Дастурий вазифалар ижроси билан муҳим

/
Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг V Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Марказий аппарат, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кенгашлари масъул ходимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Пленумни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаров кириш сўзи билан очар экан, аввало, шу кунларда халқимиз катта хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олишга тайёргарлик кўраётган энг улуғ ва энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги ҳамда уни жойларда кенг нишонлаш борасида партия ташкилотлари ва фаоллари томонидан ўтказилаётган тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди.
— Албатта, ушбу қисқа давр мобайнида мамлакатимиз истиқлолнинг дастлабки йилларида давлатимиз раҳбари томонидан танланган оқилона сиёсат ва миллий тараққиёт стратегиямиз саналган “ўзбек модели” асосида барча соҳаларда катта ютуқларга эришди, — деди Н.Умаров. — Мустақиллик туфайли биз дунёни танидик, дунё бизни таниди, муваффақиятларимизни тан олди. Бугун ҳаётимизда рўй берган ижобий ўзгаришларни ҳар биримиз ўз оиламиз, маҳалламиз, туман ёки шаҳримиздаги янгиланишлар мисолида кўриб, ҳис этиб турибмиз.
Истиқлол шарофати билан нафақат аҳолининг ижтимоий ҳаётида туб ўзгаришлар рўй берди, балки мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида катта мувафаққиятларга эришилди. Айниқса, 2010 йилда қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида амалга оширилган конституцион янгиланишлар сиёсий партияларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириб, ваколатларини кенгайтирди.
Партия раҳбари қутлуғ айём муносабати билан аҳоли орасида ўтказилаётган учрашув ва тадбирларда мустақилликнинг қадр-қимматини, истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилган, ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ўзгаришларни, барча соҳаларда эришилган улкан натижалар, айниқса, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, аҳолининг сиёсий фаоллиги ошиб, турмуш даражаси юксалиб бораётганини чуқур тушунтириш, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, уларни янги марралар сари руҳлантиришда партиянинг ҳар бир депутати ва фаоллари муносиб иштирок этиши зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, Н.Умаров Пленум кун тартибидаги асосий масала — “Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” Сайловолди дастурини амалга ошириш юзасидан 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастури ижроси тўғрисида” ахборот берди.
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий соҳада амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг қарийб 21 йиллик фаолияти давомида мамлакатимиз сиёсий майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашга, электорати ва аъзолари сафини кенгайтиришга, марказий ва ҳудудий партия ташкилотларининг моддий-техник базаси ҳамда кадрлар захирасини яхшилашга, сайловдан сайловга депутатлик корпусларини сон ва сифат жиҳатдан мустаҳкамлашга эришди.
Айни пайтда партия ўз электорати манфаатларини рўёбга чиқариш мақсадида Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастурини ҳаётга фаол татбиқ этиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида ушбу амалий ҳаракатлар Дастури ижроси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, амалий ҳаракатлар Дастурининг “Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари – олий қадрият” деб номланган биринчи йўналишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда ОАВ ролини кучайтириш масаласи илгари сурилган. Бу борада ўтган давр мобайнида партиянинг марказий, ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари томонидан партия электорати вакилларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари, учрашув ва семинарлар ўтказилди.
Шу билан бирга, ўтган даврда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида партиянинг марказий, ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари томонидан 500 дан зиёд ҳуқуқий тарғибот ва маърифий тадбирлар ўтказилиб, уларга 20 минг нафардан ортиқ иштирокчи жалб этилди.
Бундан ташқари, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонун ижроси юзасидан жойлардаги партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши сессияларида 26 маротаба мансабдор шахсларнинг эшитувлари ташкил қилинди.
Жорий йил бошида Ўзбекистон судьялари ассоциацияси билан партия ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида судлар фаолиятининг очиқ ва ошкоралиги, суд жараёнида томонларнинг тенглиги ва холис тортишув тамойиллари, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини такомиллаштириш мақсадида ҳамкорликда тизимли равишда давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари”, “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт”, “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият” лойиҳалари доирасидаги 200 дан ортиқ тадбирлар ҳам шулар жумласидандир. Ушбу йўналишда “Адолат” газетасида 30 дан ортиқ туркум мақолалар чоп этилди. Партия веб-сайтида 200 га яқин мақолалар эълон қилинди.
Амалий ҳаракатлар Дастурининг “Давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш – амалга оширилаётган ислоҳотлар ортга қайтмаслигининг кафолати” йўналиши бўйича ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари, биринчи навбатда, маҳаллий ҳокимликлар фаолияти борасида маълумотлар билан кенг таъминлаш, бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобот бериб борилишига эришиш вазифаси белгиланган.
Бу борада партиянинг ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари томонидан жойларда Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлари тарғиботига бағишланган 100 дан ортиқ давра суҳбатлари ташкил этилган бўлиб, уларга 5000 дан ортиқ иштирокчи жалб этилди.
Бундан ташқари, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан жойларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши сессияларида 26 маротаба мансабдор шахсларнинг эшитувлари ташкил қилинди.
Партия фаолиятида ҳам очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида adolat.uz веб-сайтида “Онлайн депутат” рукни ташкил этилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан сайловчилар мурожаатларига жавоб бериб келинмоқда. Ўтган даврда ушбу интерактив хизмат орқали депутатлар томонидан фуқаролардан келган 400 га яқин мурожаатларга онлайн тарзда жавоб берилди.
Амалий ҳаракат Дастурининг “Бизнинг мақсадимиз — адолатли фуқаролик жамияти” йўналиши бўйича ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг давлат тузилмалари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини изчил равишда такомиллаштириб бориш мақсадида “ННТ – партиянинг бош ижтимоий ҳамкори”, “Медиа олам: тенденциялар ва истиқболлар”, “Буюк ва муқаддассан, ҳур Ўзбекистон” лойиҳалари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этиб келинмоқда.
Хусусан, “ННТ – партиянинг бош ижтимоий ҳамкори” лойиҳаси доирасида “Нуроний” жамғармаси, халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси, “Экосан” халқаро экология ва саломатлик фонди, Ўзбекистон Байналмилал маданият маркази, Ўзбекистон судьялари ассоциацияси билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Ушбу ташкилотлар билан ҳамкорликда партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, 100 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди. “Кексаларни эъзозлаш муқаддас бурчимиздир”, “Адолат – ҳар бир инсон учун” каби мавзулардаги тадбирлар шулар жумласидандир.
Олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг қизиқиш ва иқтидорларини инобатга олган ҳолда маълум соҳаларда касбга йўналтириш ҳамда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги битирувчиларга банк кредитларини олишда кўмаклашиш мақсадида ўтган даврда партия томонидан Булунғур, Пастдарғом, Поп, Учқўрғон, Зомин, ўаллаорол, Арнасой, Шеробод, Олтинсой, Қумқўрғон, Риштон туманлари ва Қўқон шаҳрида Марказий банк, “Асака” АТБ, “Микрокредитбанк” АТБ ва “Туронбанк” АТБ билан ҳамкорликда “Хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашда сиёсий партиялар ва тижорат банклари ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусида учрашувлар ўтказилиб, ўз бизнесини йўлга қўйишни истаган 300 нафарга яқин коллеж битирувчилари ҳамда хотин-қизларга қарийб 900 миллион сўм миқдорида имтиёзли банк кредитлари олишларига амалий ёрдам берилди.
Республика бўйича аҳоли фойдаланувида бўлган ички йўлларни янгилаш, таъмирлаш ва қайта таъмирлаш масаласини ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига босқичма-босқич киритиб бориш мақсадида ишлаб чиқилган “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида ҳафтанинг ҳар жума куни партиянинг ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуслари ҳамкорлигида жойларда “Йўлларни асрайлик” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Улардан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида соҳага дахлдор масъул шахсларнинг эшитувлари ташкил этилмоқда ва сессиялар муҳокамасига масалалар киритилмоқда. Жумладан, 2016 йилнинг ўтган даври давомида партиянинг ҳудудий ва маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик корпуслари томонидан жами 354 та давра суҳбатлари ўтказилиб, уларга 13 минг нафардан зиёд иштирокчилар жалб этилди. Соҳага доир масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга 167 та депутатлик сўровлари юборилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига 19 та, сессияларга 11 та масалалар киритилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
“Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳамкор ташкилотлар билан бирга “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз”, “Интернет маданиятини юксалтириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифамиздир” мавзуларида туркум учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Уларда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, глобаллашув жараёнида ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш, интернет маданиятини шакллантириш, терроризм ва диний экстремизм ғояларидан ҳимоя қилиш борасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ўтган давр мобайнида бу каби тадбирлар 368 тани ташкил этиб, уларда 26 минг нафардан зиёдроқ ёшлар қамраб олинди.
“Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси доирасида Самарқанд ва Андижон шаҳарларида ижтимоий сўровномалар, давра суҳбатлари ўтказилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан умумтаълим мактабларидаги мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, халқ депутатлари Самарқанд ва Андижон шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритилди ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг кийиниш маданиятини юксалтириш, улар учун ягона мактаб формаси жорий қилиш, мактабларда тенглик ва адолатни таъминлаш йўналишларида, шунингдек, мақсадсиз пул йиғимларига чек қўйиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, мутасадди ташкилотларга кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ушбу лойиҳа натижаларини республика миқёсида оммалаштириш мақсадида 2016 йилнинг май ойида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда видеоконференция ўтказилиб, келгусида республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида босқичма-босқич равишда ягона мактаб формасини жорий қилиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш ҳамда бу борадаги чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Пленумда партия амалий ҳаракатлар Дастури ижросини таъминлаш борасидаги ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам муҳокама қилинди. Келгусидаги режалар ижросини изчил ва тўлақонли бажариш, жойларда ўтказилаётган партиявий лойиҳалар доирасидаги тадбирларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, Пленумда партия фаолиятига доир бошқа мавзулар ҳам муҳокама этилиб, кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
 
Сўз — Пленум иштирокчиларига:
Қодир ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:
— Электорат ишончини оқлаш биз учун энг муҳим вазифа саналади. Сайловлар арафасида берган ваъдаларимиз изчил асосга эга эканлиги фаолиятимизда ўз аксини топиб келмоқда. Партиямизнинг амалий ҳаракатлар дастурида уларни рўёбга чиқаришнинг аниқ механизмлари белгиланган бўлиб, бу борада фракциямиз аъзолари ҳам ташаббускорлик билан иш олиб бормоқда.
Жумладан, ўтган давр мобайнида қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартириш, қонунларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш мақсадида фракциямиз томонидан "Электрон тижорат тўғрисида"ги, "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги ва "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунларга партиянинг позицион таклифларини киритишга эришилди.
2015 йилда партиямиз фракцияси ташаббуси билан юборилган парламент сўрови бўйича илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг "Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати ва унинг самарадорлигини ошириш истиқболлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарида замонавий техника ва технологияларни жорий этиш тўғрисида"ги масала юзасидан ахбороти эшитилди. Бунда биз электоратимиз манфаатлари ҳамда дастурий мақсадларимизга доир бир қатор таклифларимизни киритишга эришдик.
Партия депутатлари ижтимоий соҳаларда давлат бюджети ижросини таъминлаш борасида назорат ишларини самарали ташкил этишга чуқур масъулият билан қарамоқда. Айтиш жоиз, аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, соғлиқни сақлашнинг давлат секторини мустаҳкамлашга қаратилган дастурий вазифалар ижроси ҳам изчиллик билан таъминлаб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тақдим этилаётган ҳар йиллик Давлат бюджетининг бажарилиши муҳокамасида партия фракцияси аъзолари соғлиқни сақлаш тизимидаги Қишлоқ врачлик пунктларини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб таклифлар бериб келмоқда.
Жойлардаги депутатлик гуруҳларимиз орқали ҳам соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммолар юзасидан тегишли идораларга депутатлик сўровлари юборилиб, улар устидан жамоатчилик ва депутатлик назорати ўрнатилмоқда.
Шунга қарамай, сайловолди дастурий вазифаларимиз ижросида ҳали бажариладиган ишларимиз талайгина. Масалан, замонавий инновациялар ва юқори технологияларни ҳаётимизга кенг жорий этиш, давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги, аҳоли ўртасида энергия ресурсларига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни шакллантирадиган тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш, қишлоқ хўжалигида уруғчилик ва селекция ишларини ривожлантириш, мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш каби йўналишларни эътиборимизни кучайтирмоғимиз зарур.
Ерназар КУННАЗАРОВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси:

— Партиямиз амалий ҳаракатлар Дастури асосида ишлаб чиқилган лойиҳалар электоратимиз манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, аҳоли ўртасига янада чуқурроқ кириб бориш, уларни қизиқтираётган, ўйлантираётган масалаларни аниқлаш ҳамда уларга ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
Жумладан, “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига сайланган депутатларимизнинг жойларда амалдаги қонунлар ижроси билан боғлиқ чора-тадбирларни ўрганишдаги фаолликларини оширишга хизмат қилмоқда.
Мисол тариқасида, ўтган давр мобайнида “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси билан боғлиқ 100 га яқин турли шаклдаги тадбирлар амалга оширилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига сайланган депутатларимиз томонидан халқаро аҳамиятдаги ҳамда маҳаллий ички йўлларнинг ҳолати бўйича мансабдор шахсларга 15 та депутатлик сўрови жўнатилиб, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги доимий комиссия мажлиси муҳокамасига масалалар киритилди.
Жорий йилнинг июнь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг “Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида”ги, шунингдек, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари ташаббуси билан Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг “Шаҳар аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида”ги ҳисоботлари сессия йиғилишларида эшитилиб, муҳокама қилинди.
Ушбу масалаларнинг долзарблиги ҳисобга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси ва халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши доимий комиссияси мажлисларига кўриб чиқиш учун тақдим қилинди.
Албатта, амалий ҳаракатлар Дастури ижроси билан боғлиқ амалга оширишимиз лозим бўлган вазифалар талайгина, фойдаланилмаётган имкониятларимиз ҳам йўқ эмас.
Айниқса, дастурда белгиланган вазифаларни ўз вақтида, самарали ташкил этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ҳамда жойлардаги бошланғич партия ташкилотларимиз имкониятидан унумли фойдаланишимиз зарур.
Равшан ТОЛИБОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

— Партиямизга ишонган, унинг ғояларини қўллаб-қувватлайдиганлар сафи ортганини бугунги кунда халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашида 13 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 65 нафар депутатимиз фаолият юритаётганидан англаш мумкин. Яъни, бугун электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловчиларга берилган ваъдаларни бажариш учун бизда куч ҳам, имконият ҳам етарли.
Ушбу масъулиятли вазифани яхши ҳис этган депутатларимиз томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ҳамда қонунларнинг ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу борада масъул мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш тизимли йўлга қўйилган бўлиб, доимий комиссиялар ва сессияларга тегишли масалалар киритилмоқда.
Хусусан, 2015 йил давомида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз томонидан доимий комиссияларга 22 та масала, сессиялар кун тартибига эса 12 масала киритилиб, уларнинг барчаси юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниши ҳамда ижобий ечим топишига эришилди.
“Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида вилоят партия кенгаши томонидан жойларда ҳафтанинг ҳар жума куни “Йўлларни асрайлик” мавзусида ўтказилаётган давра суҳбатлари натижасида фойдаланувда бўлган ички йўлларни таъмирлаш ва қайта таъмирлаш, янги йўллар барпо қилиш бўйича депутатлар томонидан мутасадди ташкилотларга 48 та депутатлик сўрови юборилди, мавжуд эҳтиёжлар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритилмоқда. Бунинг натижасида шу кунга қадар Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳар ва Бекобод, Оҳангарон ва Оққўрғон туманларидаги таъмирталаб ички йўлларни таъмирлашга эришилди.
Шу билан бирга, ҳудудий ва маҳаллий партия кенгашлардаги ходимларнинг касбий малакасини, БПТлардаги аъзоларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ҳамда депутатлик гуруҳларимиз фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган сиёсий ўқувлар ташкил қилиб бориш ҳам фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бирига айланган.
Кўриниб турибдики, бугун электорат манфаатини самарали ҳимоя қилишда асло хотиржамликка берилиб бўлмайди. Шундай экан, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари сайловчилар, электоратимиз манфаатлари, ҳаётий эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқ ҳар бир масалага жиддий масъулият билан ёндашиши, бу борада ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариши керак.
Дилором МАТКАРИМОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли ўртасида ўтказилган мулоқотлар дав...
01 янв 1970
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, уларнинг жамиятда тутган ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келин...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Тошкент темир йўл муҳандислари институтида давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
Маълумки, ҳозирги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доираси...