Латиф шаҳарнинг латофати

/
Халқимиз олис ўтмишдан бошлаб тарихнинг барча даврларида шаҳарсозлик маданиятида, гўзал иншоотлар, иморатлар қуриш борасида бунёдкор миллат сифатида шуҳрат қозониб келган. Истиқлол йилларида халқимизнинг асрлар давомида шаклланган шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш йўлидаги бунёдкорлик ишларига кенг йўл очиб берилди. Мамлакатимиздаги йирик шаҳарлар, воҳалар, туманлар марказлари замонавий ва миллий шаҳарсозлик режаси асосида қайта қурилиб, тикланмоқда, янгидан бунёд этилиб, гўзал қиёфа касб этмоқда. Шундай янги шаҳарсозлик намунаси Фарғона водийсидаги Қўқон шаҳрида ҳам барпо қилинди.
Қўқон Фарғона водийсидаги энг қадимий шаҳарлардан бири ҳисобланади. Унинг тарихи ҳақидаги илк ёзма маълумотлар милоддан олдинги II асрнинг бошларида бу ерга келган хитой сайёҳи Чжянь Цянь битикларида учрайди. У битикларида водийда Давань давлати борлиги, бу давлатнинг маркази, улуғвор шаҳар мавжудлиги хусусида ёзиб қолдирган. Қадимшунослар олиб борган тадқиқотлари асосида Давань давлатининг катта кентларидан бири Қўқон шаҳри ўрнида бўлганлигини аниқладилар. Кейинги йилларда археолог олимлар Қўқон шаҳри ва унга яқин жойларда олиб борган қазишма ишлари натижасида шаҳар остида олис тарихга оид маданий қатламларни топдилар. Буларнинг ҳаммаси шаҳарнинг ёши 2 минг йилдан кам эмаслигини кўрсатди. Қўқон шаҳри тарихи ҳақидаги ёзма маълумотлар араб манбаларида ҳам учрайди. Х аср сайёҳи ал-Истахрий “Китоб ал-масалик” асарида “Сўх ва Хуваканд, Хуваканд ва Ахсикент оралиғи бир кунлик йўл”, деб белгилайди. Муаллифи номаълум “Ҳудуд ул олам” асарида Хавоканд, Риштон, Зандаромаш экинзорлари кўп, гавжум шаҳарчалар, деб тилга олинади. Шаҳарнинг кейинги даврлар тарихи хусусида Жамол Қарши, Муҳаммад Вафо Карминагий ва XVII аср муаррихлари асарларида кўп маълумотлар мавжуд. Шаҳарнинг номи келиб чиқиши тўғрисида олимлар турли хил фикрлар билдирадилар. Баъзилари у “Хуркант” — тепаликдаги шаҳар мазмунини билдиради деса, бошқалари “Хўқан” — кичик кўза маъносини англатади, дейди. Айрим тадқиқотчилар эса “Хўканд” — ёқимли, хушманзара жой, латиф шаҳар мазмунидан келиб чиққан, деб баҳолайдилар. Нима бўлмасин, бу маълумотлар шаҳарнинг юртимиз қадим тарихида муҳим ўрин тутганлигидан далолат беради.
Қўқон қадимий меъморчилик иншоотларига, тарихий ёдгорликлар, обидалар, аждодлардан мерос бунёдкорлик намуналарига, осори-атиқаларга бой шаҳар. Бугунги кунда шаҳарда 60 дан ортиқ йирик тарихий, маданий ёдгорликлар сақланиб қолган. Уларнинг аксарият қисми XIX асргача бунёд этилган. Булар тарихий, маданий бойликлар сифатида эъзозланади. Аммо бу ёдгорликлар узоқ йиллар давомида эътиборсизликлар натижасида жиддий таъмир ва қайта қуришга муҳтож бўлиб қолганди. Шаҳарда, булардан ташқари, кўплаб иморатлар, маъмурий бинолар, турли ташкилотлар ва идоралар учун иншоотлар барпо этилган. Лекин улар ҳам вақт ўтиши билан маънавий эскириб, бугунги талаб ва эҳтиёжларга жавоб бера олмайдиган ҳолга тушган эди. Уларни реконструкция қилиш, янгидан қуриш, аввалги тор, эгри-бугри кўчалар ўрнида равон, кенг йўллар яратиш, умуман, шаҳарни обод ва гўзал тарзда барпо этиш ҳаётий заруратга айланганди. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 5 майда “Фарғона ва Қўқон шаҳарларини 2008-2012 йилларда реконструкция қилиш, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 2009 йилда Юртбошимиз Қўқонда бўлиб, шаҳар қиёфасини миллий ва замонавий меъморчилик анъаналаридан фойдаланган ҳолда ўзгартириш, такомиллаштириш ҳамда уни янада ободонлаштириб, юртимизнинг гўзал масканларидан бирига айлантириш юзасидан тавсиялар берди. Қарор ва тавсиялар асосида Қўқон шаҳрини ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш бўйича Давлат дастури ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ, энг аввало, шаҳардаги маданий мерос ёдгорликларини, қадимий обидаларни асл тарихий кўринишига, қиёфасига монанд тарзда қайта қуриш, таъмирлаш масаласига алоҳида эътибор берилди. Қисқа вақт ичида шаҳардаги ўндан ортиқ қадимий тарихий ёдгорликлар қайта қурилиб, тўла таъмирдан чиқарилди. Қўқон ўрдаси, Жомеъ масжиди, Норбўтабек, Камол қози, Миён ҳазрат мадрасалари, Эшонхон ҳаммоми сингари обидалар асл кўринишига монанд тикланди.
Айниқса, Қўқон ўрдаси, Жомеъ масжиди тарихий қиёфасига мос равишда қайта қурилди. Ўрда атрофида кенглик юзага келди, майдон ва хиёбонлар барпо этилди. Шаҳар тарихий қиёфа касб этди. Аждодлар меросига хос миллий руҳ тикланди. Бу эса шаҳарнинг бугунги кунда ўзига хос тарзда тарихий, миллий, замонавий асосда қайта қурилиши учун замин яратди.
— Қўқонда тарихий обидалар ва ёдгорликлар ниҳоятда кўп бўлган. XIX асрнинг охирларида шаҳар ва унинг атрофида 52 та мадраса, 120 дан ошиқ мактаб, 50 дан ортиқ масжид, 44 та карвонсарой, 20 та бозор, 10 дан зиёд банклар тарихий иншоотларда фаолият юритган. ХХ асрнинг 90-йилларига келиб шулардан 64 та тарихий ёдгорлик сақланиб қолган, — дейди қўқонлик ҳунарманд уста Нуриддин Усмонов. — Аммо уларнинг ҳам аҳволи оғир эди. Баъзи жойлари бузилган, бир қисми вайронага айланган, улардан собиқ шўролар даврида турли мақсадларда фойдаланилгани учун тарихий қиёфасини йўқотган, таъмирталаб эди. Шаҳардаги бунёдкорлик ишлари ана шу ёдгорликларни қайта тиклашдан бошланди. Ҳар бир ёдгорлик, обиданинг тарихий тархи ўрганиб чиқилди. Ана шунга мувофиқ равишда қайта қурилди, таъмирланди. Шаҳар мамлакатимизнинг сайёҳлик марказларидан бирига айланди.
Миллий шаҳарсозлик маданияти асосида қад ростлаган Қўқон шаҳрига ХХ асрдан бошлаб Европа меъморчилиги анъаналари кириб келган. Ўша даврда шаҳарда модерн, эклептика, антик услублардаги ғарб архитектурасига хос бинолар, иншоотлар қурилди. Шу тариқа қадимий шаҳарда шарқ ва ғарб шаҳарсозлиги намуналари пайдо бўлди. Бу Қўқонда янги ва эски шаҳар қисмларини юзага келтирди. Ушбу ҳолат кўп йиллар давомида шаҳарнинг инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш жараёнига имконият бермади. Мамлакатимиз Президенти 2009 йилда Қўқонни кўздан кечирар экан, шарқ ва ғарб меъморчилигига мувофиқ барпо этилган иншоотларни, ёдгорликларни қайта қуриш, таъмирлаш асосида шаҳарсозлик маданиятида ўзаро яхлит уйғунликни, кўркамликни яратиш, шаҳарни ҳам миллий, ҳам замонавий йўсинда қайта тиклаш, ободонлаштириш, унинг муҳташам марказини шакллантириш ғоясини ўртага ташлади.
Иш Қўқон шаҳрининг шарқ ва ғарб томонларини ўзаро боғлайдиган, бошқа кўчаларини бир-бирига туташтирадиган марказий “Истиқлол” кўчасини қайта қуришдан бошланди. Кўча энига кенгайтирилди, бўйига узайтирилди. Бу ердаги кўримсиз, эски бинолар олиб ташланди. Европа меъморчилиги услубида қурилган шаҳар ҳокимияти биноси, алоқа уйи, банклар, шаҳар босмахонаси, солиқ идоралари, бошқа ташкилотлар жойлашган иншоотлар тўла равишда қайтадан таъмирланди. Кўчанинг икки томонида кўп қаватли янги уйлар, иншоотлар қад ростлади. Бу биноларнинг ҳеч қайсиси ташқи кўриниши, қурилиш тархи, безаклари ва бошқа жиҳатлардан бири иккинчисини такрорламайди. Янги биноларнинг биринчи қаватида савдо шохобчалари, шаҳар маиший хизмат кўрсатиш корхоналари жойлаштирилди. Кўчанинг икки томонида яшил йўлаклар барпо этилди. Хуллас, “Истиқлол” кўчаси ўз бағрида қисқа вақт ичида Қўқоннинг замонавий шаҳарсозлик қиёфасини намоён қилувчи муҳташам мажмуага айланди.
Қўқоннинг марказида, “Истиқлол” кўчасида бошланган қурилиш, бунёдкорлик, ободончилик ишлари кейинчалик шаҳарнинг барча нуқталарида давом этди. Қўқонликлар шаҳарда ҳам тарихий, ҳам миллий, ҳам замонавий шаҳарсозликни ўзаро уйғунликда яратиш, ривожлантириш мумкинлигига тўла ишонч ҳосил қилдилар. “Туркистон”, “Амир Темур”, “Алишер Навоий”, “Фурқат”, “Турон” кўчалари кенгайтирилди, кўкаламзорлаштирилди. Улардаги эски, кўримсиз иншоотлар ўрнига Тантаналар саройи, “Бахт уйи”, Маданият ва маърифат маскани, “Алоқабанк”, “Ипотека-банк”, “Микрокредитбанк”, меҳмонхоналар, савдо шохобчалари сингари маҳобатли, муҳташам иншоотлар қад кўтарди. Бу иншоотлар кўркамликда дунё шаҳарсозлигининг энг яхши намуналаридан қолишмайди. Шаҳарнинг қадимий Чорсу майдони ҳам янги қиёфа касб этди. Бу ерда шаҳарнинг бугунги ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга янги иншоотлар қурилди. Шаҳарга обиҳаёт бағишловчи, унинг бағрини кесиб ўтувчи Қўқонсой қирғоқлари иҳоталанди. У шаҳар учун салқинлик, табиий микроиқлим таратувчи масканга айланди. Қўқоннинг бугунги шаҳарсозлик маданиятини шакллантиришда эколандшафт, кўкаламзорлаштириш, кенг майдонлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳарнинг “Истиқлол” кўчасининг бир томони катта хиёбонга келиб туташади. Яшил хиёбон бу ерда аҳолининг дам олиши, сайр қилиши учун имконият яратиб берди. Ушбу яшил хиёбондан кейин Ўрда майдони бошланади. Майдон ниҳоятда улуғвор қилиб яратилган. Унинг ўртасида Ўрда биноси атрофи очиқлиги учун тарихий гўзаллиги билан яққол кўзга ташланади. Майдон марказида бунёд этилган мусиқали фаввора ҳам шаҳар қиёфасига ўзгача гўзаллик бағишлаган. Шу сабабли давлатимиз раҳбари Қўқон Ўрдаси майдонида амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди.
Буюк давлатни соғлом авлод, соғлом миллат барпо этади. Соғлом авлодни вояга етказиш, соғлом миллатни камол топтириш учун эса ҳаётда улуғвор ишларни амалга ошириш зарур. Давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракати билан мамлакатимизда ва Қўқон шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик, қайта қуриш, яратувчилик ишлари ҳам ана шу мақсадга қаратилган. Маълумки, Қўқон шаҳри аҳолисининг ярмини ёшлар ташкил қилади. Шунинг учун шаҳарда қурилаётган янги иншоотларнинг аксарият қисми ёшларнинг соғлом авлод сифатида вояга етишига хизмат қиладиган илм-фан, маданият, спорт, санъат масканларидан иборат. Шулардан бири Болалар спорт мажмуаси ҳисобланади. Бу мажмуа Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағига бунёд қилинди. Шунингдек, шаҳарда боулинг маркази, шахмат-шашка мактаби, мусиқа мактаби, болалар учун аквапарк, ўйингоҳлар ҳам қурилди. Буларнинг ҳаммаси ёшларга шаҳарда катта имкониятлар яратиб берилаётганини кўрсатади. Кейинги йилларда Қўқонда илм-фан, таълим соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган иншоотларни қуришга эътибор янада кучайтирилди. Шаҳарда барпо этилган тиббиёт, автотранспорт, педагогика, сервис ва тадбиркорлик, қурилиш соҳалари бўйича фаолият юритаётган коллеж бинолари тимсолида Қўқон замонавий шаҳарсозлик маданиятининг энг яхши анъаналари ифодасини топмоқда. Булар ёш авлод қалбида фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади.
— Кейинги йилларда шаҳарда бир неча ўнлаб янги иншоотлар барпо этилди. Юзлаб иморатлар қайта қурилиб, таъмирдан чиқарилди. Шаҳар бағридаги деярли барча йўллар, кўчалар кенгайтирилиб, обод ва текис ҳолатга келтирилди. Қўқон атрофида айланма йўллар бунёд қилинди, — дейди шаҳар ҳокимияти мутахассиси Насимхон Аҳмедов. — Шаҳар “Чорсу”сини аввал кўрган одам унинг бугунги қиёфасини кўриб ҳайратга тушиши аниқ. Таъмирдан чиқарилган, қайта қурилган кўп қаватли уйлар, “Миллий чойхона”, савдо мажмуалари ва хизмат кўрсатиш объектлари, янги ижтимоий иншоотлар, театр олди хиёбони — барча-барчаси тубдан ўзгарди. Ниҳоятда обод бўлган Қўқонсой соҳилида қад ростлаган “Бахт уйи”ни айтмайсизми! Унинг ёнгинасида 700 ўринга мўлжалланган Тантаналар саройи жойлашган. Ёшларнинг оила, деб аталмиш ҳаёт йўли мана шу даргоҳдан бошланади.
Тарихий обидаларга, ёдгорликларга бой қадимий шаҳарларни замонавий йўсинда барпо этишда меъморчилик соҳасида баъзи замонавий муаммоларнинг пайдо бўлиши табиий ҳол. Масалан, қадимий, тарихий иншоотлар пештоқли, айвонли, муҳташам ҳолда, ганч, ёғоч ўймакорлиги, кошинпазлик, майолика нақшларига бой тарзда қурилган бўлса, унинг ёнида оддий, нақшу нигорлардан холи, бетон қопламали иморат тиклаш замонавий шаҳарсозлик маданиятига мос келмаслиги аниқ. Қўқон шаҳрида тарихий ва замонавий иморатларни, биноларни ўзаро уйғунликда барпо этишда янгича меъморий ечим топилди. Маълумки, Қўқонда тарихий иншоотлар пештоқлари маҳобатли, рангли кошинлар билан безатилган ҳолда, очиқ айвонли, устунлари ўйма ва бўртма нақшли, бинолар тоқилари ва шифтлари ранг-баранг муқарнасли, гўзал ҳавозали тарзда бунёд этилган. Ана шу меъморий усуллар замонавий кўринишда янги биноларнинг қиёфасида ҳам аксини топди. Ўрда олдидаги арка, Тантаналар уйи, маданият саройининг пештоқлари, устунлари қурилишида тарихий иморатсозлик анъаналарига монандлик бор. Боулинг маркази, шахмат-шашка мактаби биноларининг айвонлари, ёғоч устунлари қадимий меъморчилик услубининг янгича кўриниши ҳисобланади. Ёхуд Камол қози мадрасаси яқинидаги замонавий бинолар деворларидаги нақшлар ҳам тарихий меъморчилик анъаналарига мувофиқ яратилган. Ҳатто оддий ғиштдан қурилган иншоотлар қиёфасида ҳам тарих ва замонавийлик уйғунлашиб кетган. Бошқача айтганда, бугунги кунда ушбу замонавий иншоотларда Қўқон бинокорлиги ва ҳунармандчилигига хос иморатсозлик, ўймакорлик, наққошлик мактабларининг энг яхши анъаналари бирикиб, Қўқон замонавий шаҳарсозлик мактаби шаклланди. Бу ҳолат шаҳарнинг бугунги қиёфасида ўз ифодасини топди.
— Қўқон азалдан илм-маърифат, санъат, ижод аҳли тўпланган шаҳар сифатида шуҳрат қозонган. Бу ердан юзлаб олимлар, ижодкорлар, санъаткорлар етишиб чиққанлиги, улар юртимиз тарихий тамаддунида муҳим роль ўйнаганлиги ҳам шундан дарак беради, — дейди Қўқон тиббиёт коллежи ўқитувчиси Дилфуза Юнусова. — Бугунги кунда ҳам шаҳарда илм-маърифат, санъатнинг ривожи, ёшлар етук инсонлар бўлиб етишишлари учун барча шароитлар яратилган. 50 дан ошиқ ўрта, ўрта махсус ва олий таълим масканлари, ўнлаб кутубхоналар, музейлар фаолият юритаётгани, 200 га яқин спорт иншоотлари ишлаб турганлиги шаҳарнинг порлоқ келажагига хизмат қилади. Истиқлол туфайли шаҳар бағрида ана шундай имкониятлар юзага келди.
Қўқон шаҳрини қадим-қадимдан латиф деган сўз билан бежизга улуғлашмаган. Бу латифлик шаҳарнинг ҳар бир даҳаси, кўчаси, майдони, хиёбонларида намоён бўлади. Эндиликда шаҳар нафақат кундузи, тунда ҳам латиф, кўркам, обод қиёфада жилваланмоқда. Тунда шаҳарга сал тепароқдан назар ташласангиз, унинг бағрига само юлдузлари келиб қўнгандек таассурот туғилади. Тарихий ёдгорликлар, обидалар, миллий услубда қурилган бинолар, замонавий иншоотлар тунда ҳам гўзаллиги, латофати, ободлиги билан ўзига мафтун этади. Шаҳарга бу бахтли тақдир Ватанимизнинг эркин ва озодлиги, мустақиллиги туфайли насиб этди. Бугунги кунда шаҳарда 65 та маҳалла мавжуд. Бу ерда педагогика институти, 13 та ўрта махсус ўқув юрти, 40 дан ошиқ мактаб, 60 та мактабгача тарбия муассасалари, 13 та шифохона, 19 та кутубхона, 7 та музей, 3 та маданият ва истироҳат боғи, 150 дан ошиқ турли спорт иншоотлари фаолият кўрсатмоқда. Янгиланаётган, обод бўлаётган Қўқоннинг бугунги ҳаёти ана шулар билан боғлиқ. Шаҳарда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари мамлакатимиз Президентининг доимо эътиборида бўлди. Давлатимиз раҳбари 2011 йилда Қўқонга ташриф буюрар экан, шаҳарда амалга оширилган яратувчилик ишларига юқори баҳо берди. Меҳнатсевар, санъатсевар, бунёдкор эл қўқонликларнинг ўз шаҳарларини келгусида янада обод қилишларига ишонч билдирди. Бугунги кунда Қўқон ана шундай янгиланишлар руҳи билан яшамоқда.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бунёдкорлик — истиқбол йўли
Ҳар бир шаҳарнинг ўзига хос қиёфаси, шакл-шамойили, қурилиши, ҳаёт тарзи, тарихи, тақдири кўп йиллар давомида шаклланади.
Қўқон ҳам, айни пайтда, бир томонда қадимий муҳташам ёдгорликлари — Ўрда, мадрасалар, масжидлар, бинолари билан, иккинчи томонда маҳобатли замонавий ва миллий иншоотлари билан тарих ҳамда бугунги кун уйғунлашган ҳолда кўзга ташланади. Шунинг учун уни ҳам қадимий, ҳам замонавий навқирон шаҳар сифатида эътироф этишади.
Шаҳарнинг асл тарихий қиёфасини яратиш жараёнида бу ерда нафақат обидалар, ёдгорликлар қайта қурилиб, таъмирланди, балки аждодлардан мерос қадриятларни тиклашга ҳам алоҳида эътибор берилди. Маълумки, Қўқон азал-азалдан юртимиздаги ҳунармандчилик марказларидан бири бўлган. Бу ерда қадимдан мисгарлик, заргарлик, ўймакорлик, кулолчилик, дўппидўзлик, бадиий тўқимачилик, каштачилик каби ҳунармандчилик соҳалари ривожланган. Шаҳарда бунёдкорлик, қайта қуриш ишлари амалга оширилиши натижасида ҳунармандчиликнинг ана шу соҳалари яна қарор топди. Бу соҳаларнинг етук усталари, мураббийлари етишиб чиқди. Ҳунармандчилик эндиликда санъат даражасига кўтарилди. Қўқонлик ҳунармандларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотларига талаб кўпайди. Бу соҳанинг Абдуғани Абдуллаевдек давримиз қаҳрамони пайдо бўлди.
Шаҳарда амалга оширилган эзгу ишлардан яна бири — “Деҳқон бозори” ва “Кўкат бозори”нинг бугунги талаблар даражасида янгидан бунёд этилиши бўлди. Халқимизда юртнинг ободлигини, бойлигини, мўл-кўллигини, саховатини кўрмоқчи бўлсанг, бозорларига бор, деган гап бежизга айтилмаган. Янги бозорлар Қўқоннинг кўркига-кўрк қўшган обод масканларга айланди. Бу бозорлар озодалик, гўзаллик, кўркамлик бор жойда барака ҳам бўлишини кўрсатади.
Қўқон бугун тарихий мероси билан фахрланиши асносида шиддатли замон билан бўйлашадиган даражада тараққиёт йўлидан ҳам бормоқда. Шаҳарда ўндан ортиқ йирик саноат корхоналари фаолият юритмоқда. “Қўқон суперфосфат”, “Қўқон ёғ-мой”, “Қўқон пахта тозалаш”, “Қўқон дон маҳсулотлари” каби ҳиссадорлик жамиятлари ишлаб чиқариш соҳасида етакчилик қилмоқдалар. Ёхуд “Дўстлик М” Ўзбекистон—Хитой, “Факел” Ўзбекистон—Россия, “Кофра” Ўзбекистон—Франция, “Унимобиле” Ўзбекистон—Хитой—Россия, “УзПолтекс” Ўзбекистон—Польша каби кўплаб қўшма корхоналарда экспортбоп маҳсулотлар тайёрланмоқда. Айни пайтда, бу корхоналарнинг иншоотлари, улар томонидан яратилаётган иморатлар шаҳарнинг янги, замонавий қиёфасини ҳам намоён этмоқда. Биргина “Индорама Қўқон текстил” қўшма корхонаси биноларига назар ташласангиз шаҳарнинг бугунги ҳаёти қай даражада ўзгараётганини англаш қийин эмас. Буларнинг ҳаммаси шаҳар аҳлининг келажаги, истиқболи учун хизмат қилади. Шаҳарга нисбатан латиф сўзи илгари унинг жойлашган манзилига нисбатан айтиларди, эндиликда унинг қиёфаси ва ҳаёт тарзида ҳам латифлик пайдо бўлмоқда. Бунёдкорлик — истиқбол йўли эканлигини қўқонликлар яхши билишади.
Эъзозхон АҲМЕДОВА,
халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Турмуш ўртоғим ва икки нафар вояга етмаган фарзандим билан 2011 йилдан буён ўзимиз қуриб олган уй-жойда истиқомат қилиб келамиз. ...
01 янв 1970
Андижон туманидаги “Саддатаги” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан “Бола ҳуқуқлари в...
01 янв 1970
Балки кимдир: “Тўй ёки маъракани қандай ўтказиш ҳар кимнинг ўз иши. Қийналса, ўзи қийналади, ўзига жабр, бизга нима?” дейиши мумкин.&nb...
01 янв 1970
Шаҳрисабз шаҳрида 6 сентябрь куни Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди....