авваламбор, фуқароларнинг миллий ўзликни англаши, фуқаролик фаоллиги, сиёсий, ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий онгини ошириш ҳамда жамият аъзоларининг юксак маънавиятга эга бўлишига кўмаклашадилар. ННТларнинг ривожланган тизими жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш, давлат ва ваколатли тизимлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мамлакатимизда демократик қадриятларни, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ва Парламент комиссияси аъзоси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунга келиб автомобилда йўловчи ташиш хизмати бозорида хусусий секторнинг улуши 90 фоиздан ортмоқда....
01 янв 1970
Мамлакатимизда беқиёс ўзгаришлар рўй бермоқда.
01 янв 1970
Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратил...
01 янв 1970
Тошкентда 20 сентябрь куни “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” м...