Тўйлар муборак!

/
Биринчи мақола
Хонада учта одам – ота, она ва ўғил суҳбатлашмоқда.
— Келинингиз никоҳга оқ рангли “лимузин” машина олиб келасиз, деб шарт қўйди. Бошқа машина бўлмас эмиш, — гап бошлади ўғил.
— Кўнглинг тўқ бўлсин, ўғлим, тўй куниси айтган машина хизмат қилади, — деди ота.

— Дада, келинингиз тўй кунига эмас, никоҳдан ўтадиган кунимизга шундай машина талаб қилаётибди, — изоҳ берди ўғил.
— Қуда хола тўй шаҳар марказидаги катта тўйхонада бўлса дебди, — гапга аралашди она.
— Шаҳар марказидаги тўйхонанинг нархи қанча эканлигини хотин қуданг билармикан? Тўй қайси тўйхонада ўтишининг нима фарқи бор? Қолаверса, бундай машинанинг хизмат ҳақи соатига фалон пул турса, олдинда тўй. Бирров никоҳдан ўтиш учун бундай машина шартмикан? Умуман, бундай машмашалар қаердан пайдо бўлаётибди?!
— Бу тўйхона қудаларингизнинг обрўсига тўғри келмасмиш. Яқинларини бу ерга олиб келишга уялармиш... Орага норозилик тушмасин, дадаси. Пул топилар, дўстлардан қарз сўрармиз, — маслаҳат берди она.
— Аввал никоҳдан ўтиб, кейин дугоналари, дўстлари билан буни ресторанда нишонлар эканмиз. Келинингиз дугоналарига ана шундай машинада борамиз деб ваъда бериб қўйибди. Бўлмаса, тўй тўхтатилармиш...
Бу воқеа айнан қаерда бўлиб ўтгани номаълум, лекин шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар тўйга тайёргарлик кўраётган ҳар бир хонадонда юз бериши шубҳасиз!
Тўй... У ҳар бир халқ, миллат ҳаётида ниҳоятда азиз, бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларни бир-бирларига яқинлаштирадиган, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, одамларни яхшиликка ундайдиган, шодлик бағишлайдиган маросим ҳисобланади. Одатда, тўй жамоатчилик иштироки билан нишонланадиган тантана бўлса ҳам, уни ўтказиш базм уюштираётган бир ёки икки оиланинг ўз маблағи, иқтисодий шароити ва бошқа молиявий имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Бошқача айтганда, тўй, маросим ўтказиш ҳар бир оиланинг шахсий иши. Лекин бу жараёнда тўй ёки маросим эгаси амал қилиши зарур бўлган бир ҳолат бор.
Маълумки, тўйларни, маросимларни ўтказиш билан боғлиқ тартиб-қоидалар ҳар бир миллат ёхуд халқнинг кўп асрлар давомида шаклланган урф-одатлари, анъаналари, бошқа ўзига хос жиҳатлари, дейлик, даврнинг талаблари, ўзгаришлари, янгиликлари билан уйғунлашган ҳолда юзага келган. Демак, тўй ёки маросим эгаси ана шу тартиб-қоидаларга амал қилади. Бироқ тўй ва маросимларимиз ҳамма вақт ҳам меъёрида, энг яхши анъаналаримизга, урф-одатларимизга асосланган ҳолда ўтказилавермайди. Уларни ўтказишда баъзан ҳаддан ошиқ исрофгарчиликлар, баъзи ҳолларда дабдабабозлик, шуҳратпарастликлар, айрим пайтларда тўй ва маросим ўтказаётган оилалар ўртасида юқоридаги каби ўзаро келишмовчиликлар ҳам учраб туради. Бу эса тўй ва маросимларда кейинчалик шу каби иллатларнинг пайдо бўлишига йўл очиб беради. Натижада бир-икки оиланинг тўй ва маросим билан боғлиқ масалалари баъзан жамият ёки умуммиллат муаммосига айланади.
Эътибор берганмисиз, халқ оғзаки ижоди намуналари бўлган аксарият эртак ва достонларимиз “қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бериб, мурод-мақсадларига етдилар”, деб якунланади. Албатта, бу эртакдаги гап. Лекин эртаклар шунчаки тўқилмайди. Улар ҳаётнинг бадиий инъикоси сифатида яратилади.
Шундай экан, келинг, тўйларимизга, хусусан, никоҳ тўй билан боғлиқ маросимларга эътибор берайлик. Бу тўй маслаҳат ошидан бошланади. Кейин унаштириш, фотиҳа тўйи, ҳайитлик, тўй жўнатиш, келин ва куёв томонда алоҳида тўйлар, тўйдан сўнг юз очди, келин салом, келин кўрди, сеп йиғиш, чорлар ва бошқа маросимларга уланиб кетади. Албатта, бу маросимларни ўтказиш 40 кунга чўзилмаслиги мумкин, аммо уларни беш-олти кунда ўтказиб бўлмаслиги ҳам аниқ. Шу сабабли аждодларимиз қадим-қадимдан дабдабабозлик, исрофгарчиликни келтириб чиқарадиган, ортиқча сарф-харажатни кўпайтирадиган бундай маросимбозликларга қарши турганлар. Ислом динида ҳам ортиқча маросимбозликлар қораланган. Буюк алломаларимиз пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Никоҳ тўйида бир кун таом бериш суннат, икки кун таом бериш исрофгарчилик, уч кун таом бериш риёкорликдир”, деган сўзларини энг саҳиҳ ҳадис сифатида келтиришлари бежиз эмас.
Шунинг учун XX аср бошларида яшаган маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний “Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этмаклик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқлариға қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб тўйга сарф қилмакдадурлар. Тўй деган ерда муқаддас Ватанини сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак?”, дея надомат билан ёзганди. Бу иллатлардан қутулмоқ йўлларини излаган эди. Афсуски, бу иллатлар кейинги даврларда ҳам барҳам топмади.
Тўй ва маросим ўтказувчиларга четдан туриб тўйни ундай ўтказиш, маросимни бундай нишонлаш керак, деб маслаҳат бериш осон. Лекин бу ишларни меъёрида, ҳаммага манзур бўладиган даражада амалга ошириш қийин. Чунки ҳар бир тўй ва маросим одамларнинг қанча иштирок этиши, унга сарфланадиган маблағ миқдори ва бошқа жиҳатлари билан бир-биридан фарқ қилади. Уларни ўтказиш учун ягона қолип яратиб бўлмайди. Қолаверса, тўй ва маросим ўтказувчи ҳар бир оиланинг орзу-умидларини, ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ҳисобга олиш керак. Бу масаланинг бир томони. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор.
Айтайлик, тўйда ҳамма нарсани мўл-кўл қиламан деб озиқ-овқат, нон ва бошқа маҳсулотларни исроф қилаётганларни ёки мен фалончидан ошириб тўй қилолмайманми, деб маблағни бекорга совураётганларни, тўйни дабдабабозликка айлантираётганларни ва бошқа шу каби иллатларни келтириб чиқараётганларнинг қилмишларини оқлаб бўладими?! Ёхуд орамизда энди тўкинчилик замони дея ўғли ёки келинига тўй кунида машина, уй-жой, дала ҳовли, қимматбаҳо тақинчоқлар ҳадя қилишни урф-одатга айлантиришга уринаётганлар ҳам бор. Ахир беш қўл баробар эмас, ҳамманинг ҳам бундай ҳадябозликларга қурби етмаслиги аниқ. Демак, бу хусусда ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак. Кейинги 15-20 йилда оммавий ахборот воситаларида никоҳ тўйларида куёв томондан кўп миқдорда қалин пули олинаётганлиги, ҳар хил кийим-кечаклар, кўплаб саруполар талаб қилинаётганлиги, ўн-ўн бешталаб машинада келин-куёв ва уларнинг дўстлари таралабедод айланаётганлиги, келин томон зиммасига унинг бисоти учун хориж мебели, чет эл кийимлари, гиламларини олиш юкланаётгани хусусида кўп ёзилди. Бу иллатлар бадиий асарларда қораланди. Афсуски, бундай иллатлар тўйларимизда ҳусндаги доғдек ҳамон учраяпти.
Ҳаёт тараққиёт этгани сайин тўй ва маросимларни ўтказишда ҳам янгиланишлар, ўзгаришлар юзага келмоқда. Бундан 15-20 йил илгариги тўйларни кўз олдимизга келтирайлик. Улар тўй эгасининг хонадонида, ҳовлисида, ҳовли торроқ бўлса, уй олдидаги кўчада ёки ялангликда, қишлоқларда эса далаларда ўтказиларди. Бундай тўйларга сарфланадиган маблағ, харажат кам бўлардию, лекин уни ўтказишда ташвиш кўп эди. Эндиликда тўйлар ресторанларда, махсус тўйхоналарда ўтказилмоқда. Кейинги йилларда нафақат шаҳарларда, туманлар марказлари, қишлоқларда ҳам муҳташам тўйхоналар барпо этилди. Бу тўй ва маросим эгаларини ортиқча ташвишлардан халос қилди. Тўйлар ниҳоятда тартиб билан уюшган ҳолда, югур-югурлардан холи, маданий жиҳатдан юксак савияда бўлиб ўтмоқда.
Шу билан бирга, тўйларнинг муҳташам кошоналарда ўтказилиши сабабли маросимбозликлар бир қадар озайди. Никоҳдан ўтиш, келин салом, келин кўрди, чорлар каби аввал алоҳида-алоҳида бўладиган маросимлар энди бахт тўйи билан биргаликда нишонланадиган бўлди. Олдингидек исрофгар-чиликларни келтириб чиқарадиган тоғорабозликлар камайди. Булар, албатта, яхши. Лекин улар ўрнига эндиликда бошқа бир ташвиш пайдо бўлмоқда. Тўйларга сарфланадиган маблағ, харажат миқдори ошиб бормоқда. Бугунги кунда тўйхоналарнинг ҳашамдорлиги, хизмат кўрсатиш даражаси ва бошқа жиҳатларига қараб ҳар бир тўй учун 10 миллион сўмдан 50-60 миллион сўмгача маблағ сарфланмоқда. Бу эса тўйларнинг турли даражаларга бўлинишини юзага келтирмоқда. Ҳозирги кунда тўйлар қандай ўтганига эмас, қаерда, қайси тўйхонада нишонланганига, унга қанча миқдорда маблағ сарфланганига қараб баҳо берадиган бўлиб қолаяпмиз, шекилли.
Бошқача айтганда, тўйларимиздаги аввал мавжуд исрофгарчилик, маросимбозлик каби иллатлар ўрнини энди ортиқча маблағ сарфлаш, шу орқали ўзини кўрсатиш, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик сингари иллатлар эгалламоқда. Хўш, бу иллатларнинг илдизи қаерда? Нега шундай ҳолатлар пайдо бўлмоқда? Бу ҳақда иккинчи мақоламизда тўхталиб ўтамиз.
Камол МУҲАММАД ЁҚУБ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Адвокатлар палатасида “Адолат” СДП Сайловолди дастури лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасига доир вазифалар муҳокамасига бағишланга...
01 янв 1970
Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўр...
01 янв 1970
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шаклланиш тартибини, суд тизимини белгилаб беради.&...
01 янв 1970
Мамлакатимизда фуқароларга ўз даромадларини кўпайтириш, уларни эркин тасарруф этиш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. ...