Юзма-юз мулоқотлар электорат манфаатларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади

/
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ўз сайлов округларида электорат ҳузурида бўлиб, улар билан очиқ мулоқотлар ўтказишди.
Депутатларнинг сайловчилар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан фуқароларга ахборот бериш, жойларда ўз ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш ва ўрганишда амалий аҳамият касб этувчи бундай учрашувлар сиёсий рақобат муҳитида партиямизнинг кенг жамоатчилик ўртасида мавқеини ошириш, фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилаяпти.

Тошкент вилояти. Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапованинг Қибрай ва Зангиота туманларидаги бир қатор маҳаллалар, қишлоқ фуқаролик йиғинлари, муассасаларда сайловчилар билан бўлган учрашувлари ҳам ошкоралик ва ишчанлик руҳида ўтди.
Қибрай туманининг “Арғин”, “Алишеробод” маҳаллалари ва “Зафаробод”, “Янгиобод”, “Дўрмон” қишлоқларида ўтказилган учрашувлар фуқароларда депутатларга ишонч ва уларнинг фаолиятига қизиқиш ортаётганини кўрсатди.
Қибрай туманидаги “Арғин” маҳалласи аҳли билан мулоқотлар чоғида депутат аввалги учрашувда фуқаролар томонидан ўртага ташланган масалалар юзасидан маҳаллий Кенгаш депутатлари ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда қилинган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Фуқароларнинг мурожаатларида келтирилган муаммоларнинг аксарияти ижобий ҳал этилганлиги алоҳида таъкидланди.
— “Арғин” маҳалласи марказий кўчасининг мактаб яқинидаги чорраҳасига светофор ўрнатиш кераклиги хусусида депутатга мурожаат қилган эдик. Ушбу муаммо ўз ечимини топиб, бугунги кунда мактаб ёнидаги чорраҳада светофор ишлаб турибди. Бу эса ўқувчи-ёшларга, йўловчиларга ва маҳалла аҳлига қулайлик туғдирди, — дейди маҳалла маслаҳатчиси Дилором Абдуназарова.
Зангиота туманининг “Келес” маҳалласи, “Кўктерак”, “Назарбек” қишлоқ фуқаролар йиғинларида ўтказилган учрашувларда туман ҳокимлиги, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят, туман кенгашлари, бир қатор ташкилотлар вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Асака” банк вилоят бўлими масъул ходимлари, ўқитувчилар, партия фаоллари қатнашдилар.
Учрашувларда тинч ва осойишта юртимизнинг янада равнақ топиши, мустақиллигимиз мустаҳкамланишига ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшишга астойдил интилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Мулоқотлар давомида сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бирга, айрим ижтимоий масалаларга эътибор қаратишди. Жумладан, туманда янги туғуруқхона барпо этиш, маҳаллалардаги айрим ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилашга доир таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланиб, мутасадди ташкилотлар вакиллари билан фикрлашиб олинди.
Л.Кошелапова Зангиота туманидаги Тошкент вилояти Эркин ва юнон-рум кураши федерациясига ҳам ташриф буюриб, у ерда мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишди, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида депутат тиббиёт ходимлари билан аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, шифокорларни ўйлантираётган мавжуд масалалар тўғрисида ҳам суҳбатлашди.
Жиззах. Бахмал тумани ўзига хос табиати, боғ-роғлари, сервиқор тоғлари, камтарин ва меҳнаткаш инсонлари билан танилган гўзал замин. Бугунги кунда мазкур туман ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларда вилоятда етакчи ўрин тутмоқда.
Истиқлолнинг 25 йиллик тўйини муносиб кутиб олаётган бахмалликларнинг кўтаринки кайфияти, уларнинг ҳар бирида яратувчилик иштиёқи ортаётганлиги Қонунчилик палатаси депутати Тўлқин Абдусатторов билан бўлган учрашувларда ҳам яққол акс этди. Тумандаги “Қатортол”, “Дўстлик” маҳаллалари, “Узунбулоқ”, “Маданият” қишлоқ фуқаролар йиғинларидаги учрашувларда депутат сайловчилар эътиборига бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида обрў-эътибори ортиб бораётгани, чет мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, парламент томонидан ишлаб чиқилаётган янги қонунлар ва уларнинг халқимиз ҳаётидаги ўрни тўғрисида атрофлича сўз юритди. Шу билан бирга, дунё сиёсий ҳаёти билан боғлиқ ахборотларни йиғилганлар қизиқиш билан тингладилар.
Депутат жорий йилнинг 24 июнь куни Президентимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари Кенгаши мажлиси якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари учун уюштирилган брифингда сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти ҳақида алоҳида тўхталди.
Учрашувлар давомида Т.Абдусатторов жойлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ўрганиш ҳамда уларни бартараф этишга маҳаллий Кенгаш депутатлари, масъул ташкилотлар раҳбарлари эътиборини қаратди. Очиқ мулоқотларда “Узунбулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли Умар Воисов мазкур ҳудуддаги ариқ кўпригини қайтадан таъмирлаш ҳамда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш чораларини кўриш, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Қудрат Мамаражабов ҳудуддаги 46-мактабга янги спорт залини қуриш юзасидан таклиф билдиришди.
Т.Абдусатторовнинг ўаллаорол туманидаги “Сарбозор” маҳалласи, “Мирзабулоқ”, “Мулкуш” қишлоқларида сайловчилар билан учрашувларида туман ҳокимлиги вакиллари, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят, туман кенгашлари раҳбарлари иштирок этишди.
Депутат Т.Абдусатторов Қонунчилик палатаси томонидан ишлаб чиқилаётган янги қонунлар, уларнинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил сўз юритди. Фуқароларнинг жамият ҳаётига дахлдорлик ҳисси билан ёндашувлари уларнинг ҳудудларни янада ривожлантириш, аҳолининг манфаатларини рўёбга чиқариш ҳақидаги фикрларида намоён бўлди. Маҳалла фаолларидан Бахтиёр Акромов, Муҳаббат Оқназарова, Инъом Умматов, Ўктам Тўраев, Рашид Турсуновлар жойларда ечимини кутаётган муаммолар юзасидан таклифларини баён қилдилар. Жумладан, “Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли ва меҳнат фахрийси Бахтиёр Акромов ва Инъом Умматовлар бугунги кунда 5200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада 500 нафарга яқин боғча ёшидаги болалар учун маҳалла ҳудудида замонавий типдаги мактабгача таълим муассасаси барпо этиш, шунингдек, “Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғини учун янги маъмурий бино қуриш зарурати борлигини қайд этишди.
Учрашувларда депутат сайловчилар саволларига жавоб қайтариб, уларни қизиқтирган мавзулар бўйича ахборот берди.
Бухоро. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраевнинг сайловчилар билан бу галги учрашувларида маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш тизимини чуқур ўрганиш ва ечимини кутаётган муаммоларга янада кўпроқ эътибор қаратилди. Аввало шаҳардаги кўп тармоқли марказий поликлиникада яратилган шароит ва имкониятлар, “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида ўрнатилган тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозларнинг соз ҳолатда эканлиги, фуқароларнинг соғлиғини асраб-авайлаш, уларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифат даражаси билан яқиндан танишдилар.
Ушбу марказий поликлиникада ўтказилган учрашувда шаҳардаги оилавий поликлиникалар врачлари ва тиббиёт ходимлари иштирок этдилар. Депутат Қ.Жўраев соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қонун ҳужжатлари, миллий қонунчилигимиздаги янгиликлар ҳақида маълумот ва тушунчалар берди.
Шу ўринда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан тузилган ишчи гуруҳи аъзолари икки ҳафта мобайнида Бухоро шаҳридаги 11 та оилавий поликлиника фаолиятини ўрганиб чиқ қанлигини қайд этиб ўтиш жоиз. Қ.Жўраев билан учрашувда ушбу ўрганишларнинг натижалари, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишга доир конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда бир қатор самарали ишлар билан бирга айрим муаммолар ҳам борлиги хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, мулоқот давомида сайловчилар томонидан ушбу мавзуга оид бир қанча масалалар ҳақида фикр-мулоҳазалар айтилди. Жумладан, замонавий тиббий асбоб-ускуналарни самарали ишлатиш мақсадида чекка ҳудудларда жойлашган ҚВПларда муқобил энергия манбаларини ўрнатиш, мослаштирилган бинолардан фойдаланаётган ҚВПлар учун янги бинолар қуриш, қишлоқ врачлик пунктларининг штат бирликларига қўшимчалар киритиш каби таклифлар кўпчиликнинг диққатини жалб этди.
Қодир Жўраевнинг “CEILINC PRODUKTION”, “Дилноза-Бобир-Омад”, “Кумушкенттекс”, “Шифоландия” масъулияти чекланган жамиятларида ўтказган очиқ мулоқотларида корхоналар фаолиятини замон талабига мос тарзда ривожлантиришга доир таклифлар ўртага ташланиб, тадбиркорлар билан фикрлашиб олинди. Сайловчилар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида технологиялар олиб келиш ва маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишда рухсат бериш, корхонага тегишли маъмурий бинони таъмирлашда банкдан кредит олиш, хориждан замонавий технологияларни олиш мақсадида кредит линияси очиш учун валютани конвертация қилиш каби масалалар ҳақида фикрларини баён этишди.
Партия фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан учрашувлари янги таклифлар, фойдали мулоқотларга бой бўлди. Депутатлар қонунларда белгиланган тартиблар, норматив-ҳуқуқий меъёрларнинг амалиётда қўлланилиши билан боғлиқ жараёнларни яқиндан ўргандилар.
Жамшид РАБИЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари.
Дилбар ҲАМДАМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари.
Узоқбой РИСҚУЛОВ,
Жиззах вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, маҳаллий Кенгаш депутатининг фаолияти серқирра бўлиб, қатор йўналишларни ўз ичига олади....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари бир қатор ишларни амалга оширмоқда....
01 янв 1970
Самарқанд вилоят партия кенгаши сайлов штабига ҳар куни ўнлаб кишилар ташриф буюришади....
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатларнинг масъулияти яна ҳам ортди.&n...