Асримизнинг яна бир мўъжизаси

/
тоғ бағридан олтин водийга йўл очди
Ҳар қандай давлат тараққиётида темир йўл тармоғининг ривожланганлиги муҳим аҳамият касб этиши исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Айниқса, жуғрофий жиҳатдан денгиз йўлларига чиқиш чекланган Ўзбекистондек мамлакат учун мазкур соҳага эътибор қаратиш ўта долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шу боисдан, республикамиз мустақилликка эришгач, темир йўл коммуникация тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари қабул қилинди ва уларнинг ижросини таъминлаш йўлида улкан ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда.
Халқимизда йўл қурганнинг йўли очиқ, деган ҳикмат бор. Бу ҳикмат мустақиллик йилларида бутунлай янгича мазмун касб этгани ва амалда ўз исботини топгани бугун барчага аён. Буни бугунги кунда катта истиқболга эга бўлган муҳим лойиҳа сифатида қаралаётган, транспорт-коммуникация соҳасидаги яна бир йирик иншоот – Ангрен—Поп йўналишидаги янги электрлаштирилган темир йўл тармоғининг қурилиши мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Қурама, Чотқол тоғларининг қоқ ўртасидан кесиб ўтган Қамчиқ довонида темир йўл қурилиши қаҳрамонлик билан баробар.
Бундан бор-йўғи 25-30 йил илгари бу ерлардан темир йўл ўтади, деса ҳеч ким ишонмасди. Боиси, ушбу ҳудуднинг баланд тоғ қоялари, чуқур сойликлари, пасту баланд адирлари узра поездлар қатновини йўлга қўйиш ақлга сиғмас иш эди-да!
Ҳа, ҳеч иккиланмай, ғурур ва ифтихор билан мустақиллик йилларида мамлакатимиз темир йўл тизимида амалга оширилган юқоридаги каби лойиҳаларни истиқлол нафасидан баҳраманд бўлган бунёдкор халқимиз томонидан яратилган буюк мўъжизаларга қиёслаш мумкин. Янги қурилаётган пўлат излар хавфсиз ва равонлиги, замонавийлиги, халқаро талабларга тўла жавоб бериши, айни пайтда, салобат ва маҳобати билан киши ақлини лол қолдиради. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бўйича юклар ва йўловчиларнинг салмоқли қисми темир йўл транспорти орқали ўз манзилига етказилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибида бугунги кунда 70 минг нафардан зиёд ходим фаолият юритади. Кейинги йилларда тармоқда 1 минг 200 километрдан зиёд янги темир йўл тармоқлари барпо этилди, 3 минг 800 километрлик темир йўл реабилитация қилинди ва қайтадан ишга туширилди, 1 минг 100 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилди. Ана шундай катта ишлар натижасида темир йўлларнинг умумий узунлиги ҳозирги кунда 6 минг 500 километрга етди ва улар республикамизнинг барча минтақаларини қамраб олиш имконига эга бўлди.
Йилдан-йилга юк ва йўловчи ташиш кўрсаткичлари ортаётгани соҳанинг жадал ривожланиб бораётганидан далолат беради. Компания ташкил топган кундан бошлаб шу даврга қадар юк ва йўловчи ташиш айланмаси 2 баробарга ошди. 1,46 миллиард тонна юк ташилди ва 425 миллион йўловчи ўз манзилига етказиб қўйилди. Бу ўсиш одамларимизнинг темир йўл транспорт турига бўлган муносабати ва қарашларини тубдан ўзгартираётганидан далолат бермоқда.
Юртбошимизнинг 2013 йил 18 июндаги “Ангрен—Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизим ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Ушбу қарор мамлакатимизда темир йўл транспортини янада тараққий эттириш билан бирга мустақиллик йилларида бунёдкор халқимиз эришаётган юксак марраларни янги босқичга кўтаришга ҳам хизмат қилади. Мазкур ҳужжат асосида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда мураккаб шароитдаги йирик иншоот қурилиши жадаллик билан олиб борилди. Янги лойиҳага биноан барпо этилган “Ангрен—Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясининг ишга туширилиши эвазига мамлакатимизда ягона миллий темир йўл тармоғи вужудга келди.
Очиғини айтадиган бўлсак, бир пайтлар шундай мўъжизалар рўй бериб, Қамчиқ довонидан темир йўл ўтишини, поезд қатнови йўлга қўйилиши ҳаттоки тасаввуримизга ҳам сиғмасди.
Денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони бўйлаб қурилган “Ангрен—Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясининг барпо этилишини ҳеч иккиланмай аср мўъжизалари қаторига қўшиш мумкин. Лойиҳа доирасида бунёд этилган тоннел қурилишининг сифати мутахассисларнинг доимий эътиборида бўлди. Мустақил Ҳамдўстлик Давлатлари орасида кўрсаткичлар борасида тенгсиз ҳисобланган мазкур иншоотни жаҳон миқёсида танилган Хитойнинг “China railway tunnel group” компанияси қуриб фойдаланишга топширди. Мазкур янги темир йўл йўналишида хавфсизликнинг таъминланиши кўп жиҳатдан ушбу тоннелга боғлиқ. Шу боисдан, ушбу жараёнда бажарилган ишларнинг халқаро амалиётда қабул қилинган меъёр ва стандартлар талабларига мувофиқлиги Германиянинг “DB International GmbH” компанияси мутахассислари томонидан назорат қилиб борилди. Компания бош маслаҳатчиси Якоб Шонснинг эътироф этишича, мазкур лойиҳа сифатли бажарилган. Тоннелнинг иккала томонида амалга оширилган ишлар буни яққол намоён этиб турибди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг тажрибали мутахассислари, темир йўл қурувчилари, кўприксозлари томонидан тоннелнинг шарқий ва ғарбий йўлакларигача бўлган масофада пўлат излар қисқа муддатларда сифатли қурилиб, электрлаштириш ишлари поёнига етказилди.
Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, “Ангрен—Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси қурилиши лойиҳасининг мураккаблиги бўйича дунё миқёсида биринчи 8 таликдан, лойиҳа доирасида қурилаётган тоннел узунлиги бўйича биринчи 13 таликдан жой олган. Албатта, бу мўъжизавий, улкан қурилиш келгусида нафақат юртимиз ёки Марказий Осиё давлатларини, балки дунёнинг йирик мамлакатларидан бири ҳисобланган Хитой Халқ Республикасининг ҳам Европа Иттифоқидаги бошқа мамлакатлар билан темир йўл орқали ҳамкорлик ўрнатишида муҳим ўрин тутади. Энг асосийси, юкларни ташиш харажатлари бир неча баробар арзонлашади, уларни етказиб бериш муддати эса икки баравар қисқаради. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилди.
Бир сўз билан айтганда, Ангрен—Поп оралиғида электропоездлар юра бошлагач, мамлакатнинг яхлит ва ягона темир йўл тизими шаклланиши якунланди. Шунинг баробарида йўловчилар ва юкларни ташишдаги қатор муаммолар барҳам топди. Бу эса биринчи навбатда водий вилоятлари иқтисодиётини янада барқарор ривожлантиришга кўмаклашади. Чунки Ўзбекистонда ички юкларнинг олтмиш, экспорт-импортнинг эса саксон фоизи айнан темир йўл транспорти зиммасига тўғри келади. Шу жиҳатдан олганда, йилига тўрт миллион тонна юкни қайта ишлай оладиган “Поп логистика маркази”нинг барпо этилиши катта аҳамиятга эга. У “Ангрен логистика маркази” билан биргаликда водийга келадиган ва бу ердан жўнатиладиган юклар оқимини оқилона йўналтиришга хизмат қилади.
Ушбу темир йўл тармоғи Фарғона водийси вилоятларини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан ишончли тарзда боғлади. Юртдошларимиз ва чет эллик меҳмонлар замонавий электр поездларда Тошкентдан Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларига, водийдан мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ҳеч бир қийинчиликсиз бориш имкониятига эга бўлди. Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўлининг мамлакатимиз равнақига қўшадиган ҳиссаси шундаки, бу йўл Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади. Кўп асрлар давомида мудраб ётган тоғлар қаърида қолиб келаётган бой ер ости минерал ресурсларини ва бошқа сифатли, қимматбаҳо фойдали қазилмаларни ўзлаштириш учун катта имкониятлар очиб беради. Иқтисодий тараққиётнинг белгиси бўлмиш қурилиш ва саноат, транспорт ва алоқа хизмати соҳаларини ривожлантиришга, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, умуман, янги-янги маданий ўчоқлар очилишига, ҳаётни жонлантиришга, унинг суръатларини тезлаштиришга мустаҳкам замин яратади. Ўзбекистоннинг чет давлатларга чиқиш ва экспорт имкониятини, шу билан бирга, мамлакатимизнинг транзит ролини кенгайтириш борасидаги салоҳиятини кескин оширади.
Вақт бир ерда тўхтаб турмайди. Орадан кун, ҳафта, ой, йиллар, замонлар ўтади. Лекин мана шундай беқиёс мўъжизалар яратишга қодир бўлган халқимизнинг меҳнат жасорати, Ватанга муҳаббат ва садоқати, наинки ўзини, келгуси авлодларининг ҳам манфаатини ўйлаб бажарган буюк ишлари халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин тимсоли сифатида тилларда достон, келгуси наслларга намуна бўлиб қолади.
Эркин ва обод юртимизда амалга оширилган беқиёс ишлар бугун кўпчиликнинг ҳавасини келтираётгани сир эмас. Қатор соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар ҳаммамиз учун бетакрор ва ягона бўлган она Ватанимизнинг нуфузини ошириш, дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилиш билан бирга халқимизнинг фаровон турмуш, бахтли ҳаёт кечиришини ҳам таъминламоқда.
Ўзбекистон дунёдаги бахтли мамлакатларнинг олдинги сафларидан ўрин эгаллаб, рейтинг кўрсаткичларини юқори поғоналарга кўтармоқда. Аҳоли турмуш даражаси ва сифати тобора ортиб бораяпти. Иқтисодиётдаги юксалишлар, шаҳару қишлоқларимиз қиёфасига янгича руҳ, чирой бағишлаётган бунёдкорликлар изчил давом эттирилмоқда. Кенг кўламли бу ишлар, айниқса, мамлакатимиз иқтисодиётининг қон томири бўлган темир йўл транспортини ривожлантириш соҳасида ҳам ўз самарасини бермоқда. Юқорида баён этган фикрларимиз ҳам бунинг яққол исботидир.
Ташпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шафқатсиз экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка рахна солмоқда. ...
01 янв 1970
Эрталаб ўғлим: “Ойи, бугун тушимда мазза қилиб қизил олма едим, ишдан қайтишингизда шунақасидан олиб келинг, илтимос,” деб қолди. ...
01 янв 1970
Ислом манбашунослари “Ўрта асрларда Марказий Осиёда мусулмон оламида ҳанафия мазҳабининг иккита катта илмий маркази вужудга келди....
01 янв 1970
АнДТИ ректори Мадамин Мадазимов бошчилигидаги институт делегацияси Росток университетининг 600 йиллик юбилей тадбирларида иштирок этиш, мазкур нуфу...