Ишончни оқлаш парламент аъзоларидан юксак масъулият талаб этади

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар ва cенаторлар иштирокида ўтказган учрашуви якунлари, икки давлат раҳбарларининг сўзлаган нутқи ва унинг мазмун-моҳияти юзасидан фикр алмашилди.
Эътироф этилганидек, Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида жаҳонга юз тутаётгани, дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлик ва стратегик шериклик алоқалари йўлга қўйилгани мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Мамлакатимизга расмий ташрифи давомида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг халқимиз вакиллари билан юзма-юз учрашиш ниятида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказган учрашуви ушбу мамлакат юртимизга нисбатан дўстона ва ишончли стратегик ҳамкор сифатида қараётгани, халқларимиз ўртасидаги асрий муносабатларнинг истиқболини янада жонлантириш мақсадида эканлигини англатади.
Шу билан бирга, ХХР раҳбарининг қисқа фурсат ичида Ўзбекистон ривожланиш борасида оламшумул муваффақиятларга эришгани, халқ фаровонлиги юксалиб, минтақадаги етакчи давлат сифатида намоён бўлиб келаётганини таъкидлаб ўтгани, ушбу мамлакат раҳбариятининг юртимиз ҳаётини кузатиб, ислоҳотлар муваффақиятини ошкора тан олиб турганлигини билдиради.
Учрашувда давлатимиз раҳбари сўзга чиқиб, парламент ва унинг аъзолари фаолиятига баҳо берар экан, бугунги кунда парламент аъзолари Ўзбекистон аҳолиси барча қатламларининг манфаатларини ифода этишини эътироф этгани ҳамда уларни юртимиздаги янгиланиш жараёнларининг ҳаракатга келтирувчи кучига қиёслагани депутатлар зиммасига катта масъулият юклашини фракция аъзолари алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг парламент аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда билдирилган фикрлари биз, халқ вакиллари зиммасига янада улкан масъулият ва вазифаларни қўяди десак, муболаға бўлмайди.
Юртбошимизнинг парламент фаолиятига берган баҳоси, ишонч ва масъулият юклаб айтган ҳар бир фикри, билдирган таклифлари бизни янада ғайрат ва шижоат билан, сайловчиларимизга берган ваъдаларни оқлаган ҳолда ҳалол ва сидқидилдан меҳнат қилишга ундаши табиий. Айниқса, Хитой ва Ўзбекистон муносабатларидаги ўзаро келишув ва ҳамкорлик муносабатларини, олиб борилаётган сиёсий жараёнлар ва ислоҳотларни халққа етказиш, нафақат етказиш, балки уни тарғиб қилишда бор куч-имкониятимизни аямасдан, масъулият билан фаолият юритишимиз лозим.
Дарҳақиқат, парламентнинг янги таркиби иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ўтган давр мобайнида депутатлар томонидан бир қатор амалий ишлар, парламент ислоҳотлари амалга оширилди. Халқимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи қатор янги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Парламентга ташриф буюрган меҳмонлар, экспертлар гуруҳи ушбу қизғин жараёнларнинг яққол гувоҳи бўлишмоқда. Айтиш керак-ки, бошқалар ҳавас қиладиган бундай натижаларга эришиш осон эмас, албатта. Бундай мақсадларга эришиш учун сўзда эмас, амалий ҳаракатларимиз билан фаолиятимизни такомиллаштириб бормоғимиз зарур.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясининг амалга оширилиши дунё жамоатчилигининг, шу жумладан, нуфузли экспертлар, ҳуқуқшуносларнинг Ўзбекистонга эътиборини янада кучайтирган бир пайтда айнан халқаро тажрибани ўрганиш, ундаги биз учун мақбул жиҳатларни жамиятимиз ҳаёти билан таққослаш қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишларини сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтаришга замин яратади. Бунинг учун мамлакатимизда имкониятлар етарли. Эндиликда биз, Қонунчилик палатаси депутатлари профессионал фаолиятимизни янада кучайтириб, мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлашга алоҳида масъулият билан ёндашиб, фаоллик кўрсатишимиз лозим.
Даврон ТАНГИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Дарҳақиқат, бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан биридир. Чунончи, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида ҳамкорликдаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард долларни ташкил этгани, Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган инвестиция ва кредитлар ҳажми эса 6,5 миллиард доллардан ошгани ҳамда юртимизда Хитой сармояси иштирокидаги 650 дан ортиқ корхоналарнинг самарали фаолият юритаётгани бунга яққол мисолдир.
Хитой ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларнинг стратегик шериклик даражасига кўтарилиши ўзаро муносабатларнинг янги даври келганлигини англатади. Бу эса, ўз навбатида, биз депутатлар зиммасига ҳам катта маъсулият юклайди.
Жумладан, икки давлат раҳбарларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги маърузаларининг мазмун-моҳиятини, бир-бирига бўлган ўзаро ишонч ва ҳурмат даражасини ҳамда Хитой давлатининг бизга бўлган дўстона муносабат ва алоқаларини аниқ рақамлар асосида сайловчилар билан учрашувларда кенг аҳолига етказиш ва тушунтириш биз, депутатларнинг олдимиздаги энг долзарб вазифалардан бири, деб ўйлаймиз.
Шу билан биргаликда, мамлакатимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилига асосланган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш жараёнида ижтимоий муаммоларни ҳал этиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва мамлакатимизда “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш борасида Хитой билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ушбу соҳадаги ишларни янги босқичга кўтаришга замин яратади.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Учрашувда депутатлар халқнинг энг ишончли вакиллари сифатида масъулиятни англаб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Ҳақиқатдан ҳам, ўтган бир ярим йил мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолияти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бундай эътирофнинг асосий сабаби, Президентимизнинг 2015 йил 23 январдаги парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида белгиланган саккизта муҳим йўналиш асосида тизимли иш олиб борилганидир.
Биз, аввало, мамлакатимизда ўтган йиллар давомида қабул қилинган қонунларни инвентаризациядан ўтказдик. Улардаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилди, бўшлиқлар тўлдирилди, ҳаволаки нормалар қисқартирилди. Янги қабул қилинган қирққа яқин қонунларда, аввало, уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини жорий этиш ва тўғридан-тўғри ишлашига жиддий эътибор қаратилди.
Сўнгги йилларда Қонунчилик палатасида фракциялараро жиддий баҳс-мунозаралар янада кучайди. Ҳар бир қонун лойиҳаси фракцияларда қизғин муҳокама қилиниши, унинг натижасида ҳар бир сиёсий партия ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, аниқ таклифларни илгари суриш ва уларни қонунчиликда акс эттириш амалиёти шаклланди. Умуман, қонун чиқарувчи орган фаолияти янгича мазмун билан бойитилди.
Йиғилиш сўнггида Ўзбекистон ва Хитой давлат раҳбарларининг парламент аъзолари олдида сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган фракция аъзолари олдида турган вазифалар белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг таъсис йиғилиши ўтказилди. Унд...
01 янв 1970
2019 йил 26 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегиясининг лойиҳаси муҳокамасига бағишлан...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 22 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....