"Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди…"

/
Ҳа, ҳақиқатан ҳам, она юрт — олтин бешик. Ватан остонадан бошланади. Остонадан ҳатлаб ўтар эканмиз, беихтиёр Ватан ҳидини ҳис қиламиз. Энди ниш уриб кўкариб чиққан кўкат ҳам, асрлар оша ўз тафтида қиздирган қуёш ҳам, бир кафт тупроқ ҳам, бу — Ватан, бу — киндик қонимиз тўкилган қадамжо. У ҳар бир инсон учун муқаддасдир. Ватан инсон учун мисли Каъба, у доимо Ватанга сиғинади ва унга сажда қилади.
Ватан! Бу сўзни севмайдиган, меҳр билан тилга олмайдиган инсон топилмаса керак! Ватан — ҳар бир инсон туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган табаррук гўша! Она замин — кўзларида ҳайрат акс этган болакайнинг илк муаллими. Ватан — келинчакнинг орзулари қанотида парвоз этиб кирган эшиги.
Она замин! Бу сўз қон-қонимизга, вужудимизга сингиб кетган, бир умрга юрагимизда муҳрланиб қолган, энг муқаддас, энг унутилмас каломдир! Ватан севгисидан юрак ёруғ, имон ва эътиқод уйғоқ бўлади.
Бугун ўз-ўзини англаб, мустақиллигимиз кун сайин мустаҳкамланиб бораётган шароитда она юртнинг ҳар бир фарзанди учун Ватан тарихини севиш, ўрганиш, дилига жо этишдан ҳам муқаддасроқ бурч бўлмаса керак. Ватан остонадан бошланади, деб бежиз айтилмайди. Остонада бизни ҳамиша Она кутиб олади. Шунинг учун ҳам уни ардоқлаб она Ватан деб атаймиз. Ватан ҳақидаги теран фикрлар тасаввуф шеъриятининг атоқли вакили Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматларидан бирида "Бошим тупроқ, ўзим тупроқ, жисмим тупроқ", дея талқин этилади.
Бинобарин, тупроқ — инсон туғилиб ўсган ўлка, макон, тупроқ — Ватан. Тупроқ — неча юз йиллардан буён не-не улуғ фарзандларини ардоқлаб келаётган Замин. Шунинг учун биз уни эъзозлаб она тупроқ деймиз. Демак, барча эзгуликлар ўз она тупроғини, ўз она ўлкасини қадрлашдан бошланади. Она тупроғини, она ўлкасини севган кишини эл қадрлайди, дунё танийди. Ўз тарихини она юртдан — она тупроқдан қидирган инсонгина ҳақиқий инсон бўла олади. Тарихга назар ташласак, ўз ўлкасини севмаган ва унинг тупроғини ардоқламаган бирон-бир улуғ зотни учратмаймиз. Шунинг учун ҳам Ватанни севмоқ иймондандир, деймиз. Зотан, она юрт фарзандлари учун Ватанни севиш, унинг тарихини ўрганиш, дилга жо этиш муқаддас бурчдир.
Ўзбекистонни мўъжизалар диёри, жаннатмонанд юрт, десак арзийди. Бу гўзал маскан осонликча бунёд этилмади. У тинимсиз ҳаракат ва фидокорона меҳнат, халқ даҳоси билан бунёд этилган. Ватанпарварлик фидокор халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган хислатлардан бири саналади. Буни Юртбошимизнинг қуйидаги сўзлари билан ҳам изоҳлаш мумкин: "Ўзбекнинг феъл-атвори барчага аён: у ерни, табиатни севади. Дўпписида сув ташиб бўлса ҳам дарахт кўкартиради. Ўзбек том маънода бунёдкордир". Дарҳақиқат, ўзбек халқидай фидокор халқ дунёда топилмаса керак. Эртадан кечгача ерга меҳрини бериб, ҳориб-чарчаган бободеҳқоннинг пешонасидан чиққан терда ҳам ўзбекнинг фидокорлиги акс этади:
Бир ўлкаки,
тупроғида олтин гуллайди.
Мана шундай юртда яшашнинг ўзи олий бахт-саодат ҳисобланади. Аммо бугунги тинч ва осойишта кунларга осонликча эришмадик. Бу йўлда қанча йўқотишлар бўлди. Шунда ҳам ўзбек халқининг қадди букилмади. Тарих синовларидан дадил ўтиб, ўзининг ёруғ келажагига бўлган умиди сўнишига йўл қўймади. Ниҳоят, узоқ кутилган кун етиб келди. Ўзбекистон деб аталган мустақил давлат дунё харитасидан муносиб ўрин эгаллади. Оллоҳ назари тушган жаннатмонанд она заминимиз довруғи мустақиллик шарофати билан бутун дунёга таралмоқда. Мустақил диёримиз ёшлари — Ватаннинг бугуни ва эртаси. Ўзбекистоннинг келажаги ёруғ, эртаси порлоқ. Унинг олтин калити ёшлар қўлида. Улар ана шу калит ёрдамида йўлларидаги муаммоларни ечиб борадилар. Бугун ёшлар изланувчан, улар илм сирларини чуқур ўрганишга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Ана шу мақсадда дунёнинг энг тараққий этган гўшаларида таълим олиб келмоқдалар. Фан-техника, илм сирларини ўрганиб юртимизни обод қилиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдалар.
Бутун ақл-заковатимизни, салоҳиятимизни юртимизнинг гуллаб-яшнаши, халқимизнинг фаровон ҳаёти, халқаро майдондаги обрў-эътиборининг янада ошиши учун сафарбар эта олишимизга шубҳа йўқ. Бугун ҳар бир ватандошимизнинг Ватан менга нима берди, деб эмас, мен ўзим халқим, жонажон Ватаним учун, унинг келажаги, бахт-иқболи учун нима қилмоқдаман, мустақиллик ишига қандай ҳисса қўшмоқдаман, деган туйғу билан яшашига эришсак ҳеч биримизнинг, ҳеч қандай армонимиз қолмас эди. Мамлакатимиздаги тинчлик, барқарорлик бугунги кундаги ютуқларимизнинг асоси бўлмоқда. Демакки, озодлигимиз, ҳурлигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади.
Зарнигор СОТИМОВА,
Наманган давлат университети филология факультети талабаси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ҳар бир давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ўрни унинг сиёсий, иқтисодий имкониятлари, халқнинг интеллектуал салоҳияти ҳамда маданияти билан бе...
01 янв 1970
Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратил...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган маросим бўлди...
01 янв 1970
Юртдошларимиз закалат, ипотека ва ҳуқуқлар гарови тарзидаги гаров турларини тасдиқлаш мақсадида нотариал идорамизга мурожаат қилишади. ...