Автомобиль транспорти соҳасига оид қонунчилик йўл ҳаракати иштирокчиларини ҳимоя қилади

/
Автомобиль транспорти Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқариш инфратузилмасининг энг муҳим таркибий қисмидир. Унинг барқарор ва самарали фаолият юритиши иқтисодиётнинг юқори суръатда ўсишини, яхлитликни, мамлакатнинг миллий хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг дунё иқтисодиётига оқилона интеграциялашуви учун муҳим омил ҳисобланади.
Бугунги кунда соҳада дунё тажрибаси инобатга олинган ҳолда автомобиль транспорти фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база яратилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль транспорти тўғрисида”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”, “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”, “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида” ва “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунлари соҳанинг асосий ҳужжатлари ҳисобланади.
Сўнгги 4 йил мобайнида автомобиль транспорти соҳасидаги қонунчиликка жиддий ўзгартишлар киритилди, бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни тўлиқ қайта ишлаб чиқилди ва янги таҳрирда қабул қилинди. Янги таҳрирдаги қонунда йўл ҳаракатининг асосий принциплари (қонун-қоидалари) белгиланган, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштирок этиши назарда тутилган, йўлларни сервис объектлари билан жиҳозлаш, тартибга келтириш, фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини текшириш бўйича талаблар киритилган, меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган ҳайдовчиларнинг ҳуқуқлари ва бошқалар белгиланган.
Барча транспорт турлари томонидан ташишлар амалга оширилиши жараёнида йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва мулкига етказилган зарар қопланишини кафолатлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Қонун қабул қилиниши билан йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва мулкига етказилган зарар учун ташувчининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталаниши тартибга солинди. Мазкур қонунда ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашни амалга ошириш шартлари ва тартиби, мажбурий суғурталаш шартномаси бўйича суғурта тўловини тўлаш, мажбурий суғурталаш субъектларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, суғурталовчининг фаолияти хусусиятлари ва бошқалар белгиланган.
Соҳадаги кичик корхоналарни ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эгадир. Мазкур қарорда автотранспорт соҳасидаги кичик корхоналар ходимлари сонининг чегараланган миқдори 25 нафардан 50 нафарга кўпайтирилиши белгиланган. Ходимлар сонининг чегараланган миқдори кўпайтирилиши автокорхоналар учун зарур бўлган малакали ходимлар билан тўлиқ таъминланиши, янги иш ўринлари яратилиши, таъмирлаш зоналари, автосервис хизматлари ва автомобилларни ювиш ва бошқа хизматларни яратиш билан ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, автотранспорт воситалари ва тегишли равишда кичик корхоналар сони сезиларли даражада кўпайиши ҳисобига солиқ тўловларининг бюджетга келиб тушиш миқдори кўпайишига имкон яратади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан автомобиль транспортида юкларни ташиш жараёни иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини қатъий белгилайдиган ҳамда юклар ташилиши, уларнинг сақланиши ва автомобиль транспортида амалга ошириладиган юклар ташилишининг бошқа шартларига талабларни белгилайдиган Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидалари тасдиқланди.
Сиқилган табиий, суюлтирилган нефтли газда ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган авторанспорт воситалари хавфсизлиги учун ягона талабларни ўрнатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида Умумий техник регламент тасдиқланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозим, мамлакатимизда автотранспорт корхоналарининг ёнғин хавфсизлигига, йўналишсиз такси фаолиятига, дарё транспортига ҳамда ташувчиларнинг раҳбарлари ва ходимлари учун қўйиладиган малака талабларига доир ҳуқуқий ва ташкилий асослар мавжуд бўлиб, бугунги кунда автомобиль транспорти соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, уни халқаро ҳуқуқ нормалари ва дунё амалиёти билан уйғунлаштириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Тоҳирхўжа ЖАМОЛХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги
Норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш
бўлими бошлиғи ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилмоқда....
01 янв 1970
Ёхуд йўл-транспорт ҳодисасидан жабрланган фуқароларнинг манфаатлари ҳимоя қилинмайди... (ми?)...
01 янв 1970
Ҳар биримиз дастурхонимиз тўкин бўлиши, фарзандларимиз бекаму кўст вояга етиши, билимли ва баркамол бўлиб улғайиши учун барча имкониятларни яратишг...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш ва мав...