Ҳуқуқий маслаҳат

/
— Мен қишлоқ фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлайман. Шу боис баъзан ҳамқишлоқларимиз ФҲДЁ бўлимидан бериладиган у ёки бу ҳужжатни йўқотиб қўйганликларини айтиб, қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида маслаҳат сўрашади. Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз?
Л.Мамадиева, Зангиота тумани
— Аввало, гувоҳномасини йўқотган фуқаро ўша гувоҳнома берилган ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиши лозим. Амалдаги тартибга кўра, туғилганлик ҳақидаги такрорий гувоҳномалар фуқаронинг ўзига, вояга етмаган шахсларнинг қонуний вакилларига ёки нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома орқали бошқа шахсларга уларнинг аризаси асосида берилади. Боланинг ота-онаси бўлмаган тақдирда ёки у паспорт олмаган бўлса, такрорий гувоҳнома унинг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки таълим олаётган муассасаси томонидан берилган фотосурати ёпиштирилган маълумотнома асосида берилади. Вафот этган шахсларга нисбатан туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берилмайди. Зарур ҳолларда вафот этган шахснинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирма ёки далолатнома берилиши мумкин.
Никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома никоҳланган шахсларнинг аризаси асосида берилади. Зарур ҳолларда уларнинг ота-оналари ва фарзандларига ариза асосида никоҳ тузилганлигини тасдиқловчи маълумотнома берилади. Агар никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувидан никоҳдан ажралиш қайд этилганлиги ҳақида белги қўйилган бўлса, такрорий гувоҳнома берилмайди. Бунда аввалги никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви асосида маълумотнома берилади.
Ўлим ҳақида такрорий гувоҳномалар марҳумнинг яқин қариндошлари ва меросхўрларига берилади.
Шунингдек, чет элда яшовчи фуқаро томонидан берилган ҳамда чет тилида тузилган ишончнома белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган бўлиши лозим.
Бериладиган гувоҳномаларнинг юқори қисмига “Такрорий”, деган белги қўйилади. Такрорий гувоҳнома (ўлим ҳақидаги гувоҳномалар бундан мустасно) берилганлиги учун давлат божи ва герб йиғими ундирилади.
Cаволга Зангиота туман 1-сон ФҲДЁ бўлими мудири
Умида ХУСАНОВА жавоб берди.
 
— Фермер хўжалигини ташкил этиш ниятидаман. Шу боис қишлоқ хўжалигида шартномавий мажбуриятларни расмийлаштириш тартиби билан қизиқаяпман. Шу тўғрисида маълумот берсангиз?
Ж.Камолов, Тошкент вилояти
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низомда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан боғлиқ шартномаларни тузиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш чоралари қатъий белгилаб берилган.
Унга асосан, шартномани тузиш ва уни расмийлаштиришда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим:
- шартноманинг мавзуси, маҳсулотнинг номи, ассортименти, миқдори (ҳажми), сифати, нархи;
- шартноманинг умумий суммаси;
- томонларнинг ҳуқуқлари ва ўзаро мажбуриятлари;
- маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш), топшириш-қабул қилиб олиш пунктлари ва муддатлари;
- ҳисоб-китоблар тартиби, шакли ва муддатлари, томонларнинг реквизитлари;
- шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажармаганлиги учун томонларнинг мулкий жавобгарлиги;
- низоларни, форс-мажор ҳолатларни ҳал этиш тартиби, томонларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жойи.
Саволга Зангиота туман 1-сон ДНИ нотариуси
Абдувоситхўжа БОИСХЎЖАЕВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумотларга кўра, 2018 йилда мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларида 2262 киши ҳалок бўлган, 8458 киши жароҳатланган....
01 янв 1970
Шу кунларда барчамиз биргаликда юрагимизда чуқур дард билан, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир жудоликни бошимиздан кечирмоқдамиз....
01 янв 1970
Жиззах давлат педагогика институтида “Биз мафкуравий таҳдидларга қаршимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди....
01 янв 1970
Бухоро шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида мамлакатимиз ...