Шижоаткор элнинг қудрати

/
Термиздаги Археология музейининг кириш залида танга шаклидаги катта экспонат қўйилган. Бу экспонатда қайиқ ва лангар тасвири акс эттирилган. Ушбу экспонатдаги тасвир милодий VI-VII асрларда Термизда ҳукмронлик қилган термизшоҳлар томонидан зарб қилинган тангалардаги рамзий белги ҳисобланади. Аслида бу белги ўша даврда Термиз шаҳрининг тамғаси сифатида қабул қилинган. Маълумки, шаҳар Амударё (Укуз, Окс) бўйида қад ростлаган ва барча даврларда порт-бандаргоҳ, кечув маскани вазифасини бажарган. Тамға ва тангалардаги тасвир ана шунга монанд тарзда яратилган. Шу сабабли айрим қадимшунос олимлар Термиз номи “Дарё ёқасида жойлашган қалъа” маъносини билдиради, деб маълумот берадилар. Муаррих Ҳофизи Абрў эса шаҳар номи бақтрийча “тарамастха” сўзидан олинган, бу “нариги соҳилдаги манзил” деган маънога эга, деб ёзади.
Термиз шаҳрининг барпо этилиши тарихи ҳақида ҳам олимлар турли фикрларни ўртага ташлаганлар. Баъзи тарихчилар шаҳарни милоддан олдинги 329-327 йилларда Александр Македонский қурдирган ва уни Окс Искандарияси деб атаган десалар, айримлари шаҳарни янги эрадан аввалги 295-293 йилларда Салавкнинг ўғли Антиох барпо эттирган, шу сабабли у Антиохия тармитаси номини олган дейишади. Бошқа бир гуруҳ қадимшунослар эса шаҳарга Юнон-Бақтрия подшоси Деметрий милоддан олдинги 199-167 йилларда асос солган, натижада у Деметрий исмининг бузилиб талаффуз қилиниши натижасида Тармита номини олган, деган хулосага келганлар. Бу хулосалар ва фаразларни Термиз шаҳри тақдирининг нисбатан кейинги даврлари билан боғлаш мумкин. Аслида шаҳар Александр Македонский, Антиох, Деметрий ҳукмронлигидан олдинги даврларда ҳам мавжуд бўлган. Бу ёзма манбаларда ҳам кўрсатиб ўтилган. Масалан, антик давр муаллифларидан бири Мец “Эпитомея” асарида Александр Македонский Бессни таъқиб этиб, “Мидийлар дарёси” соҳилида жойлашган “Тармантис” шаҳригача етиб борди, деган маълумотни беради. Бу ерда Тармантис Термизнинг юнонча атамаси эканлиги назарда тутилса, шаҳар Македонский Бақтрияни босиб олгунча мавжуд бўлганлигини кўрсатади.
Кейинги йилларда Эски Термиз шаҳри атрофларида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида Фаёзтепа, Қоратепа, Чингизтепа ва бошқа кичик қўрғонлардан милоддан олдинги VI-V асрларга оид ноёб осори-атиқалар топилдики, булар шаҳар ёши 25 асрдан кам эмаслигини кўрсатди. Бу халқаро жамоатчилик ва ЮНЕСКО ташкилоти томонидан эътироф этилиб, 2002 йилда Термиз шаҳрининг 2500 йиллик тўйи ўтказилди. Тарихда Шаҳри ўул-ғула, Тарамастха, Тармантис, Тармита, Окс Искандарияси, Тармид, Та-ми, Та-мо каби номлар билан аталган Термиз шаҳри ана шундай тарихий йўлни босиб ўтган.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин Термиз шаҳри қадимиятини жиддий ўрганиш, уни илмий тадқиқ қилиш, тарихий масканлари, ёдгорликларини асл кўринишига монанд қайта қуриш, таъмирлаш, ободонлаштиришга киришилди. Бу борада иш шаҳарнинг ғарбий томонида, 5-6 километр четда, Амударё соҳилида жойлашган тарихий маскандан бошланди. Бу бежиз эмас. Зеро, шаҳарнинг қадим тарихини намоён қилувчи жой, бир неча юз гектарлик ҳудуддан иборат эски Термиз қалъаси айнан ана шу ўринда бўлган. Археологларнинг кўп йиллик изланишлари натижасида қадимий қалъа ўрни белгиланди. Унинг атрофига рамзий мудофаа девори тикланди ва дарвоза ўрнатилди. Қалъанинг Амударё билан туташ нуқталари, арки, саройлар, ички шаҳристон ҳудудлари аниқланди. Бу ерда тарихий шаҳар тақдирини намоён этувчи, ноёб осори-атиқаларни жамлаган музей барпо қилинди. Шу билан бирга, Эски Термиз бағридаги нодир ёдгорлик, улуғ аллома Ҳаким ат-Термизий мақбараси асл тарихий қиёфасида таъмирланди ва қайта қурилди. Улуғ аллома хотираси эъзозланди. Айни пайтда, бу тарихий масканда кенг йўлаклар, боғ-роғлар, кўкаламзор жойлар, дам олиш ўринлари, эколандшафт тизим, хиёбонлар барпо этилди. Бошқача айтганда, кўҳна тарих обод, гўзал қиёфада бўй кўрсатди. Бундан ташқари, ушбу мажмуага яқин жойдаги Қоратепа қадимий буддавийлик маркази очиб ўрганилди. Фаёзтепа буддавийлик ибодатхоналари таъмирланди. Шаҳарнинг кунчиқар уфқида жойлашган Султон Саодат ёдгорликлар мажмуаси ва “Қирқ қиз” тарихий маскани қайта қурилиб, таъмирдан чиқарилди.
Шаҳарнинг ўзида ҳам тарихий қадриятларни ва аждодлар меросини улуғлашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Термизнинг 2500 йиллик юбилейи муносабати билан шаҳар марказида Археология музейи барпо этилди. Марказий Осиёда ягона бўлган бу музей шарқона, миллий ва замонавий шаҳарсозлик услубида яратилди. Ниҳоятда маҳобатли, юксак платформа устида жойлашган, олд қисми колонналар билан безатилган, тепа қисми гумбазли бу бино шаҳарда меъморчиликнинг ўзига хос ноёб намунасига айланди. Шундан кейин “Алпомиш” достони яратилганлигининг 1000 йиллиги муносабати билан музейга яқин жойда Алпомиш ҳайкали қад ростлади. Ҳайкал атрофида боғ ва боғ олдида достонда куйланган Ойнакўл мисол мавжланиб турадиган кўл бунёд қилинди.
— Мен Сурхондарё, хусусан, Термиз яқинида чорак асрдан ошиқ вақтдан бери археолог қазишмалар олиб бораяпман. Шу вақт ичида Қоратепа, Фаёзтепа, Чингизтепа, Эски Термиздаги тарихий масканларни очиб ўргандим, — дейди япониялик археолог, қадимшунос олим Като Кюдзе. — Бу ер, ҳақиқатан ҳам инсоният тамаддунининг бешикларидан бири бўлганлигига ишонч ҳосил қилдим. Ушбу заминда бақтрлар, сўғдлар, аҳмонийлар, юнонлар, кушонлар, саклар, тоҳарлар ва яна қанча давлатларнинг тарихий излари сақланиб қолган. Қанча халқлар, маданиятлар, илм-фан, савдо аҳллари бу ерда учрашишган. Бу замин биз учун — японлар, корейслар, хитой ва шарқда яшовчи кўп халқлар учун ҳам ниҳоятда қадрли ҳисобланади. Негаки, мамлакатимизда буддавийликнинг тарқалиши учун Фаёзтепа, Қоратепа каби буддавийлик марказлари асосий роль ўйнаган. Шу сабабли бу масканни биз ўз Маккаю Мадинамиз сифатида қадрлаймиз. Қадимда гўзал, обод, улуғвор бўлган Термизнинг бугун яна кўркам, чиройли, экологик жиҳатдан мусаффо шаҳар сифатида қад ростлаётганидан беҳад хурсандман.
Шаҳарда қайта қуриш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари айнан мана шу нуқтадан — Ат-Термизий кўчасидан бошланди. Шаҳарнинг шарқий ва ғарбий қисмларини бирлаштирувчи бу шоҳ кўчада кейинчалик спорт мусобақалари ўтказиладиган мажмуа, “Сурхон” , “Ассон”, “Файз” каби меҳмонхоналар, “Марказий деҳқон бозори”, “Юбилей” савдо маркази, мактаблар, коллежлар, шифохоналарнинг янги иморатлари бўй кўрсатди. Кўча кенгайтирилди. Унинг икки томонида кўкаламзор масканлар, гулзорлар, яшил йўлаклар яратилди. Аввалдан мавжуд иншоотлар замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида таъмирдан чиқарилди. Термиз бағрида мустақиллик даври замонавий шаҳарсозлигининг дастлабки намунаси ушбу шоҳкўча тимсолида вужудга келди.
“Қурилиш ишларини бугунги замон талабларига мос ҳолда олиб бориш керак... Биз қураётган бундай бинолардан наинки бугунги, балки келгуси авлодлар ҳам завқ олсин, асрлар давомида эслаб, ўзгача ғурур билан яшасин”.
Ислом Каримов

Термиз шаҳридаги бунёдкорлик, қайта қуриш ишлари аэропортда ҳам амалга оширилди. Унинг аввалги кичик, бугунги талабларга жавоб бермайдиган биноси катта қилиб қайта тикланди. Аэропорт ичида йўловчиларга хизмат кўрсатадиган янги терминаллар ўрнатилди. Маълумки, Термиз мамлакатимизнинг жанубий гавани ҳисобланади. Бу гаванга дунёнинг турли нуқталаридан сайёҳлар, меҳмонлар келади. Замонавий аэропорт барчага юксак даражада хизмат қиладиган обод ва гўзал масканга, шаҳарнинг меҳмондўстлигини намоён этувчи дарвозага айланди.
Шаҳарнинг яна бир дарвозаси ҳисобланган Термиз темир йўл вокзалида ҳам катта миқёсда қайта қуриш, модернизация ишлари олиб борилди. Кичик, кўримсиз бинолар ўрнида замонавий, барча хизмат турлари йўлга қўйилган, чиройли, катта вокзал барпо этилди. Вокзал олди майдони ва хиёбонлар обод қилинди. Йўловчилар учун кенг имкониятлар яратилди. Хуллас, аэропорт ва вокзал фаолиятида ҳам шаҳар ҳаётидаги бунёдкорликлар, ўзгаришлар ифодасини топди.
Кейинги йилларда Термизда замонавий ва миллий шаҳарсозлик анъаналари асосида ижтимоий соҳага доир объектлар, иншоотлар, кўп қаватли иморатлар, турли ташкилотлар, корхоналар идоралари қурилди. Ана шулар сафини Термиз давлат университети учун бунёд этилган янги бинолар тўлдирди. Хусусан, дорилфунуннинг кўп қаватли янги ўқув корпуслари тикланди. Ахборот-ресурс маркази, спорт мажмуаси, 400 ўринга эга талабалар турар жойи барпо қилинди. Олий ўқув юртининг аввалдан мавжуд бинолари, иморатлари янгича асосда таъмирланди. Аудиториялари янги технологиялар билан жиҳозланди. Булар университетни бутунлай янги қиёфага киритди. Ҳозирги пайтда, университет ва илм аҳли учун республика Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ дарё соҳилида “Амударё” деб номланган спорт-соғломлаштириш маркази бунёд қилинмоқда. Катта ҳудудни эгаллаган бу марказ бағрида спорт билан шуғулланиш учун барча имкониятлар яратилади. Соғлиқни тиклаш, соғломлаштириш хоналари ташкил этилади. Булар университет талабаларининг, профессор-ўқитувчилари, устозларининг, умуман, илм аҳли, маданият ва маънавият намояндаларининг соғлигини тиклаш, маданий-маънавий дам олишлари учун хизмат қилади.
Термиз йилдан-йилга кенгайиб, катталашиб, шаҳар бағри тўлишиб, янгича чирой очиб бормоқда. Айниқса, кейинги 4-5 йил ичида “Султон Саодат”, “Алишер Навоий”, “Истиқлол”, “Баркамол авлод” каби кўчаларда кўплаб муҳташам турар жойлар тикланди. Бу турар жойларнинг аксарияти уч-тўрт қават қилиб қурилди. Уларнинг биринчи қаватидан турли хизмат кўрсатиш объектлари, савдо уйлари, тамаддихоналар ўрин олди. Қолган қаватлари аҳолининг уй-жойларидан иборат. Бундай масканлар ҳам аҳолининг яшаши, ҳам уларнинг кундалик эҳтиёжлари учун қулайликлар туғдирмоқда. Ҳар бир кўча, маҳалла, даҳа ва мавзедаги уйлар, бинолар тархи, қурилиши, кўриниши жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади. Айни пайтда, кўчалардаги бинолар, иморатлар, иншоотлар ташқи кўринишидаги биринчи қаватидаги тўқ жигарранг ва юқори қаватларидаги сарғишранг шаҳарнинг янги замонавий ва миллий шаҳарсозлик белгисига айланган. Бу энди барпо этилаётган биноларнинг қиёфасида ҳам намоён бўлмоқда.
Шаҳарда янги турар жойлар, даҳалар, мавзелар қурилиши билан биргаликда кўплаб умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, мактабгача тарбия муассасалари ҳам бунёд қилинмоқда. Булар ҳам, шубҳасиз, шаҳар ҳаётини янгилашга, уни яшартиришга, обод қилишга ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Айниқса, ёшлар учун, уларнинг талаб-эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда кўплаб иншоотлар барпо этилмоқда. “Сурхон” спорт мажмуаси, Ёшлар маркази, “Бахт уйи” сингари даргоҳлар бевосита ёшларга бағишланган. “Бахт уйи” ниҳоятда муҳташам қилиб қурилган. Бино пойдевори баланд қилиб тикланган. Бу пойдевор устидаги маҳобатли бинони янада улуғвор қилиб кўрсатишга хизмат қилади. Бинонинг олд қисми устунлардан, яъни колонналардан иборат. Ҳар икки устун тепаси ярим доира шаклидаги аркалар орқали бирлашган. Натижада аркали колонналар вужудга келган. Аркали колонналарга тенг ҳажмда бино учун деразалар ўрнатилган. Ниҳоятда катта деразалар ташқи томондан бинони гўзал, маҳобатли тарзда кўрсатиш билан бирга хоналарнинг ёруғ бўлишига ҳам хизмат қилган. Бино олдидаги очиқлик ва бу ерда яратилган эколандшафт тизими, гулзорлар, хиёбонлар, кенг йўлаклар — ҳаммаси уйғунлашиб ушбу мажмуани ёшлар учун ҳақиқий “Бахт уйи”га айлантирган.
— Шаҳар қиёфаси сўнгги 2-3 йил ичида тубдан ўзгарди. Янги кўчалар, обод ва чиройли уйлар, иншоотлар, гулларга бурканган майдонлар, хиёбонлар, кўкаламзор масканлар, ўзига хос эколандшафт тизими — барчаси Термизнинг жамолини очиб юборди. Уни гўё янги шаҳарга айлантирди, — дейди Термиз давлат университети профессори Шопўлат Шайдуллаев. — Энг муҳими, шаҳар ҳаёти ва қиёфасидаги бу ўзгаришлар одамлар қалбида, дунёқарашида туб бурилиш ясади. Улар эскича яшаш мумкин эмаслигини яққол англаб етдилар. Шунинг учун шаҳар маҳаллаларида барпо этилаётган хусусий турар жойларга назар ташласангиз, улар ҳам Термизнинг бугунги кўркига, ободлигига, гўзаллигига мос тарзда қад ростлаётганлигини кўрасиз. Эндиликда одамлар юртнинг ободлиги ўз уйи, кўчаси, маҳалласи ободлигидан бошланишини англаб етдилар. Ютуқларимиз асоси ҳам ана шунда, деб ўйлайман.
Булардан ташқари, ўтган йили шаҳарда ёш оилаларга атаб 64 хонадондан иборат “Камолот” уйи қурилиб, фойдаланишга топширилган эди. Бу йил эса бундай бахтга мушарраф бўладиган ёш оилалар сони икки ҳиссага кўпаяди. Умуман, бу ерда амалга оширилаётган катта бунёдкорликлар, яратувчиликлар Термиз бағрида Ёшлар шаҳарчасини вужудга келтирмоқда ёҳуд Термизни ёшлар шаҳрига айлантирмоқда, десак хато бўлмайди.
Мамлакатимиз Президентининг 2015 йил 22 майдаги қарори асосида тасдиқланган 2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури воҳа маркази Термиз шаҳридаги бунёдкорлик, қурилиш ишларини яна ҳам кенгайтиришга имкониятлар яратиб берди. Шаҳарда қурилиш ишлари аввал унинг шарқий ва шимолий ҳудудларида олиб борилган бўлса, эндиликда барча нуқталарида амалга оширилмоқда. Шу йил Хотира майдони мажмуаси барпо этилиб, шаҳар аҳлининг зиёратгоҳига айланди. Шаҳар марказидаги Дўстлик боғида 700 ўринга мўлжалланган Санъат саройи қурилиши якунига етмоқда. Атрофи катта боғ, кўкаламзор маскан —эколандшафт тизими ва фавворалар майдонидан иборат бўладиган бу сарой замонавий ва миллий шаҳарсозликнинг гўзал намуналаридан бири сифатида барпо этилмоқда. У ҳақиқий санъат кошонасига, маданият, маънавият аҳлининг кўркам даргоҳига айланади.
Булардан ташқари, шу кунларда Термиз Археология музейи мукаммал таъмирдан чиқарилмоқда. Шунингдек, амфитеатр биноси қурилиб, обод ва кўркам тарзда қад ростлайди. Шаҳар бағрида умумий овқатланиш, дам олиш масканлари, болалар учун аттракционлар, кичкинтойлар боғлари, автомобиллар тўхташ жойлари, хиёбонлар ва яна бошқа иншоотлар барпо этилади.
Шаҳарда юқоридаги дастурга мувофиқ янги турар жойлар, мавзелар, даҳаларни қуришда ўзига хос йўл тутилмоқда. Яъни, кўп қаватли уйлар оралиқларида яшил зоналар, боғ-роғлар, хиёбонлар яратилиб, фавворалар, сув ҳавзалари қурилмоқда. Бунинг сабаби бор. Термиз мамлакатимизнинг энг жанубида жойлашган ёзи ниҳоятда иссиқ шаҳарлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли фавворалар, дарахтзор хиёбонлар, эколандшафт тизим шаҳарга ободлик, озодалик, кўркамлик бағишлаш билан бирга микроиқлим ҳосил қилишга ҳам ёрдам беради. Бундай қурилиш, яратувчилик ишлари нафақат кўп қаватли турар жойлар атрофларида, балки маҳаллаларда, даҳаларда ҳам амалга оширилмоқда.
Дастур асосида Термизда кўчаларни қайта қуриш, кенгайтириш, шаҳар ичида ҳалқа йўллар барпо этиш, айланма йўллар яратишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Замонавий ва миллий шаҳарсозлик асосида муҳандислик-коммуникация, бозор инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш, экологик муҳитни яхшилаш каби масалаларга ҳам эътибор берилмоқда. Хуллас, бу амалга оширилаётган бунёдкорликлар аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши ва шаҳарнинг обод, гўзал, кўркам тарзда барпо этилиши учун хизмат қилмоқда.
Президентмиз яқинда Сурхондарё вилоятига ташрифи пайтида Термиз шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди. Келгусида қилинадиган ишлар, шаҳарсозлик соҳасидаги янгиликларни ҳаётга жорий қилиш борасида алоҳида тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг “Қурилиш ишларини бугунги замон талабларига мос ҳолда олиб бориш керак. Бу жараёнда аввало лойиҳани пухта ишлаш, салоҳиятли пудратчи ташкилотларни танлаш, замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш даркор. Энг муҳими, бундай салобатли иншоотларга замонавий қурилиш материалларини ишлатиш, дизайни мослигига алоҳида аҳамият қаратиш зарур. Биз қураётган бундай бинолардан наинки бугунги, балки келгуси авлодлар ҳам завқ олсин, асрлар давомида эслаб, ўзгача ғурур билан яшасин”, деган сўзларида нафақат шаҳримизнинг, балки мамлакатимизнинг бунёдкорлик истиқболи ҳам кўзда тутилганлиги бирорта юртдошимизни бефарқ қолдирмайди.
Гўзаллик гўзалликдан туғилади, дейишади. Ҳақ гап! Лекин асл гўзаллик инсоннинг ижодкорлик, яратувчилик, бунёдкорлик қудратидан пайдо бўлади. Бунинг асосида эса ҳар бир инсоннинг ўз юртига, ўз элига нисбатан юксак эҳтироми, сўнмас муҳаббати ётади. Бугун Сурхон воҳасининг маркази Термизда, қадим-қадимдан “Маданият ул-рижол” (“Мардлар шаҳри”) деб эъзозланган шаҳарда амалга оширилаётган улуғвор ишларда сурхондарёликларнинг, гўзаллик яратаётган шижоаткор элнинг қудрати яна бир бор намоён бўлмоқда.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири
 
ҲАМКОРЛИК НАФАСИ
Бугун Сурхондарёда барча соҳаларда кенг кўламда янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Натижада ўзига хос муваффақиятлар қўлга киритилмоқда.
Вилоятда шу йилнинг дастлабки чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 8,4 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,6 фоизни, қурилиш-пудрат ишлари 11,5 фоизни ташкил этганлиги ҳам ана шу ютуқларнинг ифодасидир. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши туфайли унинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 57 фоиздан ошганлиги янада қувонарлидир.
Бу борада Термиз шаҳрида амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Шаҳарда юзлаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Ана шулар орасида “Сурхон Термиз Чинни” масъулияти чекланган жамиятнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Корхона вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурига мувофиқ 2015 йилнинг февраль ойида Хитойнинг “Hanzhou PESC Trading Co LTD” компанияси ҳамкорлигида бунёд этилган эди. 150 иш ўрнига эга корхонада ўтган йили 2 миллион 700 минг дона чинни буюмлар ишлаб чиқарилди. Умумий маҳсулот ҳажми 3 миллиард сўмдан ошди. Бу йилнинг дастлабки ярим йили ичида корхона маҳсулотлари ҳажми ўтган йилги миқдорга яқинлашиб қолди. Энг муҳими, Термизда тарихда биринчи бор, аҳоли учун ниҳоятда зарур чинни маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу чинни буюмларни нафақат мамлакатимиз ҳудудларида сотиш, балки хорижга экспорт қилиш ҳам мўлжалланган. Бундай ютуқлар Термиз шаҳрининг ҳам, вилоятнинг ҳам бунёдкорлик нуфузини оширмоқда. Дўстлик, ҳамкорлик нафаси чинни буюмларда акс садо бермоқда.
Вилоятимиз ва шаҳримизни туризм марказларидан бирига айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлардан ҳам ҳурсандмиз. Сабаби аён: бунинг натижасида тарихимиз тикланмоқда, шаҳримиз обод бўлмоқда. Ўлкамизга келувчи меҳмонлар кўпаймоқда. Дунё халқлари билан ҳамкорликларимиз кенгаймоқда. Қилаётган бунёдкорлик ишларимизни дунё аҳлига кўрсатишга имкон туғилмоқда. Қолаверса, туризм иқтисодий фойда ҳам келтиради. Шу ўринда кўнглимда юрган бир фикрни ҳам айтишни истардим. Дарё бўйида жойлашган шаҳарлар сайёҳлик борасида омадли ҳисобланади. Термиз ҳам Аму бўйидаги сайёҳлик имкониятларига бой шаҳар. Афсуски, қўшни Афғонистон ҳудудидаги нотинчликлар сув йўли сайёҳлик тизимини яратишга имкон бермаётибди. Лекин келгусида қўшни мамлакатда тинчликнинг барқарор бўлиши бу борадаги режалар амалга ошиши учун йўл очиб беради. Ана шунда Термиз ҳақиқий сайёҳлик марказига, дўстлик шаҳрига айланади, деб умид қиламиз.
Бахтиёр САФАРОВ,
халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Таҳририятдан: Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг нуфузи, обрў-эътибори, танилувчанлиги нафақат юртимизда, балки хорижда...
01 янв 1970
2012 йилда “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг амалий санъат йўналиши бўйича вилоят босқичида I ўринни эгалладим....
01 янв 1970
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. 
01 янв 1970
Мамлакатимизда сўнгги икки ярим йил давомида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилди....